Ярашув институти уни такомиллаштириш бугунги кун талабидир
Маълумки, ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 661 –моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан давлатнинг жазо қўллашдан воз кечишидир. Мазкур институтнинг жорий қилиниши республикамизда амалда бўлган Жиноят кодексида мустаҳкамланган инсонпарварлик принципининг амалий ифодаси саналади.
Ярашув институтининг қўлланилиши, авваламбор, жабрланувчининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилса, иккинчи томондан гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчига Кодексда тайинланиши назарда тутилган жазодан озод қилиш имкониятини беради. Учинчидан, республикада судланганлик кўрсаткичини камаяди. Шунингдек, бу тоифадаги ишлар жиноят судлов ишларини юритишнинг сифатини оширади, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва судларда иш юритишнинг тезкорлигини таъминлайди. Иш бўйича манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалаб, уларнинг давлат идоралари ва ходимларига нисбатан бўлган ишончини янада оширади.
Ярашув институтининг асосий вазифаси муайян жиноят ишлари бўйича тарафларнинг позицияларини яқинлаштириш, улар ўртасидаги низони тартибга солиш учун қўшимча имкониятларни аниқлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг ярашув натижаларига эришишда тарафларга ёрдам беришидир. Ярашувнинг амалга оширилиши билан суриштирув ва дастлабки терговнинг муддати қисқаради, рецидив жиноятчиликнинг даражаси пасаяди.
Жиноят кодексининг 661-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир қилганлик учун жавобгарликдан озод қилиб, ярашилганлиги муносабати билан иш юритишни тугатишнинг ҳам ўз шартлари бор. Яъни қонун талабига кўра, шахснинг ижтимоий хавфи катта катта бўлмаган жиноятни содир қилганлиги, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг айбига иқрор бўлиб, жабрланувчи ёки фуқаровий даъвогар билан ярашиб, етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплаганлиги, жабрланувчи ёки фуқаровий даъвогарнинг гумон қилинувчи ёки айбланувчига нисбатан жиноят ишини тугатишга рози эканлиги тўғрисида ёзма аризаси мавжуд бўлиши, муқаддам қайд этилган, оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолатининг тугалланганлиги ёки судланганлиги қонунда белгиланган тартибда олиб ташланган бўлиши, ёхуд муқаддам содир қилган жинояти учун жавобгарликка тортиш муддати ўтган бўлиши, шунингдек, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ўзига нисбатан юритилаётган жиноят ишини тугатилишига қарши эмаслиги тўғрисидаги аризаси мавжудлиги талаб қилинади.
Етказилган маънавий, моддий ва жисмоний зарар жабрланувчининг хоҳишидан келиб чиқиб турли шаклларда қопланиши мумкин, масалан кечирим сўраш, моддий зарарни пул ёки бошқа шаклда қоплаш, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи томонидан жабрланувчи манфаатида ҳар хил турдаги тиббий хизматлар учун тўловларнинг амалга оширилиши, ўғирланган ёки зарар етказилган мулкни қайтариш, йўқолган ёки шикаст етказилган мулкнинг янгисини сотиб олиб бериш, шикастланган мулкни таъмирлаш, оғир ёки ўта оғир даражадаги тан жароҳати олган шасхга қараб туриш учун кимнидир ҳақ эвазига ёллаш, қимматбаҳо протезларни сотиб олиб бериш, шаън ва қадр-қимматни камситувчи материаллар тарқатилганда интернет ёки оммавий ахборот воситаларида раддия бериш ёхуд расмий кечирим сўраш каби кўринишларда бўлиши мумкин. Жабрланувчига етказилган зарарнинг қопланиши туфайли ярашувга эришишда ҳар икки тараф ўз ихтиёрлари, хоҳишлари билан ҳаракат қилишлари, уларга нисбатан мажбурлаш, таҳдид, босим ўтказилиши мумкин эмас.
Шунингдек, иш бўйича жабрланувчига етказилган моддий зарар тўлиқ ундирилмасдан ярашувнинг тасдиқланиши мазкур иш бўйича қабул қилинган қарорларни шубҳа остига қўяди. Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 25 октябрдаги “Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида”ги Қарорининг 4-бандига мувофиқ, ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд зиммасига ярашув суд томонидан тасдиқлангандан кейин келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатларни жабрланувчи (фуқаровий даъвогар)га тушунтириши шарт. Қонуннинг ушбу талабига риоя этмаслик ярашув тўғрисидаги иш бўйича чиқарилган қарорнинг бекор қилинишига асос бўлиши мумкин.
Жиноят-процессуал кодексининг 24-моддасида гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчининг ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги, ҳимояланиш ҳуқуқи суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд зиммасидаги гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчига унга берилган ҳуқуқларни тушунтириб бериш ҳамда у ўзига қўйилган айбловдан ҳимояланиш учун қонунда назарда тутилган барча восита ва усуллардан фойдаланишда ҳақиқий имкониятга эга бўлишига қаратилган чора-тадбирлар кўриш мажбурияти билан таъминланиши белгиланган.
Жиноят кодексининг 77-моддасига биноан, жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган ҳисобланади. Суд томонидан жазодан озод қилинган шахс судланмаган деб ҳисобланади. Бироқ ярашилганлиги муносабати билан жиноят иши тугатилган шахслар тўла маънода судланмаган деб эътироф этилиши, бу тоифадаги ишларнинг тугатилиши реабилитация учун асос бўлиши мумкин эмас. Чунки шахснинг қилмишида жиноят таркиби мавжуд бўлиб, унинг жиноят содир қилганлик факти ахборот марказида қайд этилади ҳамда айрим шахсларнинг муайян ҳуқуқларини чекланишига олиб келади. Жумладан, ярашув институтининг қўлланилиши мазкур шахслар билан тузилган меҳнат шартномаларининг бекор қилинишига олиб келади ёки ишлари тугатилган шахсларнинг тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ишга киришига тўсқинлик қилади.
Ана шу қонуний асосларга кўра, айбнинг шакли, судланувчининг шахси, зарарнинг тўлиқ қопланганлиги ёки бартараф қилинганлиги, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги, Жиноят кодексининг 661-моддасида таъқиқ мавжуд эмаслиги, республикада судланганлик ва рецидив жиноятнинг пасайиши, жабрланувчи ҳамда фуқаровий даъвогарнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тикланишини инобатга олиб, жабрланувчининг шикояти билан қўзғатиладиган ёки иқтисодий жиноятларнинг айрим турлари, ёхуд эҳтиётсизлик туфайли содир этиладиган унча оғир бўлмаган жиноятларни кодекснинг мазкур 661–моддасига киритилиши мақсадга мувофиқдир.
Роҳила Худайбердиева
Навоий вилоят судининг судьяси