Жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистоннинг роли ва ўрни тобора ошиб бораётган шароитларда мамлакат Конститутцияси маънавий тараққиётни таъминлаш ишида, асосийси, мамлакатнинг изчил иқтисодий ривожланиши ва халқ фаровонлиги ошишида реал ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Конституцияси мустақиллик қўлга киритилгандан кейин жуда қисқа муддатларда ишлаб чиқилгани ва қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
“Конститутция” деганда биз онгу тафаккуримизнинг муайян мустаҳкам принципларидан келиб чиқадиган ва ижтимоий фаровонлик мақсадларига йўналтирилган, жамият риоя қиладиган аниқ ва ягона тизимига солинган қонунларнинг, қоида ва одатларнинг мужассамлигини тушунамиз деган эди – инглиз сиёсатчиси, давлат арбоби ва ёзувчиси Генри Сент-Жонт виконт Болингброк.
Халқимиз конституциявий ислоҳотлардан катта ўзгаришларни кутаётганлиги сир эмас, албатта. Бунинг исботи сифатида лойиҳа бўйича ўтказилган умумхалқ муҳокамаси жараёнида аҳолидан 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушганлиги ҳам фуқароларимиз ушбу масалага жуда катта қизиқиш ва эътибор билан ёндашганлигидан яққол далолат беради.
Конституциявий қонун лойиҳаси устида ишлашда сенаторларимиз ҳам фаол иштирок этдилар. Хусусан, 19 нафар сенаторларимиз Конституциявий комиссия таркибида Конституциявий қонун лойиҳаси устидаги ишларда бевосита қатнашдилар.
Хабарингиз бор, Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасида, етук олимлар, жамоатчилик, халқаро ва хорижий экспертлар иштирокидаги муҳокамаларда ҳар томонлама таҳлил қилинди ва маромига етказилди.
Хусусан, лойиҳани тайёрлашда ва такомиллаштиришда 400 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, 190 га яқин мамлакатлар конституциялари пухта ўрганилди, халқаро эксперт ва мутахассислар иштирокида бир неча бор муҳокама қилинди, шунингдек республиканинг турли ҳудудларида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида жами 20 мингга яқин муҳокамалар ташкил этилди.
Лойиҳа 10 га яқин хорижий ва халқаро, шу жумладан лингвистик, юридик, гендер-ҳуқуқий, коррупцияга қарши, жамоатчилик ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги юзасидан экспертизалардан ўтказилди. Халқаро экспертлар ҳам мазкур лойиҳа халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган барча қоидаларини ўзида мужассам этганлигини кўрсатди.
Жорий йил 10 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлиси бўлиб, унда Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумни тайинлаш ва уни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Қарорда мазкур қарорнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш учун уни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига юбориш тартиби ҳам белгиланган эди.
Шунга мувофиқ, Конституциявий суд жорий йил 13 март куни ўз мажлисини ўтказиб, юқоридаги қарорни Конституцияга мувофиқ деб топди.
Конституциявий қонун лойиҳасида мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолатлар ўз ифодасини топмоқда. Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган конституциявий тамойил муҳрланмоқда.
Бу барчанинг қонун олдида тенглигини ва қонундан хеч ким устун эмаслигини таъминлаш, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилиш, умуман олганда давлат органларининг халққа хизмат қилиши учун мустаҳкам пойдевор бўлади.
Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида илгариги “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган.
Хусусан, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш–давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланмоқда ва шу муносабат билан инсон ҳуқуқлари кафолатлари жиддий равишда кучайтирилмоқда.
Лойиҳага асосан инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Инсонннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади ҳамда қонунлар, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятининг мазмун-моҳиятини белгилаб беради.
Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланмоқда. Бу нормалар ҳуқуқни қўллаш фаолиятида инсон манфаатлари устувор бўлишини амалда таъминлашга хизмат қилади.
Жорий йилнинг 4 апрел куни Навоий шахридаги Навоий вилоят Маънавият ва маърифат марказида “Аёли эъзозланган юрт” маънавий-маърифий тадбири ўтказилди.
Мазкур тадбирда Навоий вилоят суди судьяси Г.Худайбердиева қатнашиб, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида инсон-жамият -давлат энг аввало инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланаётганлиги ва шу муносабат билан инсон ҳуқуқлари кафолатлари кучайтиралаётганлиги, инсон ва давлат ўртасидаги юзага келган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланаётганлиги ҳақида фикр билдирди.
Конституциявий қонун лойиҳаси ҳуқуқий демократик кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимизнинг тинч, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш, миллий қонунчилик тизимини шакллантириш ҳамда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади
Навоий вилоят суди судьяси
Гулнафис Худайбердиева