Қонунчиликдаги янгилилар: Суд ҳокимиятининг мустақиллиги мустаҳкамлаш борасидаги муҳим ўзгаришлар

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 130 моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда суд ҳокимиятининг мустақил ҳолда иш юритишига ва судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслигига оид конституциявий кафолатларни белгилаб қўйилишлиги суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган муҳим бир қадам бўлди.

Зеро, “Янги Ўзбекистон-янги суд” тамойили асосида амалга оширилаётган суд ҳуқуқ ислоҳотларини бош мезони мамлакатимизда суд ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, “Инсон қадри учун” принципи асосида инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини кафолатли таъминлаш, шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш экан, бу борада одил судловни амалга оширувчи суднинг чинкам мустақиллигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Жорий йилнинг 14 август кунида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга ҳамда ягона суд амалиётини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлашга, жамиятнинг судлар фаолияти тўғрисида мунтазам ахборот олиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асосларни яратишга, судьялар зиммасига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бирор-бир мажбурият юклатилишининг олдини олишга ҳамда улар фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга, шунингдек қонунчиликдаги айрим бўшлиқлар ва зиддиятларни бартараф этишга оид муҳим ўзгартиришлар киритилди.

Муқаддам “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида суд раисларининг суднинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисида Маҳаллий Кенгашларга бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиш мажбурияти белгиланган бўлиб, мазкур қоида қайсидир даражада суднинг мустақиллигига ўз таъсирини кўрсатар эди.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилишни, ўз навбатида судларнинг ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боришга оид қоидалар киритилди.

Шунингдек мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги, «Прокуратура тўғрисида»ги, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги«Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 

Турғун Қаҳҳоров,

Навоий вилоят судининг судьяси.