Суд раислари янги қабул қилинган қонун мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказишди
Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Х.Турсунов ҳамда жиноят ишлари бўйича туман суди раиси А.Қурбонов томонидан Учқудуқ туман “Айтим” маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 12 апрель куни имзоланган “Тўловга қобилиятсизлик тўғрсида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 172-сонли қарори мазмун-моҳияти ҳақида тушунтиришлар берилди.
Хусусан, сўзга чиққан суд раислари “Тўловга қобилиятсизлик тўғрсида”ги Қонуннинг мақсади юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат эканлиги, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилиши, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг (органнинг) аризаси асосида қарздор юридик шахс давлат рўйхатидан ўтган жойдаги шунингдек, қарздор жисмоний шахс ва (ёки) якка тартибдаги тадбиркорнинг яшаш жойидаги суд томонидан кўриб чиқилиши, қарздор, тугатиш комиссияси ёки тугатувчининг судга ариза бериш мажбурияти, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни юритиш иштирокчилари, кредиторлар йиғилиши, жамоат бирлашмалари ва суд бошқарувчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тўғрисида маълумотлар берилди.
Бундан ташқари, янги йўл ҳаракати қоидалари ҳақида тўхталиб, унга кўра эндиликда транспортларнинг қуйидагича тезликда ҳаракатланишига, яъни аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг тезлиги соатига 70 километрдан, мактаб ва боғчалар атрофидаги йўлларда 300 метргача бўлган масофада 30 километрдан, турар жой даҳалари ва ёндош ҳудудларда эса соатига 20 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат берилиши, шунингдек, транспортларнинг қайрилиб олиш жойларида ва унга 30 метр етмасдан ёки ўтиб тўхташ тақиқланаши борасида тушунтиришлар берилди.
Хуршид Турсунов
Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси