Қидирув:

“Ўзбекистон-2030” тараққиёт сари янги қадам

Суд тизимининг босқичма-босқич демократлаштирилиши, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, одил судловга эришиш самарадорлигини ошириш ҳар бир қабул қилинаётган қонунларнинг асосий мезонига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам Янги Ўзбекистонни барпо этишда назарда тутилган ислоҳотлар авваламбор, Конституция ва қонунларнинг устуворлигига эришиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтиришга хизмат қилади. Хусусан, 4-мақсад қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этишга бағишланган бўлиб, унда қонун устуворлигини таъминлаш борасида қуйидаги устувор мақсадлар қамраб олинган.

Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш. Бу мақсадни амалга ошириш борасида, аҳоли пунктларида икки ва ундан ортиқ полосали тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлакларини (тугмали) светофорлар билан тўлиқ жиҳозлаш, озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш, судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларини камида 2 баробарга оширишга қаратилган самарадорлик кўрсаткичлари белгиланган.

Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантириш. Таъкидлаш жоизки бу мақсадга, маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш, судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш, судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низолар юзасидан судларга келиб тушадиган ишлар сонини 50 фоизга камайтириш, маъмурий тартиб-таомиллар принципларини йўл ҳаракатини тартибга солувчи белгилар ва ишораларга тўлиқ татбиқ этиш орқали эришилади.

Суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш. Бу борада, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш натижалари устидан судларга юборилаётган шикоятларнинг 50 фоизини электрон шаклда келиб тушишига эришиш, тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларининг 100 фоизида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлашга эришиш, суд тизимини бошқаришга судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини тўлақонли жорий этиш ҳамда судьялар ҳамжамияти органлари тизимини тўлиқ шакллантириш, жаҳон одил судлов лойиҳасининг Ҳуқуқ устуворлиги индекси бўйича 0,64 баллни тўплашга эришиш, бошқарув сифати индикаторларининг Ҳуқуқ устуворлиги йўналиши бўйича 61,5 баллни тўплашга эришиш орқали амалда бажарилиши назарда тутилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятини инсон манфаатлари, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтириш. Мақсаднинг муҳим йўналишлари, ягона электрон реестр яратиш орқали жиноят иши қўзғатилишидан тортиб иш юзасидан ҳукм чиқарилгунига қадар бўлган жараённи индивидуал рақам ва QR коди орқали кузатиб бориш имкониятини жорий қилиш, далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш фаолиятини замонавий технологиялар ва сўнгги илмий ютуқларни жорий қилиш орқали тўлиқ рақамлаштириш, суд ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича ишлар тоифасининг камида 30 фоизини хусусий сектор ёрдамида ижро этишни йўлга қўйиш, жиддий оқибатлар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сонини камида 50 фоизга камайтириш, 100 фоиз жиноят ишлари ва материалларнинг электрон шаклдаги нусхасини юритиш ва ушбу ишлар бўйича электрон ҳужжат алмашинувини таъминлашни ташкил этади.

Адвокатура институтининг салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш хусусидаги мақсад, адвокатура институтини ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш ҳамда унинг давлат органлари ва бошқа тузилмалардан чинакам мустақиллигини таъминлаш, адвокатлар малакасини оширишнинг замонавий ва халқаро стандартларга мос келувчи ва муқобиллик тамойилига асосланган тизимини жорий этиш, адвокатлар сонини камида 2000 нафарга кўпайтириш, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича адвокатлар ҳамда судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви даражасини камида 50 фоизга етказиш каби йўналишларни ўз ичига қамраб олган.

Коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттиришга қаратилган мақсадга «Transparency International» халқаро ташкилоти томонидан эълон қилинадиган Коррупцияни қабул қилиш индексида камида 50 поғонага кўтарилишга эришиш, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатларини 2 баробарга камайтиришга эришиш, давлат харидларини тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали амалга оширишда маблағларни талон-торож қилиш ҳолатлари, товар ва хизматларнинг нархи бозор қийматидан ошиб кетишининг олдини олиш бўйича жамоатчилик назоратини тўлақонли жорий қилиш 100 фоиз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг «коррупциядан холи қонунчилик» тамойили асосида ишлаб чиқилишини таъминлаш орқали эришилади.


Анвар Исоков

Навоий вилоят судининг судьяси,

 

Бобир Имомов

Навоий вилоят судининг судьяси.

 

 

 

 

СУД ҚАРОРЛАРИ УСТИДАН ШИКОЯТ ҚИЛИШНИНГ ЯНГИ ТАРТИБИ ЖОРИЙ ЭТИЛДИ

Сўнги йилларда мамлакатимизда инсон қадри устуворлигини, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–11-сонли Фармонида суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш белгиланди.

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун қабул қилинди.

Мазкур қонунга асосан суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш механизмлари янада такомиллаштирилиб, суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартиби жорий этилди.

Унга кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб:

Туманлараро судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида, ўз навбатида, судлов ҳаъати томонидан кўрилган ишларни Раёсатда тафтиш тартибида кўриб чиқиш;

апелляция, кассация инстанцияси судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва улар томонидан иш бўйича якуний қарор қабул қилиш белгиланди.

Қонун билан суд қарорлари устидан кассация ва тафтиш тартибида шикоят қилиш муддатлари ҳам ўзгартирилди. Хусусан, кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) эса, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида бериладиган бўлди.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бериш муддати қуйи инстанция судлари томонидан ишни кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилингунига қадар ўтган бўлса, шикоят (протест) ушбу судлар томонидан ишни кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин, яъни яна қўшимча уч ойлик муддат берилиши назарда тутилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатига Олий суд раисининг, Бош прокурорнинг протести тегишли шахсларнинг мурожаати келиб тушган кундан эътиборан уч ой ичида, лекин судлов ҳайъати томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай киритилиши мумкин.

Суд қарорлари устидан апелляция, кассация ва тафтиш тартибидаги шикоят (протест) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома шикоятни (протестни) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган ва шикоят (протест) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари судья (суд) томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Ишни апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида кўрган суднинг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Олий суд Раёсатининг қарори якуний ҳисобланади ва унинг устидан шикоят қилинмайди (протест келтирилмайди).

 

Акмал Муродов

Навоий вилоят маъмурий судининг раиси

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси”нинг мазмун-моҳияти тушунтирилди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Навоий академик лицейида Навоий вилоят суди раиси Ҳамидулла Қудратов ва вилоят маъмурий суди раиси Акмал Муродовлар ўқувчилар билан учрашди.

Учрашувда 2023 йил 11 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги Президент фармони мазмун-моҳияти, унинг  
2023 – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида белгиланган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.

Стратегияда 5 та йўналиш бўйича 100 та мақсад назарда тутилган. Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, сув ресурсларини тежаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ҳамда мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттириш асосий йўналишлар сифатида белгиланган.

– Стратегия 4-йўналишнинг 2-банди “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар”га бағишланган бўлиб, унда бир қатор устувор вазифалар белгиланган, – дейди вилоят суди раиси Ҳ.Қудратов. – Жумладан, 84-мақсад “Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш”, деб номланган. Унда озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш, судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларини камида 2 баробарга ошириш назарда тутилган. Бундан ташқари, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш каби устувор вазифалар ҳам белгиланганки, бу мақсадларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши аҳолида одил судловга бўлган ишончнинг янада ошишига хизмат қилади.

Албатта, судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш, судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини ошириш, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш натижалари устидан судларга юборилаётган шикоятларнинг электрон шаклда келиб тушишига эришиш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлашга эришиш юртимизда инсон қадри тобора улуғланиб, инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлигининг бир исботидир.

– Бугунги учрашувда Стратегиянинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган мақсадлар, жумладан, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилиши кўзда тутилган мақсадлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлдик, – дейди лицей ўқувчиси Иқбол Мамаюсупова. – Албатта, бу ҳужжат мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожида муҳим қадамлардан бири бўлиб, биз ёшлар учун дастуриламал ҳужжатлардан саналади. Тадбирда судьяларимиз нафақат судларда, балки адвокатура тизимида белгиланган мақсадлар ҳақида ҳам гапириб ўтишди. Таъкидланганидек, адвокатура институтини ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш ҳамда унинг давлат органлари ва бошқа тузилмалардан мустақиллигини таъминлаш ўта муҳим вазифадир. Қолаверса, адвокатлар малакасини оширишнинг замонавий ва халқаро стандартларга мос келувчи ва муқобиллик тамойилига асосланган тизимини жорий этиш, адвокатлар ҳамда судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш ҳам яратилаётган қулайликлардан бири, деб ўйлайман.

Учрашувда судьялар ўқувчиларни қизиқтирган барча саволларга жавоб беришди.

ЎзА

Д И Қ Қ А Т,  Т А Н Л О В !

Навоий вилоят суди томонидан вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) судларидаги бўш иш ўрин (вакант лавозим)ларига кадрлар захирасини шакллантириш юзасидан олий юридик ва олий ахборот-коммуникация технологиялари маълумотига эга бўлган номзодлар бўйича танлов эълон қилади.

 

1. Навоий вилоят судининг катта консультанти (1 нафар 1 ставка), судья катта ёрдамчиси (1 нафар 0,75 ставка, 1 нафар 0,50 ставка)

2. Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг судья ёрдамчиси

(1 нафар 1 ставка)

3. Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг судья ёрдамчиси

(1 нафар 1 ставка)

4. Жиноят ишлари бўйича Конимех туман судининг архивариуси

(1 нафар 1 ставка)

5. Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман судида девонхона мудири

(1 нафар 1 ставка)

6. Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг девонхона мудири

(1 нафар 1 ставка)

7. Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг катта ёрдамчиси (1 нафар 0,5 ставка)

8. Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг тизимни бошқариш ва хизмат кўрсатиш муҳандиси (1 ставка)

9. Жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг тизимни бошқариш ва хизмат кўрсатиш муҳандиси (1 ставка)

Керакли ҳужжатлар:

1. Номзоднинг аризаси;

2.Номзоднинг маълумотномаси (объективка) ва яқин қариндошлари тўғрисида маълумотнома; (ҳам электрон юбориш зарур   nav.kadr@sud.uz)

3.Сўровнома;

4.Таржимаи ҳол;

5. Диплом ёки чет элда ўқиганлик тўғрисидаги дипломга эса, дипломни тан олинаганлиги ва нострификация қилинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома;

6. Шахсни тасдиқлович ҳужжат (паспорт ёки идентификацияловчи

ID-карта гувоҳномаси) нусхаси;

7. Охирги иш жойи бўйича тасдиқланган қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма (бундан биринчи марта ишга кираётган шахслар мустасно);

8. Тавсифнома (Ишламаган бўлса ўқиш жойидан Тавсифнома);

9. 3,5х4,5 расм 4 дона;

10. Соғлиғи ҳақида тиббий маълумотнома;

11. Ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар учун тегишинча ҳарбий гувоҳнома ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳнома;

12. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами.

Бўш иш ўрин (вакант лавозим)лари бўйича кадрлар захирасига ариза ва унга тегишли ҳужжатларни тақдим этишнинг охирги муддати:

2023 йил 20 сентябрь, соат 18:00.

Сайёр суд

Барча давлатларда ҳуқуқбузарликка қарши курашиш муҳим масала ҳисобланади, ваҳоланки инсон тинчлиги ва хотиржамлиги фаровон ҳаёт кечириши учун замин яратади, барака ва ривожланиш ҳам айнан шу неъматлар ортидан келади.

Шу боис, ҳуқуқбузарликларни олдини олишда маҳалланинг ролини ошириш шарт, аксарият маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар айнан маҳалла фуқаролар йиғинларида сайёр судда кўрилмоқда. Бу орқали фуқароларни огоҳликка чақириш ҳамда содир этилган қилмиш учун жавобгарлик муқарралигини билдириш муҳим.

Навбатдаги сайёр суд мажлиси жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди томонидан “Азамат” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилди. Унда, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41,52,183,131 моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган 18 нафар шахсга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилди.

Иш кўриш жараёнида ўз қилмишига иқрор бўлиб пушаймонлик билдирган шахсларга енгиллик, яъни тузалишлари учун имкониятлар ҳам берилди хусусан, уларга огоҳлантириш, оилавий шароитидан келиб чиқиб, энг кам миқдорда жарима жазоси тайинланган бўлса, пушаймонлик билдирмаган ҳуқуқбузарларга эса қонунчиликда назарда тутилган жазолар тайинланди.

Албатта судларнинг вазифаси жазолашдан иборат эмас, балки ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, фуқароларни Ўзбекистон Республикаси               Конституцияси ва қонунларига риоя этиш руҳида тарбиялашдан иборат.

Санджар Кушатов,

                             жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди судьяси 

СУД ҚАРОРИ ИЖРОСИ БИЛАН МУҲИМ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 138-моддасида, суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар учун мажбурийлиги белгиланган.

Хусусан, Давлат ва унинг органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритади.

Бугунги кунда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни  амалга  ошириш  давлат  сиёсатининг  устувор  йўналишларидан  бири бўлиб,  бу  барча  поғона  судларда  одил  судловни  амалга  ошириш, суд ишларини ташкилий жиҳатдан муносиб тарзда таъминлашга хизмат қилиши билан биргаликда суд томонидан қабул қилган қарорларни бажариш уларни ижросини таъминлашнинг мукаммал ва самарали механизмларини жорий қилиниши фуқароларимизни одил судловга бўлган ишончини ортишига ва суд ҳокимиятининг нуфузини янада юксалишига хизмат қилади.

Шунингдек, “Янги Ўзбекистон янги суд” тамойили доирасида аҳолини одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш борасида
2
022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, адолатли суд қарорлари қабул қилиниши орқали, халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш қолаверса, суд ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирли механизимларини жорий этиш белгиланди.

Айтиш керакки, одил  судловни  амалга ошириш мақсадида фуқаролар ва ташкилотларнинг  ҳуқуқларини  қўриқлаш учун чиқарилган  қарорлари ижроси процесснинг якунловчи босқичи ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади)га мувофиқ, суд ҳужжатлари қонуний кучга киргач ижрога қаратилади.

Суд томонидан берилган, ундирувчининг суд ҳужжатини мажбурий тартибда ижро эттириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ижро варақаси ҳисобланади, ушбу Кодекснинг 336-моддасига кўра, ижро варақаси суд ҳужжатини қабул қилган суд томонидан суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан сўнг беш кун ичида ижро варақаси ундирувчига берилади ёки унинг илтимосномасига кўра давлат ижрочисига ижро этиш учун юборилади. Ижро варақаси электрон ҳужжат тарзида юборилиши ҳам мумкин.

Иқтисодий судлар томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура ҳузуридаги МИБнинг тегишли бўлимларига  
3 207 та 41 394 000 000 сўмлик ижро варақалар юборилган бўлиб, шундан давлат фойдасига 1 834 та 5 647 000 000 сўмлик давлат божи ундирилган, тадбиркорлар фойдасига эса 1702 та 287 418 000 сўмлик ижро варақаларининг ижроси амалда  таъминланган.

ИПКнинг 345-моддасига кўра, суд берган ижро варақаси асосида давлат ижрочиси томонидан қўзғатилган ижро ишини юритишни суд қонунда назарда тутилган ҳолларда, ундирувчининг, қарздорнинг, давлат ижрочисининг аризасига кўра тўхтатиб туриши ёки тугатиши мумкин.

Иқтисодий суд томонидан берилган ижро варақаси асосида қўзғатилган ижро ишини юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш ўша суд ёки давлат ижрочиси жойлашган ердаги суд томонидан амалга оширилади.

Амалдаги, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш белгиланган бўлиб, ушбу Қонун суд ҳужжатлари, шунингдек қонунда белгиланган ваколатларини амалга ошираётганларида жисмоний ёки юридик шахслар зиммасига пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни ўзга шахсларга бериш ёхуд улар фойдасига муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларни амалга оширишдан ўзини тийиш мажбуриятини юклаш ҳуқуқи берилган бошқа органларнинг (мансабдор шахсларнинг) ҳужжатлари мажбурий ижро этилаётганда юзага келадиган муносабатларни тартибга солиши белгиланган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, суд қарорлари ижроси ўз вақтида бажарилиши фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ортишига ҳамда суд ҳокимиятининг нуфузини янада юксалишига хизмат қилади.

                                                                                          Хуршид Турсунов                                                                        Навоий вилоят суди судьяси                                                 

Қонун ҳужжатлари мазмуни тушунтирилди

Сўнгги йилларда аҳолини, айниқса хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг 29 август куни Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Д.Турдиев, ҳамда фуқаролик ишлари бўйича туман суди раиси А.Жумаев томонидан “Айтим” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан ўтказилган учрашувда Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 15 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги шунингдек, жорий йилнинг
11 апрелидаги Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунлари мазмун-моҳияти борасида сўз борди.

Шунингдек, мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга, болалар орасида назоратсизликнинг ва улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги хусусида фикр юритилди.

Учрашув иштирокчиларига Республикада аёллар ва болалар учун яратилаётган ва қўлланилаётган имтиёзлар, янгиликлар борасида ҳам маълумот берилиб, йўлланган саволлар юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.                                                                                                                                                                                                                Дилшод Турдиев, 
                                                                    Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси

Хатирчи туманида сайёр қабул ўтказилди

Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар муаммолари билан ишлашни самарали ташкил этиш, ҳудудларда ечимини кутаётган масалаларни “маҳаллабай” ўрганган ҳолда жойида ва тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида судьялар томонидан  сайёр қабуллар ташкил этиб келинмоқда.

Навбатдаги мулоқот Хатирчи тумани “Хўжақўрғон” МФЙда ўтказилди.

Қабул мобайнида Навоий вилоят суди судьяси Б.Шерматов ва Хатирчи туман судлари судьялари томонидан ҳудуд аҳолисининг мурожаатлари ўрганилди.

Мурожаатларнинг аксарияти алимент ундириш, суд томонидан тайинланган жазони енгилроғи билан алмаштириш ҳамда уй-жой низолари билан боғлиқ масалаларни ташкил этади.

8 нафар фуқаронинг аризаси тегишли тартибда ўрганиб чиқиш учун қабул қилинган бўлса, қолган мурожаатлар муаллифларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Алқисса, давлат органларининг “Халқ билан мулоқот” қилиши тамойилини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ташкил этилаётган бу каби қабуллар аҳоли муаммоларини ўз вақтида ҳал этилишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

 

Бекзод Шерматов

Навоий вилоят суди судьяси

Фидойи меҳнати учун эътибор ва эътироф намунаси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-6127 сонли Фармонига

 мувофиқ одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, ўзининг қатьиятлилиги ва адолати билан одамлар орасида ҳурматга сазовор бўлган фахрийларнинг меҳнатини эътироф этиш мақсадида, нафақага чиққан судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилган эди.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан Судьялар олий кенгаши томонидан ташкиллаштирилган тадбирда Қамбаров Эшмурза ва Кудратов Хамидулла Насимович “Суд фахрийси” кўкрак нишони ҳамда суд тизимида юксак обрў эътибор қозонган, судьялик бурчини бенуқсон, самарали ва ҳалол амалга оширган, жамиятда одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва ёш судья кадрларни етиштиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшганлик учун Навоий вилоят суди раиси ўринбосари, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Касимов Ихтияр Уралович Судьялар олий кенгаши рамзи туширилган қўл соати билан тақдирланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан одил судловни амалга оширишдаги самарали фаолияти ҳамда хизмат бурчини намунали бажаргани, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни амалиётга татбиқ этишдаги меҳнати ҳамда Мустақилликнинг ўттиз икки йиллиги муносабати билан Навоий вилоят суди судьяси Тошмуродов Лутфулла Сайдуллаевич, вилоят суди архив мудири Саттарова Элеанора Рамазановна “Фахрий ёрлиқ” билан мукофотлангани жамоамизнинг ҳар бир аъзоси қалбига чексиз ғурур бағишлади.

       Тақдирланганларни мазкур юксак эътироф билан самимий табриклаймиз!

 Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Мулк ижараси билан боғлиқ ишларнинг ўзига хос хусусиятлари

Ҳозирги бозор муносабатлари шароитида мулк ижараси билан боғлиқ муносабатлар тобора ривожланиб, унинг кўлами янада кенгайиб бормоқда. Эндиликда ижара, ижрачи ва ижарага берувчи деган сўзлар ва тушунчалар жамиятда кенг қўлланилмоқда, чунки ижара ҳаётнинг ҳамма соҳаларига чуқур кириб бормоқда.

Мамлакатимизда ижара муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси, Ўзбекистон Республикасининг “Ижара тўғрисида”ги қонуни шунингдек, бошқа қонун ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади.  

Ижара бу мулк эгасининг ишлаб чиқариш воситалари ва бошқа буюмларини муайян тўловлар эвазига вақтинча фойдаланиш учун бошқа бировга ўзаро келишувга мувофиқ топширишидир. Мулк эгаси (ижарага берувчи) ўз мулкини бошқа бировга (ижарачига) вақтинча эгалик қилиш ёки фойдаланиш учун беради.

Мулк ижараси – ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинчалик эгалик қилиш ва фойдаланиш учун учун топшириш. Ушбу муносаббатда икки мустақил тараф – ижарага берувчи ва ижарага олувчи қатнашади. Улар ўртасида Мулк ижараси шартномаси тузилади. Мулк ижарасидан ижарага берувчи ҳам, ижарага олувчи ҳам манфаатдор бўлади. Ижарага берувчи муайян ҳақ олади. Ижарага олувчи ҳам ундан мақсадга мувофиқ равишда фойдаланиб, даромад олади. Ижарага берувчи ажарага олувчига мул-мулкни мол-мулкни шартнома шартлари ва мол-мулкнинг вазифасига мувофиқ ҳолда топшириши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 535-моддасига асосан, мулк ижараси шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади.

Ижара муносабатларида ижарага берувчи ижарага олинган мулкларнинг мулкдори бўлиб қолаверади. Ижарачи эса шартномада кўрсатилган муддат давомида мулкдорнинг баъзи ҳуқуқларини олади ва бунинг учун ижара ҳақини тўлайди. Шу билан бирга, ижарачи ижара фаолияти давомида ишлаб чиқариш воситларининг вақтинча эгаси, олинган маҳсулот ва даромадларнинг мустақил эгаси ҳисобланади яъни, ижарага олувчи ижарага олинган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида оладиган маҳсулот, мева ва бошқа даромадлар унинг мулки ҳисобланади.

Мулк ижараси шартномасининг қуйидаги ҳуқуқий белгилари мавжуд биринчидан, мулк ижараси шартномаси тузилиш пайти ва мазмунига қараб консесуал характерни ифода этади. Чунки шартнома тарафлар ўртасида келишувга эришилган ва қонун талаб қилган шаклда расмийлаштирилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади, иккинчидан, мулк ижараси шартномаси ҳамма вақт ҳақ эвазига тузилади, учинчидан мулк ижараси шартномаси тарафлар ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг ўзаро тақсимланишига қараб, икки томонлама шартномадир. Бунда ижарага берувчида ҳам ижарага олувчида ҳам ҳуқуқ ва мажбуриятлар мавжуд бўлади. Мулк ижараси шартномасида мулк ҳуқуқининг мулкни эгаллаш ва фойдаланиш ёки фақат мулкдан фойдаланиш элементларигина ижарага берувчидан ижарага олувчига ўтади. Мулкни тасарруф этиш ҳуқуқи ҳар доим мулкдор қўлида сақланиб қолади.

Мулк ижарасининг объекти, яъни предмети шартноманинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Ер участкалари, ер ости бойликлари жойлашган участкалар ва бошқа алоҳида табиий объектлар, корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, бинолар, иншоотлар, ускуналар, транспорт воситалари ва фойдаланиш жараёнида ўзининг табиий хусусиятларини йўқотмайдиган бошқа ашёлар (истеъмол қилинмайдиган ашёлар) мулк ижарасига берилиши мумкин.

Қонунда мулк ижараси шартномасининг шаклига алоҳида аҳамият берилган. Агар мулк ижараси шартномаси бир йилдан ортиқ муддатга тузилиши мўлжалланган бўлса, тарафлардан биронтаси юридик шахс бўлган ҳолларда эса, муддатидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт. Кўчмас мулк ижараси шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Ҳукумат қарори билан кўчмас мулк ижара ёки текин фойдаланиш шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш маъмурий регламенти тасдиқланган. Регламентга кўра, ижарага берувчи кўчмас мулк шартномасини тузилганидан 3 кундан кечиктирмай солиқ органида ҳисобга қўйиши шарт. Шартномани ҳисобга қўйганлик учун тўлов ундирилмайди. Кўчмас мулк бирламчи ижарага олган шахс томонидан иккиламчи ижарага берилиши мумкин. Иккиламчи ижаралар ҳам солиқ органларида ҳисобга қўйилиши керак. Шартномани ҳисобга қўйиш Давлат солиқ қўмитасининг ахборот тизими орқали фақат электрон шаклда амалга оширилади. Ижарага берувчи томонидан тизим орқали юборилган шартнома ижараг олувчи томонидан 5 кунда тасдиқланмаса шартнома солиқ органларида ҳисобга олинмайди. Шартнома ҳисобга қўйилганда, ҚР-кодли гувоҳнома берилади. Шартнома тарафлар келишувига биноан ёки бошқа тартибда муддатидан олдин бекор қилинса ёки ҳақиқий эмас деб топилса, ижарага берувчи томонидан онлийн ҳисобдан чиқарилади.

Уй-жойни ижарага бериш шартномаси ҳақида Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексида қоидалар келтирилган бўлиб, унга кўра, уй-жойни ижарага бериш шартномаси ҳам ёзма шаклда тузилади. Фуқаролар ўртасида тузилган уй-жойни ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Ижарага берувчи ижарага олувчига доимий яшаш учун яроқли бўш уй-жойни бериши лозим.

Ижарага берувчи ижарага берилган турар жой жойлашган уйдан тегишли даражада фойдаланишни амалга ошириши, ижарага олувчига ҳақ эвазига зарур коммунал хизмат кўрсатиши ёки хизмат кўрсатилишини таъминлаши кўп квартирали уйнинг умумий фойдаланиладиган мол-мулки ва турар жой биносида жойлашган коммунал хизмат кўрсатиш қурилмалари таъмирланишини таъминлаши лозим.

Уй-жойни ижарага олиш шартномасига биноан фақатгиа фуқаро ижарага олувчи бўлиши мумкин.

Уй-жой юридик шахсларга ижара шартномаси ёки бошқа шартнома асосида эгалик қилиш ёки фойдаланиш учун топширилиши мумкин. Юридик шахс уй-жойдан фақатгина фуқароларнинг яшаши учун фойдаланиши мумкин.

Шартномада уй-жойда ижарага олувчи билан бирга доимий яшайдиган фуқаролар кўрсатилиши лозим. Ижарага олувчи билан бирга доимий яшайдиган фуқаролар уй-жойдан фойдаланиш бўйича у билан тенг ҳуқуқларга эга. Ижарага олувчи билан бундай шахслар ўртасидаги муносабатлар қонунда белгиланган.

Мулк ижараси шартномаси тарафлар келишуви билан белгиланадиган муайян муддатга тузилади. Агар мулк ижарасининг муддати шартномада белгиланмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга тузилган ҳисобланади. Бунда тарафлардан ҳар бири бошқа тарафни бир ой олдин, кўчмас мулк ижарасида эса уч ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб, истаган пайтда шартномадан воз кечиши мумкин.

Ижара муносабатларида тарафларнинг жавобгарлиги қонун ёки шартнома билан белгиланади. Ўзбекистон Республикаси “Ижара тўғрисида”ги қонунининг 32-моддасига асосан, ижара муносабатлари субъектлари шартнома тузиш тартиби ва шартларини бузишда, шартнома мажбуриятларини бажармасликда, шартномани бир томонлама ўзгартиришда ёки бекор қилишда, шартномани ўзгартириш ва тўхтатиш тартиби ҳамда шартларини бузишда айбдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар, давлат идораларининг мансабдор шахслари қонунчиликда белгиланган жавобгарликка тортиладилар.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 541-моддасининг
3-4-қисмларида ижарага олувчига ижара мол-мулкини тўлиқ ва ўз вақтида топширмаганлик учун ижарага берувчининг жавобгарлиги белгиланган. Унга кўра,

гарда шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мол-мулк барча мансуб ашёлари ва унга алоқадор ҳужжатлар (техник паспорт, сифат сертификати ва ҳоказолар) билан бирга ижарага топширилади. Агарда бундай мансуб ашёлар ва ҳужжатлар топширилган бўлмаса ва уларсиз ижарага олувчи мол-мулкдан унинг ўз вазифаси бўйича фойдалана олмаса ёхуд шартнома тузиш пайтида мўлжаллашга ҳақли бўлган анча нарсасидан маҳрум бўлса, у ижарага берувчидан бундай мансуб ашёлар ва ҳужжатларни топширишни ёхуд шартномани бекор қилишни, шунингдек зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли;

– агар ижарага берувчи ижарага олувчига ижарага берилган мол-мулкни шартномада кўрсатилган муддатда, башарти шартномада бундай муддат кўрсатилган бўлмаса, оқилона муддатда топширмаган бўлса, ижарага олувчи ушбу Кодекснинг 331-моддасига мувофиқ бу мол-мулкни ундан талаб қилиб олиш ва ижронинг кечикканлиги туфайли етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ёки шартномани бекор қилиш ва унинг бажарилмаганлиги сабабли етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Бекзод Джумаев

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси

Skip to content