Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари мустаҳкамланди

Ўзбекистон оиладаги зўравонликни қонунга алоҳида жиноят сифатида киритган 5 чи давлатга айланди. Халқаро ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Хеза МакГИЛЛ  Ўзбекистон  ҳукумати инсон ҳуқуқлари бўйича  гендер зўравонликга барҳам бериш бўйича халқаро мажбуриятни бажариш йўлида муҳим қадам ташламоқда деб эътироф этиб ўтди.

Ўзбекистонда жисмоний  зўравонлик энди жиноят ҳисоблансада, иқтисодий ва руҳий зўравонлик  эътибордан четда қолаётганлиги ҳам сир эмас албатта.

2023 йил 11 апрелда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати  билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун қабул қилиниб, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга оиладаги зўровонлик турлари бўйича жавобгарлик механизми яратилди.

Мазкур Қонун билан вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга муддатидан илгари жазодан шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари тадбиқ этилмаслиги белгилаб қуйилди.

2023 йилда Ўзбекистонда 203 нафар шахс оиладаги зўравонлик бўйича ЖКсининг (126-1 моддаси) га мувофиқ жавобгарликка тортилиб уларнинг 59 нафари қамалганлиги, шунингдек 8928 та (МЖТК 206-1моддаси билан)шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Шаҳвоний шилқимлик  содир қилган 666 нафар шахс жавобгарликка тортилган.

 Навоий вилоятида (МЖТК 206-1моддаси билан) 17 та шахс 2024 йилда маъмурий ЖК(126-1 моддаси) га мувофиқ 11та  шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги «Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-208-сон Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2024 йил 1 февралдан мавжуд штат бирликлари доирасида тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларининг икки нафардан судьясини оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда ушбу судларда «Оила судьялари» ташкил этилиши ҳам бежиз эмас.

Чунки кейинги йилларда оилавий низолар билан боғлиқ даъво аризаларининг ҳам сонини ошишига сабаб бўлмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят суди томонидан 2023 йилда оилавий муносабатларга доир низоларни ошганлигини кузатишимиз мумкин.

Айниқса, бу жараёнда бола ҳуқуқлари таъминланиши кафолатланиши, уларнинг энг яхши манфаатлари таъминланишида фуқаролик суди судьялари муҳим роль ўйнайдилар.

 Ота-она бўлиш ҳар бир инсонга чексиз бахт, умид ва ишонч олиб келади, шу билан бирга, улар зиммасига юксак масъулият ҳам юклайди. Ўз навбатида, бола туғилиши билан ота-она олдида ўзига хос ҳуқуқ ва мажбуриятлар вужудга келадики, булар — болани тарбиялаш, таълим бериш, яхши яшаш шароити билан таъминлаш, унга ғамхўрлик қилиш кабиларда намоён бўлади. Ота-оналар ўз болаларини тарбиялашда уларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлиши, қийнаши таъқиқланади, умуман, инсон шаъни ва қадр-қимматига нолойиқ хатти-ҳаракатлардан, иллатлардан холи бўлиши зарур. Чунки ота-оналик нафақат Яратганнинг инояти, балки жамият олдидаги улкан бурчдир.

Лекин, ҳамма ота-оналар ҳам ўз зиммаларидаги вазифаларни тўлиқ амалга оширяпти, деб бўлмайди. Давлатимиз томонидан бола ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш зарурлиги қайта-қайта таъкидланишига, бу борада қатор чора-тадбирлар белгиланишига қарамай, ота-она деган муқаддас номга доғ тушираётганлар, уни суиистеъмол қилаётганлар, афсуски, орамизда топилади.

Оила кодексида ота-оналик мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлик ёки умуман бажармаганлик учун ҳуқуқий санк­циялар: ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш (79-модда), ота-оналик ҳуқуқини чеклаш (83-модда), фарзандликка олишни ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш (171-модда), алимент­ни суд тартибида ундириш (136-модда) кабилар белгиланган.

Мамлакатимиз қонунчилигида, жумладан, Оила кодексининг 79-моддасида вояга етмаган ёки вояга етган, аммо меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларга алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши, Жиноят кодексининг 122-моддасида меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун ота ёки онага жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш — бу ота-оналик мажбуриятларини бажармаган ёки бажаришдан бош тортган шахсларга нисбатан қонунда белгиланган бошқа асосларга мувофиқ суд тартибида белгиланадиган оила ҳуқуқий жазо чораси саналади. Ота-оналик мажбуриятлари деганда, юқорида таъкидлаганимиздек, қонунда белгиланган тартибда ота-оналар томонидан қилиниши шарт бўлган ҳаракатлар тушунилиб, уларга болани тарбиялаш, таъминлаш, сақлаш, ҳимоя қилиш, соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий-ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, боланинг таълим олишини таъминлаш кабилар киради.

Бизнингча, ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортиш тушунчасини қуйидаги ҳолатлар билан изоҳлаш мумкин:

– ота-она ўз болаларини тарбиялаши шартлиги мажбурияти бузилса (Оила кодексининг 73-моддаси);

– ота-она ўз болаларининг соғ­лиғи, жисмоний, руҳий, маънавий-ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш мажбурияти бузилса (ушбу модда);

– ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериши шартлиги мажбурияти бузилса (96-модда).

Жумладан  шаҳар прокурорининг фуқаро С.Ига нисбатан оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатган фуқаролик ишини мазмунан кўриб чиққанимизда, бу шахс томонидан фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари қўпол равишда бузиб келинганлиги маълум бўлди.

Фуқаро И.С. бир неча марта огоҳлантирилишига қарамай, оналик мажбуриятларини бажармаган, ўзи ҳеч қаерда ишламай, уч ярим яшар фарзандини қўшниларига ташлаб, ҳафталаб келмаган, уйига мунтазам маиший бузуқ шахсларни олиб келиб, бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатган, умуман, ўз фарзандининг тар­бия­сига совуққонлик билан қараган. Мазкур ҳолатлар гувоҳ сифатида сўралган ўша ҳудуддаги ички ишлар нозири, қўшниларнинг кўрсатмалари, шунингдек, манфаатдор шахс сифатида васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг берган хулосаси билан тўлиқ тасдиқланган. Натижада, юқоридаги ҳолатлар ишдаги бош­қа материаллар асосида исботлангани асос қилиниб, суд прокурор даъвосини қаноатлантириш ҳақидаги ҳал қилув қарорини чиқарган.

Шу ўринда юқоридаги фуқаролик суд ишига сабаб бўлган омил нима, наҳотки фуқаро уларни ўз вақтида англаб етмаган, деган савол туғилади. Ачинарлиси, кўпчилик ҳолларда аксарият ота-оналар ўз зиммаларидаги мажбуриятларни яхши англасалар-да, лекин унга амал қилмаслиги оқибатида уларга нисбатан қонуний жавобгарлик белгиланмоқда. Шунинг учун юқоридаги каби ҳолатларни ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортиш деб малакалаш, бунинг учун, албатта, ушбу ҳаракатлар ҳақиқатан ота ёки она томонидан содир этилгани, уларнинг хулқ-атворида айбнинг мавжудлиги ва бу ҳаракатларни қасддан содир этгани, ота-оналик мажбуриятлари узлуксиз равишда бажарилмагани эътиборга олинади.

Ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт­лиги ҳақида қонунчилигимизда тегишли нормалар кўрсатиб ўтилган (жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддаси, Оила кодексининг 96-моддаси). Ота-онанинг вояга етмаган фарзандига алимент тўлаш мажбу­рия­ти эса уларнинг болага нисбатан ғамхўрлик кўрсатиши ҳамда моддий жиҳатдан таъминлаш мажбурияти саналади. Алимент — бола ота-онасининг бирга ёхуд алоҳида туриши, ўзаро никоҳда экани ва боланинг улар ёки улардан бири билан бирга яшаш-яшамаслигидан қатъи назар, тўланиши керак. Айрим ҳолларда ота-оналар бу мажбуриятни келишув асосида ҳамда никоҳ шартномасида белгиланган усуллар орқали бажарадилар.

Узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхонадан ёки бош­қа даволаш, тарбия, аҳолини ҳимоялаш муассасаларидан олишдан бўйин товлаганлик деганда, қайд этилган ташкилотларнинг таклифидан кейин ҳам боласини олиб кетмаслик тушунилади ва бу тегишли комиссия томонидан расмийлаштирилади. Бу ўринда болани олишдан бўйин товлаш — ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қи­лишга асос бўладиган бошқа ҳо­латлар ичида ота-онанинг хулқ-атворини кўрсатувчи асосий жиҳатлардан бири саналади. Болани олишдан бўйин товлаш оғзаки ҳамда ёзма шаклда бўлиши мумкин, лекин барча ҳолларда бу тилхат орқали расмийлаштирилади. Болани юқоридаги муассасалардан олишдан бўйин товлаш сабабларини қасддан (боланинг вояга етмаган ота-она томонидан туғилганлиги, никоҳсиз ёки ногиронлиги) ҳамда эҳтиётсизликдан (ота-онанинг ногиронлиги, узоқ муддатли хасталиги, гиёҳвандлик, алкоголли касалликлар, уй-жойнинг йўқлиги, ҳеч қаерда ишламаслиги ва ҳ.) деб туркумлаш зарур бўлади.

Ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилиш деганда, бу ҳуқуқлардан болаларнинг манфаатига зид равишда фойдаланиш, масалан, ўқишга, жамоат топшириқларини бажаришга тўсқинлик қилиш, тиланчиликка ундаш, спиртли ичимликлар, гиёҳванд моддалар истеъмол қилишга ўргатиш, жиноят содир қилишга, жиноий йўл билан даромад топишга жалб қилиш кабилар тушунилади.

 Масалан, она Г.М. ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилиш оқибатида бир неча марта маҳалла вакиллари, таълим муассасасининг огоҳлантиришига қарамай, болаларининг манфаатларига зид равишда уларни мактабга ўқишга юбориш ўрнига кўчада, бозорда тиланчилик қилишга ундаган, натижада болаларининг кўчада оч-наҳор, юпун ҳолатда юришларига, баъзан йўлакларда қаровсиз ҳолда ухлаб қолишига сабабчи бўлган. Ушбу ҳолатлар иш материаллари асосида исботланиб, болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси   судга берган даъво аризаси қаноатлантирилган.

Бундай ҳолларда ота-онанинг муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлгани тегишли тиббиёт муассасасининг хулосаси билан тасдиқланган бўлиши керак.

Судларда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар кўрилишида даъвони ким қўзғатганидан қатъи назар, Оила кодексининг 80-моддасида белгиланганидек, прокурор, шунинг­дек, васийлик ва ҳомийлик органи иштирок этиши шарт.

Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги даъво боланинг яқин қариндошлари, вояга етмаган болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти қонун билан зиммасига юклатилган органлар ва муассасалар, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим муассасалари ва бошқа муассасалар, шунингдек прокурор томонидан тақдим этилиши мумкин.

Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги ишлар прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида кўрилади.

Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги ишларни кўришда суд ота-онадан (уларнинг биридан) боланинг таъминоти учун алимент ундириш масаласини ҳал қилади.

ОКнинг 84-модасига кура Ота-оналик ҳуқуқи чекланган ота-она болани шахсан тарбиялаш ҳуқуқидан, шунингдек болали фуқаролар учун қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Ота-оналик ҳуқуқининг чекланиши ота-онани болага таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди.

Ота-онаси (улардан бири)нинг ўзига нисбатан ота-оналик ҳуқуқи чекланган бола турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади, шунингдек ота-она ва бошқа қариндошлари билан туғишганлик фактига асосланган мулкий ҳуқуқларини, шу жумладан мерос олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Ота-она иккаласининг ота-оналик ҳуқуқи чекланган тақдирда бола васийлик ва ҳомийлик органи қарамоғига олиб берилади.

 Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳар бир шахс ота-оналикнинг муқаддас туйғу, болалар эса ҳаётнинг буюк неъмати эканини унутмаслиги, бу нафақат юксак инсоний масъулият, балки Конс­титуцияда белгиланган бурчи экани, унга риоя қилишга мажбурлигини теран ҳис қилиши шарт. Ўз навбатида, судлар томонидан бола ҳуқуқ ва манфаатлари билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда оила манфаатлари, оналик, оталик ва болалик муҳофазаси, болаларнинг эртанги тақдири ҳисобга олиниши лозим. Шу билан бирга, судлар мазкур тоифадаги низоларни мазмунан ҳал қилишда фуқаролик ишларини юритишнинг ихчам усулларидан фойдаланиши, ишларни кўришда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри татбиқ этилиши самарадорлигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг одил судловга нисбатан ҳурматини кучайтиришга эришиш асосий мақсадга айланмоғи даркор.

 Баркамол фарзанд соғ­лом оилавий муҳитда вояга етади. Бунга эришиш учун, биринчи навбатда, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришимиз, авваламбор, ота-оналарнинг онгини, уларнинг фарзандларига бўлган муносабатини ўзгартиришимиз, лозим бўлса, ота-оналарнинг ўзини тарбиялашимиз керак.

Жамиятда ота-онанинг масъулиятини ошириш, эртанги кун эгалари бўлмиш ёш авлодни маънавий етук қилиб тарбиялашда уларнинг зиммаларида улкан вазифалар борлигини улар ҳис қилган ҳола тушунишлари жоиздир.

Чунки бу борада давлатимизнинг ўз олдига қўйган мақсади ва маслаги битта — у ҳам бўлса,  ҳар бир ота-онанинг оиладаги масъулиятини кучайтириш, уларда жавобгарлик ҳиссини тарбиялашдан иборатдир.

Судьяларимиз эса болаларга мос тизимни қўллаш сари қадам ташлаб, болаларнинг энг яхши манфаатларини таъминлаш юзасидан ўз тажрибаларини мунтазам бойитишлари, давлат сиёсатининг энг муҳим шартидир.

 

Гулнафис Худайбердиева,

Навоий вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси.

 

Роҳила Худайбердиева,

Навоий вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.