“Инструктор-методист” ишга тикланди

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Ҳақиқатда, бугун юртимизда фуқаролармизнинг муносиб ҳаёт кечиришлари, меҳнат қилишлари, касб ва фаолият турини эркин танлашлари учун кенг имконятлар яратилган ва ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган.

Бироқ, жамиятимизда меҳнат қонунчилигига ҳамда амалдаги қонунларга амал қилмаслик ҳолатлари ҳам мавжуд. Албатта будай ҳолатларнинг бўлиши фуқароларимизнинг ортиқча вақт йўқотишларига ёхуд уларнинг ҳуқуқ ва эркинларини бузилишига олиб келмоқда. Зеро, инсон ҳуқуқ ва эркинларини таъминлаш давлатнимизнинг олий мақсади саналади.

Мисол учун, фуқаро (даъвогар) Х.Н. судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда Учқудуқ туман спорт мактаби раҳбари С.У.нинг 20.06.2023-йилдаги буйруғини ноқонуний деб топиб бекор қилиб, уни инструктор-методист вазифасига ишга тиклашни, унга етказилган маънавий зарар учун 250.000.000 сўм товон пули, мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундиришни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, даъвогар 2012 йилда Ўзбекистон Давлат Жисмоний Тарбия институтини тамомлаган, Навоий вилояти ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси Учқудуқ тумани спорт мактаби (олдинги Навоий вилояти Спортни ривожлантириш бош бошқармаси Учқудуқ туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби)нинг 2017 йил 03 январь кунидаги буйруғи ва иш берувчи ҳамда ходим ўртасидаги меҳнат шартномасига асосан Учқудуқ туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби йўриқчи-услубчи (инструктор-методист) лавозимига ишга қабул қилинган.  

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 сентябрдаги 211-сонли қарорининг 1-иловасидаги Низомнинг 62-бандида спорт мактабида ташкилий, тарбиявий, соғломлаштириш ва методик ишларни жисмоний тарбия бўйича олий маълумотли ва камида бир йил тренер-ўқитувчилик бўйича иш тажрибасига эга бўлган мутахассислардан тайинланадиган инструктор-методист амалга оширади деб белгиланган.

Навоий вилояти ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси Учқудуқ тумани спорт мактабининг 20.06.2023 йилдаги буйруғига асосан, Х.Н. билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 168-моддаси, 1-қисми, 4-бандига асосан ишга қабул қилишга доир белгиланган қоидаларнинг бузилганлиги, уни бартараф этиш имконияти бўлмаганлиги яъни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 сентябрдаги 211-сонли қарори билан тасдиқланган 1-илова Низомнинг 62-бандида белгиланган талаб бўйича камида бир йил тренер-ўқитувчилик бўйича иш тажрибасига эга мутахассислардан тайинланадиган инструктор-методист амалга ошириши тўғрисидаги қоидага зид равишда 2017 йил 3 январда ишга қабул қилинганлиги муносабати билан 2023 йил 20 июндан бекор қилинган.

Навоий вилояти ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси ходимлари томонидан тузилган далолатномада, Х.Н.га мактабда мавжуд бошқа иш ўрни таклиф қилинганлиги, Х.Н. бошқа ишга ўтишни рад этганлиги баён қилинган.

Даъвогар суд мажлисида берган кўрсатмасида, иш берувчи томонидан унга бошқа иш ўрни оғзаки равишда таклиф қилинганлигини, лекин у рози бўлмаганлигини, сабаби ўз иш ўрнида ишламоқчилигини, инструктор-методист лавозими вазифаларини яхши билишини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 168-моддаси, 1-банди, 4-хатбошида, ишга қабул қилишга доир белгиланган қоидаларнинг бузилганлиги, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этиш имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса меҳнат шартномасини тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра бекор қилиниши кўрсатилган.

Суд иш ҳолатлари ва юқоридаги қонун талабларидан келиб чиқиб, даъвогар инструктор-методист (йўриқчи-услубчи) лавозимида 2017 йил 03 январдан буён ишлаб келишини, олий маълумотли ҳисобланишини, инструктор-методист (йўриқчи-услубчи) лавозими тренер-ўқитувчи лавозимидан юқори туришини, қонунда иш берувчининг меҳнат шартномасини Меҳнат Кодексининг 168-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра бекор қилиши учун ишга қабул қилишнинг қоидалари бузилганлигини бартараф этиб бўлмаганда йўл қўйилиши назарда тутилганлигини, даъвогар инструктор-методист (йўриқчи-услубчи) лавозимида 2017 йил 03 январдан буён ишлаб келганлиги сабабли ишга қабул қилишнинг қоидалари бузилганлиги бартараф этилганлигини инобатга олиб, даъвогар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғни ғайриқонуний деб ҳисоблаб, уни ишлаб келган вазифасига ишга тиклашни тиклашни ва унга етказилган маънавий зарар учун товон пули ҳамда мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундиришни лозим топган.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, давлат ташкилотлари меҳнат қонунчилигига амал қилсалар, ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарсалар фуқароларнинг ортиқча вақт йўқотишларига ёхуд уларнинг ҳуқуқ ва эркинларини бузилишига олиб келмайди.

 

Анвар Жумаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси.