Қидирув:

Жиноятчиликни олдини олиш борасидаги тарғибот тадбири ўтказилди

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судьялари С.Болтаев, М.Камолов ва Д.Пардаева жиноятлар салмоғи ошгани бўйича “қизил ҳудуд” тоифасига киритилган шаҳардаги «Кимёгар» ва «Янгиобод» каби маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли билан учрашди.

Учрашувда маҳалла маъмурияти ҳамда ёшлар ишти ва маҳалла аҳолисини жиноятчилик ҳақида хабардор қилиш, келгусида ноҳуш ҳолатлар содир этилишини олдини олиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, жиноятчиликнинг ошиши сабабларини аниқлаш ҳамда жиноятчиликни бартарф этиш чораларини кўриш лозимлиги борасида билдирилган таклиф муҳокама қилинди.

Мақсад ҳудудда жиноятчиликни олдини олишга қаратилган тадбирларни мунтазам равишда амалга ошириш, аҳолига ижтимоий ҳавфли қилмиш учун жавобгарлик муқаррарлигини етказишдир.

Аҳолининг ҳуқуқий онгли ва ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида маҳаллаларда сайёр суд мажлисларини ўтказиш ва жиноят иши юзасидан чиқарилган ҳусусий ажримлар муҳокамаси вақти тўғрисида ишни кўриб чиққан судьяни хабардор қилиш борасида келишиб олинди.

 

Дилобар Пардаева

 Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг судьяси

ОИЛА-ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА

Навоий вилоят ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва криминоген вазиятга таъсир этувчи ижтимоий маиший муаммоларни бартараф қилиш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш борасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар йўл харитасининг 13.7 бандида оилавий ажримлар масаласига судлар томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, уларни яраштириш ва муаммоларини ҳал этиш чораларини кўриб бориш белгиланган.

Мазкур йўл харитасининг ижросини таъминлаш мақсадида 2023 йил 25 июлда Навоий вилоят суди, Навоий вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Мемарандум имзоланди.

Ушбу Мемарандум Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Қонунлари ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойилларига таянган ҳолда, Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, аёлларни мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан яқиндан таништириб бориш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада ошириш, никоҳдан ажратиш ва эрта никоҳга киришиш ҳолатларини олдини олиш, улар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олиш, биринчи марта жиноят содир этиш йўлига кириб қолганларга жиноят, фуқаролик ёки ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича судга мурожаат қилганларга, тазйиққа учраган, зўрлик ишлатишдан жабрланган аёлларга ҳуқуқий кўмак бериш, фуқаролик, мулкий муносабатлардаги муаммоларни ҳал этиш, уларни тадбиркорлик соҳасида яратилаётган имкониятлардан яқиндан хабардор этиб бориш, умумхалқ аҳамиятига молик ижтимоий лойиҳа, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ишларида ўзаро ҳамкорликнинг мазмуни, йўналишлари ва тартибини белгилаб беради.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг топшириқ хатига асосан ҳар ҳафталик никоҳдан ажратиш ҳақидаги фуқаролик ишлари бўйича тарафлар ярашганлиги сабабли тугатилган ишлар юзасидан статистик маълумот юритилиб борилмоқда.

Навоий вилоят судининг иш режаларига мувофиқ никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар ҳар чоракда ўрганилиб, умумлаштирилиб, муҳокамаси Навоий вилоят судининг раёсат мажлисида кўриб чиқилиб, чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Навоий вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йилнинг 1-ярмига мўлжалланган иш режасига кўра, жорий йилнинг 2-чорагида судлар томонидан кўрилган никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар таҳлил қилиниб, умумлаштирилди.

Навоий вилоят судида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари-Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирокида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ва оилавий ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ишлаш,уларни ҳимоя қилиш борасидаги амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган қўшма мажлис бўлиб ўтди.

Йиғилишда оилавий ажримлар, уларни камайтириш бўйича қилинган ишлар ҳар бир туман (шаҳар) кесимида таҳлил этилиб, оилавий низоларни барвақт аниқлаш, уларни яраштириш чораларини кўриш ва бу борада ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланиб, оилавий низоларни судгача ҳал этиш механизмини жорий этиш, бу борадаги қонун ҳужжатларига таклифлар тайёрлаш масаласи муҳокама қилинди.

Барчамизга маълумки оила бу давлат ва жамиятнинг пойдеворидир. Бироқ минг афсуски фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларнинг таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, жорий йилнинг 1-ярми давомида никоҳдан ажратиш бўйича аризаларни қаноатлантириш кўрсаткичи республика миқёсида 62,8 фоизни ташкил этган бир вақтда вилоятимизда ушбу кўрсаткич 71,4 фоизни ташкил қилмоқда.

Фуқаролик судлари томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўрилиши аҳволи ўрганилганда:

Жорий йилнинг 1-ярми мобайнида жами 1151 (912) та никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар кўрилган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 239 тага ёки 20,7 фоизга ошган.

Шундан судлар томонидан 650 та ишлар бўйича никоҳдан ажратиш ҳақидаги оила батамом бузилганлиги ва уни тиклашнинг имкони йўқлиги сабабли даъволар қаноатлантирилган, 260 та даъволар оилани сақлаб қолиш имконияти борлиги, оила барбод бўлмаганлиги асосида рад қилинган, 74 таси кўрмасдан қолдирилган, 167 таси иш юритувдан тугатилган.

Никоҳдан ажратиш билан боғлиқ кўрилган ишлар Навоий шаҳрида 271 та, Кармана туманида 237 та, Қизилтепа туманида 170 та, Зарафшон шаҳрида 55 та, Хатирчи туманида 193 та, Навбаҳор туманида 103 та, Учқудуқ туманида 31 та, Конимех туманида 34 та, Нурота туманида 50 та, Томди туманида 7 тани ташкил қилади.

Бевосита мазкур ишларни таҳлил қиладиган бўлсак, 2023 йил биринчи ярмида никоҳдан ажратиш билан боғлиқ жами кўрилган 1151 та даъво аризаларнинг 685 таси эркаклар томонидан, 466 таси аёллар томонидан судга тақдим этилган.

Навоий вилоят судининг раёсат қарорига мувофиқ, никоҳдан суд тартибда ажратиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида туман (шаҳар) оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўлимлари билан ҳамкорликда профилактик тадбирларни амалга ошириш, маҳалла фаолларини эр-хотиннинг яраштириш масаласидаги суд жараёнларига иштирокини таъминлаш белгилаб қўйилди.

Навоий вилоят судининг судьялар томонидан МФЙлардаги сайёр қабулларда никоҳ шартномасининг оилаларни мустаҳкамлигини таъминлашдаги ўрни, эр-хотиннинг никоҳда бўлган даврда ёки ажрашган тақдирда мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи, эр-хотин ва вояга етмаган фарзандларни манфаатларини таъминловчи қонуний ҳужжат эканлиги ва бошқа оила ва никоҳ муносабатларидаги низолар юзасидан тушунтириш ишларини кучайтириш муҳим вазифа қилиб белгилаб қўйилди.

Навоий вилоят суди томонидан судьялар ва оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўлимлари билан биргаликда оилавий низолари бор, нотинч оилалар мавжуд маҳалла фуқаролар йиғинларида очиқ мулоқот ва учрашувлар ташкил қилиб, нотинч оила аъзолари билан судьялар индивидуал суҳбатлашиб, никоҳдан ажратишнинг салбий оқибатлари тушунтирилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ташаббуси билан суратга олинган “Фарзанд-омонат”, “Ота” номли тарбиявий аҳамиятга эга қисқа метражли филъмлар намойиш қилиб борилмоқда.

Навоий шаҳрида “Жанубий”, “Лочин ” МФЙ, Нурота туманида “Э.Судур”, “Турко”, “А.Навоий”, “Шахристон”, “Янгихаёт”, “Нурфахр”, “А.Темур” МФЙларида, Конимех туманидаги “Зафаробод”, “Янги Ғозғон” “Гулистон”, “Бирлик”, “Шуртепа”, “Туккизтепа” МФЙ, Кармана туманида “Талқоқ” МФЙ, Хатирчи туманидаги “Новжа”, “Тошқулок”, “Икром Карвон” “Хўжақулобод”, Зарафшон шаҳридаги “А.Навоий”, “Кончилар”, “Навруз”, “Геолог” МФЙларда  “Оилавий ажримларни олдини олиш ва низоли оилалар билан ишлаш куни” муносабати билан ушбу маҳаллаларнинг ажрим ёқасида турган ёш оилалар учун яраштирув ишлари амалга оширилди.

Яраштирув жараёнларида Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи М.Мамадиярова, Навоий вилоят суди раиси ўринбосари И.Касимов, вилоят суди судьялари ва туман сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, хотин-қизлар фаоллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, туман отинойи ва маҳалла оқсоқоллари қатнашиб 25 та оиладан 10 нафар оилани яраштиришга эришилди.

Келгусида ҳам мазкур ишлар Навоий вилоят суди ҳамда Навоий вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси билан ўзаро ҳамкорлик асосида доимий равишда ташкиллаштирилиб борилади.

 

Гулнафис Худайбердиева

Навоий вилоят суди судьяси

Давлат мулкини бошқариш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди

Маълумки, Давлат мулкини ҳуқуқий мустаҳкамлаш жамият ривожланишининг асосий омили ҳисобланади. Давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқи фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган асосларга кўра юзага келади. Давлат фуқаролик қонунчилиги билан тартибга солинадиган муносабатларда уларнинг бошқа иштирокчилари билан баравар асосларда иштирок этади.

Жорий йилнинг 9 март куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги Қонунинг қабул қилиниши мамлакатимизда давлат мулкини бошқариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиши билан бир қаторда Давлат мулкини бошқариш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари давлат мулкининг тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлаш, давлат мулки ушбу Қонунда кўрсатилган мезонларга мувофиқ бўлганда унга эгалик қилиш, рақобат ривожланган соҳаларда давлат мулкини хусусийлаштириш, қайта ташкил этиш ва тугатиш орқали давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш, давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятига замонавий корпоратив бошқарув принципларини жорий этиш, очиқ ва шаффоф ҳисобот тизимини яратиш, вазифалари белгилаб берилган.

Хусусан, Қонун билан Давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқи қуйидаги асосларга кўра ҳам юзага келиши мумкин: шартномалар ва бошқа битимлар тузилганда, шу жумладан гарчи қонунда назарда тутилмаган бўлса-да, лекин унга зид бўлмаган шартномалар ҳамда бошқа битимлар тузилганда, мол-мулкни ва (ёки) мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини, солиқлар ва йиғимлар бўйича қарздорликни, шунингдек давлат улуши бўйича ҳисобланган дивидендларни хўжалик жамиятининг устав фондига (устав капиталига) киритиш йўли билан улушни олишда, суд қарорлари асосида.

Эндиликда, қонунга кўра, қуйидаги давлат мулки хусусийлаштирилмайди: Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасидаги ер, ер ости бойликлари, сув омборлари, ҳаво бўшлиғи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, моддий маданий мерос объектлари, архив ҳужжатлари, давлат музейлари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, шу жумладан хиёбонлар ва ботаника боғлари.

Шунингдек, Давлат мулкига эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланиш давлат мулкини бошқариш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Давлат мулки ижарага, ишончли бошқарувга, текин фойдаланишга, сақлашга ва гаровга, шунингдек давлат-хусусий шериклик шартлари асосида берилиши мумкин.

Давлат мулки ўзига бириктирилган шахслар давлат мулкидан оқилона ва самарали эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланилишини таъминлайди ҳамда ўзига ишониб топширилган мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, унга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, унинг яхлитлигини ва бут сақланишини таъминлаш учун масъулдир.

Давлат мулки нафақат ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш ва аҳолининг эҳтиёжларини қондириш учун, балки давлат ва унинг органларининг мавжуд бўлиши ҳамда уларнинг ўз вазифаларини амалга оширишлари учун зарурдир.

Зеро, мазкур қонуннинг қабул қилиниши давлат мулкини бошқариш соҳасини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

 

 

 

Дилшод Турдиев
Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси

Ноқонуний валюта савдоси қимматга тушди

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 22 октябрдаги “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасида, валюта қимматликларига – чет эл валютаси, соф қуйма олтин кириши, мазкур қонуннинг 9-моддасида, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар (ишлар, хизматлар) учун барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар Ўзбекистон Республикаси валютасида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Навбаҳор туманида яшовчилар Э.Хамидов ва К.Сатторовалар (исми-шарифи ўзгартирилган) ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлишиб, Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг валюта қимматликларини ўтказиш қонунга хилоф эканлигини била туриб, қонун талабларига бўйсунмасдан 2023 йил 25 апрель куни ўзларига тегишли бўлган Навбаҳор туманида жойлашган савдо дўконида фуқаро Г.Б.га ҳар бир АҚШ долларини қора бозор курсида 11 450 сўмдан ҳисоблаб, 3000 АҚШ долларини жами 34 350 000 сўмга сотган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланиб, улардан 3000 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олиб қўйилади.

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди томонидан 2023 йил 21 июнь куни Э.Хамидов ва К.Саттороваларга нисбатан бўлган жиноят иши суд муҳокамасида кўриб чиқилди ва уларнинг айби судда тўлиқ тасдиғини топди.

Суд томонидан Э.Хамидов ва К.Саттороваларни Ўзбекистон Республикаси ЖК 177-моддаси 3-қисмининг “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, Э.Хамидовга 15.000.000 сўм ва З.Сатторовага 10.500.000 сўм жарима жазоси тайинланиб, ашёвий далил тариқасида олинган 3000 АҚШ доллари давлат фойдасига мусодара қилинди.

 

Алишер Сайдуллаев

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси

Меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган низолар юзасидан судга мурожаат қилиш муддатлари

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўнинчи бобида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари мустаҳкамланган. Ушбу бобнинг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади деб кўрсатилган.

Қонунчиликда ўзининг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун даъво муддатлари белгиланган. Даъво муддати деб, шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўладиган муддатга айтилади. Даъво муддати шахс ўз ҳуқуқларини амалга оширилишини талаб қиладиган муддат ҳисобланади. Даъво муддатлари умумий ва махсус даъво муддатларига бўлинади.

Меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган низолар юзасидан судга мурожаат қилиш муддатлари махсус даъво муддатлари ҳисобланади. Сабаби меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган низолар бўйича қисқартирилган даъво муддатлари белгиланган.

2023 йил 30 апрель кунига қадар амалда бўлган Меҳнат кодексининг 270-моддасида, ишга тиклаш низолари бўйича — ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой, ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарни тўлаш ҳақидаги низолар бўйича — зарар етказилганлиги иш берувчига маълум бўлган кундан бошлаб бир йил, бошқа меҳнат низолари бўйича — ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб уч ой, ходимнинг соғлиғига етказилган зарарни қоплашга доир низолар бўйича судга мурожаат қилиш учун муддат белгиланмаслиги назарда тутилган.

Ҳозирги кунда амалда бўлган Меҳнат кодексининг 560-моддасида, ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича — ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги иш берувчи буйруғининг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан уч ой, ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар бўйича — иш берувчи зарар етказилганлигини аниқлаган кундан эътиборан бир йил, бошқа меҳнат низолари бўйича — ходим ўзининг ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан олти ой, ходимнинг ҳаётига ва соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар бўйича, шунингдек ходимга етказилган маънавий зиённи компенсация қилиш ҳақидаги низолар бўйича судга мурожаат этиш муддати белгиланмаслиги қайд этилган.

Юқоридагилардан кўринадики, амалдаги Меҳнат кодексида ходимларнинг манфаатдларидан келиб чиқиб, ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича мурожаат қилиш муддати бир ойдан уч ойга, бошқа меҳнат низолари бўйича уч ойдан олти ойга узайтирилган.

Хулоса қиладиган бўлсак, меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган низолар бўйича даъво муддатларининг белгиланиши жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, судлар томонидан низоларни қонуний ва адолатли ҳал этиш, иш юзасидан ҳақиқатни аниқлаш, холисликни таъминлаш ҳамда асосли қарорлар қабул қилишда муҳим ўрин тутади.

 

Анвар Жумаев

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси 

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 17-боби алимент тўлаш бўйича келишув деб номланган бўлиб, ушбу бобда алимент тўлаш бўйича келишув тузиш, келишувнинг шакли, келишувни ўзгартириш ёки бекор қилиш бўйича нормалар мавжуд.

Алимент тўлаш бўйича келишув битим ҳисобланади ва уни тузган шахслар учун ҳуқуқ ва мажбуриятлар вужудга келтиради.

Оила кодексининг 130-моддасига кўра алимент тўлаш тўғрисидаги келишув (алимент миқдори, шартлари ва тўлаш тартиби) алимент тўлаши шарт бўлган шахс билан алимент олувчи ўртасида тузилади. Бундан кўринадики алимент тўлаш бўйича келишувни алимент мажбурияти иштирокичилари ўртасида тузилишига йўл қўйилади. Тарафларнинг яқин қариндошлари ва вояга етмаганлар ўртасида бундай келишув тузилишига қонун йўл қўймайди.

 Агар алимент олувчи муомалага лаёқатсиз бўлса, келишув унинг қонуний вакили билан тузилади.

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ёзма шаклда тузилиб, нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.

Алимент тўлаш бўйича келишувни қонунда кўрсатилган шаклига риоя қилмаслик уни келгусида ҳақиқий эмас деб топилишига асос бўлади.

Яьни бундай келишув албатта ёзма шаклда тузилиб, нотариал тартибда тасдиқланиши шарт.

Нотариал тартибда тасдиқланган алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ижро варақаси кучига эга бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддасида ҳам  алиментлар тўлаш тўғрисидаги нотариал тарзда тасдиқланган келишувлар ижро ҳужжати ҳисобланиши кўрсатилган.

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув тарафларнинг ўзаро розилиги билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳам ўша шаклда амалга оширилади.

Агарда алимент тўлаш бўйича келишув ўзгартирилганда тарафларнинг мажбуриятлари ўзгартирилган ҳолда сақланиб қолади. Келишув бекор қилинганида эса тарафларнинг мажбуриятлари бекор бўлади.

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувнинг бажарилишини бир тарафлама рад қилишга ёки унинг шартларини бир тарафлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув бўйича алимент миқдори, тўлаш усуллари ва тартиби шу келишув билан белгиланади.

 

Ғайрат Якубов

Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди судьяси

ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ДОИМО ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА

Жорий йилнинг 22 июль куни Навоий вилоят судига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Ш.Махкамова ташриф буюрди ва шу куни аёллар ҳуқуқларига доир қўшма мажлис ўтказилди.

Мажлисда вилоят суди раиси Х.Қудратов, раиси ўринбосари И.Касимов, вилоят, туманлараро (туман) судларининг фуқаролик ишлари бўйича судьялари, туман (шахар) оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиқлари, туман (шахар) адлия бўлим бошлиқлари ва ИИБ ходимлари иштирок этдилар.

Йиғилишда З.Махкамова мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, оилалар барқарорлигини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни Навоий вилоятида ҳам тизимли давом эттириш масаласига тўхталиб ўтди.

Шунингдек, оилавий ажримлар сони, уларни камайтириш бўйича қилинган ишлар ҳар бир туман (шахар) кесимида муҳокама қилинди. Оилавий низоларни барвақт аниқлаш, уларни яраштириш чораларини кўриш ва бу борда ўзаро ҳамкорликни яхшилаш масаласи келишиб олинди.

Оилавий низоларни судгача ҳал этиш механазимини жорий этиш, бу борадаги қонун ҳужжатларига таклифлар тайёрлаш масаласи муҳокама қилинди.

Суднинг эр-хотинни яраштириш бўйича чиқарган ажримларни ижросини таъминлаш, уларни кўриб чиқиш якуни бўйича судларга хулосалар тақдим этиш, хулосаларнинг намунвий шакллари юзасидан келишув тузилди.

Шунингдек, судлар ва туман (шахар) оила ва хотин-қизлар бўлими ўртасида тезкор ахборот алмашинувини таъминлаш юзасидан телеграм гурухи ташкил қилинди.

Келгусида судлар ҳамда туман (шахар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари томонидан бундай тардбирлар жойларда режа асосида давом эттриладиган бўлди.

 

 

Навоий вилоят суди судьяси Нодиржон Расулов

Янги конституция нормалари амалда қўлланилмоқда!!!

Даъвогар Б.Р.нинг жавобгар Хатирчи туман халқ таълими бўлимига нисбатан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқни ғайриқонуний деб топиб ўз ишига тиклаш, мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди томонидан 2023 йил июль ойининг 06 куни кўриб чиқилди.

Аниқланган ҳолатларга кўра, Хатирчи туман халқ таълими бўлими мудирининг 2023 йил 31 март кунидаги 245-5-77-ХТ/2023-сонли буйруғига кўра Р.Б билан имзоланган меҳнат шартномаси Ўз.Р Меҳнат кодексининг (эски тахрирдаги) 100-моддаси 2-қисми 3-бандига асосан бекор қилинган.

Мазкур буйруққа асос сифатида унга 2023 йил 03 февралдаги 22-5-77-ХТ/2023-сон буйруғи билан қўлланилган хайфсан, 2023 йил 28 февралдаги 190-5-77-ХТ/2023-сон буйруғи билан қўлланилган 30 % жарима интизомий жазо чоралари, Хатирчи туман прокуратурасининг 2023 йил 28 февралдаги 9/90-23-сонли тақдимномаси, тушунтириш хати, лавозим мажбуриятлари, касаба уюшмаси қўмитасининг розилик қарори, Ўз.Р Меҳнат кодексининг (эски тахрирдаги) 100-моддаси иккинчи қисми 3-банди кўрсатилган.

Мазкур меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ чиқарилгунга қадар, Хатирчи туман халқ таълими бўлими мудирининг 3.02.2023 йилдаги 122-5-77-ХТ/2023-сонли буйруғига асосан Р.Бга лавозим мажбуриятларини тўлиқ бажармаганлиги, иш жараёнида хато ва камчиликларга йўл қўйганлиги, инглиз тили фани ўқитувчиси Д.Хнинг 2022 йил декабрь ойи иш ҳақини ёзиш жараёнида камчиликлари учун “хайфсан” интизомий жазоси берилган.

Буйруққа асос сифатида мактаб директори Ш.Бнинг билдиргиси, туман молия бўлими ҳамда мактаб ходимлари томонидан тузилган 2023 йил
19 январдаги далолатнома, Ўз.Р Меҳнат кодексининг 181-моддаси 1-банди кўрсатилган.

Шунингдек Хатирчи туман халқ таълими бўлими мудирининг 28.02.2023 йилдаги 190-5-77-ХТ/2023-сонли буйруғига асосан Р.Бга ўзининг лавозим мажбуриятларини бажаришда камчиликларга йўл қўйганлиги сабабли ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима жазоси қўлланилган.

Буйруққа асос сифатида мактаб директори Ш.Бнинг билдиргиси, Р.Бнинг тушунтириш хати, Ўз.Р Меҳнат кодексининг 181-моддаси
2-банди кўрсатилган.

Судда аниқланган ҳолатларга кўра иш берувчи, яъни жавобгар Хатирчи туман халқ таълими бўлими даъвогар Р.Бга нисбатан икки ой ичида учта интизомий жазо чорасини қўллаган бўлсада аммо бирортаси бўйича ҳам даъвогарни интизомий жазо берилгани тўғрисида буйруқ ходимга маълум қилинмаган, таништирилгани ҳақида тилхат олинмаган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг (эски тахрир) 182-моддасида кўрсатилишича, интизомий жазолар ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган шахслар (органлар) томонидан қўлланилади.

Интизомий жазо қўлланилишидан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиниши лозим. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бош тортиши унинг илгари содир қилган ножўя хатти-ҳаракати учун жазо қўллашга тўсиқ бўла олмайди.

Интизомий жазони қўлланишда содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади.

Ҳар бир ножўя хатти-ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо қўлланиши мумкин.

Интизомий жазо берилгани тўғрисидаги буйруқ (фармойиш) ёки қарор ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади.

Хатирчи туман халқ таълими бўлими мудирининг 2023 йил 31 март кунидаги 245-5-77-ХТ/2023-сонли буйруғига кўра Р.Б билан имзоланган меҳнат шартномаси Ўз.Р Меҳнат кодексининг (эски тахрирдаги) 100-моддаси 2-қисми
3-бандига асосан бекор қилинган. Мазкур буйруққа асос сифатида унга бундан олдинги иккита интизомий жазо қўллаш ҳақидаги буйруқлар ва Хатирчи туман прокуратурасининг 2023 йил 28 февралдаги 9/90-23-сонли тақдимномаси асос қилиб кўрсатилган.

Хатирчи туман прокуратурасининг 2023 йил 28 февралдаги 9/90-23-сонли тақдимномасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.10.2021 йилдаги 638-сон қарори билан тасдиқланган “Жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган, шунингдек узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болаларга уйда якка тартибда таълим бериш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига риоя қилиниши аҳволи туман ХТБ тасарруфидаги умумий ўрта таълим мактабларида ўрганилгани, ўрганишда бир нечта мактабларда шу соҳада қатор камчиликлар аниқлангани, жумладан тумандаги 24-сонли умумтаълим мактабнинг 7-синф ўқувчиси Н.Болтаева ўқув режада физика фани режалаштирилмаган бўлсада, ушбу фан бўйича унга дарс соатлари ўтиб келингани камчилик сифатида қайд этилган.

Туман прокуратурасининг тақдимномасида юқорида қайд этилган камчилик Хатирчи туманидаги 24-сон умумтаълим мактабининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Р.Бозоров томонидан содир қилингани ёки Р.Бозоровга интизомий жазо чорасини қўллаш сўралмаган бўлсада, Хатирчи туман ҳалқ таълими бўлими мудири томонидан шу холатлар бўйича Р.Бозоров билан меҳнат шартномаси меҳнат интизомини мунтазам равишда бузиб келганлиги важи билан бекор қилинган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги 638-сонли “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим беришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига 4-илова қилиб тасдиқланган “Жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган, шунингдек узоқ вақт даволанишгав муҳтож бўлган болаларга уйда якка тартибда таълим бериш тартиби тўғрисидаги” Низомнинг 4-боб 20-бандида “Ўқувчининг қизиқиши ва қобилиятини ҳисобга олиб, ота-оналарнинг аризасига мувофиқ ўқув режасида кўрсатилган фанларни умумий соатлар миқдоридан ошмаган ҳолда 1 соатга ўзгартиришга йўл қўйилади.

Бундай ўзгартириш мактаб директорининг буйруғига мувофиқ ўқув режасидаги битта фанни бошқа бир фан билан алмаштириш ҳисобига амалга оширилади” деб кўрсатилган.                 

Бундан маълум бўлишича фуқаро Ф.Арзиқулованинг набираси Болтаева Нилуфарга жисмоний тарбия фани ўрнига физика фанини қўйиб бериш мактаб директорининг ваколати бўлсада, бундай камчиликка йўл қўйилганлиги важи билан Р.Бозоровга икки ой ичида учинчи интизомий жазо чораси берилиб у билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Судда аниқланган ҳолатларга кўра, жисмоний, ақлий ёки руҳий нуқсонлари бўлган уйда якка тартибда таълим олаётган болаларга битта фанни бошқа бир фан билан алмаштириб бериш вазифаси ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозим мажбурияларига кирмайди, аммо шундай бўлсада айнан шу ҳолат бўйича Р.Бозоровга учинчи интизомий жазо чораси ҳам нотўғри қўлланилган ва бунинг натижасида у билан меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасига кўра ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Суд юқорида кўрсатилган қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Олий суд Пленум қарори раҳбарий кўрсатма талабларидан келиб чиқиб, судда аниқланган иш ҳолатларига кўра, жавобгар Хатирчи туман халқ таълими бўлимининг даъвогар  Р.Б билан меҳнат шарномасини бекор қилиш ҳақидаги 31.03.2023 йилдаги 245-5-77ХТ/2023-сонли буйруғини ғайриқонуний деб топишни ҳамда Р.Бни 2023 йил 31 март кунидан бошлаб ўз ишига, Хатирчи туманидаги 24-сон умумтаълим мактабининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимига ишга тиклашни лозим деб топди.

Шунингдек, даъвогар Р.Бнинг 2023 йил 31 мартдан 2023 йил 06 июль кунига қадар мажбуран бекор юрган кунлари 3 ой 6 кун учун жами 13.434.093 сўм иш ҳақи (солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ушланган ҳолда) ундириб берилди.

Хулоса қилиб айтганда, янги Конституция нормалари амалда қўлланилиб, меҳнат ҳуқуқлари бузилган ходимнинг ҳуқуқлари суд орқали тикланди.   

 

Баходир Бабақулов

 

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси

Хусусий ажрим муҳокама қилинди

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Курбонов томонидан жиноятчиликни олдини олиш ва унга қарши кураш юзасидан  Навоий кон металлургия комбинати акциядорлик жамияти Шимолий кон бошқармасига қарашли Шарқий конида хусусий ажримнинг муҳокамаси юзасидан учрашув ўтказилди.

Туман судининг 2023 йил 1 июндаги ҳукмига кўра, Ф.Ш.га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизи давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Суднинг ҳукмига кўра, судланувчи Ф.Ш қасддан жиноят содир етиш йўлига кириб, фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки мулкига бўлган ҳуқуқини қўлга киритишни ўз олдига мақсад қилган ҳолда, 2022 йил 30 июль куни Ш.Ё.га тегишли дўконга бориб, унга онасини туғилган куни эканлигини, шу сабабли унга тилла тақинчоқ совға қилишини айтган ҳолда уни алдаб, унга тегишли бўлган 30 грам вазндаги бир дона “Медас” номли тилла тақинчоқни жами 16 млн 690 минг сўмга оғзаки келишиб, унинг ишончига кириш мақсадида бир неча кундан сўнг 3 млн сўм миқдоридаги пулларни бериб, қолган 13 млн 690 минг сўм пулларни бир неча кун ичида беришини айтиб, фирибарлик йўли билан қўлга киритган бир дона тилла тақинчоқни сотиб юбориб, пулларини ўз эҳтижлари учун ишлатиб юборган.

Бундай салбий ҳолатларга барҳам ва бундан кейин бу каби жиноятларни олдини олиш мақсадида бошқарманинг мутасадди ходимлари томонидан мазкур жиноятни келиб чиқишига сабаб бўлган ўрганиш, жиноят содий этишга мойил ходимлар билан ҳуқуқий тарғибот ишларини жадаллаштириш юзасидан чора-тадбирлар белгилаш кераклиги қайд этилди.

Шунингдек, йиғилишда туман судининг раиси Шимолий кон бошқармасига қарашли автомобиль транспорт бошқармаси ишчи ходимларига бугунги кунда энг кўп содир этилаётган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар ҳақида маълумот бериб, ўз ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилишлари ҳақида ҳуқуқий маслаҳатлар берди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

 

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси

Акмал Қурбонов

Skip to content