Қидирув:

“Менинг ҳуқуқим” мавзусида давра суҳбати ўтказилди

Навоий вилояти юридик техникумида “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш” йили муносабати билан ёшларимиз учун бир қатор тадбирлар, учрашувлар ва семинарлар ташкил қилинмоқда.

Ёшларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш ҳамда уларнинг ҳуқуқларини тушунтириш мақсадида “Менинг ҳуқуқларим” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Савол-жавобларга бой ўтган мазкур давра суҳбати Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судьялари ҳамда техникумнинг ҳуқуқшунослик ўқитувчилари томонидан олиб борилди.

 

Дилобар Пардаева,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судьяси.

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг сайёр суд мажлиси тафсилотлари

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан 2024 йилнинг 22 февраль куни Навоий вилоят пробация биносида сайёр суд мажлисида Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан пробация назоратидаги жазо ўтаётган бир гуруҳ маҳкумларга нисбатан инсонпарварлик далолатномалари қўлланилиб, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

 Маҳкумлар Ф.Ў ҳамда Ш.Рларга нисбатан эса тайинланган озодликни чеклаш жазоси Жиноят кодексининг 481-моддаси 6-қисми асосида чеклаш талабларини бир неча марта бузганликлари юзасидан жазони ижро этишни назорат қиладиган орган тақдимномасига асосан озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.

 Шунингдек, сайёр суд мажлисида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165-моддаси 1-қисми, 176-моддаси 3-қисми, 175-моддаси 2-қисми билан расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўрилиб чиқилиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан моддалар санкцияси доирасида жазолар тайинланди.

 

Дилобар Пардаева,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судьяси.

Доимгидек яна оилавиш ажралиш ёқасида турган оилалар муҳокама қилинди

Кармана туманидаги “Мирсаид Баҳром” маҳалласида “Биз оилавий ажралишларга қаршимиз” шиори остида фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг судьялари, туман Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда бошқа масъул мутасаддилар ҳамкорлигида ажрим ёқасига келиб колган оилалар муҳокамаси бўлиб ўтди.

Муҳокама бир нечта ажрим ёқасига келиб қолган оилалар қатнашиб, уларни яраштириш чоралари кўрилди.

Тадбирда оила аъзоларининг ўз хонадонига содиқ бўлиб қолиши билан бир қаторда, шу оиланинг ор-номуси учун курашмоғи, шаънига доғ тушурмай яшаш зарурлиги тўғрисида ҳуқуқий ва диний тушунчалар берилиб, психологик ёрдам кўрсатилди.

Шу куни вилоят бўйлаб жойларда бўлиб ўтган бу каби муҳокамаларда 25 та оила иштирок етиб, уларнинг 12 таси яраштирилди. Бу эса қанчадан-қанча норасидаларнинг тирик етим бўлиб қолишининг олди олинганлигидан далолатдир.

 

Дилёра Аминова,

Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг судьяси.

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси томонидан коммунал қарздорликларни ундириш юзасидан сайёр суд мажлиси ўтказилди

Учқудуқ тумани “Иссиқлик манбаи” ДУК биносида жорий йилнинг 23 февраль куни даъвогар Учқудуқ туман прокуратурасининг “Иссиқлик манбаи” ДУК манфаатида жавобгар “UCHQUDUQ SHIRMOY KULCHA” масъулияти чекланган жамиятидан ичимлик сувини истеъмол қилиш ва канализация хизмати бўйича қарздорликни ундириш юзасидан тақдим этган даъво аризаси бўйича Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Д.Турдиевнинг раислигида Учқудуқ туман прокуратураси прокурори ўринбосари Ғ.Ҳасанов, даъвогар вакиллари М.Эгамов ва С.Норташевалар иштирокида сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Суд муҳокамаси якунида иштирок этган шахсларга замонавий тежамкор ва энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш кераклигини, модернизациялаш ва ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали ҳамда оқилона фойдаланиш кераклигини, бугунги кунда қозонхона ускуналари ва тармоқларнинг ўта эскиргани сабабли, мавжуд иссиқлик таъминоти тизимида иссиқлик манбаларидан мақбул даражада фойдаланишнинг имкони бўлмаётганлигини, бу эса иссиқлик таъминоти корхоналари фаолиятига, истеъмолчиларни иссиқлик хизмати ва иссиқ сув билан таъминлаш сифатига салбий таъсир кўрсатаётганлигини, фойдаланилган коммунал ресурслари учун қатъий тўлов интизомининг йўлга қўйилмаганлигини, натижада соҳада қарздорликнинг ошишига сабаб бўлаётганлиги таъкидланиб ўтилди.

Шунингдек, иштирокчиларга тарафлар томонидан шартнома шартларига қатъий амал қилиш, тўлов интизомига риоя қилиш ва энергия ресурсларини тежаш бўйича керакли тушунтиришлар берилди.

 

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси.

Суд қарорларининг ижроси билан боғлиқ амалиётда мавжуд муаммолар муҳокамаси бўлиб ўтди

Суд ҳужжатлари асосида берилаётган ижро ҳужжатларини расмийлаштириш ва уни электрон маълумотлар базасида ҳудудий мажбурий ижро бюроларига юборишда йўл қўйилаётган хато-камчиликлар, ижро ҳужжатларининг мажбурий ижро бюроси органлари томонидан асоссиз қайтарилишининг олдини олиш ҳамда мазкур ҳолатларга келгусида йўл қўймаслик учун эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳолатлар Зарафшон шаҳар судлари ва Мажбурий ижро бюроси Зарафшон шаҳар бўлими томонидан муҳокама қилинди.

Мазкур муҳокама ўзаро фикр-мулоҳазалар асосида ўтказилиб, келгусида ижро ҳужжатларининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8, 24-моддаларига асосан қайтарилишини олдини олиш учун эътибор қаратилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгиланди.

Ўтказилган тадбир якунида келгусида ижро ҳужжатларининг мажбурий ижро бюроси томонидан асоссиз қайтарилишининг олдини олишга, асосли равишда қайтарилган ҳар бир ижро варақаси юзасидан алоҳида ёндашилиб, уларнинг камчиликлари тўлиқ бартараф қилингандан сўнг ижрога қаратилишига, ҳар бир қайтарилган ижро ҳужжати қатъий назоратга олинишига, ижро варақаларининг қайтарилиши сабаби чуқур тизимли таҳлил қилиниб, асоссиз қайтарилган ижро ҳужжатлари бўйича тақдимномалар киритиб борилишига жиддий эътибор қаратилиши келишиб олинди ва бу орқали фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигининг олди олиниши назарда тутилди.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.

Суд ва Адлия органлари ҳамкорлигида семинар машғулоти ўтказилди

Навоий вилоят судининг судьялари томонидан вилоят адлия бошқармасида, ҳудудий адлия оргарлари ходимлари ва юридик хизмат марказлари масъул ходимлари иштирокида суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси қонунларига киритилган янги ўзгартиришларнинг муҳокамасига бағашланган семинар машғулоти ўтказилди.

Ҳар қандай давлатнинг обрў-эътибори, нуфузи унда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари қай даражада таъминлангани билан баҳоланади. Шу нуқтаи назардан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ўзининг амалий ислоҳотлар ўзининг амалий самараларини кўрсатмоқда.

Жумладан, 2023 йил 25 декабрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси процессуал кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Қонуни қабул қилиниши бу борада яна бир муҳим қадам бўлди.

Мазкур Қонун билан суд қарорлари устидан шикоят қилишнинг янги тартиби жорий қилинди. Яъни 2024 йил 1 январдан бошлаб:

туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишлар вилоят ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида,

– вилоят ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар мазкур судларда тафтиш тартибда,

– вилоят ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўрилиши,

– алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъати томонидан кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўрилиши,

– шунингдек, апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилинди ҳамда уларнинг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш масъулияти юклатилди.

Бу ислоҳотлар инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ва фуқароларни суд идораларида ортиқча сарсон бўлишини олдини олишга қаратилгандир.

 

Нурбек Умаров,

Навоий вилоят суди судьяси.


Беҳзод Шерматов,

Навоий вилоят суди судьяси.

Бўлажак кадрларни амалий кўникмаларга тайёрлаш мақсадида «Судья ва ёшлар» ушрашуви ташкил этилди

Жамиятимиз ҳаётида ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш фуқаролик жамиятига асосланган демократик тамойилларидан бири бўлиб, профессионал таълим тизимини ташкил этишдан ҳам кўзланган асосий мақсад, ўқувчиларнинг назарий билимлари асосида ҳуқуқий кўникма ва малакаларини шакллантиришдан иборат.

Шу аснода ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада ошириш, уларда қонунга ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, шунингдек ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида Навоий вилоят маъмурий судининг судьялари томонидан Навоий вилояти юридик техникумида “Судья ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.

Савол-жавобларга бой тарзда ўтган учрашувда Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, жиноятга жазо муқаррарлиги, фуқаролар ҳуқуқ ва еркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга еришиш даражасини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари, суд тизимига ишга кириш тартиби ҳақида сўз юритилди.

Учрашувда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, соҳада фуқароларга яратилаётган имкониятлар, ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятлар ва уларнинг олдини олиш бўйича вилоятда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Учрашув очиқ мулоқот тарзида давом этиб, якунида талабаларга суд-ҳуқуқ соҳасида ўзларини қизиқтираётган саволларига мутасаддилар томонидан батафсил жавоб берилди.

 

Улуғбек Исмаилов,

Навоий вилояти маъмурий судининг судьяси.

ЯНГИ ҚОНУНЛАР ТАРҒИБОТ ҚИЛИНДИ

Нурота туман Фавқулодда вазиятлар бўлимида жиноят ишлари бўйича Нурота туман суди томонидан очиқ мулоқот ва ҳуқуқий тарғибот тадбири амалга оширилди.

Тадбирда суд қарорларини қайта кўришда вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш билан бирга уларнинг масъулиятини ошириш, суд қарорларидан норози бўлган тарафнинг суд қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Фуқаролик ҳамда Иқтисодий процессуал кодексларига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлигини, “Суд қарорларини қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2023 йил 25 декабрда қабул қилинган ва 2024 йилнинг 1 январь кунидан амалга киритилган Ўзбекистон Республикаси қонуни билан суд қарорларини қайта кўриш соҳасида муҳим ўзгартиришлар амалга оширилганлигини таъкидлаб ўтилди.

Эндиликда биринчи инстанция судида кўрилган ишлар вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар мазкур судларда тафтиш тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўрилишини, алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатларии томонидан кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўрилада.

Бундан ташқари эндиликда ҳукм устидан шикоят ва протест бериш муддати 10 кун этиб белгиланганлиги тўғрисида йиғилганларга тушунтиришлар берилди.

Тадбир очиқ мулоқот ва савол-жавоб тарзида давом эттирилиб, фуқароларни қийнаб келаётган мурожаат ва муаммолари юзасидан уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Фурқат Рахманов,

Жиноят ишлари ўйича Нурота туман суди раиси.

Коррупция ва одам савдосини олдини олишга қаратилган тадбир ўтказилди

Давлат раҳбари томонидан барча тизимда коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш тизимини самарали йўлга қўйиш талаб этилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрсида”ги қонунига асосан, қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги ҳамда жавобгарликнинг муқаррарлиги, коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ҳисобланади.

Судлар томонидан, коррупция, одам савдоси, фирибгарлик ва бошқа жиноятларни олдини олишга қаратилган учрашув  ва тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Мана шундай учрашув 2024 йил 1 февраль куни Навбаҳор туман “Янгиобод” маҳалласида, жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди, Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди ва фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судларининг ташаббуси билан ўтказилди.

Туман судларининг раислари томонидан ўтказилган тадбирда, коррупция ва одам савдосига қарши кураш тўғрисидаги қонунчилик ҳақида сўз юритилиб, иштирокчиларга, коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши оқибатида келиб чиқиши, қонунда пора олиш, бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун Жиноят кодексининг 210, 211 ва 212-моддаларида жиноий жавобгарлик, шунингдек, одам савдоси учун Жиноят кодексининг 135-моддасида жиноий жавобгарлик белгиланганини, мазкур жиноятни содир этганларга нисбатан содир этилган қилмишнинг тавсифланишига қараб озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкинлиги ҳамда коррупция ва одам савдосига оид бошқа маълумотлар ҳақида фуқароларга тушунтиришлар бериб ўтилди.

 

Алишер Сайдуллаев,

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси.

Навоий вилоят суди раҳбариятининг навбатдаги сайёр қабули Конимех туманида ташкил элидли

Навоий вилоят суди ҳамда Навоий вилоят маъмурий суди томонидан вилоят Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда тасдиқланган 2024 йил биринчи ярим йилигига мўлжалланнган “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари муаммолари билан ишлаш, ечимини кутаётган масалаларни “маҳаллабай” ўрганган ҳолда жойида ва тезкор ҳал этиш бўйича Навоий вилоят судлари раислари, ўринбосарлари ва бошқа идора раҳбарларининг 2024 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида Навоий вилояти туман ва шаҳарларида ўтказиладиган сайёр қабуллар режаси”ги асосан Конимех туманда сайёр қабул ўтказилди.

Мазкур қабул давомида жами 18 нафар фуқаро қабул қилиниб, шундан 5 нафар фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилган бўлса, 13 нафар фуқароларга тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, сайёр қабул давомида ИИБнинг тақдимномасига асосан Пробация гуруҳида ҳисобда туриб жазо ўтаб келаётган 5 нафар маҳкумлар ўталмаган жазодан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод қилинган бўлса, 2 нафар фуқаронинг юридик фактни белгилашга оид, 3 нафар фуқаронинг алимент ундириш билан боғлиқ даъволари қаноатлантирилди.

Иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлар фойдасига жами 913.803.826 сўм пул маблағлари ундирилди.

Бундан ташқари, мурожаатлари ижобий ҳал бўлган фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ташаккурномалар билдирилди.

 

Вилоят судининг жамоатчилик ва оммавий

ахборот воситалари билан алоқалар бўлими.

Skip to content