Қидирув:

Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилди

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, 2023 йил 25 декабрда “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонунга кўра, жорий йилда туманлараро маъмурий судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишларни вилоят судларида апеляция ёки кассация тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилди.

Суд қарорларини қайта кўришда вилоят ҳамда унга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, суднинг ажрими устидан шикоят бериш масаласида янги интитут – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш белгиланди.

Бу тартибнинг қонунда белгиланиши билан одил судловга эришиш имкониятлари янада кенгайтирилди. Бунда биринчи инстанция судининг қароридан норози тарафлар вилоят маъмурий судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади.

Суд қароридан яна норози бўлинган тақдирда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатида қайта кўриб чиқилади.

Шунингдек, кассация инстанциясининг жорий этилиши келгусида ишда иштирок этувчи шахслар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжати устидан шикоят бериш имконини беради. Масалан, суддаги ишда иштирок этувчи шахс ўзи қатнашган иш бўйича қабул қилинган суднинг ҳал қилув қарори ёки ажримидан қонуний кучга кирганидан кейин қайсидир ҳолатга кўра норози бўлиб қолиши мумкин.

Ушбу ҳолатда шахс апелляция шикояти бериш муддатини ўтказиб юборган бўлади. Аммо унда энди шикоят келтиришда процессуал ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқи мавжуд бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини кўриб чиқишда апелляция, кассация ва тафтиш босқичларининг такомиллаштирилиши фуқаролар ва юридик шахсларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтиришга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

 

Ғалим Абдухолиқов,

Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси.

Маъмурий судга мурожаат қилганда давлат божи бўйича жисмоний шахсларга берилган имтиёзлар

Тобора кенг қамров ва долзарб аҳамият касб этаётган суд-хуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар замирида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатлари муҳофазаси мужассам.

«Давлат божи тўғрисидаги» Ўзбекистан Республикаси Қонунига маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган узгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун ҳам айнан шу мақсадга қаратилган.

Президентимиз томонидан 2024 йил 16 январда имзоланган мазкур Қонунга мувофиқ жисмоний шахслар томонидан маъмурий судга ариза беришда давлат божи тўлаш талаби ўзгартирилди. Юқоридаги санага қадар маъмурий судга шикоят-ариза беришда олдиндан давлат божи тўлаш мажбурий эди. Эндиликда давлат божини суд якунига ундириш тартиби жорий қилинди. Агар суд якунида аризачи фуқаронинг аризаси рад қилинса, суд қарори билан аризачи жисмоний шахсдан базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.

Жисмоний шахснинг аризаси қаноатлантирилган тақдирда, давлат божи жавобгар тарафдан амалдаги базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиқиб ундирилади.

Қонунчиликка мувофиқ амалга татбиқ этилган мазкур янгиланишни «Инсон қадри учун» тамойили билан изоҳлаш ва аҳолига қулай шароит ҳамда имкониятлар яратиш, ортиқча оворагарчилик ва сарсонгарчиликларнинг олдини олишга қаратилган навбатдаги қадам дейиш мумкин.

 

САЛОХИДДИН ТУРСУНОВ,

Навоий вилояти маъмурий суди судьяси.

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш йўлида ёшлар билан самимий учрашув

Ўқувчи ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада ошириш, уларда қонунга ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, шунингдек ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда шаҳар халқ таълими бўлими ўртасида тузилган Меморандум ижросини таъминлаш мақсадида Зарафшон шаҳар судлари раислари томонидан Зарафшон шаҳридаги 4-умумий таълим мактаби ўқувчилари иштирокида “Касбим – келажагим”, “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзуларида “Судья ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.

Мазкур учрашув давомида ўқувчи ёшларларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишлари, соғлом турмуш тарзини ташкил қилиш ва ёт ғояларга берилмаслик борасида зарур маслаҳатлар бериб ўтилди ва бу борада суд амалиётидан мисоллар келтирилди. 

 

Анвар Исоқов,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди раиси.

Тадбиркорларнингсудга шикоят қилиш имкониятлари янада кенгайтирилди

2024 йилнинг 20 февраль куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-910-сон Қонун қабул қилинди.

Қонун билан Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлари устидан тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишига оид чекловлар бекор қилинди ҳамда уларнинг судга шикоят қилиш имкониятлари кенгайтирилди.

Бунга қадар тадбиркорлар сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити натижаларидан норози бўлган тақдирда, уларнинг шикоятлари дастлаб юқори турувчи солиқ органи томонидан кўриб чиқилиши, шундан кейингина судга шикоят қилишлари мумкин эди.

Эндиликда эса бу чеклов бекор қилиниб, тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилди. 

Шунингдек қонунга мувофиқ “Хўжалик ширкатлари тўғрисида”ги, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги ва “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига киритилган ўзгартиришга кўра, тадбиркорлик субъектининг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда эълон бериш талаби бекор қилинди.

Бунда кредиторлар ширкат ёки жамиятнинг устав фонди (устав капиталини) камайтирилганлигидан хабар топган санадан эътиборан ўттиз кун ичида улардан тегишли мажбуриятлари муддатидан илгари тугатилишини ёки ижро этишини ҳамда ўзлари кўрган зарарнинг ўрнини қоплашини ёзма равишда талаб қилишга ҳақлидирлар.

Акциядорлик жамиятларининг кредиторлари эса жамиятнинг устав фонди (устав капитали) камайтирилганлигидан хабар топган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай жамиятдан ўз мажбуриятларини муддатидан олдин бажаришини ва устав фонди (устав капитали) камайтирилиши билан боғлиқ зарарларнинг ўрнини қоплашини талаб қилишга ҳақли.

Ушбу қабул қилинган Қонун тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга ҳамда уларнинг судга шикоят қилиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси. 

АДОЛАТЛИ ҚОНУНЛАР – инсон қадри, мамлакат тараққиёти учун хизмат қилади

Сўнгги йилларда мамлакатимизни иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, солиқ юкини пасайтириш ҳамда солиқ маъмурчилигини янада такомиллаштириш бўйича кенг кўламли чоралар кўрилмоқда.

Мазкур жараёнда тадбиркорлар ва инвесторларнинг фикри ва таклифлари ҳам инобатга олинаётгани, мавжуд муаммо ва камчилик­лар доимий таҳлил қилиниб, муносиб ечим топилаётгани Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ҳамда иқтисодиётимиз жадал ривожланишига хизмат қилмоқда.

2023 йил 18 август куни давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан учрашувда ҳозирги вақтда солиққа оид битта ҳуқуқбузарлик учун тадбиркор сифатида молиявий жарима, жисмоний шахс сифатида маъмурий жарима қўлланилаётганлиги, энди бундай амалиёт бекор қилиниши, тадбиркорларга қўлланаётган жарималар улар фаолиятининг тўхтаб қолишига сабаб бўлмаслиги зарурлиги, шу нуқтаи назардан, барча молиявий санкциялар қайта кўриб чиқилиб, адолатли меъёрлар белгиланиши хусусида алоҳида тўхталиб ўтганди.

Тан олиб айтиш керак, 2022 йил 12 март кунидан амалга татбиқ этилган Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 227¹-моддасида белгиланган товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қои­даларини бузганлик учун жавобгарлик масаласи, хусусан, бундай ҳуқуқбузарлик учун белгиланган жарима миқдори кейинги вақтларда тадбиркорларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлаётганди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 227¹-моддаси санкциясида маркировка қоидаларини бузганлик учун тадбиркорлик субъектига реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида жарима солиш кўринишидаги молиявий жарима назарда тутилганди.

Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конс­титуцияси 20-моддасига кўра, давлат органлари томонидан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги белгиланган бўлса-да, Солиқ кодексининг 227¹-моддасида назарда тутилган молиявий жарима чораси содир этилган ҳуқуқбузарлик миқдорига номутаносиб эди. 

Бу ўз ўрнида, тадбиркорларга қўлланилган жарима миқдорлари содир этилган ҳуқуқбузарликка нисбатан умуман номутаносиб бўлганини кўрсатади. Бундай катта миқдордаги жарима жазоларини қўллаш амалиёти тадбиркорлик субъектларининг аҳволини жиддий қийинлаштириб, кўп ҳолларда уларнинг фаолиятини тўхтатишга, яъни банкротлик ҳолатларига олиб келгани ҳам бор гап.

Ўзбекистонга яқин қўшни мамлакатларнинг бу борадаги қонунчилиги ўрганилганда, Россия Федерациясида ушбу солиқ ҳуқуқбузарлиги учун жисмоний шахс­ларга, агар сўмга айлантирадиган бўлсак, бугунги курсда 543 565 сўмдан – 679 456 сўмгача, мансабдор шахсларга 1 358 913 сўмдан – 2 038 369 сўмгача, юридик шахсларга – 27 178 261 сўмдан – 40 767 391 сўмгача, Қозо­ғистонда эса кичик тадбиркорлик субъекти огоҳлантиришдан сўнг бир йил ичида яна шундай қонунбузилиш содир этса, (сўмга айлантирилганда) 9 018 300 сўм, ўрта бизнес субъектига 18 036 600 сўм, йирик бизнес субъектларига 44 438 000 сўм жарима жазоси қўлланилади. Бундан кўринадики, қўшни мамлакатларда мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарликлар учун аллақачон нисбатан мутаносиб миқдорда жарима қўллаш тартиби йўлга қўйилган.

Жорий йилнинг 26 февраль куни тадбиркорлик субъектларига фискал белгилар ва товарларни маркировкалаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун қўлланиладиган молиявий санкцияларни юмшатиш бўйича “Солиққа оид айрим ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини мақбуллаштириш тўғрисида”ги Президент фармони имзоланди. Мазкур фармонга кўра, эндиликда фискал тартиб-қоидаларга оид ҳуқуқбузарликлар биринчи марта содир этилганда – реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг аввалги 100 фоиз жариманинг ўрнига 2 фоиз миқдорида, бир йил давомида шу турдаги ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда – реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 20 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси 63-моддасида “Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шарт. Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги керак”, деб қатъий белгилаб қўйилган. Демак, Солиқ кодексига ўзгартириш киритилиши Бош қомусимизнинг тўғридан-тўғри ишлашига замин яратади. Яъни, ўзгартириш киритилиши натижасида шу кунгача “фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлик” қилиб келаётган номутаносиб модда Солиқ кодексидан чиқариб ташланади. Ушбу модданинг кодексдан чиқариб ташланиши нафақат маҳаллий ишбилармон ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга, балки мамлакатимизга хорижий сармоядорларнинг кириб келишига ҳам кенг имконият яратади.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, мазкур фармоннинг қабул қилиниши ва тадбиркорларга қўлланиладиган жарима миқдори содир этилган ҳуқуқбузарликка нисбатан мутаносиб бўлиб, унинг келгусида фаолиятини давом эттиришига имкон яратиб, ижтимоий адолат қарор топади. Бир сўз билан айтганда, адолатли қонунлар ҳамиша аҳоли фаровонлиги ва мамлакат тараққиёти учун хизмат қилади.

 

Улуғбек Исмаилов,

Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси

Жиноят учун жазо тайинлашда енгиллаштирувчи ҳолатларнинг ўзига хос хусусиятлари ва “Инсон қадри” тамойили

Жамиятда одил судловни таъминланганлиги ҳар бир ҳуқуқий деморатик давлатнинг ўта муҳим элементларидан бири ҳисобланади. Шу боисдан кейинги вақтларда суд тизимини такомиллаштириш, уни том маънодаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига ва адолат қўрғонига айлантиришга қаратилган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини изчил амалга ошириш орқали одил судловга эришиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, давлатнинг стратегик дастурларида бош йўналиш сифатида белгиланилиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги Фармонига асосан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси суд ҳуқуқ соҳасидги ислоҳотларни янги босқични бошлаб берди. Бош мезони “Инсон қадрини юксалтириш ва эъзозлаш”га асосланган Тараққиёт стртегияси Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми сифатида суд тизимини босқичма-босқич рақамлаштириш, бу соҳада бюрократик ғов ва тўсиқларни бартараф этиш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини тубдан ошириш, «Хабеас корпус» институтини янада ривожлантириш орқали тергов устидан суд назоратини кучайтириш, суд процессида томонларнинг ҳақиқий тенглик ва тортишув тамойилларини рўёбга чиқариш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда судьялар ҳамжамияти органларининг ролини янада ошириш, судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этиш ҳамда судьяларга ғайриқонуний тарзда таъсир ўтказишнинг олдини олиш бўйича таъсирчан механизмларни яратиш каби демократик тамойилларни жорий этиш, суд тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш ишларини олиб бориш каби муҳим мақсадлар белгилаб олинди.

Жорий қонунчилик бўйича айбдорга содир этган жинояти учун қонунда назарда тутилган жазо қўлланилади. Шунингдек, енгилроқ жазо қўллашга асос бўлиб қилмиш ва айбдор шахс унинг айби даражаси ва шакли шахснинг жиноят содир этгунгача ва ундан кейинги хулқ-атвори жиноятни содир этиш сабаблари ва шарт-шароитларининг жами асос бўлади ва суднинг ҳукмига кўра, мазкур ҳолатларда айбдорни тузатиш, жиноятнинг олдини олишга эришиш учун мазкур жиноят учун қонунда кўрсатилганидан ҳам енгилроқ жазо тайинланади.

Бу қоида ЖКнинг 57-моддасида кўрсатилган бўлиб, унда «Суд содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатларини эътиборга олиб, алоҳида ҳолатларда ЖК махсус қисми моддасида назарда тутилган мазкур жиноят учун белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам қамроқ ёки шу моддада назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазони тайинлаши мумкин» деб баён қилинган. Қонун чиқарувчи орган ЖК махсус қисмининг диспозиция ва санкцияларини тузиб чиқар экан, ҳар бир жиноят учун ундаги ҳолатлар, вазиятлар, енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни тўла эътиборга олмайди. Айрим ҳолларда суд санкцияда кўрсатилган жазонинг энг кам қисмини тайинлаганда ҳам жазо қаттиқ бўлиб қолиши ва ЖКнинг 42-моддасида назарда тутилган жазонинг мақсадига жавоб бермаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун суд буни жазо тайинлашда эътиборга олади. Содир этилган жиноятда ана шундай вазиятларнинг бўлиб қолиши мумкинлигини эътиборга олиб, қонун чиқарувчи орган ЖКнинг 54-моддасида назарда тутилган қоидалардан истисно тариқасида, яъни санкция доирасида жазо тайинлаш қоидасидан четга чиқиб, ЖКнинг 57-моддасида кўрсатилганидан ҳам енгилроқ жазо тайинлаш қоидаси киритилган, аммо қонунда фақат фавқулодда ҳолатларда содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи, енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлса, жазо тайинлашнинг умумий қоидаларидан бундай четга чиқишга йўл қўйилади, аммо қонунда айнан қандай ҳолатларда енгилроқ жазо тайинланиши мумкинлиги кўрсатилмай, фақат ЖКнинг 57-моддаси 3-қисмида «Содир этилган қилмиш хусусиятларини ифодаловчи ҳолатлар, яъни айбдорнинг шахси, айбининг шакли ва даражаси, жиноят қилиш шароити ва сабаблари, шахснинг жиноятни содир қилгунча ва ундан кейинги хулқ-атвори жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб топилиши мумкин»лиги кўрсатилган. Бундай ҳолатларга жиноят содир этиш мотиви ва мақсадини, етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдорини киритиш мумкин.

ЖКнинг 57-моддасида кўрсатилган асослар бўйича енгилроқ жазо тайинлаш учун ЖКнинг 55-моддасида белгиланган ҳолатлардан фарқ қилувчи, қандайдир алоҳида енгиллаштирувчи ҳолатларда жиноятнинг содир этилиши талаб қилинмайди, суд амалиётида, судлар ЖКнинг 55-моддасида белгиланган ва белгиланмаган енгиллаштирувчи бир нечта ҳолатлар мавжудлигини эътиборга олиб, агар қилмишда оғирлаштирувчи ҳолатлар бўлмаса енгилроқ жазо тайинлашни қўлламоқдалар. Бунда судлар енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида айбдорнинг жамият ва давлат олдидаги хизматларини, кексалиги, ёшлиги, соғлиғининг ёмонлашганлиги, қарамоғида ёш болалари, меҳнатга яроқсиз ота-онаси борлиги ва бошқаларни ҳисобга оладилар.

Олий суд Пленумининг 1996 йил 19 июлдаги “Жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарорида «ЖКнинг 57-моддасига мувофиқ қонунда назарда тутилган жазонинг энг кам қисмидан ҳам қамроқ жазо тайинлаш ёки бошқа енгилроқ жазо турига ўтиш фақат содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар мавжуд бўлгандагина мумкин бўлади, масалан, маънавий зарарнинг йўқлиги ёки етказилган мулкий зарарнинг қопланганлиги, ота-онасининг жиддий касаллиги, уларнинг меҳнатга яроқсизлиги, айбдорнинг оилада ягона боқувчи эканлиги, судланувчининг кексалиги, жабрланувчининг ғайриқонуний ҳаракатлари жиноят содир этилишига сабаб бўлганлиги ва шунга ўхшаш ҳолатлар бўлиши мумкин.

Шу аснода судлар томонидан жиноят ишларини кўришда энг аввало жиноят содир қилиш билан боғлиқ бўлган барча ҳолатларини, уни содир қилган шахсни, қилмишда жиноят қонунида кўзда тутилган барча белгиларнинг мавжудлигини тўла ва батафсил аниқлаш, жиноятни тўғри квалификация қилиш, қонунийлик ва адолатлилик принципига риоя қилишнинг асосий шартидир. Жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар маълум даражада қилмишнинг ижтимоий хавфлилигини белгиловчи мезон бўлиб ҳам ҳисобланади. Яъни, содир этилган жиноятнинг ва жиноят содир этган шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасини камайтирувчи ҳамда енгилроқ жазо тайинлаш учун асос бўладиган ҳолатлар жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар ҳисобланади.

Жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар жиноят таркибига кирувчи белги бўлмай, балки ундан ташқарида бўлган қолат ҳисобланади. Шу боисдан Жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар жиноятни квалификация қилишга таъсир этмайди, айбдорнинг қилмиши квалификация этилган моддада назарда тутилган жазонинг енгилроқ турини ёки камроқ қисмини тайинлашга асос бўлади.

Қонунчилигимизга асасан, жазо енгиллаштирувчи ҳолатларга қўйидагилан бўлиб, айбни бўйнига олиш тўғрисида арз қилиш, чин кўнгилдан пушаймон бўлиш ёки жиноятни очишга фаол ёрдам бериш; етказилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф қилиш; оғир шахсий, оилавий шароитлар оқибатида ёки бошқа мушкул аҳволда жиноят содир этиш;  мажбурлаш ёки моддий томондан, хизмат жиҳатидан ёхуд бошқа жиҳатдан қарамлилиги сабабли жиноят содир этиш; жабрланувчининг зўрлик, оғир хақорати ёки бошқача ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли вужудга келган кучли руҳий хаяжонланиш ҳолатида жиноят содир этиш; зарурий мудофаанинг, охирги заруратнинг асосли чегарасидан четга чиқиб жиноят содир этиш, ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлашда, касб ёки хўжалик фаолиятига боғлиқ бўлган асосли таваккалчиликда зарар етказиш; вояга етмаганнинг жиноят содир этиши; ҳомиладор аёлнинг жиноят содир этиши; жабрланувчининг ғайриқонуний ёки аҳлоққа зид хулқ-атвори таъсири остида жиноят содир этиш кабилардир.

Лекин Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 55-моддасида назарда тутилган жазони енгиллаштирувчи ҳолатларнинг рўйхати қатъий бўлмай, суд жазо тайинлаш вақтида, бу моддада кўрсатилмаган бошқа ҳолатларни ҳам ишдаги ҳолатларга қараб енгиллаштирувчи ҳолат деб ҳисоблаши мумкин.

Жиноят кодексининг 55-моддасида жазони енгиллаштирувчи ҳолатларнинг, бир томонидан реал хаётда кўпроқ учрайдиган турлари ва турли жиноятлар содир қилиш учун типик бўлган ҳолатлар олинган бўлса, иккинчи томондан, қонун чиқарувчи орган жиноят содир этиш ва жиноятчи шахсига жиддий таъсир қиладиган ҳолатларнигига жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар рўйхатига киритган.

Жиноят ҳуқуқи назариясида жазони енгиллаштирувчи ҳолатларнинг роли хақида ягона фикр мавжуд эмас. Айрим муаллифлар енгиллаштирувчи ҳолатлар айбнинг даражасига таъсир қилади деса, бошқа бирлари суд томонидан тайинланадиган жазони енгиллаштиради деб ҳисоблайдилар. Яна бошқалари эса енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасини белгилайди, деб ҳисобайдилар.

Жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар фақатгина жазони енгиллаштиришнинг ўзи учун асос бўлмасдан, балки жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш учун ҳам асос бўлиши мумкин. Жумладан, чин кўнгилдан пушаймон бўлиш ёки жиноятни очиш учун фаол ёрдам бериш, жавобгарликдан озод қилиш ёки содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфи катта бўлмаслиги ёки жиноят унча оғир бўлмаслиги керак. Агар содир этилган жиноят оғир ёки ўта оғир бўлса ва ЖКнинг 55-моддаси «а» бандидаги ҳолат мавжуд бўлса, суд енгиллаштирувчи ҳолат деб жазо тайинлаши мумкин.

Жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар қуйидаги хусусиятларни ўз ичига олади.

Хумладан, ЖКнинг 55-моддасида назарда тутилган енгиллаштирувчи ҳолатлар ЖКнинг махсус қисмининг моддаларида назарда тутилган жиноятларнинг жиноят таркибидан ташқарида бўлиб, қилмишни квалификация қилиш учун таъсир қилмайди, квалификацияни ўзгартирмайди;

бу моддада кўрсатилган жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар қилмишни ЖКнинг махсус қисми моддаси бўйича квалификация қилиш учун зарурий белгиси сифатида кўрсатилган бўлса, жазо тайинлаш вақтида яна 55-моддага мурожаат қилинмай, ўша модданинг санкцияси доирасида жазо тайинланади, чунки қонун чиқарувчи орган 55-моддада назарда тутилган енгиллаштирувчи ҳолатни ЖКнинг махсус қисмида енгиллаштирувчи ҳолат сифатида кўрсатиб, шунга мувофиқ равишда санкцияни ҳам енгиллаштирган.

Демак, ЖКнинг 55-моддасида кўрсатилган енгиллаштирувчи ҳолат махсус қисмнинг барча моддаларида кўрсатилган жиноятлар учун махсус қисмнинг муайян бир моддасида кўрсатилган енгиллаштирувчи ҳолат фақат шу модданинг ўзи учунгина аҳамиятлидир.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, одил судлов самарадорлигини оширишга оид ислоҳотларнинг асосий мақсади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, шахснинг конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширилишини кафолатлаш орқали том маънода жамиятда инсон қадрини юксалтиришга қаратилгандир.

 

Анвар Исоков,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди раиси.

Ҳамкорликдаги сайёр қабул – фуқаролар оворагарчилигининг олдини олишга хизмат қилади

Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, янги қабул қилинган қонунлар ва унинг мазмун-моҳияти ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан тузилган “Медиа режа” ижросини таъминлаш, шунингдек “Менинг маҳаллам-менинг судьям” ғояси остида Зарафшон шаҳридаги “Янги Зарафшон” МФЙда Зарафшон шаҳар судлари ва шаҳар прокуратураси томонидан сайёр учрашув ташкил этилди.

Мазкур сайёр қабулда жами 5 нафар фуқаронинг алимент тўловларини ундириш тўғрисидаги суд қарорининг ижроси таъминланмаётгани, мавжуд қарздорликни ундириш учун судга мурожаат қилиш тартиби, мол-мулкини бошқа шахснинг ғайриқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш, давлат солиқ хизмати органи томонидан қўлланилган жаримадан норозилиги тўғрисидаги мурожаатлари тингланиб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Сайёр қабул якунида фуқароларга суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар тўғрисида ҳам тушунтришлар берилди.

 

Анвар Шукуров,

 

Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро суди раиси.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимиянада такомиллаштирилди

Маълумки бугунги кунда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада оширишга ҳамда уларнинг малакали, сифатли юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2023 йил 16 июнда “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг 848-сонли Қонуни қабул қилиниши ҳам бу борада муҳим қадам бўлди.

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши фуқароларимизга Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишга янада хизмат қилиб, уларга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратди.

Жорий йилнинг 27 февраль куни имзоланган 915-сонли Қонун билан айрим Қонун ҳужжатларига, шу жумладан юқоридаги Қонунга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қонун билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга бундай ёрдам кўрсатиш учун жиноят, фуқаролик ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича ҳамда қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш тартибини белгилашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган қўшимчага кўра:

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқаётган ваколатли мансабдор шахс ёки суд маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг илтимосига кўра, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг ишда иштирок этишини таъминлаш чораларини кўриши шарт.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатни жалб қилишда адвокатнинг ишда иштирок этиши тасдиқланган пайтдан эътиборан унга ишга киришиш учун камида тўрт соат вақт берилиши керак.

Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодексига киритилган қўшимчага кўра, Суд даъвогарнинг ёки жавобгарнинг илтимосига кўра, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш чораларини кўриши шарт.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокат жалб этиладиган пайтга қадар суд ишнинг муҳокамасини кейинга қолдиради. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатни жалб қилишда адвокатнинг ишда иштирок этиши тасдиқланган пайтдан эътиборан унга ишга киришиш учун камида тўрт соат вақт берилиши керак.

Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Қонунга киритилган ушбу қўшимчалар фуқароларнинг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга ҳамда давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади.

 

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси. 

Навоий вилоят судлари раислари томонидан Қизилтапа тумани аҳолисининг мурожаатларини ўрганиш юзасидан сайёр қабул ташкил этилди

Навоий вилоят суди ҳамда Навоий вилоят маъмурий суди томонидан вилоят Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда тасдиқланган 2024 йил биринчи ярим йилигига мўлжалланнган “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари муаммолари билан ишлаш, ечимини кутаётган масалаларни “маҳаллабай” ўрганган ҳолда жойида ва тезкор ҳал этиш бўйича Навоий вилоят судлари раислари, ўринбосарлари ва бошқа идора раҳбарларининг 2024 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида Навоий вилояти туман ва шаҳарларида ўтказиладиган сайёр қабуллар режаси”ги асосан жорий йилнинг 5 март куни Қизилтепа туманда сайёр қабул ўтказилди.

Мазкур қабул давомида жами 13 нафар фуқаро қабул қилиниб, шундан 5 нафар фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилган бўлса, 8 нафар фуқароларга тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, сайёр қабул давомида жиноят, фуқаролик, иқтисодий судлар томонидан сайёр суд мажлислари ҳам ташкил этилиб, ИИБнинг тақдимномасига асосан Пробация гуруҳида ҳисобда туриб жазо ўтаб келаётган 4 нафар маҳкумлар ўталмаган жазодан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод қилинган бўлса;

1 нафар фуқаронинг юридик фактни белгилашга оид;

3 нафар фуқаронинг алимент ундириш билан боғлиқ даъволари қаноатлантирилди.

4 та никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар кўрилиб, оилаларни яраштириш мақсадида суҳбатлар ўтказилди ва оилани тиклаш учун муддат белгиланди.

Иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлар фойдасига қарорлар қабул қилиниб, битта ҳолатда банк томонидан киритилган даъво ариза ред этилган бўлса, бошқа иш бўйича банк ва тадбиркор ўртасида келишув тузилганлиги боис банкнинг даъво аризаси кўрмасдан қолдирилди.

Бундан ташқари, мурожаатлари ижобий ҳал бўлган фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ташаккурномалар билдирилди.

 

Навоий вилоят суди раиси А.Аллаев

НОЗИК ЕЛКАДАГИ ОҒИР МАСЪУЛИЯТ 10 март – Халқаро аёл судьялар куни

Жамият тараққиётда аёлларнинг азалдан муносиб ўрни борлиги айни ҳақиқат. Бугун жамиятнинг бирор-бир жабҳасини хотин-қизларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Жумладан, одил судловни амалга оширишда ҳам аёл судьялар муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон судьяларининг 16 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.

Халқаро юристлар ассоциацияси томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, суд органларида хотин-қизларнинг камлиги гендер стереотиплари билан боғлиқ. Ушбу тадқиқотларда иштирок этган аёл судьялар томонидан судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ошкораликни таъминлаш орқали ушбу масалани ҳал қилиш мумкинлиги юзасидан ўз таклифларини билдиришган. 

Халқаро аёл судьялар бирлашиши эса бир-биридан ҳаётий тажрибани ўрганиш ва қўллаб-қувватлашда муҳим восита ҳисобланади. Бу жамиятда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлашнинг муҳим омилларидан биридир.

 

Гулнафис Худайбердиева,

Навоий вилояти суди судьяси. 

Skip to content