Янги конституция нормалари амалда қўлланилмоқда!!!
Даъвогар Б.Р.нинг жавобгар Хатирчи туман халқ таълими бўлимига нисбатан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқни ғайриқонуний деб топиб ўз ишига тиклаш, мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди томонидан 2023 йил июль ойининг 06 куни кўриб чиқилди.
Аниқланган ҳолатларга кўра, Хатирчи туман халқ таълими бўлими мудирининг 2023 йил 31 март кунидаги 245-5-77-ХТ/2023-сонли буйруғига кўра Р.Б билан имзоланган меҳнат шартномаси Ўз.Р Меҳнат кодексининг (эски тахрирдаги) 100-моддаси 2-қисми 3-бандига асосан бекор қилинган.
Мазкур буйруққа асос сифатида унга 2023 йил 03 февралдаги 22-5-77-ХТ/2023-сон буйруғи билан қўлланилган хайфсан, 2023 йил 28 февралдаги 190-5-77-ХТ/2023-сон буйруғи билан қўлланилган 30 % жарима интизомий жазо чоралари, Хатирчи туман прокуратурасининг 2023 йил 28 февралдаги 9/90-23-сонли тақдимномаси, тушунтириш хати, лавозим мажбуриятлари, касаба уюшмаси қўмитасининг розилик қарори, Ўз.Р Меҳнат кодексининг (эски тахрирдаги) 100-моддаси иккинчи қисми 3-банди кўрсатилган.
Мазкур меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ чиқарилгунга қадар, Хатирчи туман халқ таълими бўлими мудирининг 3.02.2023 йилдаги 122-5-77-ХТ/2023-сонли буйруғига асосан Р.Бга лавозим мажбуриятларини тўлиқ бажармаганлиги, иш жараёнида хато ва камчиликларга йўл қўйганлиги, инглиз тили фани ўқитувчиси Д.Хнинг 2022 йил декабрь ойи иш ҳақини ёзиш жараёнида камчиликлари учун “хайфсан” интизомий жазоси берилган.
Буйруққа асос сифатида мактаб директори Ш.Бнинг билдиргиси, туман молия бўлими ҳамда мактаб ходимлари томонидан тузилган 2023 йил
19 январдаги далолатнома, Ўз.Р Меҳнат кодексининг 181-моддаси 1-банди кўрсатилган.
Шунингдек Хатирчи туман халқ таълими бўлими мудирининг 28.02.2023 йилдаги 190-5-77-ХТ/2023-сонли буйруғига асосан Р.Бга ўзининг лавозим мажбуриятларини бажаришда камчиликларга йўл қўйганлиги сабабли ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима жазоси қўлланилган.
Буйруққа асос сифатида мактаб директори Ш.Бнинг билдиргиси, Р.Бнинг тушунтириш хати, Ўз.Р Меҳнат кодексининг 181-моддаси
2-банди кўрсатилган.
Судда аниқланган ҳолатларга кўра иш берувчи, яъни жавобгар Хатирчи туман халқ таълими бўлими даъвогар Р.Бга нисбатан икки ой ичида учта интизомий жазо чорасини қўллаган бўлсада аммо бирортаси бўйича ҳам даъвогарни интизомий жазо берилгани тўғрисида буйруқ ходимга маълум қилинмаган, таништирилгани ҳақида тилхат олинмаган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг (эски тахрир) 182-моддасида кўрсатилишича, интизомий жазолар ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган шахслар (органлар) томонидан қўлланилади.
Интизомий жазо қўлланилишидан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиниши лозим. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бош тортиши унинг илгари содир қилган ножўя хатти-ҳаракати учун жазо қўллашга тўсиқ бўла олмайди.
Интизомий жазони қўлланишда содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади.
Ҳар бир ножўя хатти-ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо қўлланиши мумкин.
Интизомий жазо берилгани тўғрисидаги буйруқ (фармойиш) ёки қарор ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади.
Хатирчи туман халқ таълими бўлими мудирининг 2023 йил 31 март кунидаги 245-5-77-ХТ/2023-сонли буйруғига кўра Р.Б билан имзоланган меҳнат шартномаси Ўз.Р Меҳнат кодексининг (эски тахрирдаги) 100-моддаси 2-қисми
3-бандига асосан бекор қилинган. Мазкур буйруққа асос сифатида унга бундан олдинги иккита интизомий жазо қўллаш ҳақидаги буйруқлар ва Хатирчи туман прокуратурасининг 2023 йил 28 февралдаги 9/90-23-сонли тақдимномаси асос қилиб кўрсатилган.
Хатирчи туман прокуратурасининг 2023 йил 28 февралдаги 9/90-23-сонли тақдимномасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.10.2021 йилдаги 638-сон қарори билан тасдиқланган “Жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган, шунингдек узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болаларга уйда якка тартибда таълим бериш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига риоя қилиниши аҳволи туман ХТБ тасарруфидаги умумий ўрта таълим мактабларида ўрганилгани, ўрганишда бир нечта мактабларда шу соҳада қатор камчиликлар аниқлангани, жумладан тумандаги 24-сонли умумтаълим мактабнинг 7-синф ўқувчиси Н.Болтаева ўқув режада физика фани режалаштирилмаган бўлсада, ушбу фан бўйича унга дарс соатлари ўтиб келингани камчилик сифатида қайд этилган.
Туман прокуратурасининг тақдимномасида юқорида қайд этилган камчилик Хатирчи туманидаги 24-сон умумтаълим мактабининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Р.Бозоров томонидан содир қилингани ёки Р.Бозоровга интизомий жазо чорасини қўллаш сўралмаган бўлсада, Хатирчи туман ҳалқ таълими бўлими мудири томонидан шу холатлар бўйича Р.Бозоров билан меҳнат шартномаси меҳнат интизомини мунтазам равишда бузиб келганлиги важи билан бекор қилинган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги 638-сонли “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим беришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига 4-илова қилиб тасдиқланган “Жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган, шунингдек узоқ вақт даволанишгав муҳтож бўлган болаларга уйда якка тартибда таълим бериш тартиби тўғрисидаги” Низомнинг 4-боб 20-бандида “Ўқувчининг қизиқиши ва қобилиятини ҳисобга олиб, ота-оналарнинг аризасига мувофиқ ўқув режасида кўрсатилган фанларни умумий соатлар миқдоридан ошмаган ҳолда 1 соатга ўзгартиришга йўл қўйилади.
Бундай ўзгартириш мактаб директорининг буйруғига мувофиқ ўқув режасидаги битта фанни бошқа бир фан билан алмаштириш ҳисобига амалга оширилади” деб кўрсатилган.
Бундан маълум бўлишича фуқаро Ф.Арзиқулованинг набираси Болтаева Нилуфарга жисмоний тарбия фани ўрнига физика фанини қўйиб бериш мактаб директорининг ваколати бўлсада, бундай камчиликка йўл қўйилганлиги важи билан Р.Бозоровга икки ой ичида учинчи интизомий жазо чораси берилиб у билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Судда аниқланган ҳолатларга кўра, жисмоний, ақлий ёки руҳий нуқсонлари бўлган уйда якка тартибда таълим олаётган болаларга битта фанни бошқа бир фан билан алмаштириб бериш вазифаси ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозим мажбурияларига кирмайди, аммо шундай бўлсада айнан шу ҳолат бўйича Р.Бозоровга учинчи интизомий жазо чораси ҳам нотўғри қўлланилган ва бунинг натижасида у билан меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасига кўра ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Суд юқорида кўрсатилган қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Олий суд Пленум қарори раҳбарий кўрсатма талабларидан келиб чиқиб, судда аниқланган иш ҳолатларига кўра, жавобгар Хатирчи туман халқ таълими бўлимининг даъвогар Р.Б билан меҳнат шарномасини бекор қилиш ҳақидаги 31.03.2023 йилдаги 245-5-77ХТ/2023-сонли буйруғини ғайриқонуний деб топишни ҳамда Р.Бни 2023 йил 31 март кунидан бошлаб ўз ишига, Хатирчи туманидаги 24-сон умумтаълим мактабининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимига ишга тиклашни лозим деб топди.
Шунингдек, даъвогар Р.Бнинг 2023 йил 31 мартдан 2023 йил 06 июль кунига қадар мажбуран бекор юрган кунлари 3 ой 6 кун учун жами 13.434.093 сўм иш ҳақи (солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ушланган ҳолда) ундириб берилди.
Хулоса қилиб айтганда, янги Конституция нормалари амалда қўлланилиб, меҳнат ҳуқуқлари бузилган ходимнинг ҳуқуқлари суд орқали тикланди.
Баходир Бабақулов
Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси