Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар изчил давом этмоқда

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд йўли билан ишончли ҳимоя қилиш ва судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида кенг кўламли қатъий ислоҳотлар амалга оширилди.

Президентимиз томонидан «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун имзоланди. 

Мазкур Қонун билан одил судлов фаолиятида бир қатор янги тартиблар жорий этилмоқда.

Хусусан, кассация шикояти (протести) бўйича кўрилаётган фуқаролик ишини тугатиш учун асослар рўйхати белгиланмоқда.

Шу билан бирга, судлар тизимида «ягона дарча» тамойили жорий этилмоқда. Масалан, фуқаролик судига киритилган даъво аризаси бўйича тааллуқлилик қоидалари бузилган тақдирда, мазкур даъво аризаси суд томонидан иқтисодий ёки маъмурий судга юборилади. Бунда, бошқа суддан даъвони қабул қилиб олган суднинг судьяси, даъво бўйича камчиликлар аниқланган тақдирда 10 кун ичида даъвогарни камчиликларни бартараф этиш ҳақида хабардор қилади. 

Шунингдек, бундан буён ўзаро боғлиқ бўлган, баъзилари фуқаролик ишлари бўйича судга, баъзилари эса маъмурий судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.

Тарафлар маъмурий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида низони келишув битимини тузган ҳолда тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этиши мумкин бўлади. 

Эндиликда давлат ижрочисининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят маъмурий судга ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга берилади, бундан аввал эса иқтисодий суд билан боғлиқ бўлган ижро ишлари бўйича шикоятлар иқтисодий судда кўриб чиқилар эди.

Бундан ташқари, иқтисодий судлар томонидан чиқариладиган ижро ҳужжатлари ижрога уч йил ичида қаратилиши мумкин, бундан аввал 6 ой ичида ижрога қаратилиши мумкин эди.

Қайд этилган ислоҳотлар шунчаки эмас, балки халқ манфаати йўлида олиб борилмоқда, юқорида кўрсатиб ўтилган тартибларнинг амалиётга жорий этиш орқали фуқароларнинг судларда ортиқча сарсон бўлишини олдини олиш билан бир қаторда, фуқаролар ва тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга эришилади.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси