Қидирув:

Давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузиш оқибати

Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан фуқаро ва тадбиркорлар учун қулай шартларда бўш турган объектларни ижарага бериш тартиби кенг жорий қилинмоқда.

Бино-иншоотга эга бўлмаган тадбиркорларни жой билан таъминлаш орқали қўшимча иш ўринлари яратилиб, бу тадбиркорлик ва иқтисодиётни ривожлантириш имконини бермоқда.

Суд амалиётидан кузатиш мумкинки, давлат мулкини ижарага бериш соҳасида давлат мулкини белгиланган тартибда ижара шартномасини тузмасдан ижарага бериш, ижарага олинган давлат мулкини қабул қилиб олишда, ижара муносабатларининг объекти ҳудудига киришда ва ундан фойдаланишда ижарага олувчига асоссиз равишда тўсқинлик қилиш ёки ижарага берилаётган давлат мулкининг параметрлари ва сонини ижара шартномасида нотўғри кўрсатган ҳолда давлат мулкини ижарага бериш ҳолатлари мавжуд.

Бу эса тадбиркорлик фаолияти субъектлари учун муайян бюрократик тўсиқлар ва коррупцион ҳолатларни юзага келтириб, иқтисодиёт ривожланишига, давлат бюджетига тушумлар тушушининг камайишига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб келмоқда.  

“Давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабти билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимичалар киритиш ҳақида”ги  2024 йил 19 июндаги ЎРҚ–933-сонли Қонунининг қабул қилиниши қайд этилган салбий ҳолатларни олдини олишга ва тегишли мансабдор шахслар жавобгарлигининг янада ортишига ҳуқуқий асос бўлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 2158-моддасига кўра, давлат мулкини белгиланган тартибда ижара шартномасини тузмасдан ижарага бериш, ижарага олинган давлат мулкини қабул қилиб олишда, ижара муносабатларининг объекти ҳудудига киришда ва ундан фойдаланишда ижарага олувчига асоссиз равишда тўсқинлик қилиш ёки ижарага берилаётган давлат мулкининг параметрлари ва сонини ижара шартномасида нотўғри кўрсатган ҳолда давлат мулкини ижарага бериш, —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

         Хулоса ўрнида таъкидлаш ўринлики, давлат мулкини ижарага бериш соҳасига масъул бўлган ҳар бир шахс қонунчилик талабларига қатъий амал қилган ҳолда ўз хизмат вазифаларини ҳалол-пок ва юқори профессионаллик билан бажаришлари лозим, албатта.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.

Тергов судьяси институти – суд тизимидаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи

Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари замирида аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини кафолатли таъминлаш каби эзгу мақсадлар мужассам.

Шу йилнинг 10 июнь куни имзоланган “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.   

Хусусан, унда судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишига эришиш мақсадида жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби белгиланди. Яъни, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими киритилмоқда.

2025 йилдан бошлаб жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши керак.

Хўш, тергов судьяси қанақа санкция ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиши мумкин? Жумладан, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, тинтув ўтказиш, телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимосномалар киради.

Мажбурлов чораларига эса айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш, прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш сингари илтимосномаларни кўриб чиқиш ваколатини киритиш мумкин.

Фармонда тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсуниши ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Суд-ҳуқуқ тизимидаги бу муҳим ўзгартиришлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, жиноят ишлари бўйича судларнинг иш юкламасини камайтириш ҳамда судьяларнинг жиноят ишларини кўриб чиқиш жараёнларида қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилиши учун кенг имкониятлар яратади. 

 

Ғалим Абдухолиқов,

Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси. 

Фуқаро ҳуқуқлари қонун ҳимоясида !!!

Аризачи Хатирчи туман Адлия бўлими фуқаро Э.Онингманфаатида манфаатдор шахс Хатирчи туман ФҲДЁ бўлимига нисбатан туғилганлик фактни белгилаш ҳақидаги аризаси 2024 йил май ойининг 27 куни кшриб чиқилди.

Аниқланшича, фуқаро Э.Онинг 10.07.1993 йилда Навоий вилояти Хатирчи туман СангижуманМФЙ Пачир қишлоғида туғилганлигини, отаси аниқ эмаслигини, онаси М.Х 1964 йилда Хатирчи тумани Сангижуман маҳалласида туғилгани, онаси ва қариндошларининг эътиборсизлиги сабабли шу кунга қадар унга туғилганлик гувоҳномаси ва паспорт олинмаган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал Кодексининг 295-моддасига кўра, фуқаpолаp ёки ташкилотлаpнинг шахсий, мулкий ҳуқуқлаpи вужудга келиши, ўзгаpишиёки тугашига сабаб бўладиган фактлаpни суд аниқлайди, суд жумладан оталикни тан олиш (белгилаш) фактини, боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги, шунингдек туғилган вақтини аниқлаш тўғрисидаги ишларни кўради.Аpизачи юpидик аҳамиятга эга бўлган фактлаpни тасдиқлайдиган тегишли ҳужжатлаpни бошқача тартибда олиши мумкин бўлмаган ёки йўқотилган ҳужжатлаpни тиклашнинг имкони бўлмаган тақдиpдагина суд ушбу фактларни аниқлайди.

Иш ҳужжатларда мавжуд Навоий вилоят ФҲДЁ архив мудираси М.Книнг 12.02.2024 йилда берган маълумотномасига кўра Э.Онинг 1993 йилда туғилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви 1993-2024 йиллар текширилганда ФҲДЁ бўлимида мавжуд эмаслиги маълум қилинган.

Хатирчи туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси бошлиғи О.Д томонидан 09.02.2024 йилда берилган №22/140 сонли маълумотномада, 1993 йилда туғилган фуқаро Э.О туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасида мавжуд ҳисоблардан текширилганда, ушбу фуқаро номига фуқаролик паспорти расмийлаштирилмагани  кўрсатилган.

Юқоридагиларга асосланган ҳолда суд, аризада қўйилган талабасосли эканлиги боис аризачи Хатирчи туман Адлия бўлими фуқаро Э. Онинг манфаатида манфаатдор шахс Хатирчи туман ФҲДЁ бўлимига нисбатан туғилганлик фактни белгилаш ҳақидаги аризаси қаноатлантириб, манфаатдоршахс Э.Онинг 1993 йил 10июль куни Хатирчи туман “Сангижуман” маҳалла фуқаролар йиғинида, фуқаро Х.Мдан туғилганлиги факти белгиланди.

 

Зарифжон Утамуродов,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди судьяси.

Навоий вилоят судлари эшиклари кенг жамоатчилик учун доимо очиқ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилдаги 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5482-сонли Фармонига мувофиқ судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини доимий равишда хабардор қилиб бориш вазифаси топширилган.

Навоий вилоят суди томонидан ушбу Фармон ижросини таъминлаш ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқа кенг жамоатчиликни судлар фаолияти ҳақида яқиндан таништириш мақсадида “Очиқ эшиклар куни”  ўтказилиши ананага айланган.

Бугун вилоят судида навбатдаги ана шундай очиқ эшиклар куни ташкил этилиб, очиқ эшиклар кунида вилоятда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бир қаторда бошқа кенг жамоатчилик вакиллари хусусан, соҳага яқин бўлган юридик техникум талабалари ҳам иштирок этишди.

Дастлаб иштирокчилар суд биноларида судья ва суд ходимлари ҳамда суд ишида иштирок этувчи бошқа шахслар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан таништирилди, сўнгра, шу куни кўриш учун тайинланган жиноят, фуқаролик ва иқтисодий суд мажлисларида эркин тингловчи сифатида қатнашиб реал суд мажлислари ҳақида тасаввурга эга бўлишлари учун имконият яратилди.

Шунингдек, ташриф буюрганларга кўп йиллик тажрибага эга устоз судьялар томонидан бугунги кундаги суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлари ҳақида батафсил тушунчалар берилди.  

Шундан сўнг йиғилганлар учун вилоят суди раиси Абдулло Аллаев бошчилигида очиқ мулоқот шаклида давра суҳбати ўтказилиб, судьялик касбининг ўзига хос жиҳатлари, судьяларга қўйилган талаблар, қолаверса бугунги кунда судьяларнинг мустақиллигига берилатган эътибор, уларнинг ижтимоий ҳимояси, судлар учун яратилган имкониятлар ҳақида гапириб ўтилди.

Бундай тадбирларни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад, бугунги кунда суд идорасини фақат жазоловчи орган эмас балки фуқаролар ва юридик шахсларни ҳуқуқлари ҳамда қанун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилувчи ишончли даргоҳ бўлиб хизмат қилаётганлигини кенг жамоатчиликка етказишдан иборатдиб.

 

Зуфар Нарзиев,

Навоий вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.

Хусусий ажрим муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардиясининг Навоий вилояти бошқармаси биносида Кармана туманлараро иқтисодий судининг судьялари иштирокида, суд томонидан қабул қилинган хусусий ажрим муҳокамаси ва соҳага оид қабул қилинган қонунларнинг мазмун моҳиятини тушунтириш юзасидан очиқ мулоқот шаклида учрашув ташкил қилинди.

Жорий йилнинг 24 июнь куни бўлиб ўтган ушбу учрашувда бошқарма ходимлари иштирокида Кармана туманлараро иқтисодий судининг 2024 йил 29 апрель кунги иш бўйича “Аниқланган қонун ҳужжатлари бузилиши ҳақида хабардор этиш тўғрисида”ги хусусий ажрими муҳокама қилиниб, хусусий ажрим юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Шундан кейин бошқарма ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳияти тушунтирилди ҳамда корррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар тўғрисида керакли маълумотлар бериб ўтилди.

Учрашув якунида мавзулар доирасида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга судья томонидан атрофлича жавоблар берилди.

 

Фаҳриддин Баҳронов,

Кармана туманлараро иқтисодий судининг судьяси.

Судьялик масъулияти

Қози арабча сўздан таржима қилинганда, “ижро этувчи”, “ҳукм чиқарувчи” деган маъноларни англатади. Мусулмон давлатларида ҳукмдор томонидан тайинланиб, шариат асосида суд вазифасини бажарувчи, судья, шаръий маҳкама раиси саналади. Қозилик азал-азалдан давлатнинг, жамиятнинг энг обрўли лавозимларидан ҳисобланган. Қози олдига қўйилган асосий талаблар мусулмон эркак киши бўлиши, эркин, вояга етган, оилали, жисмоний камчилиги мавжуд бўлмаслиги, фиқҳ илмини мукаммал билиши, ҳаётий тажрибага эга бўлиши, араб тилини мукаммал эгаллаган бўлиши ҳамда бадном фуқаро эмаслиги шарт бўлган. Фуқаро ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳуқуқий кафолатларининг энг муҳими бу шахснинг суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқининг таъминланганлигидир. Бугунги кунда ушбу вазифани судьялар адо этиб келмоқдалар. Ҳар бир жамият мувозанати ва унда барқарор адолатни сақлашда судьянинг ўрни каттадир. Адолатни юзага чиқариш учун судьядан професионаллик, билим, тажриба, қонунчиликни яхши билиш ва уларни тўғри татбиқ қила олиш талаб этилади. Судьялик лавозимгина эмас, у энг аввало инсонийликдир.

Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар судьяларга катта имтиёз бериши баробарида уларнинг зиммасига улкан масъулият ҳам юклайди. Яъни ҳар бир судья билдирилган ишончни шараф билан адо этиши, ўзининг маънавий ва касбий фазилатларини юксалтириш борасида доимий изланишда бўлиши, ўз зиммасига юклатилган вазифаларни қонун талабларига мувофиқ ҳолда самарали ҳал этиши бир сўз билан айтганда судьялик мақомига муносиб бўлиши талаб этилади.

Судья, судьялик қасамёдига доим содиқ қолиши, қасамёдини бузиб қўйишдан ниҳоятда қўрқиши лозим. Суд ишларида қариндош уруғчилик, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик, миллатчилик каби иллатлардан холис бўлиш даркор. Чунки, судьялик кимнингдир илтимосини бажариш, ишончини оқлаш учун эмас, балки қонунийлик ва адолатни қарор топтириш учун берилган ваколатдир.

Ҳуқуқий демократик давлат ва очиқ, эркин фуқаролик жамиятида адолатни қарор топтириш суд ҳокимияти орқали амалга оширилади. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак. Ўзбекистонда судьялар қонунларнинг толмас ҳимоячилари, адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлиши лозим”.

 

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси.

Тергов судьяси лавозими жорий қилинмоқда

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини “Инсон қадри учун” тамойили асосида янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, суд-тергов амалиёти инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича самарали механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлиги, шунингдек, жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд орқали ишончли таъминлаш чораларини кучайтириш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.

2024 йил 10 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Техкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-89-сонли Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармон билан 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилмоқда . Улар судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласини кўриб чиқади. Шунингдек, тергов судьясига қуйидаги жиноят материалларини, шу жумладан санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилади:

а) Санкциялар: қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома;

қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлик, илтимоснома;

паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома;

мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома;

почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;

тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома;

телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома;

мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;

б) Мажбурлов чоралари: айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома;

шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома;

айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси;

ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома.

Тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди. Тергов судьяларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, судьялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибга мувофик, амалга оширилади. Тергов судьясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раислари томонидан амалга оширилади.

Мазкур Фармоннинг асосий мақсади суд тизимини ислоҳ қилиш, суриштирув ва тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ишончли ҳимоя қилиш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш ҳисобланади.

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.

Судга келишга имконияти чекланган фуқаронинг уйида сайёр суд ўтказилди

Жиноят ишлари бўйича Конимех туман судининг Навбахор тумани “Совунгар” маҳалласи Олмазор кучаси 124-уйда бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексинин 266-моддаси 1-қисми билан фуқарога нисбатан жиноят ишини кўриб чиқилди.

Жиноят иши доирасида тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан Жиноят кодексининг 66/1-моддасига асосан жавобгарликдан озод қилинди.

Ҳабибулло Тўхтаев,

 

Жиноят ишлари бўйича Конимех туман суди раиси.

Тергов судьяси лавозимининг жорий этилиши ислоҳотлар давоми

“2022 —2026 йилларга  мўлжалланган  Янги Ўзбекистоннинг  тараққиёт стратегияси”нинг 15-мақсадида «Хабеас корпус» институтини янада ривожлантириш орқали тергов устидан суд назоратини  кучайтириш,  тезкор-қидирув ва тергов  фаолияти устидан назоратни  кучайтириш, фуқароларнингқадр-қиммати ва  эркинлигини самарали ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш ва суд  ҳокимиятининг  чинакам мустақиллигини  таъминлашда  судьялар ҳамжамияти  органларининг ролини янада  ошириш  масалалари  ўрин олган.  Бундан ташқари, «ЯнгиЎзбекистон —янги суд» тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ  тизимини  ислоҳ  қилишни жадаллаштиришни,  соҳага  илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.

Суд ҳуқуқ ислоҳотларининг давоми сифатида 10 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тезкор қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-89-сонли Фармони яққол мисолдир.

Фармон билан 2025 йилнинг 1 январидан Тергов судьяси лавозими жорий этилиши белгиланди.

Фармонга кўра тергов судьяси зиммасига  Ўзбекистон Республикаси ЖПКда кўрсатилган ишни судга қадар юритиш жараёнида  суднинг қарори (ажрими) талаб қилинадиган процессуал ҳаракатлар бўйича суд ваколатларининг барчаси ўтказилиши, шунингдек тергов судьялари маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиши белгиланмоқда.

Тергов судьяси институти тарихига назар ташлайдиган бўлсак, Бу институт, айниқса, Францияда ўз тарихий илдизига эга бўлиб, давлат ва жамият ҳаётида мустаҳкам ўрин тутади ҳамда ишни судга қадар юритишда тортишув принципининг амал қилишини таъминлайдиган холис, мустақил институт намунаси сифатида намоён бўлади.

Бугунги кунда Бельгия, Греция, Ироқ, Испания, Нидерландия ва Хорватия давлатларида тергов судьялари  ўз фаолиятини муваффаққиятли амалга ошириб келмоқда. Тергов судьяси институти ҳозирда бир қатор собиқ совет иттифоқи давлатларида ҳам, жумладан Литва, Молдавия, Эстония, Латвия, Украина, Қозоғистон, Грузия ва Қирғизистонда тергов судьяси институтини жорий этилган.

Дилобар Эргашева,

Жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси.

Коррупцияни олдини олиш йўлидаги муҳим қадам

Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланиб, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи, малакали тиббий ва таълим хизматлари, муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонунининг имзоланиши ҳам сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижаларидан бири десак муболаға бўлмайди. Ушбу Қонуннинг мақсади манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, Қонун давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан татбиқ этилади. Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими томонидан ушбу Қонун талабларига риоя этилиши устидан назорат ушбу давлат органида ёки бошқа ташкилотда тузилган одоб-ахлоқ комиссияси томонидан амалга оширилади. Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими томонидан мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабарнома ҳамда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида декларация тақдим этиш орқали амалга оширилади. Мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича кўрилган чораларни ўз ичига олиши, давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг ва (ёки) унинг бевосита раҳбарининг (айрим ҳолларда, унинг ўринбосарининг) ўз қўли билан қўйилган имзоси ёки электрон рақамли имзоси билан тасдиқланиши керак. Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг раҳбар ходими ҳамда махсус бўлинманинг раҳбари манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш учун масъул ҳисобланади. Давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар таркибий бўлинмасининг раҳбари мавжуд манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича ўз ваколатлари доирасида кўрилган чоралар тўғрисида махсус бўлинмага бир иш куни ичида ахборот тақдим этиши шарт. Махсус бўлинма кўрилган чораларнинг етарлилиги (тўғрилиги) тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун ахборотни уч иш куни ичида одоб-ахлоқ комиссиясига тақдим этади. Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарорлар ёки тузилган битимлар суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилади. Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарор ёки тузилган битим ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, ушбу қарор қабул қилинганлиги ёки битим тузилганлиги натижасида олинган фойда битим бўйича олинган ҳамма нарсани қайтариб бериш тўғрисида талаб қўйилмаган ҳолда, суд тартибида давлат даромадига ўтказилади. Бунда ҳақиқий эмас деб топилган бундай битимнинг ижроси билан боғлиқ харажатларнинг ўрни манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган шахснинг ҳисобидан қопланади. Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарор ёки тузилган битим ҳақиқий эмас деб топилганлиги натижасида жисмоний ёки юридик шахсларга, шу жумладан давлат органларига ёки бошқа ташкилотларга етказилган зарар давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг айбдор ходимларидан регресс тартибида ундириб олиниши мумкин. Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар томонидан қабул қилинган қарорлар устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи ташкилотга, махсус ваколатли давлат органига ёки судга шикоят қилишга ҳақли .

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши давлат идораларининг коррупциянинг олдини олиш ва коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича масъулияти оширилишига, ижтимоий-иқтисодий, фуқаровий муносабатларда коррупциявий омилларнинг камайишига, давлат хизматида таниш-билишчилик, қариндош-уруғчиликнинг олдини олишга хизмат қилади.

 

Шерзод Ғофуров,

 

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.

Skip to content