Қидирув:

Фуқаролар мурожаатлари судлар эътиборида

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Д.Турдиев ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Жумаев, жиноят ишлари бўйича Учқудуқ тумани суди раиси А.Қурбоновлар томонидан Учқудуқ туманидаги “Навоий” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ташкил этилиб, ушбу маҳаллада истиқомат қиладиган фуқароларнинг мурожаатлари тингланди.

Даставвал, суд раислари фуқаролар йиғинида истиқомат қиладиган фуқароларимизга энг аввало бугунги кунда кейинги йилларда “Янги Ўзбекистон — янги суд” принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга, инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилганлиги, жумладан, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилаётганлиги, олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиққанлиги, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги суд қарорлари қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш такомиллаштирилиши муносабати билан иқтисодий процессуал, жиноят процессуал, фуқаролик процессуал, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларнинг қабул қилиниши фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Шундан сўнг, туманда содир этилаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, кредит ҳамда қарз ундириш масалалари, оилавий низолар ва алимент ундириш билан боғлиқ низолар бўйича маълумотлар берилди.

Шунингдек, 2 нафар фуқаронинг қарз ундириш бўйича ва 1 нафар фуқаронинг алимент ундириш юзасидан қилган мурожаати юзасидан суд раислари томонидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Анвар Жумаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси.

Сайёр қабул тафсилотлари

Навбаҳор тумани Гулистон маҳалласида Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси Б.Джумаев, фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси А.Ҳамраев томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг сайёр қабули ва давра суҳбати ўтказилди.

Ушбу сайёр қабул ва давра суҳбати давомида суд раислари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Бекзод Абдувохидович,

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси. 

Ерга оид низоларни кўришдаги мавжуд муаммолар муҳокама қилинди

Навбаҳор туман Солиқ инспекцияси биносида туман ҳокимлиги, фермерлар кенгаши, қишлоқ хўжалиги бўлими, агроинспекция, туман кадастр агентлиги, туман солиқ инспекцияси мутахассислари иштирокида “Судларда ерга оид низоларни кўришдаги мавжуд муаммолар” мавзусида семинар йиғилиши ўтказилди.

Ушбу семинар йиғилишда Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси Б.Джумаев томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 68-моддасига кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасида эканлиги,  Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 20 ноябрда “Судларда ерга оид низоларни кўришда қонунчилик ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 28-сонли Қарори қабул қилинганлиги тушунтирилди.

Мазкур Қарорнинг 8-бандида кўрсатилган иқтисодий судлар томонидан кўриладиган ерга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар юзасидан семинар иштирокчиларининг саволлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. 

 

Бекзод Джумаев,

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси. 

Яна бир савобли ишга қўл ўрилди

Навоий шаҳар Меъмор маҳалласи ҳудудидаги 19-сонли мактабнинг фаоллар залида «Биз оилавий ажралишларга қаршимиз» шиори остида шаҳар ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи, Навоий вилоят судининг судьялари ҳамда шаҳар имом хатиби ҳамкорлигида ажрим ёқасига келиб колган оилалар муҳокамаси бўлиб ўтди.

Муҳокама чоғида 6 нафар ажрим ёқасига келиб қолган оилалар қатнашиб, уларни яраштириш чоралари кўрилди. 2 та оила расман яраштирилиб, 4 та оила аъзоларига бир оила бўлиб яшаб кетишларига муддат берилди.

Тадбирсда оила аъзоларининг ўз хонадонига содиқ бўлиб қолиши билан бир қаторда, шу оиланинг ор-номуси учун курашмоғи, шаънига доғ тушурмай яшаш зарурлиги тўғрисида ҳуқуқий ва диний тушунчалар берилиб, психологик ёрдам кўрсатилди.

Шу куни вилоят бўйлаб жойларда бўлиб ўтган бу каби муҳокамаларда 30 та оила иштирок етиб, уларнинг 10 таси яраштирилди. Бу эса қанчадан-қанча норасидаларнинг тирик етим бўлиб қолишининг олди олинганлигидан далолатдир.

 

Гулнафис Худайберидева,

Навоий вилоят судининг судьяси. 

Зарафшон туманлараро иқтисодийсудибиносидатугатишбошқарувчиларииштирокиданавбатдагийиғилишбўлибўтди

Йиғилиш танқидий муҳокама тарзида бўлиб, унда “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмунмоҳияти ҳақида қисқача тўхталиб, суднинг ҳал қилув қарорига асосан тўловга қобилиятсиз деб топилган қарздор корхоналарнинг тугатиш ишларига масъул бўлган тугатиш бошқарувчиларининг фаолияти ўрганилди.

Шунингдек, йиғилиш давомида тугатиш бошқарувчиларининг ўз фаолиятлари ҳамда олиб борилаётган тугатиш жараёнлари юзасидан ҳисоботлари тингланди.

Бундан ташқари, тугатиш бошқарувчиларига узоқ вақтдан буён тугатиш жараёни давом этаётган тўловга қобилиятсизллика доир иқтисодий ишлар юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилиб, ҳар қандай қонунга зид хаттиҳаракатлардан ўзларини тийишлари, ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш каби хизмат вазифаларига виждонан ёндашилмаган ҳар бир ҳолатга муросасиз муносабатда бўлиниши юзасидан огоҳлантирилиб, қонунчиликда белгиланган жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилди.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси

Сайёр қабул ва ҳуқуқий тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 31 январь куни Навоий шаҳридаги “Ватан” маҳалла фуқаролар йиғини биносида суд раислари маҳалладаги фуқароларнинг муаммолари жойида ўрганиш мақсадида сайёр қабул ва янги қобул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан тарғибот тадбири ўтказдилар.  

Мазкур қабул давомида бир нечта фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилган бўлса, қолганларига тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Йиғилишда таъкидландики, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш билан бирга уларнинг масъулиятини ошириш, суд қарорларидан норози бўлган тарафнинг суд қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Фуқаролик ҳамда Иқтисодий процессуал кодексларига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан,“Суд қарорларини қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2023 йил 25 декабрда қабул қилинган ва 2024 йилнинг 1 январь кунидан амалга киритилган Ўзбекистон Республикаси қонуни билан суд қарорларини қайта кўриш соҳасида муҳим ўзгартиришлар амалга оширилди.

Қонунчиликка киритилган мазкур янгиликка кўра туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишлар вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар мазкур судларда тафтиш тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини, алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини, шунингдек апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилинишини ҳамда уларнинг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш масъулияти юклатилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қонунчиликда белгиланган аввалги тартибга кўра, апелляция  тартибида кўрилмаган иш бўйича суд ҳужжати устидан норози тарафда кассация шикояти бериш ҳуқуқи мавжуд эмас эди. Бу эса, қайсидир сабабларга кўра апелляция шикоятини бериш муддатларини ўтказиб юборган тарафни суд ҳужжати устидан шикоят бериш ҳуқуқини чеклаб қўяр эди.

Эндиликда суд ҳужжатидан норози бўлган тараф ўз ҳоҳиши бўйича  қонуний кучга кирмаган суд ҳужжати устидан апелляция шикояти билан, қонуний кучга киргач кассация шикояти билан мурожаат этиш  ваколатига эга бўлди.

 

Акбар Хамидов,

Кармана туманлараро иқтисодий судининг раиси.

Меҳнат шартномасига оид янги нормаларнинг судлар томонидан қўлланишига тааллуқли ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда

Мамлакатимизда бугунги кунда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалда кафолатли таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди. Кейинги йиллар мобайнида суд ҳокимиятини инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда муҳофаза қилувчи чинакам мустақил органга айлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги тўғрисидаги меъёрлар қатъий белгилаб қўйилди.

Бу, ўз навбатида, меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни кўришда судлар зиммасига алоҳида масъулият юклайди.

Маълумки, 2022 йил 28 октябрда “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Эски таҳрирдаги Меҳнат кодексида 294 та модда мавжуд бўлса, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 581 та моддадан иборатдир.

Айтиш керакки, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида мажбурий меҳнатни тақиқлаш, ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўймаслик каби муҳим ёндашувлар асосий тамойил сифатида белгиланди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига фуқаролик-ҳуқуқий шартномасини тузиш ва ушбу шартнома асосида юзага келган муносабатларни якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этишга оид янги норма киритилганидан келиб чиқиб, Олий суд Пленуми қарорига бир қатор ўзгартиришлар киритилди.

Аввало Пленум қарорининг 4-бандида судлар якка тартибдаги меҳнатга оид муносабат билан фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган муносабатларни бир-биридан фарқлаши лозимлиги, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилганда фуқаро ташкилот билан меҳнат муносабатларига киришмаслиги, унинг тарафлари ходим ва иш берувчи эмас, балки ижрочи ва буюртмачи ҳисобланиши;

— шунингдек, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида назарда тутилган кафолатлар фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномада назарда тутилмаслиги, тарафларнинг муносабатлари Меҳнат кодекси билан эмас, балки Фуқаролик кодекси билан тартибга солиниши;

— жисмоний шахс билан Меҳнат кодексининг 11-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ тузилган шартнома якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этилиши ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.

Пленум қарорининг 5-бандида ҳарбий хизматчининг меҳнатга доир ҳуқуқларини тиклаш, шу жумладан, хизматга тиклаш тўғрисидаги даъволар “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 45-моддаси ҳамда ушбу қонун билан тасдиқланган “Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Низомнинг 4-моддасига асосан ҳарбий суднинг судловига тааллуқли экани ҳақида тушунтиришлар берилди. Бу ўз навбатида, суд амалиётида ҳарбий хизматчиларни хизматга тиклаш юзасидан тааллуқлилик масаласидаги тушунмовчиликларни бартараф этишга хизмат қилади.

Маълумки, эски таҳрирдаги Меҳнат кодексида ишга тиклаш низолари бўйича ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб судга мурожаат қилиш учун бир ой муддат белгиланган эди. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида ушбу муддат уч ой этиб ўзгартирилди. Ушбу ҳолат ҳам ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва ҳимоя қилиш учун муҳим аҳамият касб этади.

Шу муносабат билан Пленум қарорининг 6 ва 7-бандларида меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим иш жойида бўлмагани ёки ҳужжатларни олишни рад этганлиги муносабати билан унга меҳнат дафтарчаси ёхуд электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма ҳамда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини бериш имконияти бўлмаган тақдирда, иш берувчи кейинги иш кунидан кечиктирмай ходимга меҳнат дафтарчасини олиш учун келиши ёхуд меҳнат дафтарчаси почта орқали юборилишига розилик бериши зарурлиги ҳақида билдиришнома юбориши шартлиги ҳақида тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, Пленум қарорининг алоҳида бандлари билан меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари мустаҳкамланди. Эски таҳрирдаги Меҳнат кодексида ушбу асослар 6 тани ташкил қилган бўлса, айни пайтда улар 11 та эканига эътибор қаратилиб, ҳар битта асосга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Хусусан, суд амалиётида меҳнат шартнома­сини бекор қилишда эски таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 97-моддаси (тарафларнинг келишуви билан) ва 99-моддасида (ходимнинг ташаббуси билан) қайд этилган нормалар юзасидан кўплаб низолар келиб чиқарди. Шу сабабли янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига меҳнат шартномасини тарафларнинг келишуви билан бекор қилишда тарафларнинг келишуви меҳнат шартномасига доир қўшимча келишув билан ёзма шаклда расмийлаштирилиши шартлиги ҳақида янги норма киритилди.

Бундан ташқари ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилгани факти, унинг содир этилишида ходимнинг айби, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилишига имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш мақсадида иш берувчи томонидан хизмат текшируви тайинланиши мумкин.

Хизмат текшируви натижалари тўғрисидаги қарордан норози бўлган ходим якка тартибдаги меҳнат низолари учун белгиланган тартибда судга шикоят қилишга ҳақли эканлиги ҳақида Пленум қарорининг 31-бандида батафсил тушунтириш берилди.

Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига ташкилот мулкдорининг алмашгани, унинг қайта ташкил этилгани, ташкилотнинг идоравий тааллуқлилиги ўзгаргани муносабати билан:

• ходимнинг ишни давом эттиришни рад этиши;

• янги меҳнат шартларида ишлашни давом эттиришни рад этиши;

• иш берувчи билан бирга бошқа жойга ишлаш учун кўчишни рад этиши асослари билан меҳнат шартномасини бекор қилиш каби қатор янги нормалар киритилганидан келиб чиқиб, Пленум қарорининг 44, 45 ва 46-бандларида зарур тушунтиришлар берилди.

Айтиш керакки, меҳнат шартномаси тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган асослар билан ҳам бекор қилиниши мумкин. Бинобарин, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига меҳнат шартномасини тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, бекор қилиш асосларига ҳам қўшимча янги меъёрлар киритилди.

Жумладан, қонунчиликка мувофиқ, меҳнатга оид муносабатларни давом эттиришга монелик қиладиган ҳолатлар юзага келгани ҳамда ташкилотни тугатиш ёки иш берувчи бўлган якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини тугатиш тўғрисидаги суд қарорининг қонуний кучга киргани муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби ҳақида Пленум қарорининг 53 ва 54-бандларида тушунтиришлар берилди.

Хулоса ўрнида айтганда, ушбу Пленум қарори судлар фаолиятида ягона амалиётни шакллантиришга кўмак берувчи муҳим ҳужжат сифатида ўзининг самараларини амалда кўрсатади.

 

Улуғбек Исмаилов,

Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси. 

Д И Қ Қ А Т,  Т А Н Л О В !

Навоий вилоят суди вилоятдаги туманлараро, туман (шаҳар) судларидаги мавжуд бўш иш ўрин (вакант лавозим)ларига кадрлар захирасини шакллантириш юзасидан олий юридик ва олий ахборот-коммуникация технологиялари маълумотига эга бўлган номзодлар бўйича танлов эълон қилади.

1. Жиноят ишлари бўйича Нурота туман судида девонхона мудири лавозими (1 нафар 1 ставка)

 

2. Жиноят ишлари бўйича Конимех туман судида архивариус лавозими(1 нафар 1 ставка)

 

3. Жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман судида архивариус лавозими (1 нафар 1 ставка)

 

4. Жиноят ишлари бўйича Томди туман судида тизимни бошқариш ва хизмат кўрсатиш муҳандиси лавозими (1 нафар 1 ставка)

 

5 Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судида судья ёрдамчиси лавозими (2 нафар 1,75 ставка)

 

6. Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман судида архивариус лавозими (1 нафар 1 ставка)

 

Керакли ҳужжатлар:

1. Номзоднинг аризаси;

2. Номзоднинг маълумотномаси (объективка) ва яқин қариндошлари тўғрисида маълумотнома; (ҳам электрон юбориш зарур  nav.kadr@sud.uz)

3. Сўровнома;

4. Таржимаи ҳол;

5. Диплом ёки чет элда ўқиганлик тўғрисидаги дипломга эса, дипломни тан олинаганлиги ва нострификация қилинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома;

6. Шахсни тасдиқлович ҳужжат (паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта гувоҳномаси) нусхаси;

7. Охирги иш жойи бўйича тасдиқланган қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма (бундан биринчи марта ишга кираётган шахслар мустасно);

8. Тавсифнома (Ишламаган бўлса ўқиш жойидан Тавсифнома);

9. 3,5х4,5 расм 4 дона;

10. Соғлиғи ҳақида тиббий маълумотнома (086-шакл);

11. Ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар учун тегишинча ҳарбий гувоҳнома ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳнома;

12. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами.

Бўш иш ўрин (вакант лавозим)лари бўйича кадрлар захирасига ариза ва унга тегишли ҳужжатларни тақдим этишнинг охирги муддати: 2024 йил 5 февраль, соат 18:00.

Навоий вилоят судининг кадрлар бўлими

Судья ва ёшлар учрашуви ўтказилди

Навоий вилоят суди судьялари Х.Турсунов, Н.Умаров ва С.Жакеевлар томонидан 2024 йил 29 январь куни Навоий шаҳрида жойлашган 5-сонли умумий ўрта таълим мактабида 11-синф ўқувчилари билан давра суҳбати ўтказилди.

Ўтказилган давра суҳбати давомида ёшларга Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилинган конституцияси тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди, жумладан, Конституциянинг 1-моддасига кўра, Ўзбекистон-бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги,  Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга ҳамда тўғридан-тўғри амал қилиши,  шахсни ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши ва ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги ва бошқа шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, асосий иқтисодий, ижтимоий, маданий ва сиёсий ҳуқуқлари конституция билан кафолатланганлиги борасида маълумотлар бериб ўтилди. 

Шу билан бирга, судьялар томонидан ўқувчиларни ҳуқуқ борасида қизиқтираётган бошқа саволларига ҳам батафсил жавоблар бериб ўтилди.

 

Нурбек Умаров,

Навоий вилоят суди судьяси.

Савдо-саноат палатасининг Навоий вилоят ҳудудий бошқармасида ҳуқуқшунослар иштирокида семинар машғулоти ўтказилди

Вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасалар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар ҳуқуқушунослари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида Савдо саноат палатасида ўтказилган семинар йиғилишининг кун тартибидаги масалааси суд қарорларини қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати амалдаги процессуал кодексларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини ёритиб беришдан иборат бўлди.

Хусусан,“Суд қарорларини қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2023 йил 25 декабрда қабул қилинган ва 2024 йилнинг 1 январь кунидан амалга киритилган Ўзбекистон Республикаси қонуни билан суд қарорларини қайта кўриш соҳасида муҳим ўзгартиришлар амалга оширилди.

Қонунчиликка киритилган мазкур янгиликка кўра туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишлар вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар мазкур судларда тафтиш тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини, алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини, шунингдек апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилинишини ҳамда уларнинг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш масъулияти юклатилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Семинарда янги тартибга кўра одил судловга эришишнинг имкониятлари янада кенгайиб, аҳолининг судма-суд юришига барҳам берилганлиги, бунда биринчи инстанция судининг қарори ёки ажримидан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади. Вилоят судида ташкил этилган апелляция ёки кассация ҳамда тафтиш инстанцияларининг қароридан норози бўлинган тақдирда, суд қароридан норози бўлган тарафнинг шикояти бўйича ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўриб чиқилиш масаллари муҳокам қилинди.

Энг муҳими шундаки, эндиликда юқори турувчи судлар томонидан қўйи судларнинг бекор қилинган қарорларини янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тартиби бекор қилиниб, ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилди.

Қонунчиликда белгиланган аввалги тартибга кўра, апелляция тартибида кўрилмаган иш бўйича суд ҳужжати устидан норози тарафда кассация шикояти бериш ҳуқуқи мавжуд эмас эди. Бу эса, қайсидир сабабларга кўра апелляция шикоятини бериш муддатларини ўтказиб юборган тарафни суд ҳужжати устидан шикоят бериш ҳуқуқини чеклаб қўяр эди.

Эндиликда суд ҳужжатидан норози бўлган тараф ўз ҳоҳиши бўйича қонуний кучга кирмаган суд ҳужжати устидан апелляция шикояти билан, қонуний кучга киргач кассация шикояти билан мурожаат этиш  ваколатига эга бўлди.

Одил судлов соҳасига тафтиш институтининг киритилиши ва суд қарорини тафтиш тартибида кўриш ваколатларини ўрта буғин судлари ҳисобланган вилоят судлари ва унга тенглаштирилган судларга берилиши, тафтиш инстанцияси томонидан ишни кўришда қўйи судларнинг моддий ва процессуал қонун нормаларига риоя этилганлиги ҳолатини тўлиқ тафтиш қилиш орқали кўриб чиқиб, суд қарорларига қонуний баҳо берилиши билан биргаликда, судда иши кўрилаётган тарафларнинг Тошкент шаҳрида жойлашган Олий судга бориши билан боғлиқ вақтини ва харажатларини ҳам тежайди.

Шу билан биргаликда мазкур институтни қонунчиликка тадбиқ этилиши орқали Олий суднинг марказлашган ваколатларини қўйи судларга ўтказилиши билан, ўрта буғин судларининг одил судловни таъминлашдаги ваколатларини кенгайтириш билан биргаликда уларга қонуний ва асосли қарор қабул қилиш каби масъулиятни ҳам юклайди.

Хулоса қилиб айтганда, одил судлов соҳасида амалга оширилган мазкур ислоҳотлар суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш механизмини янада такомиллаштириш ҳамда суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш орқали одил судлов сифатини ҳамда фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Турғун Қаҳҳоров,

Хуршид Турсунов,

Навоий вилоят судининг судьялари.

Skip to content