Нега аёллар жиноятга қўл уради ёҳуд улар томонидан содир этилаётган жиноятлар таҳлили

Мамлакатимизда хотин-қизларга бўлган юксак эътибор, яратилаётган шарт-шароитлар натижасида бугунги кунда аёлларимизнинг жамиятдаги мавқеи ошди.

Уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириб, ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топиши, барча соҳаларда эркаклар билан тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, гендер тенгликка эришиш барқарор тараққиётнинг асосий омилларидан биридир. Аёлларнинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этиши, жамиятнинг барқарор ривожланишида муҳим омиллардан биридир.

Дарҳақиқат, ижтимоий хавфли ҳодиса бўлган жиноятчилик барча даврларда жамиятнинг маънавий, иқтисодий, сиёсий устқурмаларига шикаст етказади. Аёллар томонидан жиноятлар содир этилиши эса ушбу жараённи икки карра тезлаштиради. Чунки ҳар бир аёл у жамиятда қандай вазифани бажармасин, аввало, она – оиланинг маънавий тарбиячиси ҳисобланади. Аёлнинг жиноят содир этиши ортида жамиятнинг маънавий таназзули ётади.

Биргина Навоий вилоятида жорий йилнинг биринчи чораги давомида аёллар томонидан содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни таҳлил қиладиган бўлсак, ўткан даврда хотин-қизлар томонидан жами 56 та жиноят иши бўйича 65 нафар аёлларга нисбатан жиноят ишлари кўриб тамомланган бўлиб, шундан 52 та иш бўйича 61 нафар шахсларга нисбатан ҳукм чиқарилган, 3 нафар шахсга нисбатан бўлган жиноят ишлари тугатилган.

Шунингдек, биринчи чорак жавомида жиноят судлари томонидан жами 1166 та аёлларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш кўрилган бўлиб, шундан 209 таси 18-30 ёш, 869 таси 30-60 ёш, 88 таси 60 ёшдан ошган аёллар томонидан содир этилган. Ушбу ҳуқуқбузарликларнинг 317 таси фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қилганлик, 185 таси аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасидаги, 54 таси мулкка тажовуз қилинганлиги, 101 таси саноат ва бошқа соҳалардан фойдаланиш қоидаларини бузиш, 12 таси қишлоқ хўжалиги соҳасидаги, 37 таси транспорт, йўл хўжалиги ва алоқа соҳасидаги, 142 таси савдо, тадбиркорлик ва молия соҳаларидаги, 1 таси одил судловга тажовуз қилганлик, 240 таси жамоат тартибига тажовуз, 219 таси бошқарувнинг белгиланган тартибига тажовуз ва 1 таси тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик ҳолати бўйича содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳисобланади.  

Аёллар жиноятчилиги сабаблари таҳлили шуни кўрсатадики, аёлларнинг жиноятга қўл уриши сабаблари турли-тумандир.

Бунда – моддий қийналганлик, ишсизлик, оилавий алоқаларнинг мўртлиги, ижтимоий назоратнинг пастлиги, ахлоқий қадриятларнинг шаклланмаганлиги, маънавий дунёқарашнинг торлиги, ўз-ўзини назорат қилишнинг етишмаслиги, шахсларга (аёлларга) нисбатан чиқарилаётган суд ҳукмлари ҳамда қарорлари, ажримлари тарбиявий таъсирининг пастлиги асосий сабаб бўлмоқда.

Аёллар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг умумий ўсиш тенденцияси алоҳида олинган бир даврда бир мунча камайганига қарамасдан ошиб бориши қайд этилмоқда. Криминологларнинг тадқиқотлари шуни кўрсатадики, содир этилган жиноятларда аёллар сонининг ўсиш суръати эркак жинсига мансуб жиноятчилар кўрсаткичларидан ўзиб кетмоқда. 

Аёллар томонидан оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилиш тенденцияси фаол сақланиб қолмоқда. Бунда ўғрилик ва фирибгарлик жиноятлари катта улушни ташкил қилади.

Нозик хилқат жиноий фаолиятининг ўсиши айниқса, иқтисодиёт соҳасида ортиб бориши кузатилмоқда. Аёллар жиноий хулқ-атвори учун банк фаолияти соҳасида ва қимматли қоғозлар бозоридаги ноқонуний фаолият хос бўлиб қолмоқда. Аёллар томонидан камдан-кам ҳолларда босқинчилик ва талончиликка қўл урилади. Улар ўғрилик, фирибгарлик, ўзлаштириш жиноятларини кўпроқ содир қилса, эркакларда эса ўғрилик, босқинчилик ва талончилик жиноятларини кўп содир этади. Ушбу ҳолат аёллар ва эркаклардаги жисмоний кучнинг турличалиги ва ижтимоий ролларнинг ҳар хиллиги билан изоҳланади.

 

Абдулло Аллаев,

Навоий вилоят суди раиси.

 

Гиёсиддин Ялгашев,

Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари,

Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси.