Суд ва Адлия органлари ҳамкорлигида семинар машғулоти ўтказилди

Навоий вилоят судининг судьялари томонидан вилоят адлия бошқармасида, ҳудудий адлия оргарлари ходимлари ва юридик хизмат марказлари масъул ходимлари иштирокида суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси қонунларига киритилган янги ўзгартиришларнинг муҳокамасига бағашланган семинар машғулоти ўтказилди.

Ҳар қандай давлатнинг обрў-эътибори, нуфузи унда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари қай даражада таъминлангани билан баҳоланади. Шу нуқтаи назардан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ўзининг амалий ислоҳотлар ўзининг амалий самараларини кўрсатмоқда.

Жумладан, 2023 йил 25 декабрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси процессуал кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Қонуни қабул қилиниши бу борада яна бир муҳим қадам бўлди.

Мазкур Қонун билан суд қарорлари устидан шикоят қилишнинг янги тартиби жорий қилинди. Яъни 2024 йил 1 январдан бошлаб:

туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишлар вилоят ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида,

– вилоят ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар мазкур судларда тафтиш тартибда,

– вилоят ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўрилиши,

– алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъати томонидан кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўрилиши,

– шунингдек, апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилинди ҳамда уларнинг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш масъулияти юклатилди.

Бу ислоҳотлар инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ва фуқароларни суд идораларида ортиқча сарсон бўлишини олдини олишга қаратилгандир.

 

Нурбек Умаров,

Навоий вилоят суди судьяси.


Беҳзод Шерматов,

Навоий вилоят суди судьяси.