Қидирув:

Тадбиркорнинг пули аслида кимда эди

Мамлакатимизда сўнгги йилларда кенг кўламли қатъий ислоҳотлар инсон қадри ва тадбиркор манфаати учун амалга оширилмоқда. Албатта, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва чора-тадбирларнинг ижобий самарасини халқимиз ва тадбиркорларимиз ҳис қилиб туришибди.

Инсон ва тадбиркорлар ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш ва уларнинг мурожаатларини ўз вақтида, тўлиқ, сифатли ва жонкуярлик билан кўриб чиқиш ҳар бир давлат хизматчиси ва ташкилот ходимининг қатъий вазифаси эканлигини англаши юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва иқтисодиётимиз риовжланишидаги муҳим омилдир.

Аммо, суд амалиётида кўрилаётган ишлардан маълум бўлмоқдаки, айрим ҳолларда мурожаатларни тўлиқ ва масъулият билан кўриб чиқилмаслиги фуқаро ва тадбиркорларнинг идорама-идора сарсон бўлишига ва бу орқали фуқаро ва тадбиркорларнинг бугунги кунда амалга оширилаётган қатъий ислоҳотлар самарасига нисбатан бўлган ишончини пасайишига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, Мажбурий ижро бюроси Зарафшон шаҳар бўлими томонидан 11.04.2020 йилда 9423732-рақамли электрон инкассо топшириқномаси ва ОК79-рақамли мемориаль ордер билан «ZAR-NAMUNA BOSHQARUV KOMPANIYA» масъулияти чекланган жамияти ҳисоб рақамидан жами 12.146.813 сўм ечиб олинган, шундан 12.098.270 сўм «O’ZTRANSGAZ» акциядорлик жамиятининг 22634000400117836359-ҳисоб рақамига ва 48.543 сўм банк хизмати учун йўналтирилган.

«ZAR-NAMUNA BOSHQARUV KOMPANIYA» масъулияти чекланган жамияти табиий газ истеъмолчиси эмаслиги, газ қувурига уланмаганлиги, газ идораси билан бирор-бир шартномаси мавжуд бўлмасада, унинг ҳисоб рақамидан 12.146.813 сўм маблағ нотўғри ечиб олинганлиги ва мазкур пул маблағини қайтариш юзасидан «HUDUDGAZTA`MINOT» акциядорлик жамияти ёки унинг ҳудудий филиалига ҳамда «O’ZTRANSGAZ» акциядорлик жамиятига йўллаган бир неча мурожаати мавжуд бўлишига қарамасдан масъуллар томонидан мазкур мурожаатлар ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганилмасдан гўёки пул маблағи ушбу жамиятларда мавжуд эмаслиги, бу борада «HUDUDGAZTA`MINOT» акциядорлик жамияти томонидан «O’ZTRANSGAZ» акциядорлик жамиятига ёки аксинча «O’ZTRANSGAZ» акциядорлик жамияти томонидан «HUDUDGAZTA`MINOT» акциядорлик жамиятига мурожаат қилиниши мақсадга мувофиқлиги юзасидан жавоб хатлари берилиб, пул маблағи қайтарилмасдан, тадбиркорнинг идорама идора амалий натижаси бўлмаган мурожаатлар йўллашига олиб келинган.

Натижада «ZAR-NAMUNA BOSHQARUV KOMPANIYA» масъулияти чекланган жамияти ўзининг бузилган ҳуқуқларини суд йўли билан ҳимоя қилиш мақсадида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «O’ZTRANSGAZ» акциядорлик жамияти ва «HUDUDGAZTA`MINOT» акциядорлик жамиятидан 12.146.813 сўмни ундиришни сўраган.

Ишни кўриш жараёнида маълум бўлдики, «ZAR-NAMUNA BOSHQARUV KOMPANIYA» масъулияти чекланган жамиятидан олинган 12.098.270 сўм пул маблағи «O’ZTRANSGAZ» акциядорлик жамияти электрон дастурининг “Оплата от население города Зарафшон” сатрида сақланиб, 31.12.2021 йилдаги топшириш ва қабул қилиш далолатномасига асосан мазкур пул маблағи «HUDUDGAZTA`MINOT» акциядорлик жамиятига ўтказилган ва ўз навбатида «HUDUDGAZ NAVOIY» газ таъминоти филиали балансининг 6995-сонли ҳисоб рақамида эгаси аниқланмаган маблағ сифатида сақлаб келинган.

Ҳатто, ишни кўриш жараёнида судга тақдим қилинган 27.12.2022 йилдаги 33-01-28-976-сонли маълумотномада ҳам 12.098.270 сўмлик пул маблағининг «HUDUDGAZTA`MINOT» акциядорлик жамияти ёки унинг ҳудудий филиалида мавжуд эмаслиги маълум қилинганлиги ҳам мавжуд ҳолатларга масъуллар томонидан қанчалик эътиборсизлик ва масъулиятсизлик билан муносабатда бўлинганлигини кўрсатади.

Зеро, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 23-моддасининг биринчи қисмига кўра, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг мулки дахлсиздир ва қонун билан муҳофаза қилинади.

Низо юзасидан мавжуд барча ҳолатлар суд томонидан бирма бир ўрганилиб, уларга ҳуқуқий баҳо берилиб, суднинг 4-2102-2201/512-сонли иши юзасидан қабул қилинган 2023 йил 25 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, «HUDUDGAZTA`MINOT» акциядорлик жамиятидан «ZAR-NAMUNA BOSHQARUV KOMPANIYA» масъулияти чекланган жамияти фойдасига 12.098.270 сўм, кичик тадбиркорлик субъекти сифатида олдиндан тўланган 150.000 сўм давлат божи ва 24.000 сўм почта харажати ундирилиб, тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқи суд йўли билан ҳимоя қилинган.

Бу каби салбий ҳолатларга келгусида йўл қўймаслик, фуқаро ва тадбиркорларимизнинг ортиқча овора ва сарсонгарчилигини олдини олиш, зарур чораларни кўриш мақсадида жавобгар раҳбарияти эътиборига тақдимнома киритилган.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, агарда тадбиркоримизнинг мурожаати масъуллар томонидан ўз вақтида тўлиқ ўрганилиб, пул маблағининг айнан кимда ва қаерда сақланаётганлигига аниқлик киритилганида эди, юқорида қайд этилган салбий ҳолатларнинг ҳамда ортиқча оворагарчиликнинг олдини олиш имкони бўлар эди.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси

СУД ФАХРИЙЛАРИ ДОИМО ЭЪТИБОРДА

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар ассоциацияси ташаббуси билан 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан тадбир ташкил этилди.

Видеоконфренцалоқа тарзида республикадаги барча судларга уланган тадбирда суд фахрийлари, судьялар иштирок этдилар. Унда сўз олганлар кейинги йилларда мамлакатимизда суд идоралари ҳамда судьяларга қаратилаётган эътибор хусусида гапириб, мазкур жараёнларда айниқса, тизимда кўп йиллар меҳнат қилган фахрийларни қўллаб-қувватлаш борасида ижобий ишлар амалга оширилаётганини таъкидладилар. Ушбу фикрлар тасдиғини Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонига биноан одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилган судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилганида ҳам кўриш мумкин.

“Хотира ва қадрлаш куни” байрами арафасида ҳам узоқ йиллар судьялик лавозимида самарали фаолият олиб борган соҳа фидойилари “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирландилар. Тантанали тадбирда мукофотлар ўз эгаларига топширилди.

Тадбирда сўз олган мукофот эгалари одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги кўп йиллик фаолиятларига тўхталиб, мазкур ишонч янада масъулият билан ишлашга ундашини таъкидладилар.

Шунингдек, фахрийларимизга вилоят суди раиси томонидан ҳам эсдалик совғалари топширилди.

 

Вилоят судининг жамоатчилик

ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Сифатли таълим ва тарбия – келажак кафолати

Ўқувчи ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада ошириш, уларда қонунга ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, шунингдек ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда шаҳар халқ таълими бўлими ўртасида тузилган Меморандум ижросини таъминлаш мақсадида Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди раиси Д.Хонбўтайева, Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро суди раиси A.Шукуров, Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Ғофуров томонидан Зарафшон шаҳридаги 3-умумий ўртатаълим мактаби ўқувчи-ёшлари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбати давомида ўқувчи ёшларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишлари, соғлом турмуш тарзини ташкил қилиш, ёт ғояларга берилмаслик, вояга йетмаганлар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарлиги ҳамда унинг салбий оқибатлари, мазкур ҳолатларни олдини олиш борасида зарур тушунтиришлар бериб ўтилди ва бу борада суд амалиётидан мисоллар келтирилди.

 

Дилноза Хонбўтайева,

 

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди раиси

Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар изчил давом этмоқда

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд йўли билан ишончли ҳимоя қилиш ва судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида кенг кўламли қатъий ислоҳотлар амалга оширилди.

Президентимиз томонидан «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун имзоланди. 

Мазкур Қонун билан одил судлов фаолиятида бир қатор янги тартиблар жорий этилмоқда.

Хусусан, кассация шикояти (протести) бўйича кўрилаётган фуқаролик ишини тугатиш учун асослар рўйхати белгиланмоқда.

Шу билан бирга, судлар тизимида «ягона дарча» тамойили жорий этилмоқда. Масалан, фуқаролик судига киритилган даъво аризаси бўйича тааллуқлилик қоидалари бузилган тақдирда, мазкур даъво аризаси суд томонидан иқтисодий ёки маъмурий судга юборилади. Бунда, бошқа суддан даъвони қабул қилиб олган суднинг судьяси, даъво бўйича камчиликлар аниқланган тақдирда 10 кун ичида даъвогарни камчиликларни бартараф этиш ҳақида хабардор қилади. 

Шунингдек, бундан буён ўзаро боғлиқ бўлган, баъзилари фуқаролик ишлари бўйича судга, баъзилари эса маъмурий судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.

Тарафлар маъмурий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида низони келишув битимини тузган ҳолда тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этиши мумкин бўлади. 

Эндиликда давлат ижрочисининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят маъмурий судга ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга берилади, бундан аввал эса иқтисодий суд билан боғлиқ бўлган ижро ишлари бўйича шикоятлар иқтисодий судда кўриб чиқилар эди.

Бундан ташқари, иқтисодий судлар томонидан чиқариладиган ижро ҳужжатлари ижрога уч йил ичида қаратилиши мумкин, бундан аввал 6 ой ичида ижрога қаратилиши мумкин эди.

Қайд этилган ислоҳотлар шунчаки эмас, балки халқ манфаати йўлида олиб борилмоқда, юқорида кўрсатиб ўтилган тартибларнинг амалиётга жорий этиш орқали фуқароларнинг судларда ортиқча сарсон бўлишини олдини олиш билан бир қаторда, фуқаролар ва тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга эришилади.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси

Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан эр ва хотининг умумий мулкини бўлиш ҳақидаги ишларни кўришда қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарори мазмун моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтли

Навоий вилоят фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари ва туманлараро (туман) судлари раислари ва судьялари  иштирокида Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан эр ва хотининг умумий мулкини бўлиш ҳақидаги ишларни кўришда қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 2023 йил 20 февралда қабул қилинган қарори мазмун-моҳияти, унда судлар томонидан эътибор берилиши лозим бўлган масалалар юзасидан семинар ўтказилди.

Семинарда бу тоифадаги ишларни кўришда одил судлов сифатини ошириш, суд қарорлари барқарорлигини таъминлаш, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш тажрибасини шакллантириш, бу борада хато ва камчиликларга чек қўйиш чораларини кўриш юзасидан зарурий кўрсатмалар берилди.

 

Йиғилишга раислик қилувчи судлов ҳайъати раиси И.Касимов судлар асосий эътиборни суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилилигини таъминлаши, фуқароларнинг қонуний мафаатларини ҳимоя қилишга қаратиши лозимлигини таъкидлади.

Давлат божи ставкалари қўлланилиши мавзусида семинар машғулоти ўтказилди

Навоий вилоят фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари ва туманлараро (туман) судлари раислари ва судьялари  иштирокида давлат божи ставкалари қўлланилишида судлар томонидан хато-камчиликларга йўл қўйилишини олдини олиш ва мониторинг ўтказиш мақсадида вилоят суди ишчи гурухи томонидан фуқаролик ишлари бўйича вилоятнинг туманлараро, туман судларида 2021-2022 йилларда давлат божини ставкалари қўлланилиши аҳволини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

 

Йиғилшдада, вилоят суди раиси Х.Кудратов раислик қилиб, ўрганишдан мақсад судларда давлат божи ставкалари қўлланилиши, давлат божи ундирувини ижрога қаратишда ягона суд амалиёти шакллантириш эканлиги, суд қарорларини қабул қилишда судлар тарафлар ўртасида қонунда белгиланган тартибда суд ҳаражатларини тақсимлаш, ҳал қилув қарорининг асослантириш қисмида тараф тўлаган давлат божи ва унинг ундирилиши лозим бўлган қисмини муҳокама қилиш, суд қарорларини ўз вақтида ижрога қаратиш чораларини кўриш лозимлиги таъкидлади.

Одам савдоси – аср муаммоси

ХХI асрнинг жиддий муаммолари қаторига кирган одам савдоси жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган иллатлардан биридир. Меҳнат миграцияси ҳамда ахборот алмашинувининг кучайиши натижасида одам савдоси билан шуғулланадиган жиноятчи гуруҳларнинг ўз қабиҳ ниятларини амалга ошириш борасидаги имкониятлари кенгаймоқда. Одам савдоси ниҳоятда ривожланиб бораётган жиноий индустрияга айланиб қолмоқда. Бу эса, дунё ҳамжамияти ҳуқуқ-тартиботи, тинчлиги ва хавфсизлиги учун жиддий хавф солмоқда.

Сўнгги йилларда одам савдоси туфайли юзага келаётган глобал хавф қанчалик ортиб бораётган бўлса, дунёнинг қатор мамлакатларида бу жиноятга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар кўлами ҳам шунчалик кенгаймоқда. Орадан йиллар ўтган сари одам савдосига қарши кураш дунёнинг барча мамлакатларида амалда бўлмасин, бу муаммо бизни ҳозирги кунда ҳам қаттиқ ташвишга солмоқда.

Бугунги кунга келиб мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш шароитида хавфсизлигимизга ҳамда ижтимоий-маънавий барқарорлигимизга раҳна солувчи иллатлардан бири бўлган одам савдоси долзарб муаммолардан бирига айланди. Унинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда ҳам қатор ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга одам савдоси трансмиллий, яъни ҳудуд ва чегара танламайдиган жиноят эканлиги ҳисобга олиниб, давлатимиз 2003 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йилда қабул қилинган Конвенцияга қўшилди. Шунингдек, мамлакатимиз парламенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 2000 йил 15 ноябрда қабул қилинган «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида»ги Конвенцияга ҳамда одам савдоси, айниқса, аёллар ва болаларни сотишнинг олдини олиш, унга чек қўйиш ва бунинг учун жазолаш тўғрисидаги қўшимча ҳужжатлар имзоланди. 2008 йилнинг 17 апрелида «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун ҳамда 2008 йилнинг 8 июлида «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарор билан юқоридаги қонун нормалари амалга янада самарали тадбиқ этилмоқда.

Одам савдосига қарши курашиш бўйича Идоралараро комиссиянинг кенг фаолият юритиши, жиноятчиларни фош этиш ва жиноят қурбонларини ҳимоялаш ва уларга ёрдам кўрсатиш масалалари янада такомиллаштирилиб, уни амалиётга кенг тадбиқ этган ҳолда, халқаро миқёсда амалга оширилса, кўзланган мақсадга эришишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси

Д.Турдиев

Одам савдоси Глобал муаммо !

Дунё ҳалқларининг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши курашиш барчанинг эътиборида қолмоқда. Жиноятчиликнинг бу мудҳиш турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида БМТнинг бир қатор тавсиявий ва мажбурий ҳарактерига эга бўлган ҳужжатлари қабул қилинган.

Хусусан “Одам савдосига ва учинчи шахс томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши курашиш тўғрисида”ги 1949 йил Конверция “Қуллик ва қул савдосини, Қулликга ўхшаш институтлар ва одатларни бекор қилиш тўғрисида”ги қўшимча конверция 1956 йил, “Трансмилий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш ҳақида”ги конверсияни тўлдирувчи “Одамлар айниқса аёллар ва болалар савдосини тўхтатиш олдини олиш ва унинг учун жазо тўғрисида”ги баённома 2000 йил шу тоифадаги ҳалқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ҳисобланади.

Бундан ташқари одам савдосига қарши курашиш юзасидан Давлатлараро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида 2005 йил МДХ доирасида “Одам савдосига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш тўғрсида”ги келишув 2006 йилда 8 аъзо мамлакат доирасида “одам савдосига қарши курашишнинг 2007-2010 йилларга мўлжалланган дастур” қабул қилинган эди”. Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалаларига оид миллий қонунчилигимизда ҳам ўзгаришлар бўлмоқда. Бундан ташқари ХМТ ва Халқаро миграция ташкилотининг 6 та конверсия ҳамда протоколлари ратификация қилинди. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлиги учун жавобгарлик чораларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг ҳамда жиноят кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Шу билан бирга халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди.

БМТ маълумотларига кўра дунёда ҳар йили тахминан 2 млн 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг ббахолашича ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 млрд ақш долларидан ошиб кетган. Ташвишланарлиси одам савдоси жиноятида жабрланганларнинг 80 % аёллар ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600-800 минг нафар аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб сотиб юборилмоқда. Бугунги кунда одам савдосининг 3 та кенг тарқалган кенг тури мавжуд бўлиб булар Жинсий эксплутация (фохишабозлик), мажбурий меҳнат ва одам аъзоларини сотишдир.

Бу жиноятнинг асосий сабаби таг замирига назар ташласак маънавий қашшоқлик, очкўзлик дунёга хатдан ташқари хирс қўйиш ва нафсига қул бўлишликни кўрамиз.

Хулоса қилиб айтганда, одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш халқаро даражада жиддий ёндашув ва ўзаро ҳуқуқий ҳамкорлик йўлга қўйилган холда амалга оширилса ўз самарасини беради. Зероки одам савдоси кечириб бўлмас, оғир гуноҳ.

 

Акмал Курбонов

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг раиси 

Қонунчиликдаги ўзгартиш ва қўшимчалар муҳокамасига бағишланган семинар машғулоти бўлиб ўтди

Семинар машғулотида Навоий вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси раҳбарлигида вилоят суди судьялари, шунингдек, жиноят ишлари бўйича барча туман-шаҳар суд раислари ва судьялари иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 13 мартдаги “Энергия ресурсларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-822-сонли Қонуннинг мазмун-моҳияти;

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 15 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-823-сонли Қонуннинг мазмун-моҳияти;

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 23 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-825-сонли ҳамда 2023 йил 27 мартдаги “Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-826-сонли Қонунларнинг мазмун-моҳияти;

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги
“Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-829-сонли Қонуннинг мазмун-моҳияти;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил
20 февралдаги 2-сонли “Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ва контрабандага оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти муҳокама қилинди.

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан судга қадар иш юритиш босқичида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш бўйича суд амалиёти юзасидан ўтказилган умумлаштиришдаги хато ва камчиликлар ва келгусидаги бажарилиши лозим бўлган вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Бундан ташқари саминарда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2023 йил 28 мартдаги “Жиноят ишлари бўйича республика судларининг 2022 йилда ҳимоячига давлат бюджети ҳисобидан ҳақ тўлаш билан боғлиқ суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида”ги
РС-13-23-сонли қарорида белгиланган вазифалар ҳам ўртага ташлади.

Семинар якунида 2023 йилнинг март ва апрель ойлари давомида судлар томонидан кўрилган жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар юзасидан чиқарилган суд қарорларининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши ҳолатлари ҳам муҳокама қилинди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг мазмун-моҳияти юзасидан учрашув ўтказилди

Навоий вилояти Конимех тумани Давлат Солиқ инспекцияси биносида бўлиб ўтган ушбу давра суҳбатида жиноят ишлари бўйича Конимех туман судининг раиси М.Райимов, “Ўзбекистон Республикасининг Референдуми тўғрисда”ги Қонуни, Олий мажлис Сенатининг 2023 йил 14 март кунидаги “Ўзбекистон Республикаси Конститутция тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарори мавзуси бўйича ўз фикрларини билдирди.

Skip to content