Қидирув:

Тадбиркор мамлакат иқтисодий ва ижтимоий ривожланишининг таянчи

Маълумки, тадбиркор ўз тадбиркорлик фаолиятини қонунчиликка мувофиқ амалга оширадиган, таваккал қилиб, ўзининг мулкий жавобгарлиги остида даромад олиш учун ишлайдиган шахсдир.

Бу фаолияти орқали у мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини таъминлайди.

Ўз ўрнида давлат ҳам тадбиркорга мададкор бўлиб, унга ўз фаолиятини эркин амалга ошириши учун барча шарт-шароитларни таъминлаб бериш, ҳар қандай бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасидаги вазифасини тўлақонли адо этиб, тизимли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бугунги кунда амалга оширилаётган Ўзбекистондаги бу ислоҳотлар самараси халқаро ҳамжамият томонидан юқори эътирофга сазовор бўлаётганини гувоҳи бўлмоқдамиз.

Ўзининг тадбиркорлик фаолияти жараёнида тадбиркор ҳуқуқий нажот истаб судга юзланади.

Бош қомиусимизнинг 55-моддасига кўра, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Шу ўринда, мисол тариқасида ўтган 2023 йил давомида биргина Зарафшон туманлараро иқтисодий суди томонидан кўрилган иқтисодий низолар доирасида тадбиркорлар манфаатига жами 7 млрд 700 млн. сўмдан зиёд маблағ ундириб берилган.

Низоларнинг аксарияти шартномавий муносабатларнинг бузилганлигидан келиб чиққан.

Бу каби низоларнинг иқтисодий судда кўриш жараёнида бошқа томоннинг манфаатларига бепарволик билан қараш, ҳуқуқни суиистеъмол қилиш каби хатти-ҳаракатлар ўз ўрнида аниқланиб, уларга ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда ўз мажбуриятларини бузган томон айбдорлигини белгилаш орқали жамиятда қонун ва адолат устувор эканлигини таъминлашга ҳамда тадбиркорларнинг бугунги кундаги судга бўлган ишончини янада оширишга эришилмоқда.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси

Зарафшон шаҳрида судьялар иштирокида янги қонунларнинг мазмун моҳиятини тушунтириш юзасидан ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилди

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди раиси Д.Хонбўтайева, фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг раиси A.Шукуров ҳамда судя Л.Шариповалар томонидан Зарафшон шаҳар 12-сонли Жазони иэро этиш колониясида, Суд қарорларининг қонунийлиги асослиги адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ва просессуал кодексларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларинг мазмум-моҳиятини тушунтириш юзасидан марузалар қилинди.

Тадбирда йиғилганларга, суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги юзасидан текширув қўзғатиш тартиби; суд ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш асослари; апелляция, кассация ва тафтиш тартибида шикоят қилиш тартиби ва бундай шикоятлар бериш ҳуқуқи кимларда мавжуд бўлиши ҳамда уни қайси суд кўриб чиқиши; шикоятларни бериш муддатлари; суд чиқимлари, апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси судининг ваколатлари каби мавзуларда судьялар томонидан атрофлича тушунтириш бериб ўтилди.

Шунингдек, тадбир сўнгида йиғилганларнинг ҳуқуқий мавзуга оид саволларига судьялар томондан жавоб берилди.

 

Дилноза Хонбўтаева,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг раиси 

Судлар томонидан сайёр суд мажлиси ва ҳуқуқий тарғибот табдирлари ташкил этилди

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор ва Қизилтепа туман суди томонидан Навбаҳор туманидаги Маънавият ва маърифат маркази биносида жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган уюшмаган ёшлар, Пробация гуруҳи ҳисобида бўлган маҳкумлар, муқаддам судланган шахслар, маҳалла фуқаролари, туман тиббиёт ва таълим соҳаси ходимлари ҳамда туманда иш фаолиятини олиб бораётган тадбиркорлар иштирокида сайёр суд мажлислари ўтказилди.

Сайёр суд мажлисида жиноят ва маъмурий ҳуқубузарлик содир этган бир нечта шахсларга нисбатан бўлган жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўриб чиқилиб, сайёр суд мажлиси иштирокчилари гувоҳлигида суд қарорлари эълон қилинди.

Шунингдек, сайёр суд мажлиси иштирокчиларига суд раислари томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун моҳияти, Коррупция ва одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.

 

 

Алишер Сайдуллаев,

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси. 

“Янги Ўзбекистон-янги суд” тамойили асосида одил судлов соҳасидаги ислоҳотлар

Мамлакатимизда кейинги йилларда суд тизимини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, аҳолини одил судловдан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Суд қарорларини қайта кўришда вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш билан бирга уларнинг масъулиятини ошириш, суд қарорларидан норози бўлган тарафнинг суд қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Фуқаролик ҳамда Иқтисодий процессуал кодексларига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан,“Суд қарорларини қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2023 йил 25 декабрда қабул қилинган ва 2024 йилнинг 1 январь кунидан амалга киритилган Ўзбекистон Республикаси қонуни билан суд қарорларини қайта кўриш соҳасида муҳим ўзгартиришлар амалга оширилди.

Қонунчиликка киритилган мазкур янгиликка кўра туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишлар вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар мазкур судларда тафтиш тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини, алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини, шунингдек апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилинишини ҳамда уларнинг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш масъулияти юклатилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Янги тартибга кўра одил судловга эришишнинг имкониятлари янада кенгайиб, аҳолининг судма-суд юришига барҳам берилади. Бунда биринчи инстанция судининг қарори ёки ажримидан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади. Вилоят судида ташкил этилган апелляция ёки кассация ҳамда тафтиш инстанцияларининг қароридан норози бўлинган тақдирда, суд қароридан норози бўлган тарафнинг шикояти бўйича ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўриб чиқилади.

Энг муҳими шундаки, эндиликда юқори турувчи судлар томонидан қўйи судларнинг бекор қилинган қарорларини янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тартиби бекор қилиниб, ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилди.

Қонунчиликда белгиланган аввалги тартибга кўра, апелляция  тартибида кўрилмаган иш бўйича суд ҳужжати устидан норози тарафда кассация шикояти бериш ҳуқуқи мавжуд эмас эди. Бу эса, қайсидир сабабларга кўра апелляция шикоятини бериш муддатларини ўтказиб юборган тарафни суд ҳужжати устидан шикоят бериш ҳуқуқини чеклаб қўяр эди.

Эндиликда суд ҳужжатидан норози бўлган тараф ўз ҳоҳиши бўйича  қонуний кучга кирмаган суд ҳужжати устидан апелляция шикояти билан, қонуний кучга киргач кассация шикояти билан мурожаат этиш  ваколатига эга бўлди.

Одил судлов соҳасига тафтиш институтининг киритилиши ва суд қарорини тафтиш тартибида кўриш ваколатларини ўрта буғин судлари ҳисобланган вилоят судлари ва унга тенглаштирилган судларга берилиши, тафтиш инстанцияси томонидан ишни кўришда қўйи судларнинг моддий ва процессуал қонун нормаларига риоя этилганлиги ҳолатини тўлиқ тафтиш қилиш орқали кўриб чиқиб, суд қарорларига қонуний баҳо берилиши билан биргаликда, судда иши кўрилаётган тарафларнинг Тошкент шаҳрида жойлашган Олий судга бориши билан боғлиқ вақтини ва харажатларини ҳам тежайди.

Шу билан биргаликда мазкур институтни қонунчиликка тадбиқ этилиши орқали Олий суднинг марказлашган ваколатларини қўйи судларга ўтказилиши билан, ўрта буғин судларининг одил судловни таъминлашдаги ваколатларини кенгайтириш билан биргаликда уларга қонуний ва асосли қарор қабул қилиш каби масъулиятни ҳам юклайди.

Хулоса қилиб айтганда, одил судлов соҳасида амалга оширилган мазкур ислоҳотлар суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш механизмини янада такомиллаштириш ҳамда суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш орқали одил судлов сифатини ҳамда фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Турғун Қаҳҳоров

Навоий вилоят судининг cудьяси

Сайёр суд мажлислари ҳақида

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судяси Д.Пардаева томонидан Навоий вилояти ИИБ ЖХХ Пробация хизмати биносида Навоий шаҳар ИИБ бошлигининг Жиноят кодексининг 73 ва 74-моддалари тартибидаги киритилган илтимосномалари маҳкумлар иштирокида ўрганиб чиқилди.

Шунингдек, тадбирда йиғилганларга, суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги юзасидан текширув қўзғатиш тартиби; суд ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш асослари; апелляция, кассация ва тафтиш тартибида шикоят қилиш тартиби ва бундай шикоятлар бериш ҳуқуқи кимларда мавжуд бўлиши ҳамда уни қайси суд кўриб чиқиши; шикоятларни бериш муддатлари; апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси судининг ваколатлари каби мавзуларда судьялар томонидан атрофлича тушунтириш бериб ўтилди.

Тадбир сўнгида ҳуқуқий мавзуга оид саволларга жавоб берилди.

 

 

Дилобар Пардаева

 

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг судьяси 

Суд ва матбуот котиблари иштирокида ҳамкорлик юзасидан давра суҳбати ташкил этилди

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси Б.Джумаев томонидан суд биносида “Суд муҳокамаси ошкоралиги ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд мажлисида қатнашиш тартиби” мавзусида Навбаҳор тумани ва Ғозғон шаҳри ҳокимликларининг матбуот котиблари ҳамда масъул ходимлари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

            Ўтказилган давра суҳбатида суд раиси томонидан иштирокчиларнинг қизиқтирган саволларига жавоб берилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 21.02.2020 йил кунги “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида” ги 4-сонли қарорига кўра, судья суд қарори қонуний кучга кирмаган иш бўйича интервью беришга ёхуд оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилишга ҳақли эмаслиги, Суд муҳокамаси ошкоралиги процесс иштирокчиси бўлмаган шахсларга, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларига суд мажлисида қатнашиш имконияти берилиши билан таъминланиши, очиқ суд мажлислари процесс иштирокчиси бўлмаган шахслар қатнашишини истисно этадиган биноларда ўтказишга йўл қўйилмаслиги, оммавий ахборот воситалари муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан башорат қилишга ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга ҳақли эмаслиги тушунтирилди.

Судлар фаолиятига доир ахборотни олиш ҳуқуқини фуқароларнинг тили, жинсий, ирқий, миллий мансублиги, диний, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеига қараб чеклашга йўл қўйилмайди.

 

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси

 

Бекзод Джумаев 

Навбаҳор тумани “Сарой” маҳалласида сайёр қабул ва давра суҳбати

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси Б.Джумаев, Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди раиси А.Ҳамраев томонидан Навбаҳор тумани “Сарой” МФЙда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг сайёр қабули ҳамда улар билан давра суҳбати ўтказилди. Сайёр қабул давомида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари тингланиб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Давра суҳбатида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига суд раислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 сентябрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ЎРҚ-869-сонли Қонуни мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Бекзод Джумаев

 

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси

Навоий вилоят суди раҳбарияти томонидан жазони ижро этиш колониясидаги маҳкумлар билан учрашиб, янги қонунлар бўйича суд қарорлари устидан шикоят қилиш тартибини тушунтирилди

Вилоят суди раисининг ўринбосари, Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Г.Ялгашев томонидан Қизилтепа туманидаги 5-сонли жазони ижро этиш колониясида, Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ва процессуал кодексларига  киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан тарғот табдири ўтказилди.

Тадбирда йиғилганларга, суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги юзасидан текширув қўзғатиш тартиби; суд ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш асослари; апелляция, кассация ва тафтиш тартибида шикоят қилиш тартиби ва бундай шикоятлар бериш ҳуқуқи кимларда мавжуд бўлиши ҳамда уни қайси суд кўриб чиқиши; шикоятларни бериш муддатлари; апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси судининг ваколатлари каби мавзуларда керакли маълумотлар бериб ўтилди.

Шунингдек, тадбир сўнгида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг ҳуқуқий мавзуга оид саволларига жавоб берилди.

 

 

Гиёсиддин Ялгашев,
Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари 

Ноқонуний ишдан бўшатилган ходимнинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари суд орқали тикланди

Фуқаро С.Т судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда у МЧЖда директор лавозимида 10.02.2023 йилга қадар ишлаб келганлигини, лекин меҳнат шартномаси МЧЖ таъсисчиси бўлган йиғилиш раисининг 10.02.2023 йилдаги буйруғи орқали бекор қилинганлигини, унда фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судининг фуқаролик иши юзасидан бўлиб ўтган суд мажлиси давомида С.Т қурилиш соҳасида эмас, балки тоғ-кон саноати соҳасида олий маълумотга эга эканлиги тўғрисида судга маълумот сифатида кўрсатма берганлигини, шу орқали ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар, хусусан Меҳнат кодексининг 80-моддаси талаблари бузилганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 106-моддаси 4-бандига кўра 10.02.2023 йилда бекор қилинганлигини, бироқ қуйидагиларга асосан ғайриқонуний ҳисобланишлигини, жамият директори лавозими қонунчиликка мувофиқ махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга шахсларгина бажариши мумкин бўлган ишлар тоифасига кирмаслигини, сабаби ҳар қандай шахс қонунга кўра тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, мулкдор бўлишга ҳақли эканлиги мустаҳкамлаб қўйилганлигини, низоли буйруқда ишга қабул қилишда қандай аниқ бузилишга йўл қўйилгани ҳолати кўрсатиб ўтилмасдан жамият директорлигига ишга қабул қилишда олий маълумот талаб этилиши жамиятнинг ҳужжатларида қайд этилмаган бўлсада, лекин ассоссиз равишда расмийлаштирилганлигини, шу сабабли буйруқни ғайриқонуний деб топишни маълум қилиб, суддан МЧЖнинг буйруғини ғайриқонуний деб топиб, жамият директори вазифасига ишга тиклаш, МЧЖдан мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ва 30.000.000 сўм маънавий зарарни ундириш ҳамда мазкур ҳолат бир неча марта такрорланиб келаётганлиги жамият таъсисчисининг ҳаракатларига қонуний баҳо беришлик учун хусусий ажрим чиқариш сўралган.

Суд ишни кўриб чиқиш жараёнида аниқланган иш ҳолатларига кўра жавобгар МЧЖ томонидан даъвогар Т.С.ни ишга қабул қилинишида белгиланган қоидаларни бузилмаганлигини, чунки даъвогарни ишга қабул қилиш юзасидан қонунчиликда белгиланган қоида мавжуд эмаслигини, бу тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлигини, шу асосларга кўра меҳнат шартномасини бекор қилиниши қайд этилган қонун ва Раҳбарий кўрсатма, жамият устави талабларига зид эканлигини, бундай ҳолатда меҳнат шартномасини бекор қилинишига йўл қўйилмаслигини инобатга олиб, жавобгар МЧЖнинг 10.02.2023 йилдаги буйруғини ғайриқонуний деб топиб, даъвогар Т.Сни ишга тиклашни ҳамда унга 10.02.2023 йилдан бошлаб мажбурий прогул кунлари учун 89.962.150 сўм иш ҳақи, 28.500.000 сўм маънавий зарар учун компенсация ундиришни лозим топган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ҳар қандай ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари қонун билан суд орқали таъминланади.

 

Шерали Очилов,

Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг судьяси

Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ва янги қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Қурбонов қуйидаги Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 сентябрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-869-сонли Қонуни мазмун моҳияти ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 01 январдаги Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида”ги ЎРҚ-884-сонли Қонуни мазмун-моҳияти юзасидан гапириб ўтди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 13-моддасининг бешинчи қисми «Тегишли суд ҳайъатларида апелляция, кассация ва тафтиш тартибида ишларни кўриш уч нафар судьядан иборат таркибда амалга оширилишини, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳукмлари устидан апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида берилган шикоятлар (протестлар) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида беш нафар судьядан иборат таркибда кўриб чиқилишини, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида — Раёсат аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлган тақдирда кўрилади» таҳририда, 389-модданинг матни «Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг судловига ҳарбий судларнинг судловига тегишли бўлган ишлардан ташқари ҳамма жиноят ишлари тегишли эканлигини маълум қилди.

 Апелляция, кассация инстанцияси ва жиноят ишини тафтиш тартибида кўриб чиқаётган суд иш шикоят ёки протест билан келиб тушган кундан эътиборан ўн беш суткадан кечиктирмай ишни кўриб чиқишга киришиши кераклигини, иш ўта мураккаб бўлган тақдирда ва бошқа алоҳида ҳолларда тегишли суд раиси бу муддатни кўпи билан бир ойга узайтириши мумкинлигини, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати жиноят иши шикоят ёки протест билан бирга келиб тушган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай ишни кўриб чиқишга киришиши кераклиги, иш ўта мураккаб бўлган тақдирда ва бошқа алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ёки унинг ўринбосари бу муддатни кўпи билан икки ойга узайтириши мумкинлигини билдирди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати жиноят иши протест билан бирга келиб тушган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай ишни кўриб чиқишга киришиши кераклигини, иш ўта мураккаб бўлган тақдирда ва бошқа алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси бу муддатни кўпи билан икки ойга узайтириши мумкинлигини, Жиноят ишини кўриш муддати узайтирилганлиги тўғрисида процесснинг манфаатдор иштирокчилари хабардор қилиниши кераклигини, апелляция, кассация инстанцияси ва ишни тафтиш тартибида кўриб чиқаётган суд томонидан жиноят ишини кўриб чиқиш давомийлиги уни кўриб чиқиш бошланган кундан эътиборан уч ойдан ошмаслиги кераклигини, мазкур муддат иш мураккаб бўлган ёки унинг ҳажми катта бўлган, шунингдек бошқа узрли сабаблар мавжуд бўлган тақдирда, апелляция, кассация инстанцияси судининг ва ишни тафтиш тартибида кўриб чиқаётган суднинг ажримига кўра кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкинлигини йиғилиш иштирокчиларига маълум қилди.

Бундан ташқари жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг раиси Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-884-сонли Қонуни  мазмун-моҳияти юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган қуйидагиларни 3243-модда. Апелляция шикояти (протести) бериш муддатлари биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан апелляция шикояти (протести) қарор ўқиб эшиттирилган кундан эътиборан ўн сутка ичида, ўзига нисбатан суд қарори чиқарилган шахс ва жабрланувчи томонидан эса, қарорнинг кўчирма нусхалари уларга топширилган ёки улар томонидан ушбу кўчирма нусхалар олинган кундан эътиборан худди шу муддатда берилиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган муддат ўтказиб юборилган тақдирда, апелляция шикояти (протести) берувчи шахснинг илтимосномасига кўра, қарорни чиқарган суд, агар муддатнинг ўтказиб юборилганлиги сабабларини узрли деб топса, ўтказиб юборилган муддатни тиклашга ҳақли бўлиб, бу ҳақда ажрим чиқарилади.

Суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарори устидан апелляция шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномани рад қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг устидан хусусий шикоят (хусусий протест) берилиши мумкин. гапириб ўтди.

3244-модда. Апелляция шикоятининг (протестининг) мазмунига қўйиладиган талаблар

Апелляция шикоятида (протестида) қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) шикоят (протест) юборилаётган суднинг номи;

2) шикоят (протест) берган шахс, унинг процессуал мавқеи, унинг яшаш жойи ёки жойлашган ери тўғрисидаги маълумотлар;

3) қарор чиқарган суднинг номи, қарор чиқарилган сана, суд ишининг рақами, устидан шикоят (протест) берилаётган қарор қайси шахсга нисбатан чиқарилган бўлса, ўша шахс тўғрисидаги маълумотлар;

4) шикоят (протест) бераётган шахснинг фикрига кўра қарорнинг нотўғрилиги нимадан иборат эканлиги тўғрисидаги важлари, шунингдек унинг илтимосининг мазмуни;

5) шикоят (протест) берган шахс ўз талабларини асослаётган далиллар, хусусан, биринчи инстанция суди томонидан текширилмаган далиллар;

6) янгидан тақдим этилаётган далиллар ва уларнинг биринчи инстанция судига тақдим этилмаганлигининг сабаби;

7) шикоятга (протестга) илова қилинаётган материаллар рўйхати;

8) шикоят (протест) берилган сана, шикоят (протест) берган шахснинг имзоси.

Агар апелляция шикоятининг (протестининг) мазмуни ушбу модданинг биринчи қисми талабларига жавоб бермаса ва бу ишни кейинчалик мазмунан кўриб чиқишга тўсқинлик қилса, биринчи инстанция судининг судьяси апелляция шикоятини (протестини) уни берган шахсга қайтариш тўғрисида уч кунлик муддатда ажрим чиқариб, апелляция шикоятини (протестини) янгидан тузиш учун муддат белгилайди.

Судьянинг апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажримининг талаблари бажарилмаган ва апелляция шикояти (протести) белгиланган вақтда келиб тушмаган ҳолларда, у берилмаган деб ҳисобланади.

3245-модда. Апелляция шикоятини (протестини) қайтариб олиш

Суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан апелляция шикояти берган шахс ушбу шикоятни қайтариб олишга ҳақли. Апелляция протестини қайтариб олиш ҳуқуқи протестни киритган прокурорга, шунингдек юқори турувчи прокурорга тегишлидир.

Ўзига нисбатан суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори чиқарилган шахс ўз адвокатининг апелляция шикоятини қайтариб олишга ҳақли.

Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг адвокати, қонуний вакили ўз шикоятини фақат маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг розилиги билан қайтариб олишга ҳақли.

Апелляция шикоятини (протестини) қайтариб олишга апелляция инстанцияси суди қарор қабул қилиш учун алоҳида хонага киргунига қадар йўл қўйилади.

Апелляция шикоятини (протестини) қайтариб олиш тўғрисидаги ҳужжат ишда қолдирилади.

3246-модда. Апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш муддатлари

Биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан берилган апелляция шикояти (протести) у ишнинг барча материаллари билан келиб тушган кундан эътиборан ўн беш сутка ичида апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилиши лозим.

Ушбу Кодекснинг 512, 513, 514, 515, 516, 517, 518, 519-моддаларида назарда тутилган биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича қарорлари устидан берилган апелляция шикоятлари (протестлари) ишнинг барча материаллари билан келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилиши лозим.

Биринчи инстанция судининг маъмурий қамоққа олиш ёки маъмурий тартибда чиқариб юбориш тўғрисидаги қарори устидан берилган апелляция шикояти (протести) шикоят (протест) берилган пайтдан эътиборан бир сутка ичида апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилиши лозим.

Шунингдек, ЖПКнинг 389-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилишини яъни «Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг судловига ҳарбий судларнинг судловига тегишли бўлган ишлардан ташқари ҳамма жиноят ишлари тегишли эканлигини, агар бир судда кўриб чиқилаётган жиноят иши бўйича суд муҳокамаси пайтида судланувчи томонидан бошқа суд судловига тегишли жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, ишни кўриб чиқиш суд муҳокамасини бошлаган суд томонидан давом эттирилишини, ҳарбий судларнинг судловига тегишли ишлар қонунчилик билан белгиланишини маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоят, Тошкент шаҳар судининг ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг судловига ўта мураккаб ва аҳамиятли ишлар тегишли эканлигини, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси жиноят ишини, агар у мазмунан ўта мураккаб ва аҳамиятли бўлса, Ўзбекистон Республикаси Олий судига, Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоят, Тошкент шаҳар судига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига кўриш учун топширишга ҳақли эканлигини, Қорақалпоғистон Республикаси судининг раиси, вилоят, Тошкент шаҳар судининг раислари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раиси жиноят ишини, агар у мазмунан ўта мураккаб бўлмаса, жиноят ишлари бўйича тегишли туман (шаҳар) судига, шунингдек ҳудудий ҳарбий судга кўриш учун топширишга ҳақли эканлигини маълум қилди.

Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш турлари, суд ҳукмларининг, ажримларининг, қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги апелляция, кассация ва тафтиш тартибида текширилиши мумкинлигини, ишни юқори инстанция суди томонидан кўриш  апелляция тартибида — ушбу Кодекснинг 497-моддасида кўрсатилган шахсларнинг шикоятларига ва протестларига биноан, кассация тартибида — ушбу Кодекснинг 499-моддасида кўрсатилган шахсларнинг шикоятларига ва протестларига биноан, тафтиш тартибида, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан — ушбу Кодекснинг 511 ва 512-моддаларида кўрсатилган шахсларнинг шикоятларига ва протестларига биноан, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек ушбу судларнинг туман (шаҳар) судлари, ҳудудий ҳарбий судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида чиқарилган ҳукмлари ва ажримлари устидан ушбу Кодекснинг 511-моддасида кўрсатилган шахсларнинг шикоятларини ўрганиш натижаларига кўра чиқарилган Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, унинг ўринбосарларининг протестига ёки Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг ажримига биноан, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек ушбу судлар томонидан биринчи инстанция тариқасида кўрилган ишлар бўйича апелляция ёки кассация тартибида чиқарилган ҳукмлари ва ажримлари устидан ушбу Кодекснинг 511-моддасида кўрсатилган шахсларнинг шикоятларига ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, унинг ўринбосарларининг протестига биноан, судьянинг тақдимномасига, оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра киритилган Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг протестига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг протестига биноан амалга оширилади.

 

Акмал Курбонов,

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси

Skip to content