Қидирув:

Навоий вилоят судида ғазал мулкининг султони Мир-Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги муносиб нишонланди

Бугун Навоий вилоят судида барча судья ва суд ходимлари иштирокида, ғазал мулкининг султони Мир-Алишер Навоий бобомиз таволлудининг 584 йиллигига бағишланган маърифат соати бўлиб ўтди. Ушбу тадбирни бадиийлаштириш ва қизиқарли маълумотларни улашиш мақсадида Навоий давлат педагогика институтидан Навоийшуност олимлардан таклиф этилиб, Навоийнинг ҳаёт йўли ҳамда ижоди ҳақида қизиқарли маърузалар тингланди, ғазалла мутоола қилинди.

Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаган.

Алишер Навоий, нафақат ғазал мулкининг султони балки ўз даврида давлат бошқарувида ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган сиёсатчи ҳисобланади.

 

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Ёшларни ҳуқуқий онг ва маданиятини оширишга қаратилган тадбир

Навоий вилоят суди томонидан ишлаб чиқарилган режа асосида вилоятда фаолият юритаётган ҳар бир судья туман шаҳарлардаги мактабларга бириктирилиб, улар томонидан ҳар ҳарфта ўқувчи ёшларга “Ҳуқуқий саводхонлик” йўналишида очиқ дарслар ўтказилиши белгиланган.

Мана шу режанинг ижросини таъминлаш борасида Навоий вилоят суди судьяси Б.Шерматов, фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди раиси А.Ҳамроев, Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси Б.Джумаев, жиноят ишлар бўйича Навбаҳор туман суди раиси А.Садуллаев ҳамда тергов суди судьяси К.Козиевларнинг иштирокида Навбаҳор туманидаги 4 ва 5-сонли ўрта таълим мактаблари юқори синф ўқувчиларига “Ҳуқуқий саводхонлик” йўналишида очиқ дарслар ўтказилди.

Ушбу очиқ дарс соатида қатнашган 100 дан ошиқ ўқувчи ёшлар ҳуқуқ соҳасидаги ўзининг қизиқтирган саволлари билан иштирок этиб, берилган саволларига жавоблар олди

Ўтказилган бу каби тадбирлар ўқувчи ёшларни ҳуқуқ соҳасидаги билимларини мусатаҳакамлашга ҳамда ўз навбатида уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга хизмат қилишини инобатга олиб, келгусида бу тарғибот тадбирларни жонлантиришга келишиб олинди.

 

Шерматов Беҳзод,

Навоий вилоят судининг судьяси

 

Сайдуллаев Алишер,

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси

 

Козиев Козим,

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг тергов судьяси

 

Хамраев Акрам,

Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг раиси

 

Джумаев Бекзод,

Навбаҳор туманлараро иқтисодий судининг раиси

Туман ҳудудидан олисда жойлашган жиноятчилик борасида қизил ҳудудга кирган “Боздун” ОФЙда ўтказилган сайёр учрашув тафсилотлари

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг раиси А.Курбонов, тергов судьяси Ш.Хомидов фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Жумаев ва туман иқтисодий суди раиси Д.Турдиевлар иштирокида, Учқудуқ туман “Боздун” ОФЙ биносида ўтказилган сайёр учрашувда суд ҳуқуқ соҳасидаги сўнги ислоҳотлар, янги қабул қилинган қонунлар шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз оила муҳитини яратиш ва ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора тадбирлар тўғрисидаги” ПҚ-1-сонли қарори мазмун моҳияти юзасидан тушунчалар берилди.

Шунингдек, туман суди судьялари томонидан сайёр қабулга келган фуқароларнинг масалалари тингланиб муамолар бўйича жойида ўрганилиб, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериб ўтилди.

 

Қурбонов Акмал,

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг раиси

 

Хомидов Шерали,

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг тергов судьяси

 

Жумаев Анвар,

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг раиси

 

Турдиев Дилшод,

Учқудуқ туман иқтисодий судининг раиси

Кармана туманида ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди тергов судьяси Л.Обидов томонидан Кармана туман Мудофаа ишлари бўлими биносида ходимлар ва ишчи-хизматчиларнинг ҳуқуқий онги, ижтимоий фаоллиги ва масъулиятини ошириш борасида ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилди. Судья Л.Обидов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора -тадбирлар тўғрисида» ги ПҚ-1-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 28 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ги ЎРҚ-1022-сон қонунининг мазмун моҳияти ҳақида тушунчалар берилди.

 

Обидов Лазизбек,

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг тергов судьяси

Одам савдосига қарши курашда барчамиз бирдек масъулмиз

Бугунги кунга келиб гловал муаммога айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда.

Дарҳақиқат, дунё бўйлаб кенг қамровли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар «замонавий қуллик», яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги эса ғоят ячинарлидир.

Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.

Одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади.

Ҳозирги кунда ҳар қадамда “Одам савдоси қурбонига айланиб қолманг” деган пешлавҳаларни учратмоқдамиз. Албатта, ушбу сўзлар ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Одамларни чет элларга олиб бориб пуллайдиган кимсалар аввало ўз ўлжаларини хориждаги катта маош, ҳузур-ҳаловат ва тўкин сочин ҳаёт билан қизиқтирадилар. Иродаси бўш одамлар эса аслида жонажон мамлакатимизда ҳам топиш мумкин бўлган маблағни осонгина эгаллашни мақсад қилиб, ўзи билмаган танимаган одамлар билан на тили ва урф-одатини биладиган бегона юртларга кетишга тайёрланадилар.

Чет элга ноқонуний тарзда ишга чиқаётган шахсларнинг кўпчилиги юқорида таъкидланган– халқаро терроризм ва дин ниқоби остидаги зўравонлик руҳи, куч ишлатиш, яъни экстремистик, фундаменталистик, сепаратистик хуружлар вакилларининг тузоғига тушиб қолмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар натижасида фуқароларимизнинг турмуш шароити узлуксиз юксалиб бормоқда, ҳуқуқ ҳамда эркинликлари тўла рўёбга чиқарилиши учун қулай ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шарт-шароитлар юзага келмоқда.

 

Буларнинг барчаси шахс эрки, унинг ҳаёти, саломатлиги ва шахсий ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш, фуқаролар ҳуқуқий муҳофазаси самарадорлигини ошириш, шахс-давлат муносабатларида шахс манфаатлари устуворлиги тамойилига оғишмасдан амал қилиш эҳтиёжини янада кучайтирмоқда.

Шахс эрки ва қонуний манфаатларини таъминлаш ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида олиб борилаётган тадбирлар орқали амалга ошириб келинмоқда.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, одам савдосига қарши курашиш умуммиллий даражада ёндашув ва ўзаро ҳамкорликка асосланса  ўз натижасини беради.

 

Мирзохид Хайитов,

Жиноят ишлари бўйича Нурота туман судининг раиси

Юртимизда болалар ҳуқуқлари кафолатланган

Шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кафолатлашнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Энг муҳими, бу ҳуқуқий асосларнинг мазмун-моҳиятига бола ҳуқуқлари ҳимояси борасидаги миллий ва умуминсоний ғоялар баб-баравар сингдирилди.

Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга 1992 йил 9 декабрда қўшилган бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мазкур Конвенция талабларига қатъий риоя этиб келмоқда.

Мазкур ҳужжатда инсониятнинг узвий бўлаги сифатида тан олинган болаларнинг фуқаролик, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқлари кафолатланган.

Сўнги йилларда юртимизда бола ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Конституциямизнинг 77-моддасига биноан, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

Давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлайди, шу мақсадда хайрия фаолиятини рағбатлантиради.

Конституциямизнинг 78-моддасига асосан, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир. Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида», «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги ва «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар амал қилиб келинмоқда.

Булардан ташқари, 2024 йил 14 ноябрда «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида» қонуни қабул қилиниб, 2025 йил 15 майдан кучга кириши белгилаб қўйилди.

Болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган институт яқин вақтга қадар мавжуд эмасди. Шу маънода, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари-Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимининг жорий этилиши маъқулланганлиги ниҳоятда муҳимдир.

Ўзбекистонда 18 ёшгача бўлган шахс бола деб тан олинади. Ўн саккиз ёшга тўлмаган болаларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда уларнинг қонуний вакиллари_ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар, ҳомийлар ёки васийлар ҳимоя қилади.

Лекин маълум ёшдаги болалар айрим ҳуқуқларини мустақил амалга ошириши мумкин.

Жумладан, болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини кўриб чиқиш кафолатланган. Бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.

Яна бир мисол: айтайлик, ўн саккизга ёшга тўлмаган шахсларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўламаганда ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмаган. Бундай ҳолларда, 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан ёхуд ота-онаси билан бирга яшамаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли.

Конвенциянинг 3-моддасида, болани ижтимоий қўллаб-қувватлаш, суд, маъмурий  бошқарув ва қонунчилик органлари томонидан қарорлар қабул қилишда боланинг энг устун манфаатлари кўзланиши тавсия қилинган.

ЮНИСЕФ тавсиясига кўра, бола манфаатларида судларга киритилган даъволар бож ва бошқа тўловлардан озод қилиниши мақбул ҳисобланади.

Шу маънода, юртимизда болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат  қилишда даъвогар давлат божи тўловлардан озод этилиши билан боғлиқ берилган имтиёз ҳам халқаро андозаларга тўла муносибдир.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Биз учун жамиятда бегона бола йўқ ва бўлмаслиги керак. Ҳаммаси ўзимизнинг, Ўзбекистонимизнинг болалари. Вақтида меҳр кўрсатсак, ишга, илмга, касбу-ҳунарга, эзгу фазилатларга ўргатсак, уларни йўлини очиб берсак, эртага фойдаси ўзимизга, жамиятимизга тегади».

 

 

Нурбек Умаров,

Навоий вилоят судининг судьяси

Суд тизимида коррупцияни олдини олиш масалалари

Мамлакатимизда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, малакали кадрларни танлаш, судьялик касбига тайёрлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилаётган бир вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 7-декабр кунида қабул қилинган “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупцияни олдини олиш самарадорлигини ошириш чора тадбирлари тўғрисидаги 6127-сонли Фармони суд ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Судьялар мустақиллиги ва дахлсизлиги ва бу тизимда коррупцияни олдини олиш масаласини давлат сиёсати даражасига кўтарди.

Фармонга биноан, судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратиш;

судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини изчил жорий қилиш;

судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш ҳамда суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупциявий ҳаракатни муросасиз ҳолат деб баҳолаш;

судьяларнинг касбий малакаси, маънавияти ва масъулиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали юксак профессионал судьялар корпусини шакллантириш.

Мазкур Фаромон суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашни муҳим асосларини белгилаб берди яъни илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини Интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб боришни йўлга қўйиш, судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастурни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш, судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилиши муносабати билан 2021 йил 1 январдан ушбу судларнинг малака ҳайъатларини шакллантириш шулар жумласидандир.

Фармонга биноан судьяларнинг юридик жавобгарлиги масаласини ҳал этиш пайтида уларнинг одил судлов билан боғлиқ фаолиятига ҳар қандай аралашувнинг олдини олиш мақсадида 2021 йилдан бошлаб:

судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан Кенгаш раиси томонидан киритилган тақдимнома прокуратура органлари томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилиб, жиноят иши қўзғатилганлиги ёки қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Кенгашга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан хабар бериш;

судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатлари розилиги билан йўл қўйиш;

суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳолати юзасидан Кенгаш раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якуни бўйича ахборот тақдим этиб бориш тартиби ўрнатилди.

Фармон асосида Кенгашнинг судларда коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни тизимли равишда бартараф қилиш ва унга қарши курашиш самарадорлигини ошириш борасида ваколатларини кучайтириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган, фаолиятини доимий асосда амалга оширадиган Кенгаш раисининг ўринбосари лавозимини жорий этилди, судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясини тузилди.

Судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантиришни йўлга қўйиш, «Ибратли судья» мукофотини, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан судьялар учун «Суд фахрийси» кўкрак нишонини жорий этилди, шунингдек кенгаш ҳузурида амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериш ваколатига эга бўлган жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Судьялар клубини ташкил этилди.

 

Турғун Қаҳҳоров,

Навоий вилоят судининг судьяси

Тўланмаган алимент “Оқибатсиз” отани “ Қамоққа” етаклади

Орамизда тирноққа зор бўлган оилалар қанча. Яратгандан фарзанд сўраб тилаб умрларини ҳам ўтказган кишилар ҳам оз эмас. Бироқ, “ота” бўлиш осон-у “ота” лик масъулиятини ҳис қилиш осон иш эмас.

 2025 йил 20 январь куни, жиноят ишлари бўйича Нурота туман судининг очиқ суд мажлиси биносида бўлиб, туман судининг тергов судьяси З.Утамуродовнинг раислигида, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан маъмурий ишни кўриб чиқди.

Ҳуқуқбузар фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан, жабрланувчининг фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойда ишлаб топган даромадининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган бўлсада, 2021 йил сентябрь ойидан 2025 йил январь ойига қадар ундирилиши лозим бўлган жами 71.829.266 сўм миқдоридаги алимент пулларини тўламасдан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаб келиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган.

Ҳуқуқбузар суд мажлисида, ҳуқуқбузарлик ҳаракатига иқрорлик билдириб, 2021 йил сентябрь ойидан 2025 йил январь ойига қадар тўланиши лозим бўлган жами 71.829.266 сўм миқдоридаги алимент пулларини тўламасдан юрганлигини, ҳозирда алимент пулларини тўлашга шароити йўқлигини, қилган ишидан пушаймонлигини, бошқа бу ҳолат такрорланмаслигини, оилавий шароитини инобатга олиб, ўзига нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраган бўлса-да, суд ҳуқуқбузарга жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини МЖтКнинг 31-моддасига асосан қилмишини енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, МЖтКнинг 32-моддасига асосан қилмишини оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқ деб ҳисоблаб, МЖтКнинг 474-моддаси 2-қисмида биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши белгиланганлигини, ҳуқуқбузар У.Рўзиев томонидан қарздорлик тўланмаганлигини инобатга олиб, унга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси 1-қисми Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси 1-қисми билан 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.

Зеро, “Қилмиш-қидирмиш!” деган нақл бежизга айтилмаган.

 

Зарифжон Утамуродов,

Жиноят ишлари бўйича Нурота туман судининг тергов судьяси

Қонунчилик талабига риоя қилиш барча учун мажбурийдир

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 68-моддасига кўра, ер, ерости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

Мазкур Конституциявий норма талаби бевосита тегишли давлат ташкилотлари томонидан бажарилиб, бу борада қонунчилик талабларини бузган шахсларнинг жавобгарлик масалалари кўриб борилади.

Бош Қомусимизнинг 15-моддасида, давлат ва унинг органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритишлари назарда тутилган.

Қуйида суд амалиётида кўрилган бир иш мисолида давлат ташкилоти томонидан қонунчилик талабларига риоя этилмаслигининг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида сўз юритилади.

Навоий шаҳар прокуратураси Навоий шаҳар ҳокимлиги (кейинги ўринларда даъвогар деб юритилади) манфаатида жавобгар “28 M2 FACADE DESIGN” масъулияти чекланган жамияти (кейинги ўринларда жавобгар деб юритилади)га нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгарга ажратилган жами 100 м.кв ер майдонига доимий фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилишни ҳамда ер майдонини олиб қўйишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2024 йил 20 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қаноатлантирилиб, жавобгарнинг ер участкасига бўлган доимий фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилинган ва низоли ер майдонини жавобгардан олиб қўйиш белгиланган.

Бундан норози бўлган жавобгар кассация шикоятини бериб, суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво талабини рад этиш ҳақида янги мазмундаги қарор қабул қилишни сўраган.

Мазкур шикоятнинг кассация инстанциясида кўриб чиқилишида, даъвогар томонидан ерга оид қонунчилик талаблари бузилганлиги аниқланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси (бундан буён матнда Ер кодекси деб юритилади) 36-моддасининг биринчи қисмида, бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ер участкасидан бир йил мобайнида ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида бекор қилиниши, учинчи қисмида, ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини ёки ер участкасидан доимий ёхуд вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини ушбу модда биринчи қисмининг 6-11-бандларида кўрсатилган ҳолларда тугатиш ушбу Кодекснинг 38-моддасида белгиланган тартибда суд томонидан амалга оширилиши назарда тутилган.

Ер кодексининг 38-моддасининг биринчи қисмида, Ушбу Кодекс 36-моддаси биринчи қисмининг 6-11-бандларида назарда тутилган ҳолларда, шунингдек ер тўғрисидаги қонунчилик бузилган бошқа ҳолларда ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи орган ер эгасини ёки ердан фойдаланувчини олдиндан огоҳлантирганидан кейин туман, шаҳар ҳокимига ер участкасини олиб қўйиш ҳақида тақдимнома киритади. Туман, шаҳар ҳокими тақдимнома асосида бир ойлик муддатда уни олиб қўйиш ҳақида судга даъво аризаси киритиши белгиланган.

Бироқ, Кадастр агентлиги Навоий шаҳар бўлимининг 2023 йил 31 октябрдаги огоҳлантириш хати жавобгарнинг юридик манзилига эмас, балки Зарафшон шаҳридаги бошқа манзилга юборилган. 

Шунингдек, Кадастр агентлиги Навоий шаҳар бўлими Навоий шаҳар ҳокимига  2023 йил 26 сентябрь куни 01-15/206-сонли тақдимнома киритган бўлсада, ушбу тақдимнома асосида шаҳар ҳокимлиги томонидан Ер кодексининг 38-моддасида белгилаб қўйилган асос бўйича бир ойлик муддатда ерни олиб қўйиш ҳақида судга даъво аризаси киритилмаган.

Бундан ташқари, Кадастр агентлиги Навоий шаҳар бўлимининг 2024 йил 6 февралдаги огоҳлантириш хати иккинчи маротаба жавобгарнинг юридик манзилига эмас, балки Зарафшон шаҳридаги бошқа манзилга юборилган.

Қолаверса, Кадастр агентлиги Навоий шаҳар бўлими қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган орган Навоий шаҳар прокурори номига 2024 йил 6 февраль куни 44-сонли тақдимнома киритиб хатоликка йўл қўйган.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 107-моддаси 1-қисмининг 5-бандига кўра, суд даъвогар низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки тарафлар шартномасида назарда тутилган бўлса, даъво аризасини кўрмасдан қолдиради.

Шу боис судлов ҳайъати Навоий шаҳар ҳокимлиги томонидан Ер кодексининг 38 моддасида белгилаб қўйилган тартибга риоя қилмасдан даъво аризаси киритган деб ҳисоблаб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни, иш бўйича янги қарор қабул қилиб, даъвонинг ер майдонидан фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилиш ҳақидаги қисми кўрмасдан қолдиришни ҳамда даъвонинг ер майдонини олиб қўйиш ҳақидаги қисми қаноатлантиришдан рад этишни, Навоий шаҳар ҳокимлигидан давлат фойдасига 10.200.000 сўм давлат божи ундиришни лозим топган.

Зеро, юқорида таъкидланганидек, қонунчиликда белгиланган талабларга нафақат фуқаролар, балки давлат органлари ҳам риоя этишга мажбурдир.

 

Лутфулло Тошмуродов,

Навоий вилоят судининг судьяси

Зарафшон шаҳрида ўтказилган сайёр қабул ва ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.01.2025 йилдаги “2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сон Фармони билан 2025 йилда «Ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш» устувор вазифа этиб белгиланган.

Мазкур Фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар ва уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш ҳамда фуқароларнинг судларга бўлган мурожаатларини улар учун қулай бўлган жойда қабул қилинишини таъминлаш мақсадида Зарафшон шаҳридаги “Олтин водий” МФЙда Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди раиси А.Исоқов, тергов судьяси Д.Эргашева, Жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси А.Мирзаева, Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Ғофуров, Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро суди раиси Ш.Очилов томонидан Зарафшон шаҳридаги маҳаллалар еттилиги ва бошқа масъул ташкилотлар иштирокида ҳуқуқий тарғибот тадбири ва сайёр учрашув ташкил этилди.

Ўтказилган мазкур тадбир жараёнида маҳалла ҳудудида содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, бунга имкон берган омиллар, мазкур қилмишлар учун жавобгарлик ва жазо чоралари хусусида батафсил маълумот берилиб, ушбу ҳуқуқбузарликларни олдини олиш учун амалга оширилиши лозим бўлган чоралар, хусусан аҳоли, айниқса ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, ёшларни касбга йўналтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ёшлар маънавиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиб, оилавий ажримларнинг олдини олиш чораларини кўриб бориш зарурлиги билдириб ўтилди.

 

Исоков Анвар,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг раиси

 

Эргашева Дилобар,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг тергов судьяси

 

Ғофуров Шерзод,

Зарафшон туманлараро судининг раиси

 

Мирзаева Азиза,

Жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг раиси

 

Очилов Шерали,

Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судининг раиси

Skip to content