Қидирув:

Замондошим, оилани асрайлик

 Биз инсонлар Оилани муқаддас даргоҳ дея таърифлаймиз. Сабаби, мустақил ҳаётга шу даргоҳ остонасидан қадам ташланади.

Шу боисдан ҳам юртбошимиз оила муқаддас урф-одатларимизни ҳимоя қиладиган, ҳаётнинг абадийлиги, авлодлар ворисийлигини таъминлайдиган ва шу билан бирга, ёш авлодга бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи эканлигини доимо таъкидлайдилар. Умуман олганда бизнинг давлатимизда оила, инсон манфаати, оналар ва болаларга эътибор биринчи ўринда туради. Тарихга назар солсак фикримиз тасдиқланади:

1997 йил – Инсон манфаатлари йили,

1998 йил – Оила йили,

2000 йил Соғлом авлод йили

2001 йил Оналар ва болалар йили;

2012 йил Мустаҳкам оила йили;

2016 йил Соғлом она ва бола йили.

Оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг вазифалари оилани мустаҳкамлашдан, оилавий муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг маъсуллиги ҳисси асосида қуришдан, бирон-бир шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўймасликдан, оила аъзолари ўз ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширишини ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир.

Йигит ва қизнинг хоҳиш-иродаси билан қонуний никоҳ жойлардаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади ва давлатимиз герби тушурилган  никоҳ гувоҳномаси уларга тантанали равишда топширилади.

Муқаддас оила даргоҳига пок қадамлар билан кириб келгач, энди ёш эр ва хотин зиммасига ушбу даргоҳни асраб авайлаш, яъни бир-бирига ҳурмат-иззат, вафодорлик, атроф-муҳитга зийраклик билан теран қараш, оилада пайдо бўладиган келишмовчилик ва кичик-кичик жанжалларда сабр-тоқатли бўлиш, асабни, тилни жиловлаш, ота-оналарнинг ҳурматини жойига қўйиш ҳамда болаларни тарбиялаш ва ҳ.з муҳим мажбуриятлар тушади. 

Афсуски, ана шундай ҳаёт синовларига бардош бера олмаётган эр ёки хотинлар жаҳл отига ҳамроҳ бўлиб, муқаддас оилани барбод қилаяпдилар.

Ана шундай оилавий фожеанинг олдини олиш борасида вилоят суди ҳамда вилоят ҳокимлиги хотин-қизлар бошқармаси ўртасида 2023 йили имзоланган меморандиумга кўра, ҳар ҳафтанинг  муборак жума куни ҳаётда бўлиб турадиган ўткинчи оилавий можораларни енга олмасдан ажралиш йўлини танлаб олган эр ва хотинларни йиғиб, оилани тиклаш ва мустаҳкамлигини таъминлаш борасида саййи ҳаракатлар давом эттирилмоқда.

Навоий шаҳар ҳокимлиги биносида ташкиллаштирилган навбатдаги йиғилишда 8 та оила билан иш олиб борилди.

Ажралишни истаб қолган эр ва хотинларга мукаммал инсон ёки мукаммал оиланинг ўзи мавжуд эмаслиги (мавжуд бўлганда ҳам жудаям кам фоизни ташкил этишини), жанжал-можораларсиз оиланинг ўзи йўқ эканлиги, ҳамма оилада ҳам қандайдир ўткинчи, вақтинчалик келишмовчилик бўлиб туриши, эр ҳам хотин ҳам сабр-тоқатга дўст бўлиши кераклиги, аччиқ устида, ўйламасдан ажралиш йўлини танлаб эр ва хотин вояга етмаган фарзандларига жабр қилаётгани, ҳаммамиз ҳам оллоҳ-таоло инъоми-гўдаклигимиздан вояга етгунимизга қадар ўз ота-онамизнинг парвариши, меҳрини ҳис этиб, тарбиясини, едирганини, кийинтирганини олиб, кулса кулиб, йиғлашса йиғлаб, бекамукуст уларнинг паноҳида ўсиб улғайганимиз эслатилди, сўнг уларга ажрашишни бироз суриб қўйиб, бир ўйлаб кўришлари учун имконият берган ҳолда жавоб бериб юборилди.

Бу борада Навоий вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ташаббуси билан 2023 йили вилоят суди ҳамда вилоят ҳокимлиги Хотин-қизлар бошқармаси  ўртасида Меморандиум имзоланди.

 Мен бу ҳақида олдинроқ оммавий ахборот воситаларида “мақтаниш”ни истамадим. Чунки, аввал бу саййи-ҳаракатнинг самарасини кўрмоқчи бўлдим.

Вақти келди, чамамда. Тажрибамизни бутун республика бўйлаб  қўллашни тавсия этаман. Тажрибамиз ҳақида ўртоқлашай.

 Ҳар ҳафтанинг жума куни жойлардаги туман, шаҳар хотин-қизлар бўлимлари, МФЙ ҳудуддаги битта МФЙ биносига ажралиш йўлини танлаган эр-ва хотинларни (зарурати бўлганида уларнинг оиласини жар ёқасига келтириб қўйган Ота-Онаси (кўпроқ Онажонларини) ёки акаси, опа-укаси, синглиси, овсини ва ҳ.з.) ларни таклиф қилишади.

Аввал, эр ва хотинларга “Бузилган оила” актёрлар томонидан ижро этилган видеороликни қўйиб беришади. Актёрлар, мактаб ўқувчилари жуда таъсирли иштирок этишганки, томошабинларнинг кўзларида ёш тўлади.

Шунда биз вилоят суди судьялари ишга киришамиз ва отинойилар, психолог ва бошқалар ёрдамида ҳар бир эр-хотин, “оилабузарлар”лар билан аввал биргаликда, кейин алоҳида-алоҳида гаплашамиз. Гаплашишдан аввал, эр ва хотинни диққат билан эшитамиз. Чунки, уларнинг ҳар бири ичидагини чиқариб олиши керакда, шундагина эр ҳам хотин ҳам бизнинг насиҳатларимизни олишади.

Гапириш навбати бизга келганида, оила муқаддаслигини, мукаммал инсон ёки мукаммал оиланинг ўзи мавжуд эмаслигини (мавжуд бўлганда ҳам жудаям кам фоизни ташкил этишини), жанжал-можораларсиз оиланинг ўзи йўқ эканлиги, ҳамма оилада ҳам қандайдир ўткинчи, вақтинчалик келишмовчилик бўлиб туришини, эр ҳам хотин ҳам сабр-тоқатга дўст бўлиши кераклигини, аччиқ устида, ўйламасдан ажралиш йўлини танлаб эр ва хотин вояга етмаган фарзандларига жабр қилаётганлигини, буни ҳозирги видероликда томошо қилишганлигини, ҳаммамиз ҳам оллоҳ-таоло инъоми -гўдаклигимиздан вояга етгунимизга қадар ўз ота-онамизнинг парваришини, меҳрини ҳис этиб, тарбиясини, едирганини, кийинтирганини олиб, кулса кулиб, йиғлашса йиғлаб, бекамукуст уларнинг паноҳида ўсиб улғайганимизни эслатамиз. Кейин уларга савол берамиз, хўш энди нима сабабдан вояга етмаган ўз фарзандларингизнинг кўз ёшларини оқизиб, жажжи юракчаларини ўкситиб, иккингиз икки томонга кетмоқчисиз?  Нима сабабдан уларни Оллоҳ инъоми – меҳрингизни, парваришингизни, кулгуларингизни, қувончингизни туйишдан маҳрум этаяпсиз? Ахир фарзандларингиз ўз ота-онаси билан, паноҳингизни ҳис этиб, битта уйда бекаму-куст яшашни хохлайди. Алимент тўлаяпман деб иддоа қилган Оталарга деймиз. Вояга етмаган фарзандларингизга Сизнинг тўлаётган алимент пулларингиз керак эмас. Улар Сизнинг ўзингизни, меҳрингизни туйиб, Сиз ва ўз Онаси билан бирга битта уйда доимий яшашни истайдилар. Гоҳида бориб кўриб келишингиз уларни ичиктириб, одомови қилиб қўяди.

Фарзандларимни ўзим тарбиялашга қурбим етади, ўзим оталик қиламан, ажрашаман деган Оналарга гапимиз: Она бўлишингиз мумкин, бироқ ҳеч қачон ота бўла олмайсиз, қайнонангизнинг Сизга танбеҳлари мактаб бўлсин, вақти келиб, қайнона бўлганингизда у кишидан олган мактабингизни келинингизга қўллайсиз, қайнона ҳам ўз онангиздай, ҳеч қачон ёмонлик тиламайди, эрингиз яхшию, уни Сизга берган онажони ёмонми деган саволни берамиз.

Шу ўринда бир ҳақиқатни айтмоқчиман. Гоҳида эр ва хотин жудаям гапга кирмаса, бир ҳаракатчан, сўзга уста, ўткир зеҳнли отинойимиз борлар. У чиройли йўсинда иштирокчилардан рухсат сўрайдида, қайсар эр ва хотинни ташқарига олиб чиқади, алоҳида гаплашиб уларни яраштиришга эришади. Шахсан мен бир судья, бир инсон сифатида шу отинойининг маҳоратига қойил  қоламан ва тасоннолар айтаман.

 

Ибодат Шоймардонова,

Навоий вилоят судининг судьяси

Янги Қонун билан суд ҳокимияти мустақиллиги ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатлари кучайтирилади

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга, шунингдек фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, 2025 йил 9 июнда қабул қилиган “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1067-сонли Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳам бунга яна бир мисол ҳисобланади.

Қонун билан “Судлар тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари нормалари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштирилмоқда.

Жумладан, “Судлар тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, судьяларнинг муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги белгиланди.

Шунингдек, судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга ёки унинг ваколатларини тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилиши кўрсатилди.

Бундан ташқари, Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги, қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги белгиланди.

Шу билан бирга, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги қайд этилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг сўзсиз ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлашга, шунингдек суд ҳокимияти мустақиллиги ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий судининг раиси

Навоий вилоят судида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва кенг жамоатчилик учун матбуот анжумани ўтказилди

Мутбуот анжуманида Навоий вилоят судлари ҳамда вилоят маъмурий судлари томонидан одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида 2025 йил 1-ярми давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда келгусидаги режалар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларига ахборот берилди.

Шунингдек, анжуманда бугунги кунда суд саҳасида оммавий ахброт воситаларининг ўрни муҳимлиги ва келгусида ҳам судлар фаолияти аммавий ахборот воситалари олдида очиқ бўлиши таъкидланди.

Йиғилиш якунида иштрокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан суд раисларига мурожаат қилишди.

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Навоий вилоят ва туманлараро маъмурий судларининг 2025 йилнинг 1-ярми давомидаги фаолиятига доир маълумотлар:

2025 йилнинг 1-ярми давомида Навоий вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судлари томонидан 673 та (2024 йилнинг мос даврида эса 444 та) оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан боғлиқ маъмурий ишлар кўриб тамомланган, кўриб тамомланган ишлардан 447 (250 та) таси қаноатлантирилган ва бу билан 447 та холатда жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган хуқуқларини тикланиши таъминланган.

2025 йилнинг 1-ярми давомида апелляция инстанцияси судида 46 та, кассация инстанцияси судида 20 та ҳамда тафтиш инстанцияси судида 21 та ишлар мазмунан кўрилиб ҳал қилинган.

Навоий вилоят ва туманлараро маъмурий судлари томонидан 2025 йилнинг 1-ярми давомида ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан 136 (2024 йилнинг мос даврида 111 та) та хусусий ажримлар чиқарилган бўлиб, уларнинг 127 таси бўйича жавоблари олинган, қолганлари бўйича қонунда белгиланган муддатлари мавжуд.

Суд томонидан юборилган хусусий ажримларнинг 2 таси бўйича қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилганлиги ҳақида судга маълум қилинган.

Бундан ташқари, ишни кўриш жараёнида айрим шахсларнинг ҳаракатида жиноят аломатлари сезилганлиги сабабли судлар томонидан 18 та иш бўйича прокуратура органларига хабарнома юборилган, шундан 1 та холатда жиноят иши қўзғатилган.

Фуқароларнинг мурожаатлари бўйича:

Вилоят ва туманлараро (туман) судларига 2025 йилнинг 1-ярми давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналаридан жами бўлиб 50 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 49 таси мазмунан ўрганиб ҳал қилинган;

Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар (вакиллари) томонидан жами 52 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг барчаси мазмунан ўрганиб ҳал қилинган, шундан 32 та мурожаат қаноатлантирилган.

Бундан ташқари суд раислари ва судьяларининг шахсий (сайёр) қабулларида жами бўлиб 202 та жисмоний ва юридик шахс вакилларидан мурожаатлар қабул қилинган, ушбу мурожаатлар- нинг барчаси оғзаки мурожаатлар бўлиб, шундан 63 таси сайёр ва 139 таси бевосита идорада қабул қилинган мурожаатларни ташкил этади.

Қонун тарғиботи билан боғлиқ фаолияти бўйича:

2025 йилнинг 1-ярми давомида Навоий вилоят ва туманлараро маъмурий судлари томонидан телевидениеда 32 маротаба, радиода 29 маротаба ҳамда веб сайт орқали 42 маротаба чиқишлар қилинган, бундан ташқари газета ва журналларда 21 та мақолалар чоп этилган.

Оғзаки ҳуқуқий тарғиботлар 136 та ўтказилган, шундан 123 та маърузалар, 13 та давра суҳбатлари. Оғзаки ҳуқуқий тарғиботлар- нинг 28 таси корхона, ташкилотларда, 79 таси аҳоли ўртасида ҳамда 29 таси ўқув муассасаларида ўтказилган.

Вилоят суди томонидан ишларни кўриш натижалари бўйича
14 маротаба умумлаштиришлар ўтказилган.

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Навоий вилоят судида «Уч авлод учрашуви» ўтказилди

Ўзбекистон Судялари Ассотсиатсияси томонидан 2025 йилнинг 27-февраль кунида “Ўзбекистон 2030” стратегиясини “Атроф -муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёти йили” да амалга оширишга оид давлат Дастури тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонининг ижроси юзасидан келиб чиқадиган вазифаларни судялар фаолиятига тадбиқ этиш бўйича тасдиқланган алоҳида Дастур ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилояти умумюрисдиксия ҳамда маъмурий судлар судялари, суд ходимлари, судяликка номзодлар, суд фахрийлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида жорий йилнинг 01 август кунида Навоий вилоят суди биносида тадбир ўтказилди.

Тадбирда, судялар томонидан тайёрланган “Атроф -муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёти йили давлат Дастурининг мазмун моҳяти” ҳамда “Ёшлар мамлакат тараққиётининг таянчи” мавзусида маърузалар тингланиб, тадбир иштирокчилари томонидан маърузаларда белгиланган мавзулар бўйича муносабатлар билдирилди ва фикрлар алмашинилди.

“Устоз ва шогирд” анъанасида ўтказилган “Уч авлод учрашуви”да тадбирга ташриф буюрган суд фахрийлари томонидан ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда қимматли ўгитлар билан бирга суд тизимида учраётган баъзи бир нуқсонларни бартараф этишга, муомала маданиятига, одоб ахлоқ ва тартиб интизом масаласида масъулиятни кучайтириш билан боғлиқ маслаҳатлар берилди.

Шунингдек тадбирда, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Убайдулла Қурбонович Мингбоев таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан нашр этилган “Ҳаётим ҳақиқатлари” номли китоб мазмун моҳияти юзасидан ҳам тайёрланган алоҳида маъруза эшитилиб, барча судялар ва ходимларга ҳамда бўлажак ҳуқуқшуносларга соғлом фикрга эга бўлиш ҳамда ўз фаолиятини қонуний амалга оширишда, Ватанига ва касбига нисбатан садоқатни янада мустаҳкамлашда китобнинг ўрни беқиёс эканлиги таъкидланди.

 

Турғунбой Қаҳҳоров,

Навоий вилоят судининг судьяси

Кармана туманлараро иқтисодий судида бўлиб ўтган очиқ мулоқот тафсилотлари

Кармана туманлараро иқтисодий суди биносида, суд раиси А.Хамидов раислигида, судья Ҳ.Саъдуллаев ва Ф.Бахроновлар иштирокида, Давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилояти бошқармаси ходимлари, вилоятда фаолият юритаётган суд тугатиш бошқарувчилари, давлат унитар корхоналари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва банкларнинг ҳуқуқшунослари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг янги қабул қилинган қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг бозор ислоҳотларини жадаллаштиришга қаратилган Фармонлари ҳамда Олий суд Пленуми қарорларининг мазмун моҳиятини тушунтириш ва “Медиа режа” ижросини таъминлаш юзасидан очиқ мулоқот шаклида учрашув ташкил қилинди.

Жорий йилнинг 18 июль куни бўлиб ўтган ушбу учрашувда судьялар томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 23 июнь кунги Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1070-сон қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июнь кунги “Мамлакатимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-97-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 23 июндаги “Иқтисодий судлар томонидан “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 13-сонли қарори мазмун-моҳияти учрашув иштирокчиларига батафсил тушунтириб берилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 23 июнь кунги Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1070-сон қонуни 4-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки банкларни санация қилиш ва тугатиш соҳасидаги ваколатли давлат органи эканлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июнь кунги “Мамлакатимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-97-сон Фармони билан Солиқ кодексида белгиланган алоҳида солиқлар бўйича имтиёзлар Тошкент вилоятидаги 4 ва 5-тоифадаги туманларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектларига ҳам татбиқ этилиши, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 23 июндаги “Иқтисодий судлар томонидан “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 13-сонли қарорининг 19-бандига асосан, қонун ҳужжатларини мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузганлик, шунингдек Қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллар суд бошқарувчисининг вазифасини бажаришдан озод қилиш учун асос бўлиши белгиланганлиги ҳақида иштирокчиларга керакли маълумотлар берилди.

Бундан ташқари, тугатиш бошқарувчиларига Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонуни 140-моддаси иккинчи қисмига кўра, тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомили муддати ўн икки ойдан ошиши мумкин эмаслиги яна бир бор эслатилиб, ушбу муддатларга риоя қилинмаслиги оқибатлари батафсил тушунтирилди.

Шунингдек, тадбир сўнгида қонун, Фармон ва қарор юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга судьялар томонидан атрофлича жавоб берилди.

 

Фахриддин Бахронов,

Кармана туманлараро иқтисодий суди судьяси.

Навоий вилоят суди томонидан вилоятнинг барча туманлараро, туман, шаҳар судларининг архив ходимлари иштирокида семинар машғулоти ўтказилди

Унда суд архивларида ишларни тўғри ташкил этишда “Архив иши тўғрисида”ги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида Архив ишини такомиллаштириш тўғрисида”ги 101-сонли Қарори билан тасдиқланган “Архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низом ҳамда судларда иш юритиш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома архив ишини юритиш жараёнида муҳим ҳуқуқий асос вазифасини бажаришлиги, ушбу Низом давлат ва нодавлат архивларига, шунингдек идоравий архивларга татбиқ этилишини, архивга ташкилотнинг ҳужжатларини қабул қилиш режа-жадвалга мувофиқ амалга оширилишлиги, архивларда сақлаш учун ҳужжатларни қабул қилиш, улар тегишли ЭК томонидан тасдиқланган рўйхатлар бўйича тартибга келтирилгандан сўнг амалга оширилиши, ҳужжатларни сақловга қабул қилишда ҳужжатларнинг мавжудлиги, физик ҳолати ва илмий-техникавий ишлов бериш сифати текшириб олиниши, архивларга архив ҳужжатларини сақлаш учун қабул қилиб олиш топшириш-қабул қилиб олиш далолатномаси асосида амалга оширилиши, ҳужжатларни сақлаш меъёрий шароитларни яратиш, меъёрий тартибларга риоя этиш ва архив ҳужжатлари сақловини тўғри ташкил этиш, йўқолиши ва ўғирланишини бартараф этувчи, шунингдек уларнинг нормал физик ҳолатини сақлаб турувчи тадбирлар комплекси орқали таъминланиши архив ҳужжатларини сақлашнинг меъёрий шароитларини яратиш тартиблари юзасидан батафсил тушунтириб ўтилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сон ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-12-сон фармонларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича тузилган чора-тадбирлар режасининг 27.2-бандида судларнинг архивида қоғоз шаклида сақланаётган ишлар ва ҳужжатларни электрон шаклга ўтказиш тўғрисидаги топшириқ ижроси юзасидан Навоий вилоят судининг барча туманлараро, туман (шаҳар) судларида ишчи гуруҳлар тузилиб, архивдаги мавжуд қоғоз шаклда сақланаётган ишлар ва ҳужжатларни электрон шаклга ўтказиш ишлари амалга оширилиб келинаётганлиги, жумладан вилоятнинг фуқаролик ишлари бўйича судлари архивларида 73,9%, жиноят ишлари бўйича судлари архивларида 83,0%, иқтисодий ишлари бўйича судлари архивларида 83,2%  ишлар электронлаштирилганлиги маълумот учун айтиб ўтилди.

Тадбир якунида кун тартибидаги мавзу юзасидан иштирокчилар билан қизғин савол жавоблар ўтказилиб, фикр –мулоҳазалар билдирилди.

 

Сатторова Элианора Рамазановна,

Архив мудири

Навоий вилоят суди ходимларининг яқин-қариндошлари билан учрашув ўтказилди

Учрашув кун тартибидан Олий суд раисининг суд органларида манфаатлар тўқнашуви ва коррупцион ҳолатларни барвақт аниқлаш, бартараф этиш ҳамда уларнинг олидини олиш, шунингдек судларда коррупцияга нисбатан тоқатсиз муҳитни шакллантириш бўйича 2025 йилга мулжалланган чора-тадбирлар режаси ҳамда шундан келиб чиқиб вилоят суд раиси томонидан тасдиқланган режага асосан очиқ ва самимий мулоқот ўрин олди.

Жумладан, суд ходими ўз хизмат фаолиятида ва хизмат доирасидан ташқарида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига риоя қилиши, “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига, унинг ҳуқуқий ҳолатини белгиловчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, Олий суд раисининг буйруқлари ва фармойишларида белгиланган юриш-туриш қоидаларига амал қилиши, хизмат вазифалари билан боғлиқ ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган чеклашлар ва тақиқларга риоя этиши, ҳар қандай вазиятда ҳам ўз қадр-қимматини сақлаши, ўз шаънини қадрлаши, суд ҳокимияти нуфузини туширувчи ва суднинг обрўсига зиён етказиши мумкин бўлган ҳар бир нарсадан ўзини тийиши шартлиги таъкидланди.

Суд аппарати ходимининг шахсий, оилавий, ижтимоий ёки бошқа муносабатлар унинг хизматдаги хулқ-атворига, у томонидан қабул қилинаётган қарорларга таъсир этишига йўл қўймаслиги керак дея сўзини давом эттирди вилоят суди раиси А.Аллаев.

Ҳақиқатдан ҳам Суд ходими ўз хизмат мавқеидан шахсий фойда олиш ёки бошқа шахслар манфаатини қаноатлантириш мақсадида фойдаланиши мумкин эмас.

Суд аппарати ходими ўз хизмат вазифаларини мансаб йўриқномасига мувофиқ юқори профессионал даражада ҳалол ва виждонан бажариши лозим. У хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ муайян ҳаракатларни ўз вақтида ва самарали ҳал этиши, бунда мустақиллик, юқори даражада ташкилотчилик, талабчанлик ва принципиаллик намоён этиши керак.

Шунингдек, учрашувдан сўнг суд ходимларининг яқин қарондошлари ходимлар учун суд биносида яратилган шароитлар билан яқиндан таништирилиб, уларнинг амалга оширадиган хизмат вазифалари ҳақида ҳам маълумотга эга бўлдилар.

Тадбир якунида сўзга чиққанлан суд ходимларига яратилган бундай қулай шароитлар учун аввало давлатимиз раҳбариятига ва суд раҳбариятига ўз миннаддорчиликларини билдиришди.

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди томонидан ўтказилган сайёр суд ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Кармана туманидаги маданият маркази биносида жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди томонидан жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик олдини олиш мақсадида фуқаролар ва уюшмаган ёшлар иштирокида сайёр суд мажлислари ўтказилди.

Сайёр суд мажлисида жиноят ва маъмурий ҳуқубузарлик содир этган бир нечта шахсларга нисбатан бўлган жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлари кўриб чиқилиб, сайёр суд мажлиси иштирокчилари гувоҳлигида суд қарорлари эълон қилинди.

Бундай сайёр суд мажлисларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, жиноят кўчасига кириб қолган ёки жиноят содир этишга мойиллиги бўлган шахсларга жиноят учун жазо муқаррарлигини эслатиш ва шу орқали келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олишдан иборатдир.

Сайёр суд мажлиси якунига уланиб кетган тарғибот тадбирида сўзга чиққанлар, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида қилинаётган барча ишлар, қабул қилинаётга қонунлар барчаси “Инсон қадри ва манфаатлари учун” эканлиги, буни ҳар-бир Ўзбекистон фуқароси ич-ичидан ҳис қилиши ва жиноятчиликка қарши биргаликда муросасиз курашиш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, йиғилганларга судьялар томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон Қарори мазмун моҳияти, Коррупция ва одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

Тадбир сўнгида судьялар томонидан йиғилганларга ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига жавоб берилди.

 

Бобир Имомов,

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг раиси

 

Лазизбек Обидов,

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг тергов судьяси

Судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатлари

Ўзбекистон Республикасининг  2025-йил 9-июндаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1067-сонли Қонунни қабул қилинди.

Ушбу Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунга қуйидаги ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан; Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексининг 23-модданинг иккинчи ва учинчи қисмлари қуйидаги мазмундаги иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлар билан алмаштирилган: “Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак. Шунингдек қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас”;  24-модданинг биринчи қисми “Гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи ҳимояланиш ҳуқуқига эга” деган сўзлардан кейин “бўлиб, уларга ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади” деган сўзлар билан тўлдирилган; 66-модданинг биринчи қисмидаги “ўзига қарши кўрсатув бермаслик” деган сўзлар “ўзига ва яқин қариндошларига қарши кўрсатув бермаслик” деган сўзлар билан алмаштирилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 1-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этиш кўрсатиб ўтилди: “Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади. Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Ҳеч қайси бошқа органлар ва шахслар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмас”; 6-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этиш белгиланди: “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга ошириладиган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга”; 8-модданинг матнидаги “қонунга” деган сўз “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига” деган сўзлар билан алмаштирилди; 9-модда: биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этиш белгиланди: “Судьялар мустақилдирлар, фақат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди”; қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди: “Судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга ёки унинг ваколатларини тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилади”; 13-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этиш белгиланди: “Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда ёхуд қонунга мувофиқ бошқа тилда олиб борилади”; 14-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этиш белгиланди: “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорларидан, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлигидан, шу жумладан уларнинг қариндошлари судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар муносабати билан ҳуқуқларининг чекланишидан, шунингдек ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ҳамда қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга. Юридик шахслар ҳам суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эгадир”; 15-модда қуйидаги таҳрирда баён этиш бўйича ўзгартириш киритилди: “15-модда. Одил судловни амалга оширишда малакали юридик ёрдам Одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ҳимояланиш ҳуқуқи ва ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам кўрсатилиши таъминланади”; 16-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этиш бўйича ўзгартириш киритилди: “Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади. Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас. Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас”; 19-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этиш бўйича ўзгартириш киритилди: “Ўзбекистон Республикаси Олий суди раис, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари — маъмурий, фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари раислари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяларидан иборатдир”; 60-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисидаги “қонунга” деган сўз “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига” деган сўзлар билан алмаштирилди; 79-модда: қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилди: “Суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас”; бешинчи қисми олтинчи қисм деб ҳисоблаш; 90-модда биринчи қисмининг биринчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этиш, яъни: “Судларнинг фаолиятини молиялаштириш, уларнинг биноларини қўриқлаш ва сақлаб туриш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ҳамда одил судловни тўлиқ ва мустақил равишда амалга ошириш имкониятини таъминлаши керак”лигини кўрсатилган.

Умуман олганда, бу ўзгартиришлар бугунги кунда олдимизга қўйган энг эзгу мақсадларимиз, миллий ғоямизда ифода қилаётотган Янги Ўзбекистон Янгича дунёқарашни фуқароларимизда шакллатиришда муҳим ўрин эгаллайди.

 

Саноқулов Фазлиддин Насимович,

Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси 

Skip to content