Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, соҳага оид қонунчиликни либераллаштириш ва фаолиятга рухсат бериш тартиб таомилларини соддалаштириш орқали бу борадаги мавжуд бюрократик тусиқлар бартараф этилиб, мазкур соҳа субъектлари ҳар томонлама қўллаб қувватланмоқда, уларга молиявий кўмак бериш мақсадида қонуний имтиёзлар берилмоқда, айниқса тижорат банкларининг тадбиркорлик субъектига ўзига хос бизнес ҳамкор бўлишини таъминлаш мақсадида янгича кредитлаш тизими жорий этилди. Мазкур тизим орқали кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари банк кредитларидан фойдаланиб ўз бизнесини йўлга қўйган ҳолда даромад олиб, давлатнинг иқтисодий тараққиётига ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Бироқ, “Гуруч курмаксиз бўлмайди” дейилган нақлдагидек, баъзи “уддабурон” тадбиркорлар давлат томонидан берилган имтиёзлардан ўзининг нафси йўлида фойдаланиб, шахсий чўнтагини тўлдиришни ўйлаб, банк кредитларидан мақсадсиз фойдаланиб, олинган маблағларни турли йўллар билан талон тарож қилиб, ўзига берилган ишончни суистеъмол қилиш ҳолатларига ҳам йўл қўяётганлиги аниқланмоқда.
Банк ва “А” МЧЖ ўртасида 2020 йил 19 октябр кунида тузилган кредит шартномасига асосан, банк томонидан “А” МЧЖ га 2.000.000.000 сўм миқдорида, шундан 5 фоизи тадбиркорларни қўллаб қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан, уч йил муддатда қайтариш шарти билан дам олиш маскани қурилиши учун кредит ажратилган.
Кредит маблағларини қайтарилиши таъминоти сифатида 2020 йил 20 октябрда тузилган ипотека шартномасига асосан “В” МЧЖ га тегишли бўлган “Нодавлат мактабгача таълим муассасаси” биноси гаровга қўйилган.
Қарздор “А” МЧЖ олинган кредит маблағларини мақсадсиз ишлатиб, жами 2.103.300.000 сўм миқдоридаги кредит ва унга ҳисобланган фоиз қарздорликларини бегиланган муддатда тўламасдан келганлиги сабабли, банк судга даъво билан мурожаат этиб, қарздорликни ундириш ва ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкларга қаратишни сўраган.
Суд муҳокамасида аниқланишича, кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган “Нодавлат мактабгача таълим муассасаси” биноси Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, “В” МЧЖ ва Навоий вилоят ҳокимлиги ўртасида мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилик тўғрисидаги 2018 йил 23 июлда тузилган битимга асосан “В” МЧЖ га 30 (ўттиз) йил давомида давлат шерикчилиги асосида фаолият юритиш шарти билан (тасарруф этиш ҳуқуқисиз) текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилган.
“Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 33-моддасига кўра давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида лойиҳалаштирилган, барпо этилган, молиялаштирилган, реконструкция қилинган, фойдаланилаётган ва хизмат кўрсатилаётган давлат-хусусий шериклик объектига бўлган мулк ҳуқуқларини давлат шеригига ёки Ўзбекистон Республикасининг давлат активларини бошқариш органига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ хусусий шерикка ўтказиш тартибини белгилайди.
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда давлат-хусусий шериклик объектига бўлган мулк ҳуқуқларини ўтказиш пайти, хусусан:
давлат-хусусий шериклик объекти фойдаланишга топширилган пайт;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати тугалланган пайт;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган бошқа вақт кўрсатилиши керак;
Тарафлар ўртасида тузилган битимга кўра, битимнинг амал қилиш муддати тугагандан кейин битимни ижро этиш жараёнида ташкил этилган инвестиция объекти хусусий шерик тасарруфига эгалик қилиш ҳуқуқи билан берилади.
Юқоридаги қонун талаби ҳамда битим шартларига кўра “В” МЧЖ да гаров объектига нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келмаган бўлсада, амалдаги қонун ҳужжатларига зид равишда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиб, кўчмас мулкни мажбурият таъминоти сифатида гаровга қўйган.
Ваҳоланки, битимнинг 5.2.12-бандида тарафлар битимнинг амал қилиш муддати тугамасдан, инвестиция объектини бегоналаштириш (олди-сотди, гаровга қўйиш, ҳадя қилиш ва ҳ.к) бўйича шартнома тузмаслик ҳақида келишган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ-3651-сонли қарори билан тасдиқланган “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Низомнинг 34-бандида, битим амал қилиш муддати давомида хусусий шерик томонидан унга тегишли бўлган мулкни тасарруф этиш, шу жумладан гаровга қўйиш ман этилиши белгиланган.
“Ипотека тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 6-моддасига кўра муомаладан чиқарилган ва тасарруфдан чиқарилиши мумкин бўлмаган кўчмас мулк ипотека нарсаси бўлиши мумкин эмас.
Мазкур ҳолатда битим иштирокчилари тарафлар томонидан гаровга қўйилаётган мол-мулк давлат шериклик асосида қурилганлиги ҳамда битим амал қиладиган муддат тугамай уни гаровга қўйиш мумкин эмаслигини била туриб, банкдан кредит маблағларини олиш мақсадида, қонунга зид бўлган ипотека шартномасини тузиб, давлат шерикчилигидаги кўчмас мулкни гаровга қўйиб, банкдан 2.000.000.000 сўм миқдоридаги кредит маблағларини чиқарилишига эришган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 116-моддасига кўра, қонунчиликнинг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.
Шу боис суднинг 2022 йил 16 августдаги ҳал қилув қарори билан тарафлар ўртасида қонунга зид ҳолда тузилган ипотека шартномаси ҳақиқий эмас деб топилган. Суднинг мазкур ҳал қилув қарори устидан киритилган апелляция шикояти бўйича иш Навоий вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ҳам кўриб чиқилиб, судлов ҳайъатининг 2022 йил 2 декабрдаги қарорига асосан ҳал қилув қарори қонуний ва асосли деб топилган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 200-моддасига кўра, ишни кўриш вақтида давлат органининг ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъий назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир.
Агар суд низони кўраётганида шахсларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатларини аниқласа, у жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун бу ҳақда прокурорга тегишли материалларни илова қилган ҳолда хабар қилади.
Суд томонидан суд муҳокамасида аниқланган, бир гурух мансабдор шасхлар томонидан банкдан олинган кредит маблағлари масадсиз ишлатилганлиги, давлат шерикчилигидаги мол-мулкни қонунчиликка зид равишда кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилганлиги, қонунга зид бўлган ипотека шартномаси суднинг қарорига асосан ҳаққиқий эмас деб топилганлиги оқибатида ажратилган 2.000.000.000 сўм кредит қарздорлиги таъминотсиз қолиб, давлат ва банк манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилганлиги ҳолатларига тегишли баҳо бериш ва қонуний чора кўриш учун хусусий ажрим қабул қилиниб, тегишли ҳужжатлар прокуратура идорасига юборилган.
Прокурорнинг 2022 йил 14 октябрь кунидаги қарорига асосан “А” ва “В” МЧЖ нинг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ҳамда банкнинг мансабдор шахсларига нисбатан ЖК нинг 207 моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Навоий вилоят судининг судьяси
Турғун Қаҳҳоров