Қидирув:

“Наврўз” умумхалқ байрамини муносиб ўтказиш мақсадида Навоий вилоят маъмурий судлари жамоаси ҳам ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этди

 Ҳашар-халқимизнинг энг хайрли ва эзгу амалларидан бири саналади. Зотан, айнан ҳашар йўли билан амалга оширилган кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва тозалик ишлари боис шаҳару қишлоқларимиз ўзгача чирой ва тароват касб этади. Бугун мамлакатимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирлар доирасида Навоий вилоят маъмурий судлари жамоаси ҳам муносиб улуш қўшди. Жамоа аъзолари томонидан теварак-атрофни тозалаш, дарахтларга шакл бериш, ниҳоллар ва гул кўчатлари ўтқазиш каби юмушлар уюшқоқлик билан бажарилди. Эътиборлиси шундаки, ҳамжиҳатлик ва кўтаринки кайфиятда ўтган ҳашарда жамоанинг ҳар бир аъзоси фаол иштирок этиб, сидқидилдан меҳнат қилди.

 

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Судья ва ёшлар учрашуви мобайнида амалий дарс машғулоти ўтказилди

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлиб, унда Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари акс эттирилган. Шу боисдан, янги таҳрирдаги Конституция ижросини тўлиқ таъминлаш мақсадида инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари амалга оширилиши кафолатланиши бир вақтнинг ўзида уларни бузишга йўл қўйилмасликни, яъни қонунларда белгиланган бурчлар бажарилишини талаб этади. Ўзбекистон Конституциясининг ХI боби “Фуқароларнинг бурчлари” деб номланган бўлиб, ундаги бурчлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари қатори уларнинг ҳуқуқий мақомининг асосий белгиси ҳисобланади

Айни шу жиҳатдан келиб чиққан ҳолда, Навоий вилоят маъмурий суди судьяси С.Турсунов томонидан Навоий шаҳридаги 6-сонли мактабда “Конституциявий  ҳуқуқ ва бурчлар” мавзусида амалий дарс машғулоти ўтказилди.

Ушбу тадбир ўқувчи ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада ошириш, уларда қонунга ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, шунингдек ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилди.

Мазкур учрашув давомида ўқувчи ёшларнинг асосий қомусимиздаги фуқароларнинг конситуциявий ҳуқуқлари ва бурчлари, Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ўз Ватанига нисбатан содиқлигини намоён этиши, мамлакат манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, унинг қудрати ва обрў-эътиборини мустаҳкамлаш учун барча чораларни кўриши лозимлиги, ушбу талабга риоя қилмаслик эса нафақат жазо, балки жамоатчилик танбеҳига ҳам олиб келиши мумкинлиги тўғрисида мисоллар келтирилди.

Ҳуқуқий дарс соати жараёнида янги таҳрирдаги Конституциямизнинг аҳамияти ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги ўзига хос жиҳатлари, шунингдек жамиятда инсон ҳуқуқларининг ўрни мавзусининг мазмун-моҳияти ўқувчи ёшларга тушунтириб ўтилди ҳамда судья С.Турсунов йиғилишда иштирок этган ходимлар билан суҳбатлашиб, аҳоли ўртасидаги ечимини топмаётган муаммоли масалалар юзасидан халқ билан мулоқот қилиб, ўқитувчи ва ўқувчиларни ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб берди.

 

Салоҳитдин Турсунов,

Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш йўлида

Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар ва уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш ҳамда фуқароларнинг судларга бўлган мурожаатларини улар учун қулай бўлган жойда қабул қилинишини таъминлаш мақсадида Зарафшон шаҳар Ички ишлар бўлими билан ҳамкорликда Зарафшон шаҳридаги “Юлдуз” маданият уйида Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди раиси А.Исоқов ҳамда Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Ғофуров томонидан фуқаролар иштирокида ҳуқуқий тарғибот тадбири ташкил этилди.

Ўтказилган мазкур тадбир жараёнида содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, хусусан фуқароларнинг банк пластик карталаридан пул маблағларини фирибгарлик йўли билан олиш жиноятлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, бунга имкон берган омиллар, мазкур қилмишлар учун жавобгарлик ва жазо чоралари хусусида батафсил маълумот берилиб, ушбу ҳуқуқбузарликларни олдини олиш учун амалга оширилиши лозим бўлган чоралар, хусусан ҳар қандай алдовларга ишониб қолмаслик, шунингдек аҳоли, айниқса ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, ёшларни касбга йўналтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ёшлар маънавиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиб, оилавий ажримларнинг олдини олиш чораларини кўриб бориш зарурлиги билдириб ўтилди.

 

Анвар Исоков,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг раиси

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси

Ҳамкорликда ташкил этилган семинар тафсилотлари

Навбаҳор тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўдими биносида Навоий вилоят суди судьялари иштирокида “Меҳнат қонунчилигига оид нормаларнинг мазмун, моҳияти ва низоларни кўришда юзага келаётган муаммолар” мавзусида семинар машғулоти ташкил қилинди. Ушбу семинарда Навбаҳор тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходимлари ҳамда туман ободонлаштириш бўлими ишчи ходимлари билан биргаликда кадрлар масалалари бўйича масъул муттасади ходимлари ҳам иштирок этди.

Жамоада ўтказилган семинар айни вақтида ташкил қилинган ҳамда иштирокчиларига манфаатли бўлган ташаббус бўлди.

Чунки, 2022 йил 28 октябрда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси янги таҳрирда қабул қилиниб, шунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги янги таҳиридаги қарори қабул қилиниши натижасида иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатларида янги қонун нормаларини улар томонидан қўллашда айрим тушунмовчиликлар юзага келган эди.

Бунинг натижасида, судларда ушбу тоифадаги низоларнинг кўпайшига сабаб бўлган эди.

Шу сабабли, бугунги семинар келгусида меҳнат қонунчилиги нормаларини улар томонидан тўғри қўлланишига ва судларда бу каби низоларни юзага келишини олди олишга хизмат қилади.

 

Шукуров Анвар,

Навоий вилоят судининг судьяси

 

Хамраев Акрам,

Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг раиси

Оналик ҳуқуқининг қонуний кафолати таъминланди

2025 йил февраль ойининг 13 куни фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи  туман судининг биносида очиқ суд мажлиси бўлиб, унда даъвогар Ш.Қнинг жавобгар А.Р га нисбатан фарзандини ўз тарбиясига олиб бериш ҳақидаги даъвоси бўйича юритилган фуқаролик иши мазмунан кўриб чиқилди.

Аниқланишича тарафлар Ш.Қ ва А.Р 2015 йил 15 ноябрь куни Хатирчи туман ФҲДЁ бўлимида қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурган, турмушларидан икки нафар 06.10.2016 йилда туғилган А.А ва 12.01.2020 йилда туғилган Б.Б исмли фарзандлари бор.

Тарафлар ўзаро оилавий келишмовчиликлар сабабли 2024 йил июль ойидан бери бирга яшамасдан, уларнинг икки нафар вояга етмаган фарзандлари отасининг қарамоғида қолган.

Даъвогар Ш.Қ суддан икки нафар вояга етмаган фарзандларини ўзининг тарбиясига олиб беришни сўрамоқда.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 75-моддасига кўра, ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас, болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим, ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас, болаларнинг таълим-тарбиясига тааллуқли барча масалалар болалар манфаатидан келиб чиққан ва уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-она томонидан ўзаро келишув асосида ҳал этилади, агар ота-она ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлса, улар (улардан бири) бу келишмовчиликларни ҳал қилиш учун васийлик ва ҳомийлик органига ёки судга мурожаат қилишга ҳақлидир, ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади, ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади, бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олади.

Иш ҳужжатларида мавжуд Хатирчи туман Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш шўъбасининг 2025 йил 06 февраль кунидаги №07-05/01-07-08/11-сонли хулосасида, вояга етмаган 06.10.2016 йилда туғилган А.А ва 12.01.2020 йилда туғилган Б.Бни онаси Ш.Қнинг тарбиясига олиб бериш мақсадга мувофиқ деб ҳисобланган.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 73-моддага кўра, ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт.

Ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 75-моддасига кўра, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб ҳал  этилади.

Судда аниқланган ҳолатларга кўра даъвогар ўзининг тарбиясига олиб беришни сўраётган фарзандлари А.А бола бўлиб, унга онасининг тарбияси ва парвариши зарурлиги, Б.Б ҳали ёш бўлиб онасининг қарови ва ғамхўрлиги кераклиги, шунингдек даъвогар Ш.Қ оналик ҳуқуқидан маҳрум этилмагани, унинг фарзандари билан она-бола муносабатлари узилмаганлиги маълум бўлди.

“Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 1998 йил 11 сентябрь кунидаги 23-сонли Олий суд Пленуми қарорининг 3-бандида кўрсатилишича суд бошқа-бошқа турадиган ота-оналар ўртасида бўлган уларнинг қайси бири билан қайси боласи яшаш учун қолиши тўғрисидаги низоларни ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 71-моддасида белгиланган ота ва онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглигига асосланган ҳолда, вояга етмаган болаларнинг манфаатларига ва хоҳишларига мос келадиган ҳал қилув қарори чиқариши лозим. Бунда суд ота-онадан бирининг моддий-маиший аҳволи устунлигининг ўзи болани унга олиб бериш учун асос бўла оладиган шарт ҳисобланмаслигини назарга олган ҳолда, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, ота-онадан қайси бири болаларига нисбатан кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатаётганлигини, болаларнинг ёшини ва ота-онадан қайси бирига кўнгил қўйганлигини, ота-онанинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг маълумот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини эътиборга олади.

Суд  юқорида қайд қилинган қонун талаблари ва иш ҳолатларидан келиб чиқиб, даъвогарнинг даъвоси асосли эканлиги боис, 06.10.2016 йилда туғилган А.А ва 12.01.2020 йилда туғилган Б.Б ҳали ёшлиги, А.Анинг қиз бола экани, уларга онасининг тарбияси ва ғамхўрлиги муҳим эканлиги, даъвогарнинг фарзандларини тарбиялаш ҳуқуққа эга эканлигини эътиборга олиб, шунингдек вояга етмаган болаларнинг манфаатидан келиб чиққан ҳолда, даъвогарнинг даъвосини қаноатлантиришни, 06.10.2016 йилда туғилган А.А ва 12.01.2020 йилда туғилган Б.Бни жавобгар А.Рдан даъвогар Ш.Қнинг тарбиясига олиб беришни, вояга етмаган А.А ва Б.Бнинг яшаш манзили Хатирчи туман “Кўксарой” МФЙ Чоштепа қишлоғи онаси Ш.Қ яшаб турган уй-жой манзили бўйича белгилашни лозим топди.

Бир сўз билан айтганда суд қарорига асосан оналик ҳуқуқи кафолати таъминланди.

Аллаев Абдулло Садуллоевич,

Навоий вилоят суди раиси

 

Бабакулов Баходир,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси

Навоий вилоят судида Президент раислигида жорий йилнинг 5 март куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди

Навоий вилояти судида коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган тадбирда вилоят суди ҳамда қуйи судлар судьялари, тизим ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг шу йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида сўзлаган нутқи ҳамда мазкур йиғилиш тафсилотларига бағишланган кўрсатув намойиш этилди. Тадбир иштирокчилари Президент нутқидан келиб чиқадиган муҳим вазифалар, коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишларни муҳокама қилдилар. Бу бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.  

Шунингдек, йиғилишда Олий суд раисининг судьялар ва суд ходимларига йўллаган мурожаати атрофлича ўрганиб чиқилди. Мурожаатдан келиб чиқадиган устувор вазифалар, жумладан, суд тизимида коррупциянинг олдини олиш, тизимни ҳалол-пок кадрлар билан тўлдириш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига риоя қилиш, одил судловни амалга ошириш каби жиҳатлар юзасидан фикр алмашилди.

Йиғилишда коррупциянинг олдини олиш юзасидан таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди ва коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Навоий вилояти маъмурий судлари томонидан яшил макон барпо этилди

Инсон соғлом бўлиши учун аввало, табиат соғлом, ҳаво мусаффо бўлиши керак. Кўчат экиб, боғ яратиш халқимизнинг азалий қадриятларидан бири. Зеро, ўзимиз яшаб турган жойни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш туфайли кўнглимиз шодликка тўлади, турмушимиз файзли ва фаровон бўлади

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини доирасида Навоий вилояти маъмурий судининг барча судья ва суд ходимлари томонидан Кармана туманиМаликработ” МФЙ ҳудудида 1000 туп манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилди.

Дастлаб кўчат экиш тартиби ва сирлари мутахассислар томонидан батафсил тушунтириб берилди. Шундан сўнг судья ва суд ходимлари кўчат ўтқазишга киришдилар. Мазкур манзарали дарахт кўчатларининг парвариши бўйича ҳам масъулиятни ўз зиммаларига олишди.

Дарахтлар ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, боғлар ҳосил қилиш ва кўкаламзорлаштиришни назарда тутган ҳолда танлаб олинди. Энди улар агротехник талаблар асосида парвариш қилинади, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантирилиб, зараркунандалардан ҳимоя қилиб борилади.

Она Ватан тақдирига бефарқ бўлмасдан, уни тобора ободлик ва кўркамлик касб этишида камарбаста бўлиш – бугун ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётий маслагига айланиши лозим. Зотан, барпо этаётганимиз яшил майдонларнинг мамлакатимиз экологияси ва халқимиз саломатлигидаги аҳамияти беқиёс бўлиб, бугун эзгу ниятлар билан қадалган ниҳоллар эса жонажон Ўзбекистонимизнинг, ҳар биримизнинг ортимиздан униб-ўсиб келаётган авлоднинг улуғ манфаатлари учун хизмат қилади.

Мазкур лойиҳа доирасида дарахт экиш акцияси вилоятимиз экологиясини тозалаш билан бирга атроф-муҳитни соғломлаштиришга хизмат қилади.

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш давр талаби

Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ҳар бир мамлакатнинг жадал ривожланиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига узвий боғлиқ.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини аҳоли, айниқса ёшларга етказиш бугунги кун талабидир.

Мамлакат ривожи, аҳоли фаровонлиги учун қанчалик мукаммал қонунлар яратилмасин, қандай ислоҳотлар ўтказилишидан қатъий назар агар фуқароларимизнинг ҳуқуқий билими, онги ва маданияти етарли бўлмаса, кутилган натижаларга эришиш мушкул.

Шу боис ҳам судьялар томонидан мунтазам равишда ёшлар билан учрашиш урфга кирган.

Навбаҳор туманидаги 6-сонли таълим муассасасида таҳсил олаётган ўқувчи ёшлар билан ўтказилган учрашувда ижтимоий фанлар тизимида ҳуқуқ фани алоҳида ўрин тутиши, ҳуқуқий билимлар ҳаётда, ҳар хил аниқ вазиятларда тўғри йўналиш олиш, рухсат этилган ва тақиқланган нарсалар ўртасидаги чегарани топа билиш, ёшларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этишнинг қонуний йўллари ва воситаларини танлай била олиши лозимлиги таъкидланди.

Учрашув жараёнида ёшларга ўргатилган ҳуқуқий билимлар сиёсий савияни кенгайтиришга, ҳаётдаги ҳуқуқий ҳодисаларни тўғри тушуниш, ҳуқуқий талабларга онгли равишда риоя этиш ва ёшларнинг ҳуқуқ нормаларига амал қилиш учун хизмат қилади.

Дарҳақиқат, ўқувчи ёшларга ҳуқуқий билим беришнинг асосий мақсади, уларда ҳуқуқий тушунчаларни шакллантириш ва шу асосда ҳуқуқий тарбияга эришишдан иборатдир.

 

Азиза Рўзиева,

Навоий туманлараро маъмурий суди судьяси 

“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга мурожаат қилиши учун қулайликлар яратилди.

Хусусан, айрим фуқаролар, корхона ва ташкилотлар ҳамда давлат органлари учун судларга даъво аризаси ёки ариза билан мурожаат қилишда давлат божи тўловидан озод қилиш каби имтиёзлар берилди.

Жумладан, 2025 йилнинг 20 февраль куни “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида ЎРҚ-1032-сон Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.

Мазкур Қонун билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддаси биринчи қисми 47-банд билан ҳамда
9-моддасининг биринчи қисми 29-банд билан тўлдирилди.

Яъни, Қонун билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишинча иссиқлик ва электр энергиясини етказиб бериш юзасидан хизматлар учун тўловлар бўйича қарзларни ундириш тўғрисидаги даъволар, аризалар ва шикоятлар билан фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судларга мурожаат қилинганда иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчилар давлат божини тўлашдан озод этилишини, шунингдек уларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда мазкур давлат божини ушбу етказиб берувчилардан ундириш белгиланди.

Қонунни қабул қилишдан мақсад шуки, иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчилар томонидан истеъмолчиларга энергия ресурслари етказиб берганлик ҳамда сифатли хизматлар кўрсатиш мақсадида етказиб берилган энергия таъминоти учун қарздорликларни ўз вақтида ундириш ҳисобланади.  

Мазкур Қонун истеъмолчилар томонидан қарзларнинг ўз вақтида тўланишини таъминлашга, аҳолининг сифатли иссиқлик ва электр энергиясини етказиб бериш бўйича хизматлар билан таъминланганлик даражасини оширишга хизмат қилади.

 

Турдиев Дилшод,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси

Хусусий ажрим-суд ҳокимияти вазифаларини амалга ошишининг процессуал воситаси

“Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 4-моддасида суднинг асосий вазифалари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат эканлиги белгиланган бўлиб, шундан келиб чиққан ҳолда судлар суд ишларини юритишда ўзига берилган қонуний ваколатлардан фойдаланиб, қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш, жамиятда қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш каби муҳим вазифаларни ҳам амалга оширади.

Хусусий ажрим эса қонун ҳужжатлари асосида судларга юклатилган муҳим вазифаларни бажаришнинг процессуал воситаларидан бири ва қонунчилик ҳужжатларини бузилиш ҳолатларига ва уни бузаётган шахсларга нисбатан суд томонидан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораси ҳисобланади.

Бошқа суд ҳужжатлари каби суднинг қонуний кучда бўлган хусусий ажрими ҳам барча давлат органлари, жамоаат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун бажарилиши шарт бўлиб, уни ижро этмаганлик ва бу ҳақда судга хабар бермаганлик учун қонун ҳужжатларида қатъий жавобгарлик чоралари белгилаб қўйилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 181-моддасига кўра, мансабдор шахс томонидан суд чиқарган хусусий ажримни (қарорни) кўриб чиқмаслик ёхуд ажримда (қарорда) кўрсатилган қонунни бузиш ҳолларини бартараф этиш чораларини кўрмаслик, худди шунингдек хусусий ажримга (қарорга) ўз вақтида жавоб бермаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 232 моддасида муаян ҳаракатларни содир этиш ёхуд содир этишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлашни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин давом эттириш, шунингдек суд ҳужжатини ижро этилишига тўсқинлик қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган. Зеро суднинг хусусий ажримини ўз вақтида ва тўлақонли ижро этилиши жамиятда қонунчиликни мустаҳкамлаш ва суд ҳокмиятини обрўсини оширишни муҳим ва таъсирчан воситаси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 200-моддасига кўра ишни кўриш вақтида давлат органининг ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъий назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир.

Хусусий ажрим билан суд тегишли органдан ёки мансабдор шахсдан қонунчилик ҳужжатларининг бузилишида айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани ўзларининг ваколатига мувофиқ кўриб чиқишни талаб қилиши мумкин.

Хусусий ажрим тегишли давлат органларига ва бошқа органларга, юридик шахсларга, мансабдор шахсларга, фуқароларга юборилади, улар кўрилган чоралар тўғрисида бир ойлик муддатда судга хабар қилиши шарт.

Юқоридагилар кўра иқтисодий судлар иқтисодий низоларни кўриш жараёнида қонунчилик ҳужжатларини бузилиши низо билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигидан қатъий назар қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган ҳар бир ҳолатда хусусий ажрим чиқаришга ҳақли бўлиб, унинг мақсади қонунчиликни бузилишига барҳам бериш, ҳуқуқбузарликни олдини олиш ва процесс иштирокчиларини ҳуқуқий тарбиялашдир.

 

 

Қаҳҳоров Турғунбой,

Навоий вилоят суди судьяси

Skip to content