Қидирув:

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди томонидан ўтказилган сайёр суд ва ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Навбаҳор туманидаги мусиқа ва санъат мактаби биносида жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди томонидан жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик олдини олиш мақсадида фуқаролар ва уюшмаган ёшлар иштирокида сайёр суд мажлислари ўтказилди.

Сайёр суд мажлисида жиноят ва маъмурий ҳуқубузарлик содир этган бир нечта шахсларга нисбатан бўлган жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлари кўриб чиқилиб, сайёр суд мажлиси иштирокчилари гувоҳлигида суд қарорлари эълон қилинди.

Бундай сайёр суд мажлисларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, жиноят кўчасига кириб қолган ёки жиноят содир этишга мойиллиги бўлган шахсларга жиноят учун жазо муқаррарлигини эслатиш ва шу орқали келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олишдан иборатдир.

Сайёр суд мажлиси якунига уланиб кетган тарғибот тадбирида сўзга чиққанлар, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида қилинаётган барча ишлар, қабул қилинаётга қонунлар барчаси “Инсон қадри ва манфаатлари учун” эканлиги, буни ҳар-бир Ўзбекистон фуқароси ич-ичидан ҳис қилиши ва жиноятчиликка қарши биргаликда муросасиз курашиш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, йиғилганларга судьялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон Қарори мазмун моҳияти, Коррупция ва одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида ҳамда ЎРҚ-1047-сонли қонун юзасидан батафсил тушунтириш берилди.

Тадбир сўнгида судьялар томонидан йиғилганларга ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига жавоб берилди.

 

Сайдуллаев Алишер,

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси

 

Райимов Мақсуд,

Жиноят ишлари бўйича Конимех туман судининг тергов судьяси

 

Хамраев Акрам,

Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг раиси

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди томонидан ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Хатирчи тумани “Янгиробот” ҳамда Галабек махалла фуқаролар йиғини биносида жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон Қарори мазмун-моҳиятини фуқароларга етказиш ҳамда маҳаллаларда ёшлар, аёллар ва ишсизлар томонидан, шунингдек, оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий онги, ижтимоий фаоллиги ва фуқаролик масъулиятини ошириш, жиноят содир этилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ижтимоий муаммоларни ҳал этишга жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ва маҳалла фаолларини кенг жалб этиш мақсадида тарғибот тадбирлари олиб борилди.

 

Мамиров Шерзод,

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг раиси

 

Норбеков Аслиддин,

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг тергов судьяси

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш асослари ва тартиби

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш қайси ҳолатлар юз берганда юзага келиши Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексида назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 79-моддасида, ота-она (улардан бири) қуйидаги ҳолларда: ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа; узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса; ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса; муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган бўлса; ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкинлиги кўрсатилган.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш суд тартибида амалга оширилади. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар ота (она)нинг (уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг), прокурорнинг, шунингдек вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти юклатилган орган ёки муассасаларнинг (васийлик ва ҳомийлик органи, болалар масалалари бўйича комиссиялар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар муассасалари ҳамда бошқа муассасаларнинг) даъвосига биноан кўрилади. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида кўриб чиқилади. Суд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда боланинг таъминоти учун ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онадан (уларнинг биридан) алимент ундириш масаласини ҳал қилади.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш охирги чора эканлиги сабабли қонунчиликда кўрсатилган ҳар бир ҳолат синчковлик билан ўрганилиши лозим.

 

Анвар Жумаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси 

Судьянинг холислиги ва беғаразлиги

Мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида «Судлар тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, кўплаб процессуал қонун қонун нормаларига зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

         Эътиборлиси, тизим фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларида суд мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини самарали таъминлашга оид нормалар такомиллаштирилди.

Ислоҳотлар, ўз навбатида, судлар , судьялар олдига янги талаблар ҳам куймоқда.

Аҳолининг судга нисбатан ишончини янада мустаҳкамлаш, судьяларнинг касбий фаолиятини амалга оширишда риоя қилиши шарт бўлган ахлоқ-одобига оид талабларни аниқлаштириш, амалдаги қонунчиликда мавжуд бўлган нормаларнинг такрорланишига чек қўйиш ҳамда янгиланган Конституцияга мувофиқлаштириш мақсадида 2024 йил 15 майда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 1903-сон қарори билан тасдиқланган Судьялар одоби кодекси янги таҳрирда қабул қилинди. 

Ҳужжат устида ишлаш жараёнида халқаро стандартлар, жумладан, БМТнинг «Суд органлари мустақиллигини асосий тамойиллари», «Судьяларнинг хулқ-атворига оид Бангалор принциплари», «Судьяларнинг умумжаҳон хартияси»да назарда тутилган тавсиялар, АҚШ, Россия, Қирғизистон, Қозоғистон, Беларусь, Молдова каби давлатлар тажрибаси ўрганилди.

Натижада Судьялар одоби кодекси 21 моддадан 18 та моддага ихчамлаштирилиб, зарур бўлган аниқ қоидалар билан тўлдирилди.

Ижтимоий адолатни таъминлаш судьянинг зиммасидаги муҳим ва шарафли вазифа экани боис улардан ахлоқий нормаларга қатъий риоя этиш талаб қилинади. Ахлоқий нормаларга риоя этиш эса жамиятнинг суд тизимига бўлган ишончини кафолатлайди, қонун олдида тенгликни таъминлайди.

Мухтасар айтганда, мазкур ҳужжат  билан, судьялар хулқ-атворининг одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ тамойиллар чегаралари аниқ белгиланди.

Биргина мисол, ушбу кодекснинг 5-моддасига кўра, судья ўз мажбуриятларини холисона, суд процессининг барча иштирокчиларига жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар бир хил муносабатда бўлган ҳолда бажариши шарт.

Судья якуний суд ҳужжати қабул қилингунга қадар иш бўйича фикрини бирон-бир тарзда билдиришга ҳақли эмас. Холислик нафақат чиқарилаётган қарор мазмунида, балки уни қабул қилишдаги барча процессуал ҳаракатларда намоён бўлиши керак.

Судья ўзи, қариндошлари ва бошқа шахслар учун бирон-бир манфаат, хизматлар, тижоратга оид ёки бошқа фойда олиш мақсадида ўз мақоми ва хизмат мавқеидан фойдаланмаслиги лозим.

Хизматдан ташқари ҳолатларда ҳам судья ўзининг холислигига шубҳа туғдирадиган ҳар қандай фикр билдиришдан, хатти-ҳаракатлар содир этишдан тийилиши зарур.

Холислик ва беғаразлик судьядан муайян ишни кўришда суд процесси иштирокчиларига нисбатан афзалликлар, асоссиз ишонч ва тахминлардан холи бўлиш, яъни объектив тарзда бетараф бўлишни талаб этади.

Чунки холис ва беғараз бўлиш, ишни кўришда даъвогарнинг ҳам, жавобгарнинг ҳам важларини тенг текшириш, судланувчини ҳам фош этадиган, ҳам оқлайдиган, жазосини енгиллаштирадиган ва оғирлаштирадиган ҳолатларни эътиборга олиб, қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилиш имкониятини беради.

 

Нурбек Умаров,

Навоий вилоят судининг судьяси

ИБРАТЛИ УМР (Одиллик ва оддийлик саодати)

Ушбу мақола Турсунали Акбаровнинг Одиллик ва оддийлик саодати китобини муҳокама қилади. Асарда Ўзбекистон Республикасининг хизмат кўрсатган юристи, Конститутсавий суднинг собиқ раиси Бахтиёр Мирбобоевнинг ҳаёти, касбий фаолияти ва инсоний фазилатлари ёритилган. Ушбу китоб орқали ўқувчи суд тизимидаги адолат мезонлари, ҳалоллик ва садоқат тамойилларини чуқурроқ англайди.

Юртимизда юксак ижтимоий-маънавий қадриятларни, айниқса одиллик, инсонпарварлик ва қонун устуворлигини тарғиб этувчи адабиётлар тобора ортиб бормоқда. Турсунали Акбаровнинг “Одиллик ва оддийлик саодати” асари ҳам шулар сирасига киради. Бахтиёр Мирбобоев ўзининг ҳалоллиги адолатпарварлиги ва оддий халқона фазилатлари билан нафақат юридик доиралар, балки кенг жамоатчилик эътиборини қозонган шахсдир. У киши юртимизда конституциявий қонунчиликнинг  шаклланишида беқиёс ҳисса қўшган, ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида фидокорона хизмат қилган юрист сифатида танилган.

Замонавий жамиятда инсоний қадриятлар қадрсизланиб бораётган даврда, бу китоб инсонларни яна ўзлигига қайтишга чорлайди. Бахтиёр Мирбобоев эса бу иллатларга қарши ҳалоллик, масъулият ва садоқат билан курашган. Унинг ҳаёти ёшлар учун чин маънодаги ибрат мактаби бўла олади.

Суд тизими ҳар бир жамиятда давлат ва халқнинг энг муҳим таянчларидан биридир. Агар суд одил бўлса, халқда қонунларга ишонч бўлади. Шу нуқтаи назардан Мирбобоевнинг принципиал ҳаёти – яъни “ҳеч қачон сотилмаслик”, “босим остида бўлса-да ҳақиқатни танлаш” каби фазилатлари – жамиятимизда барча судяларга намуна бўлади.

Ушбу китобни ўқиш жараёнида шуни тушундимки, юристлик касби нафақат қонунларни билиш, балки инсон қалбини тушуниш, адолат туйғусини юракдан ҳис қилиш ва халқ хизматида сидқидилдан ишлаш керак эканлигига яна бир бора амин бўлдим.

Бахтиёр Мирбобоев образида мен оддийлик ва юксаклик, ҳалоллик ва қатъият, илм ва виждон уйғунлигини кўрдим. Айниқса, муаллифнинг меҳр билан ёзган ҳар бир сатрида юрист шахсиятининг чуқур қатламлари очилгани, уни фақат лавозим эгаси эмас балки ибратли инсон сифатида тасвирлагани мени ҳайратлантирди.

Бу китоб нафақат ҳуқуқшунослар учун балки ҳар бир юртдошимиз учун ахлоқий дарс, камтарлик ва хизмат руҳининг тимсолидир деб ҳисоблайман. Қолаверса, Бахтиёр Мирбобоев каби фидойи юристларнинг ҳаётий фаолиятини ўрганиш – бу ҳуқуқий маданиятимизни янада юксалтириш йўлида муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

Китобни ўқиш жараёнида қаҳрамоннинг ҳар бир кичик нарсага ҳам эътиборли эканлиги менинг этиборимни тортди негаки, бугунги кунда инсонлар бу каби нарсалар билан ҳисоблашмайди ва уларнинг аксарияти ҳатто бунга эътибор ҳам беришмайди. Бу каби ҳолатлар одат тусига кириб бўлган десак муболаға бўлмайди. Мисол тариқасида светафор воқеасини айтишимиз мумкин бу воқеа Бахтиёр ака ва ҳамкасби билан содир бўлган, аммо бу вазиятда иккаласи икки хил йўл тутиши орқали Бахтиёр Мирбобоевнинг қанчалар синчков ва эътиборли инсон эканлигини билиб олишимиз мумкин.

Одиллик – фақат суд залида ёки қонун матнларида мужассам бўладиган тушунча эмас. У жамиятнинг ҳар бир қатламида, ҳар бир инсоннинг онгида яшаши лозим бўлган асосий тамойилдир. “Одиллик ва оддийлик саодати” асарида одиллик тушунчаси Бахтиёр Мирбобоевнинг ҳаёти орқали намоён бўлади. Бу ерда одиллик – шунчаки қонунларга амал қилиш эмас, балки ҳар бир қарорни  виждон билан ўлчаб, халқ манфаатини йўлга қўйиб яшашдир. Бу китобни нафақат юристлар балки барча ёшлар орасида тарғиб қилиш лозим негаки, китобни ўқиш жараёнида ўқувчи ёшлар касбга бўлган садоқатни ўрганиб, Бахтиёр Мирбобоев каби ўз касбининг моҳирларидан бўлиб етишадилар.

Хулоса қилиб айтганда, “Одиллик ва оддийлик саодати” асари фақат бир инсоннинг ҳаёт йўли ҳақида эмас, балки бутун бошли  ҳуқуқий тафаккур мактаби, касб маданияти, одоб-ахлоқ кодекси ҳақида ибратли рисоладир. Унда ёритилган Бахтиёр Мирбобоев тимсоли орқали муаллиф адолатли жамиятни барпо этиш йўлида фидокорона хизмат қилган шахсни ўзига хос санъат билан тасвирлаган. Ушбу асар ёш юристлар, ҳуқуқшуносликка қизиқувчилар ва инсоний фазилатларни қадрловчилар учун муҳим манбадир. Асар орқали ёшлар ичида адолатга интилиш кучаяди, судялик касбига нисбатан ҳурмат шаклланади ҳамда ҳақиқий юрист қандай бўлиши кераклиги ҳақида тушунчаларга эга бўлади.

 

Беҳзод Шерматов,

Навоий вилоят суди судьяси

Медиация тушунчаси ва унинг йўналишлари

Медиация институтининг пайдо бўлиши ва тарихи қариндош уруғлар орасида вужудга келган турли хил низоларни ва келишмовчиликларни тинч йўл билан, ўзаро ҳал этишга қаратилган ижтимоий муносабатларга бориб тақалади.

Қонунни ривожлантириш тарихида Вавилон, Қадимий Греция ва Қадимий Римда медиацияни қўллаш қайд этилган. Рим ҳуқуқида Юстиниан кодексидан бошлаб ( VI аср) баҳс-мунозараларни ҳал қилиш учун воситачилик тан олинган. Медиация технологияси асосан савдода қўлланилган. Римликлар баҳс-мунозараларни ҳал қилувчи мутахассисларни “medium” – “воситачи” сўзи билан ифодалашган. Воситачиларга алоҳида ҳурмат билан муносабатда бўлишган. Ҳаттоки уларни доҳийлар ва руҳонийлар билан бир қаторга қўйишган.

Замонавий тушунчаларда медиация XX асрнинг иккинчи ярмида АҚШ, Австралия ва Буюк Британияда ривожлана бошлаган. Европада медиаторлар оилавий мунозараларни ҳал қилишга жалб қилинган.

Кўп асрлар давомида медиация давлатлараро алоқаларда, оилалар, қўшнилар, сиёсий партиялар, профессионал, диний ва бошқа жамоатчилик гуруҳлари ўртасида ҳамда парламентда юзага келадиган низоларни бартараф этишда муваффақиятли қўлланилган.

Айтиш керакки, «низоларни ҳал қилишнинг муқобил усуллари» (Alternative dispute resolution, ADR) умумий тушунча бўлиб, у анъанавий (суд) амалиётидан ташқари кўпгина формал ва ноформал усулларга нисбатан ишлатилади. Замонавий жамиятларда ижтимоий, иқтисодий, шахслараро муносабатларнинг ривожига хизмат қиладиган ва ижтимоий тизимнинг барча шаклларида – оила, иқтисодиёт, меҳнат бозори, давлат маъмурий амалиётида кенг қўлланиладиган, ҳаётдаги турли хил низоларни тинчлик, музокара ва муроса йўли билан ҳал этишда қўлланлиб келинган.

“Медиация” сўзининг лўғавий маъноси лотин тилидаги «mediare» сўзидан олинган бўлиб, воситачилик қилиш, келиштириш мақсадида аралашиш деган маъноларини билдиради. Ҳуқуқий адабиётларда олимлар медиацияни «юмшоқ ҳуқуқ» элементи деб ҳам аташади.

БМТ уставининг 33-моддасида медиация (воситачилик) низоларни ҳал этиш воситаси сифатида тан олинган. Шунингдек, Европа парламенти ва кенгашининг 2008 йилги 52-директивасида фуқаролик ва тижорат низоларида медиация тушунчасига қуйидагича таъриф берилади: «тарафлар бошлаб берган ѐки суд томонидан тайинланган ѐхуд миллий қонунчилик билан белгиланганидан қатъи назар, икки ѐки ундан ортиқ низолашувчи тарафларнинг низони ҳал этиш тўғрисида келишувга эришиш мақсадида учинчи шахсга мурожаат этиш жараѐнидир».

Бу борада ҳуқуқшунос олимларнинг медиацияга оид турлича илмий таърифлари мавжуд.

Чунончи, Ш.М Масадиков медиацияни тарафлар учун ўзаро мақбул келишувга эришишга кўмаклашувчи ва қарор чиқариш ҳуқуқига эга бўлмаган бетараф медиатор ёрдамида улар ўртасидаги низони ҳал қилиш усули1 сифатида таърифласа, ҳуқуқшунос олим Ф. Отахонов медиация – бу бир-бирини тушуниш ва низоли ҳолатни бартараф этувчи битим тузишга эришиш мақсадида холис шахс – медиатор (воситачи) иштирокида тарафларнинг эркин музокарага кириш йўли билан низони ҳал қилиш тамойилидир2 деб таърифлайди.

Яна бир олим В. Лисицин фикрича, медиация ҳуқуқий табиатига кўра, низони ҳал қилишга олиб келмайди, медиациянинг мақсади бошқача, яъни низони тугатишдир, деган фикрни илгари суради.

 

Қаҳҳоров Турғунбой,

Навоий вилоят судининг судьяси

Туғилганлик факти белгиланди

2025 йил 15 май куни фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судида аризачи С.Мнинг Хатирчи туман ФҲДЁ бўлимига нисбатан туғилганлик фактини белгилаш ҳақидаги аризаси бўйича фуқаролик иши мазмунан кўриб чиқилди.

Аниқланишича аризачи С.М судга ариза билан мурожаат қилиб, унда 19.09.1993 йилда Навоий вилояти Хатирчи туманида туғилгани, шунга кўра фуқаролик паспортини олгани, бироқ туғилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви ФҲДЁ бўлимида қайд этилмагани маълум бўлгани, туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома ўша вақтлари қишлоқ фуқаролар йиғини томонидан расмийлаштириб берилгани ФҲДЁ бўлимида рўйхатдан ўтмасдан қолгани маълум бўлгани, шунинг учун ФҲДЁ бўлими томонидан судга мурожаат қилишини ҳақида тушунтирилганлигини билдириб, 1993 йил 19 сентябрь куни туғилганлик фактини белгилашни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал Кодексининг 295-моддасига кўра, фуқаpолаp ёки ташкилотлаpнинг шахсий, мулкий ҳуқуқлаpи вужудга келиши, ўзгаpиши ёки тугашига сабаб бўладиган фактлаpни суд аниқлайди, суд жумладан оталикни тан олиш (белгилаш) фактини, боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги, шунингдек туғилган вақтини аниқлаш тўғрисидаги ишларни кўради. Аpизачи юpидик аҳамиятга эга бўлган фактлаpни тасдиқлайдиган тегишли ҳужжатлаpни бошқача тартибда олиши мумкин бўлмаган ёки йўқотилган ҳужжатлаpни тиклашнинг имкони бўлмаган тақдиpдагина суд ушбу фактларни аниқлайди.

Иш ҳужжатларда мавжуд Навоий вилоят ФҲДЁ архив мудиранинг 12.02.2025 йилда берган маълумотномасига кўра С.Мнинг 1993 йилда туғилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви 1993-12.02.2025 йиллар текширилганда ФҲДЁ бўлимида мавжуд эмаслиги маълум қилинган.

Шунингдек Хатирчи туман ФҲДЁ бўлимининг 2025 йил 25 февраль кунидаги №91-сонли хатидан маълум бўлишича аризачи С.Мнинг 1993 йилда туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси ФҲДЁ бўлимида текширилганда далолатнома ёзуви мавжуд эмаслиги, шунинг учун туғилганлик фактини белгилаш учун судга мурожаат қилиши кераклиги маълум қилинган.

Судда аниқланишича, ушбу юридик фактни белгилаш туғилганлик гувоҳномасини олиш учун учун зарур.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1991 йил 20 декабрдаги 5-сонли “Юридик ахамиятга эга бўлган фактларни белгилаш ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги Қарорининг 12-бандида агар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органида архив ҳужжатлари йўқолган, тегишли ёзувлар сақланмаган ва бундай ёзувларни тиклаш фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органлари томонидан рад қилинган бўлса ёки бундай ёзув фақат суднинг фуқаролик ҳолатини рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи ҳал қилув қарори асосида тикланиши мумкин бўлган ҳолатларда судлар туғилганлик, болаликка олиш, никоҳ, ажралиш ва ўлимни рўйхатга олиш фактини белгилашга ҳақлилиги  кўрсатилган.

Юқоридагиларга асосланган ҳолда суд, аризада қўйилган талаб асосли экани, аризачи С.М 1993 йил 19 сентябрда Хатирчи туманида фуқаро Э.Тдан туғилганлигини, унинг туғилганлигини судсиз тартибда белгилашнинг имконияти мавжуд эмаслигини, ишга тақдим қилинган далилларни шубҳа остига қўйишга асослар йўқлигини ва судда сўралган аризачи ва гувоҳнинг кўрсатмаларини инобатга олиб, аризани қаноатлантиришни, аризачи С.Мнинг 1993 йил 19 сентябрь куни Хатирчи туман “Олчинобод” маҳалла фуқаролар йиғинида, фуқаро Э.Тдан туғилганлиги фактини белгиланди.

Бир сўз билан айтганда фуқаро С.Мнинг қонуний ҳуқуқлари суд орқали тикланди.

 

Бабақулов Баходир,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси

Оталик факти белгиланди

2025 йил 15 май куни фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судида аризачи А.Бнинг Хатирчи туман ФҲДЁ бўлимига нисбатан оталик фактини белгилаш ҳақидаги аризаси бўйича фуқаролик иши мазмунан кўриб чиқилди.

Иш ҳужжатларида мавжуд маълумотлардан аниқланишича, аризачи А.Б 30.11.2022 йилда Хатирчи тумани “Наврўз” МФЙда яшаган, ҳозирги кунда мархум бўлган В.Гга турмушга чиқиб, у билан қонуний никоҳдан ўтмасдан шаръий никоҳда яшагани, у билан 2023 йил 23 июнь кунига қадар бирга яшаб келиб, турмуш ўртоғи 2023 йил 23 июнь куни автоавария натижасида вафот этгани, шу вақтда ҳомиладор бўлгани, 2023 йил 03 сентябрь куни А.А исмли фарзанди туғилган, турмуш ўртоғи билан қонуний никоҳ қайд этилмагани сабабли фарзандига оталиги белгиланмаган, шунинг учун фарзандига боқувчисини йўқотганлик учун нафақа ололмаган, фарзандини моддий таъминотида қийналиб қолгани учун мархум турмуш ўртоғининг фарзандига оталигини белгилатиб боқувчисини йўқотганлик учун нафақа олиш мақсадида судга мурожаат қилган, шунга кзра 2023 йил 03 сентябрда туғилган фарзанди А.Анинг отаси В.Г эканлиги фактини белгилаб беришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 295-моддасига кўра, фуқаролар ёки ташкилотларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқлари юзага келишига, ўзгаришига ёки тугашига сабаб бўладиган фактларни суд аниқлайди. Оталикни тан олиш (белгилаш) фактини аниқлаш тўғрисидаги ишларни суд кўради. Аризачи юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлайдиган тегишли ҳужжатларни бошқача тартибда олиши мумкин бўлмаган ёки йўқотилган ҳужжатларни тиклашнинг имкони бўлмаган тақдирдагина суд бу фактларни аниқлайди.

Мазкур Кодекснинг 296-моддасига асосан юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш тўғрисидаги ишлар бўйича аризалар аризачи яшаб турган жойдаги судга берилади. Аризада муайян фактни аниқлаш аризачига қандай мақсадлар учун зарур эканлиги кўрсатилиши, шунингдек, аризачининг тегишли ҳужжатларни олиш имкониятига эга эмаслигини ёхуд йўқолган ҳужжатларни тиклаб бўлмаслигини тасдиқловчи далиллар келтирилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 62-моддасига кўра, боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган, лекин ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс вафот этган тақдирда унинг оталик факти суд томонидан белгиланиши мумкин. Оталикни белгилаш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин суд шу қарор нусхасини бола туғилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 25 ноябрда қабул қилинган “Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги 8-сонли қарорининг 18-бандига асосан боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахс вафот этган ҳолда, суд оталик фактини, яъни боланинг ўша шахсдан келиб чиққанлиги фактини белгилашга ҳақли. 1968 йил 1 октябрдан кейин туғилган болаларга нисбатан оталик факти Оила кодексининг 62-моддаси учинчи қисмида кўрсатилган шартлардан ҳеч бўлмаганда биттасини ишончли тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлгандагина белгиланиши мумкин.

Иш ҳужжатлари ва ишда аниқланган ҳолатларга кўра, Хатирчи туман “Наврўз” МФЙ вакиллари томонидан 25.07.2025 йилда имзоланган далолатномадан кўришича, фуқаро А.Б турмуш ўртоғи В.Г билан шаръий никоҳ бўйича эр хотин бўлиб яшагани, В.Г 2023 йил 23 июнда вафот этгани, 2023 йил 03 сентябрь куни уларнинг фарзанди А.А туғилгани, улар доимий бирга яшагани ва уларнинг ўрталарида бир нафар 2023 йил 03 сентябрда туғилган А.А исмли фарзанди борлиги кўрсатилган.

Иш ҳужжатларда мавжуд Пахтачи туман ФҲДЁ бўлими томонидан 2023 йил 23 июнда 4-1405-23-00459-сон ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувидан аниқланишича, фуқаро В.Г 2023 йил 23 июнда автоавария натижасида вафот этганлиги кўрсатилган.

Иш ҳужжатлар ва судда аниқланган ҳолатларга кўра аризачи А.Б ва В.Глар бирга яшаган даврида улардан бир нафар 2023 йил 03 сентябрда А.А исмли фарзанди туғилган.

Тарафлар ўртасида никоҳ қайд этилмаганлиги сабабли фарзандининг фамилиясига она фамилияси қайд этилган.

Мазкур ҳолатлар ишга тақдим қилинган ҳужжатлар ва аризачининг кўрсатмалари билан тўлиқ ўз тасдиғини топди.

Суд аризада келтирилган талабни муҳокама қилиб, мазкур ҳолатда аризачи А.Б ва унинг марҳум турмуш ўртоғи В.Г 2022-2023 йилларда фактик никоҳ муносабатлари бўлиб бирга турмуш кечирганлиги, уларнинг биргаликдаги турмушларидан бир нафар фарзанди туғилганлиги ҳамда В.Г томонидан ушбу боланинг оталиги тан олиниб, улар билан бирга яшаб таъминлаб турганлигини, бу ишга тақдим қилинган хужжатлар билан тўлиқ ўз тасдиғини топганлигини, бироқ В.Г вафот этиб кетганлиги сабабли туғилган фарзандининг оталиги белгиланмай қолганлигини, ушбу ҳолат юзасидан бирон-бир низо йўқлигини, бундай ҳолатда аризачининг аризаси асосли ҳисобланишини, аризачи мазкур ҳолатда ушбу фактни бошқа йўл билан тасдиқлаш имкониятига эга эмаслигини инобатга олиб, аризани қаноатлантиришни, 2023 йил 23 июнда вафот этган, ўзбек миллатига мансуб фуқаро В.Гнинг 2023 йил 03 сентябрда туғилган А.А исмли фарзандининг отаси эканлиги факти белгилашни, Хатирчи туман ФҲДЁ бўлимида 05.09.2023 йилда 1-2108-23-03353-сон билан А.А исмли боланинг туғилганлиги қайд этилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувининг ота устунига отаси “В.Г, 10.01.1995 йилда туғилган” деб ўзгартириш киритишни лозим топди.

Бир сўз билан айтганда вояга етмаган А.Анинг қонуний ҳуқуқлари суд орқали тикланди.

 

Бабақулов Баходир,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси

Шартнома шартлари унинг тарафлари томонидан бажарилиши лозим

Ҳар бир тадбиркор ўз тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида бошқа тадбиркорлик фаолияти субъектлари билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатга киришиб, муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлишади. Қувонч билан эътироф этиш лозимки, мазкур муносабатлардаги аксарият мажбуриятлар тарафлар томонидан инсофли равишда тўлиқ ва сифатли адо этилади.

Афсуски, айрим ҳолатларда олинган мажбурият ижро этувчи томонидан бажарилмасдан эътиборсиз қолдирилади. Натижада бу тарафларнинг ўзаро муносабатига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб, энг нозик жиҳат ҳисобланган ўзаро ишончнинг йўқолишига ҳамда тарафлар ўртасида низо пайдо бўлишига олиб келади.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига кўра, тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўртасида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Эътиборингизни суд амалиётида кўрилган бир низога қаратмоқчиман.

Хусусан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси «REGISTON» хусусий корхонаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «SHIMOLIY PLATINA» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан 28.854.933 сўм асосий қарз ва 14.427.466 сўм пеняни ундиришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, тарафлар ўртасида 28.02.2022 йилда 62-сонли ва 01.01.2023 йилда 69-сонли олди-сотди шартномаси тузилган.

Шартнома шартига кўра, “ижрочи” шартномада келтирилган жадвалга мувофиқ ёқилғи маҳсулотларини етказиб бериши, “мижоз” эса ушбу маҳсулотларни қабул қилиб олиш ва унинг ҳақини тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган.

Даъвогар томонидан шартномавий мажбуриятларини бажариш мақсадида ёқилғи маҳсулотлари жавобгарга етказиб берилган бўлиб, ҳисоб-фактуралар жавобгар томонидан эътирозсиз тасдиқланиб қабул қилинган ва қисман тўловлар амалга оширилган бўлсада, жавобгар томонидан 28.854.933 сўмлик қарздорлик тўланмасдан қолинган.

Қарздорлик суммасини тўлаб бериш юзасидан даъвогарнинг талабномалари жавобгар томонидан эътиборсиз қолдирилган.

Натижада палата даъвогар манфаатида жавобгарга нисбатан қарздорлик суммасини ундириш тўғрисида даъво аризаси билан судга мурожаат қилинган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан жавобгардан 28.854.933 сўм асосий қарз ундирилиб, даъвогар тадбиркорнинг манфаати суд йўли билан ишончли ҳимоя қилинди.

Жавобгар шартномавий мажбуриятини бажармаганлиги натижасида даъвогар фойдасига асосий қарздан ташқари, тўлов кечиктирилган кунлар учун ҳисобланган пеня ҳамда ишни судда кўриш билан боғлиқ суд харажатларини ҳам тўлашга мажбур бўлди.

Энг асосийси эса, мазкур ҳолатлар тарафлар ўртасидаги доимий ҳамкорликка ва ўзаро ишончга ўзининг салбий таъсирини таъсир кўрсатди.

Зеро, Фуқаролик кодексининг 9-моддасида, фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши, фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилишлари, тадбиркорлар эса — иш одоби қоидаларига ҳам риоя этишлари кераклиги назарда тутилган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, қонун талаблари асосида тузилган шартнома бўйича олинган мажбурият бажарилиши лозим. Мажбуриятнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли равишда бажарилиши ўзаро ишончнинг мустаҳкамланишида, ҳамкорликнинг узоқ вақт давом этишида ҳамда бу орқали ўз тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиши ва кенгайишида муҳим омилдир.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар ҳамда Томди туман судлари томонидан ўтказилган сайёр суд ва ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Зарафшон шаҳридаги “Ёшлар маданият саройи” биносида жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди ҳамда жиноят ишлари бўйича Томди туман судлари томонидан жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик олдини олиш мақсадида фуқаролар ва уюшмаган ёшлар иштирокида сайёр суд мажлислари ўтказилди.

Сайёр суд мажлисида жиноят ва маъмурий ҳуқубузарлик содир этган бир нечта шахсларга нисбатан бўлган жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлари кўриб чиқилиб, сайёр суд мажлиси иштирокчилари гувоҳлигида суд қарорлари эълон қилинди.

Бундай сайёр суд мажлисларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, жиноят кўчасига кириб қолган ёки жиноят содир этишга мойиллиги бўлган шахсларга жиноят учун жазо муқаррарлигини эслатиш ва шу орқали келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олишдан иборатдир.

Сайёр суд мажлиси якунига уланиб кетган тарғибот тадбирида сўзга чиққанлар, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида қилинаётган барча ишлар, қабул қилинаётга қонунлар барчаси “Инсон қадри ва манфаатлари учун” эканлиги, буни ҳар-бир Ўзбекистон фуқароси ич-ичидан ҳис қилиши ва жиноятчиликка қарши биргаликда муросасиз курашиш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, йиғилганларга судьялар томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон Қарори мазмун моҳияти, Коррупция ва одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

Тадбир сўнгида судьялар томонидан йиғилганларга ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига жавоб берилди.

 

Исоков Анвар,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг раиси

 

Мирзаева Азиза,

Жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг раиси

 

Эргашева Дилобар,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг тергов судьяси

Skip to content