САЙЁР УЧРАШУВЛАР САМАРАСИ, АҲОЛИ ФИКРИ, ТАДБИРКОР МУАММОЛАРИ
Навоий вилояти суди судьялари томонидан “Менинг маҳаллам–менинг судьям” ғояси асосида жойларда маҳалла аҳолиси ва тадбиркорлар билан учрашувлар изчил равишда ташкил қилиниб келинмоқда.
Навбатдаги учрашув Хатирчи туманининг “Боғчакалон” МФЙ да Навоий вилоят судининг раис ўринбосари Т.Абдраманов, вилоят судининг судьяси Т.Қаҳҳоров, Кармана туманлараро иқтисодий судининг судьяси Б.Джумаевлар томонидан ўтказилиб, ундан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПФ 6423 сонли Фармони мазмуни-моҳиятини аҳолига етказишдан иборат эди.
Фармонга асосан 2021 йил 1 августдан бошлаб ер участкалари хусусий секторга мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилиниши, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолиши, ижарага олинган ер участкасида қонунчиликда белгиланган тартибда қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектга мулк ҳуқуқи билан биргаликда у жойлашган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтиши, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши, давлат ташкилотларига ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилиши, барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилиши, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланади ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши каби ҳолатлар аҳолига мисоллар асосида тушунтириб берилди.
Ўтказилган учрашув мазмунли ўтказилганлиги, Фармон мазмун-моҳияти аҳолига тўғри тушунтириб берилганлиги сабабли, учрашув қизиқарли баҳс мунозаралар асосида ўтди.
Учрашув якунида судьялар томонидан маҳаллада тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, 20 кишини, шундан 6 нафар “Ёшлар дафтари”, 8 нафар “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган фуқароларни бандлигини таъминлаб, устоз-шогирд анъаналарини давом эттириб, миллий ҳунармандчиликнинг қадимги гиламчилик фаолияти билан шуғулланиб келаётган тадбиркор Мунира Ҳамроеванинг фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида тадбиркорнинг манзилига борилди, тадбиркор ва унинг жамоаси билан учрашишди. Учрашувда тадбиркорга, мамлакатимизда тадбиркорлик учун қулай муҳит яратилганлиги, тадбиркорлик ривожи учун ҳуқуқий механизмлар такомиллаштириб борилаётганлиги, амалдаги қонунчиликда тадбиркорлик субъектларига берилган имкониятлар ва имтиёзлар ҳақида тушунтиришлар берилди, тадбиркорнинг ҳам ўз фаолияти давомида учраётган муаммолари ва фикрлари эшитилиб, учрашув жойида унинг муаммоларини ечимини ҳуқуқий механизмлари ишлаб чиқилиб, бу борада тадбиркорга ҳуқуқий жиҳатдан кўмак берилди.
Турғунбой Қаҳҳоров
Навоий вилоят судининг
судьяси