Қидирув:

КЕЛИШУВ БИТИМИ ВА МЕДИАЦИЯ, УЛАРНИНГ БИР-БИРИДАН ФАРҚИ

“Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига биноан, суднинг асосий вазифалари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгандир.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (ИПК) талабига кўра, иқтисодий судлар низоларни кўришда тарафларни келиштириш чораларини кўради.

Бундай келиштириш чоралари ИПКнинг 131-моддасига мувофиқ, келишув битими ёки медиатив келишув тузиш ҳисобланади.

Келишув битими ёки медиатив келишув даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.

Келишув битими ва медиатив келишувнинг ўзаро фарқли жиҳатлари нималардан иборат.

1. Медиация – “medium”, яъни “воситачи” сўзи билан ифодаланган бўлиб, келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули.

Келишув битими деганда, ўзаро келишишга асосланган, даъво талаби бўйича аниқликка эришишга қаратилган низони ҳал қилиш тўғрисидаги тарафларнинг ёзма келишуви тушунилади.

2. Медиация низоларнинг 3 та тоифаси бўйича амалга оширилиши мумкин: фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низолар, якка меҳнат низолари, оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар.

Келишув битими эса иқтисодий судлардаги  низолар бўйича тузилиши мумкин.

3. Медиатив келишувда тарафлар келиб чиққан низони Медиатор кўмагида ҳал қилади.

Келишув битими эса, агар унинг шартлари қонунчиликка зид бўлмаса, учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлмаса ҳамда у шарт асосида тузилмаган бўлса, суд томонидан тасдиқланади.

4. Тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, даъво аризаси ИПКнинг 107-моддаси 53-бандига асосан кўрмасдан қолдирилади. Бундан медиатив келишув шартлари бажарилмаган тақдирда тарафлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун янгидан судга мурожаат этишга ҳақли.

Тарафлар ўртасида келишув битими тузилганда эса, даъво аризаси бўйича иш юритиш ИПКнинг 110-моддаси 7-бандига биноан тугатилади ва мазкур низо юзасидан судга такроран мурожаат қилишга йўл қўйилмайди.

5. Медиатив келишувда медиаторлар далилларни текширмайди ва уларга баҳо бермайди, аксинча тарафлар ўртасида бир-бирларини тушунишга, ўзаро мақбул шартларда муаммони ҳал этиш имкониятларини излаш ва ҳал этишга кўмаклашади.

Келишув битимида эса суд далилларга баҳо беради, агар битим шартлари қонунчиликка зид бўлса, келишув битимини тасдиқламайди.

6. Медиатив келишув амалда суддан ташқари ҳужжатлар сирасига киритилган. Қонунда медиатив келишувни мажбурий ижро этиш ва у бўйича ижро варақасини бериш кўрсатилмаган.

Келишув битими эса суд томонидан тасдиқланадиган ҳужжат ва бу бўйича ижро варақаси берилади.

7. Медиация жараёни мажбурийлик кучига эга бўлмаган, тарафларнинг ихтиёрийлигига асосланган жараён. Бунда низолашаётган тарафлар ўз ихтиёрларига кўра учинчи шахснинг воситачилигида келиб чиққан низони ўзаро муроса – ярашув йўли билан ҳал этадилар.

Келишув битимининг шартлари мажбурий бўлиб ҳисобланади.

8. Тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилганда, тўланган давлат божи қайтарилади, бундан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида медиатив келишув тузилган ҳоллар мустасно.

Келишув битими тузилганда тўланган давлат божи қайтарилмайди, агар тўланмаган бўлса, ИПКнинг 118-моддаси талаблари асосида ҳал этилади.

Хулоса қилиб айтганда, судларда низоларни кўришда ярашув тартиб-таомилларини танлаш ва натижада келишув битими ёки медиатив келишув тузиш процесс иштирокчиларининг хоҳишига боғлиқ.

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси. 

Кармана туманлараро иқтисодий суди томонидан Навоий шаҳридаги “Кимёгар” маҳалласида хизмат кўрсатувчи ташкилот ҳамда тадбиркорлик субъектлари раҳбари ва вакиллари иштирокида сайёр суд мажлиси ўтказилди

Суд раиси сайёр суд мажлисини бошлашдан олдин, “Кимёгар” МФЙ фаоллари, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида республикамизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ҳамда янги қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти хусусида давра сўҳбати ўтказилди.

Тадбирда суд раиси томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 30 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ЎРҚ-968-сонли Қонуни юзасидан тегишли тушунтиришлар берилиб, ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги, хусусан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига прокурорнинг ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилганлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбирда йиғилиш иштирокчилари ўзларининг қизиқтирган саволлари ва муаммоли ҳолатлари бўйича маърузачига мурожаат қилиб, берилган саволларига тегишлича жавоблар қайтарилди ва муаммоларнинг ечимлари бўйича маърузачи томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Акбар Хамидов,

Кармана туманлараро иқтисодий судининг раиси.

Нотинч ва ажрим ёқасида турган оилалар муҳокамаси бўлиб ўтди  

Навоий вилоят суди ва Навоий вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида имзоланган Мемарандумга асосан жорий йилнинг 27 сентябрь куни Кармана туманидаги “Уйрот” МФЙ биносида Кармана тумани оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Н.Шомиева ва мутахассиси Д.Ҳасанова, Навоий вилоят суди судьяси А.Баҳронов, туман ИИБ масъул ходими М.Туробова, оқила аёллар аъзолари ҳамда 2-сектордаги МФЙ хотин-қизлар фаоллари иштирокида тумандаги оилавий низолари бор, нотинч оилалар билан очиқ мулоқот ва учрашув тадбири ўтказилди.

Тадбирда 6 нафар нотинч оила аъзолари билан индивидуал суҳбатлашиб, никоҳдан ажратишнинг салбий оқибатлари, оила муқаддаслиги ва фарзанд тарбиясига эътиборсиз бўлмасликлари, жиддий асослар бўлмаганда никоҳдан ажрашиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Натижада, 1 нафар ажрим ёқасидаги оилалар яраштирилишига эришилди ҳамда қолган 5 нафар оила аъзолари билан кейинчалик яна тушунтириш ишлари олиб бориш бўйича тегишли тавсилар берилди.

 

Азизжон Баҳронов,

Навоий вилоят суди судьяси

ҲАМКОРЛИК КЕЛИШУВИ

Таъкидлаш ўринлики, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда, аҳолининг қонунга ҳурматда бўлиш муносабатини шаклланишида фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятининг юқори бўлиши муҳимдир, айниқса бунда ёшларнинг ўрни алоҳида аҳамиятлидир.

Чунки ёшлар ҳар бир жамият ва мамлакатнинг келажагидир. Энг муҳими бугунги кунда ёшларнинг сифатли таълим олиши учун мамлакатимизда барча шароит ва имкониятлар яратилган.

Зарафшон шаҳар судларининг ташаббуси билан ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада ошириш, уларда қонунга ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, шунингдек ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида Зарафшон шаҳар 8-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби билан ҳамкорлик келишуви ўрнатилди.

Қувонч билан айтиш ўринлики, Зарафшон шаҳрида ҳуқуқий дарс соатларини судьялар томонидан ўтказиб бориш бўйича кўп йиллик тажриба мавжуд бўлиб, мазкур тажриба таълим муассасалари учун анъанага айланиб улгурган.

Таҳлиллардан кузатиш мумкинки, судьяларнинг таълим мактабларида амалий дарс соатларини ўтказиб бориши натижасида ўқувчи ёшларда ҳуқуқ фанларини ўрганишга бўлган қизиқишлари ортган ва келажакда ҳуқуқшунос бўлиши истагини билдираётган ўқувчилар сони кўпайган. 

Албатта, устоз-мураббийларнинг яқиндан ёрдами, ўқувчи ёшларнинг қизиқиши судьялар учун ҳам куч-қувват бўлиб хизмат қилаётганлиги ҳам, айни ҳақиқат.

Тадбир сўнгида, ҳамкорлик келишуви доирасида судьялар томонидан ҳуқуқий дарс соатлари ўзаро тасдиқланган жадвалга асосан ҳам назарий, ҳам амалий шаклда тизимли равишда ўтказиб борилиши келишиб олинди.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.

2024 йилнинг 9 ойи мобайнида Навоий вилояти судлари томонидан давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ноқонуний чиқарилганлиги учун ҳақиқий эмас деб топилган қарорлари тўғрисида расмий маълумот

2024 йилнинг 9 ойи давомида Навоий вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судлари томонидан 679 та (2023 йилнинг 9 ойида эса 719 та) оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан боғлиқ маъмурий ишлар кўриб тамомланган, кўриб тамомланган ишлардан 390 (582 та) таси қаноатлантирилган, 203 (97) таси рад қилинган, 45 (17) таси иш юритишдан тугатилган ҳамда 41 (23) та ариза кўрмасдан қолдирилган.

Кўриб тамомланган маъмурий ишларнинг 31 таси (155 таси ёки 21,5%), яъни 4,6% сайёр суд мажлисларида кўриб тамомланган.

Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича кўриб тамомланган айрим ишларни тоифалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак:

– Ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда маҳаллий ҳокимлик мансабдор шахсларининг харакати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақида 70 та кўрилган, шундан 29 таси қаноатлантирилган, 32 таси рад қилинган, 4 таси иш юритишдан тугатилган ҳамда 5 та ариза кўрмасдан қолдирилган.

– Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси қарорларини ҳақиқий эмас ҳамда мансабдор шахсларининг харакати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақида 266 та кўрилган, шундан 244 таси қаноатлантирилган, 11 таси рад қилинган, 7 таси иш юритишдан тугатилган ҳамда 4 та ариза кўрмасдан қолдирилган.

– Солиқ органи қарорларини ҳақиқий эмас ҳамда мансабдор шахсларининг харакати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақида 73 та кўрилган, шундан 23 таси қаноатлантирилган, 38 таси рад қилинган, 5 таси иш юритишдан тугатилган ҳамда 7 та ариза кўрмасдан қолдирилган.

– Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси қарорларини ҳақиқий эмас ҳамда мансабдор шахсларининг харакати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақида 85 та кўрилган, шундан 15 таси қаноатлантирилган, 43 таси рад қилинган, 13 таси иш юритишдан тугатилган ҳамда 14 та ариза кўрмасдан қолдирилган.

– Нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан 20 та кўрилган, шундан 18 таси қаноатлантирилган ҳамда 2 таси иш юритишдан тугатилган.

Суд таъсирчанлиги фаолияти бўйича:

Навоий вилоят ва туманлараро маъмурий судлари томонидан 2024 йилнинг 9 ойи давомида ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан барча инстанцияларда жами 149 (230) та хусусий ажримлар чиқарилган бўлиб, уларнинг 133 таси бўйича жавоблари олинган, қолганлари бўйича қонунда белгиланган муддатлари мавжуд.

Мурожаатларни қабули бўйича:

Бундан ташқари Навоий вилоят ва туманлараро маъмурий судлари томонидан 142 та ёзма мурожаатлар мазмун кўриб ҳал қилинган, 156 та фуқаро сайёр қабулларда ҳамда 565 та фуқаролар бевосита суд идорасида қабул қилинган.

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати.

Оила муқаддас даргоҳ уни асранг дўстлар

Навоий шаҳридаги «Матонат” маҳалласида “Биз оилавий ажралишларга қаршимиз” шиори остида фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят судининг судьялари, туман Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда бошқа масъул мутасаддилар ҳамкорлигида ажрим ёқасига келиб колган оилалар муҳокамаси бўлиб ўтди.

Мукокамаларда махаллаларда ажрим ёкасида турган оилалар яраштирилди. Жумладан, жараёнда 6 нафар оила иштирок этиб, уларнинг 3 нафари яраштирилди,  2 нафарига муҳлат берилди, 1 нафар оилага тегишли хулосалар берилди.

 Оилавий ажримлар ҳамда уларда учраётган зуравонлик сабаблари аниқлашиб, уларни бартараф этишга қаратилган ёндашув самарали натижа берди.

 

Беҳзод Шерматов,

Навоий вилоят судининг судьяси.

Оила – муқаддас даргоҳ

“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Марказий кон бошқармаси ишчи-ходимлари учун “Оила мустаҳкамлиги ва масъулияти, оилавий ажримлар ҳамда уларни олдини олиш” мавзусида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда Зарафшон шаҳар ҳокилиги масъуллари, шаҳар имом хатиби, Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Ғофуров, жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси Д.Ергашева ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро суди раиси Ш.Очиловлар иштирок этишди.

Тадбир иштирокчилари томонидан оилада ижтимоий-маънавий муҳитнинг барқарор бўлиши, фарзанд тарбиясида ота-она ўрни беқиёс эканлиги, оила инсон учун муқаддас даргоҳ ва ҳаётий ибрат мактаби эканлиги тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, тадбир давомида «Фарзанд омонат» номли қисқа метражли видео филм намойиш этилди.

Тадбир сўнгида эса иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан жавоб олишди.

 

Шерали Очилов,

Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро суди раиси.

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди биносида тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иқтисодий ишлар, уларнинг суд томонидан кўриб чиқилишида вужудга келаётган мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича давлат активларини бошқариш агентлиги, солиқ органи масъул ходимлари, тугатиш бошқарувчилари иштирокида семинар ўтказилди

Ушбу семинарда иқтисодий судларда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларнинг кўриб чиқилишида вужудга келаётган мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун моҳияти ва аҳамияти тўғрисида тушунтиришлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 25-соддасига кўра, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар иқтисодий судга таааллуқли бўлиб ҳисобланади. Иқтисодий процессуал кодексининг 210-моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишлар ушбу Кодексда назарда тутилган қоидалар бўйича, «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида  (кейинги ўринларда Қонун деб юритилади) белгиланган ўзига хос хусусиятлар эътиборга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади.

Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, тўловга қобилиятсизлик — суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги ҳисобланади.

Навбаҳор туманлараро иқтисодий судида ҳозирги кунда жами 22 та Тўловга қобилиятсизлик иши юзасидан тугатишга доир иш юритиш таомили қўлланилиб, тугатиш ишлари олиб борилмоқда. Шундан бир йилдан ошган тўловга қобилиятсизлик ишлари 1 та, 9 ойдан ошган ишлар 3 тани ташкил этади.

 Қонунга мувофиқ,  тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини ўтказиш учун суд томонидан тайинланадиган шахслар суд бошқарувчилари томонидан амалга оширилади.

Қонуннинг 22-моддасига кўра, олий маълумотга ҳамда камида икки йиллик иш стажига эга бўлган, шунингдек ваколатли давлат органида аттестациядан ўтган шахслар суд бошқарувчилари этиб тайинланиши мумкин.

Қонуннинг 23-моддасига кўра, суд бошқарувчиси кредиторлар йиғилишини чақиришга, ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда кредиторлар қўмитаси чақирилишини талаб қилишга, олдиндан давлат божи тўламай туриб, даъво аризалари ва бошқа аризалар билан судга мурожаат этишга, ушбу Қонуннинг 26-моддасига мувофиқ ҳақ олишга, бошқа шахсларни улар фаолиятига қарздорнинг маблағлари ҳисобидан ҳақ тўлаган ҳолда, агар кредиторлар билан тузилган битимда бошқача қоида белгиланган бўлмаса, шартнома асосида жалб этишга, давлат хизматларидан, шу жумладан давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлардан олдиндан ҳақ тўламасдан фойдаланишга, қарздорнинг мулки, ҳисoбвaрaқлaри вa депозитлaри, шу жумлaдaн крeдит кaртaлари, электрон баланслaри вa электрон пул ўткaзмaлaри тўғрисидa жисмоний вa юридик шaxслaрдан (шу жумлaдaн крeдит тaшкилoтлaридaн) ҳамда дaвлaт oргaнлaридaн бепул ахборот oлишга, қарздор жисмоний шахсдан унинг жисмоний шахснинг қaрзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш рeжaсини aмaлгa oширишга доир фaoлияти тўғрисидaги ахборотни сўрaб олишга, ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажариш учун давлат солиқ хизмати ва божхона органларидан, бюджетдан ташқари жамғармалардан, кўчмас мулкка оид ҳужжатларни рўйхатдан ўтказувчи органлардан ҳамда қарздор корхона ва унга тегишли мол-мулк тўғрисида зарур ахборотга эга бўлган бошқа ваколатли органлардан ахборот олишга, ўз вазифаларини бажаришни муддатидан илгари тугатиш тўғрисида судга ариза беришга ҳақли.

Суд бошқарувчиси қарздорнинг мол-мулки бут сақланиши юзасидан чоралар кўриши, кредиторларнинг талаблари реестрини шакллантириши ва юритиши, қарздорнинг молиявий аҳволини таҳлил қилиши, қарздорнинг молиявий аҳволи ва (ёки) ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни кредиторнинг талабига кўра ўн кунлик муддатда тақдим этиши, сохта тўловга қобилиятсизлик, тўловга қобилиятсизликни яшириш ёки қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш аломатларини аниқлашга доир ҳаракатларни амалга ошириши ва чоралар кўриши ҳамда бундай аломатлар аниқланганлиги ҳақида кредиторлар йиғилишига, судга, ваколатли давлат органига, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши, қарздор жисмоний шахснинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш режасининг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириши, қарздор жисмоний шахс томонидан кредиторларнинг талаблари тўла ҳажмда қаноатлантирилиши учун маблағларнинг ўз вақтида тўлиқ тўланишини назорат қилиши, суд ҳужжатлари билан ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши шартлиги белгиланган.

Шунингдек, семинар давомида суд бошқарувчилари томонидан мавжуд банкротлик ишларини ўз вақтида якунлаш, оралиқ ҳисоботларни тақдим этиб бориш, хулосаларни белгиланган муддатларда тақдим этиш, қонунда белгиланган нормаларга тўлиқ риоя этиш, давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилоят худудий бошқармаси суд бошқарувчилар фаолиятини назорат қилиб бориш лозимлиги тўғрисида тушунтиришлар берилди.

 

Бекзод Джумаев,

 

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси.

Судья ва ёшлар учрашуви мобайнида амалий дарс машғулоти ўтказилди

Жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман суди раиси А.Авезов томонидан Қизилтепа туманидаги 1-сонли мактабда «Ҳуқуқбузарлик тушунчаси» мавзусида амалий дарс машғулоти отказилди.

Ушбу тадбир ўқувчи ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада ошириш, уларда қонунга ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, шунингдек ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилди.

Мазкур учрашув давомида ўқувчи ёшларларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишлари, соғлом турмуш тарзини ташкил қилиш ва ёт ғояларга берилмаслик борасида зарур маслаҳатлар бериб ўтилди ва бу борада суд амалиётидан мисоллар келтирилди.

Ҳуқуқий дарс соати жараёнида янги таҳрирдаги Конституциямизнинг аҳамияти ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги ўзига хос жиҳатлари, шунингдек жамиятда инсон ҳуқуқларининг ўрни мавзусининг мазмун-моҳияти ўқувчи ёшларга тушунтириб ўтилди ҳамда уларнинг саволларига амалиётчи мутахассис томонидан тушунтириш берилди.

 

Адиз Авезов,

Жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман суди раиси.

Сайёр тарзда ўтказилган қабул

Фуқароларнинг судларга бўлган мурожаатларини улар учун қулай бўлган жойда қабул қилинишини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар ва уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш, шунингдек “Менинг маҳаллам-менинг судьям” ғояси остида Зарафшон шаҳридаги “Қурувчи” МФЙда сайёр учрашув ташкил этилиб, аҳолининг мурожаатлари тингланди ва уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, қабул жараёни ҳуқуқий тарғибот тадбири билан давом этиб, унда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларини бузилиши ҳолатларини олдини олиш, ўзбошимчалик билан ерларни эгалламаслик ва ноқонуний равишда бино қурмаслик лозимлиги ҳамда бу каби хатти-ҳаракатлар учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик ва жазо чоралари юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.

Skip to content