Қидирув:

Коррупция жамият тараққиётига тўсиқ

Коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Буни сўнгги йиллларда давлатимиз раҳбари томонидан ушбу соҳага қаратилаётган эътибор, соҳага оид қабул қилинган консептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупцияни олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Жумладан, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг жорий йилнинг 5-март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида иштирок этиб, юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича қилинган ишларга баҳо бериб, келгуси вазифаларни белгилаб бериши муҳим аҳамият касб этди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов эканини таъкидлади.

Энг аввало, шуни таъкидлаш ўтиш жоизки, коррупцияга қарши курашнинг сифат ва сон жиҳатдан мутлақо янги даражага кўтарилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси маҳсулидир. Жумладан, давлат раҳбарининг жамиятни “ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш” зарурияти ҳақидаги фикрлари бу борадаги ишларга қўйилган тамал тоши десак, асло муболаға бўлмайди. Зеро, Президент Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида таъкидлаганидек, “Ҳаммамиз ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, катта ижобий самарага эришамиз. Шу боис маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият ходимлари, тадбиркорлар, таниқли шахслар, раҳбарлар, депутат ва сенаторлар – умуман бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараши керак”.

Иккинчидан, соҳада норматив-ҳуқуқий базани тизимли равишда такомиллаштириб бориш чоралари кўрилмоқда. Давлатимиз раҳбари 55 та аниқ мақсадга йўналтирилган ташаббусларни илгари сурди. Улар доирасида 5 та қонун, 12 та фармон ва қарорлар ишлаб чиқилади. Коррупцияга қарши курашишда парламент, Миллий ва ҳудудий кенгашлар, фуқаролик жамияти институтларининг роли оширилади. Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари кучаяди. Декларациялаш, ноқонуний бойлик орттиришга оид янги тартиблар киритилиши натижасида коррупция омиллари чекланади. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ташкилотлардаги ички назорат тузилмалари фаолияти кучайтирилади. Маиший коррупцияга қарши курашиш бўйича вазирлик, идоралар раҳбарлари масъулияти оширилади. Давлат хизматлари даражасини аҳоли баҳолайдиган тизим қилинади, энг ёмон кўрсаткичга эга соҳа раҳбарлари бўйича чора кўрилади. Назорат инспексиялари мустақиллиги оширилади. Йирик инвестиция лойиҳаларида, ауксионларда коррупциянинг олдини олувчи механизмлар жорий этилади. Давлат харидлари тартибга солиниши, тўғридан-тўғри харидлар чекланиши ҳисобига бюджет маблағлари тежалиши таъминланади. Давлат пулини мақсадсиз сарфлаш ҳолатларига барҳам берилади.

Учинчидан, коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – давлат бошқаруви тизимида «инсон омили»ни камайтириш учун давлат ва жамият бошқарувига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш йўлга қўйилди. Маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рўйхатга олиш, лицензиялаш ва рухсат беришга доир тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда уларнинг тезкорлигини ошириш мақсадида барча ҳудудларда жами 201 та давлат хизматлари марказлари ташкил этилди. Электрон давлат хизматлари сони 15 карра ортиб, 721 тага етди, улардан фойдаланувчилар эса, 11 миллиондан ошди.

Мактабгача ва мактаб таълими тизимида 10 дан ортиқ хизмат турлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилди. Бу соҳада мурожаатлар сони 2,5 каррага камайди.

Олий таълим тизими ҳам рақамлаштирилди. Аввал тест топшириб, тўплаган баллига қараб, кейин олийгоҳни танлаш жорий қилинди. 35 турдаги ҳужжатларни инсон омилисиз олишга ўтилгани учун соҳадаги мурожаатлар 2,2 баравар камайди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилганига қарамай, судяларни мажлисга чақириш, уларга ваколатига кирмайдиган вазифаларни юклаш ҳолатлари ҳам учраб тургани қайд этилди. Шунингдек, айрим идоралар томонидан судга таъсир ўтказишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этаётгани кўрсатиб ўтилди.

Жумладан, «Барча раҳбарларни қатъий огоҳлантираман. Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш деб баҳоланади. Бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини «Инсон қадри учун» тамойили асосида янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, шунингдек, аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлаш, шунингдек, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишига эришиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, унга кўра, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судяси лавозими жорий этилди.

 

Шукуров Анвар Исламович,

Навоий вилоят судлари судялари малака ҳайъатининг раиси 

Рақамлаштириш – одил судлов самарадорлигининг муҳим воситаси

Ўтган даврда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд йўли билан ишончли ҳимоя қилиш ва судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда суд ҳокимияти органлари фаолиятида замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик фаолияти субъектларига бузилган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш соддалаштирилди, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда ижобий ютуқларга эришилди. Бунинг натижасида фуқаролар, тадбиркорлар ва инвесторларнинг судга бўлган ишончи янада мустаҳкамланиб, қонунийлик мустаҳкамланди ва иқтисодиёт янада ривожланмоқда.

Бу эса амалга оширилаётган ислоҳотлар шунчаки эмас, балки халқ манфаати йўлида олиб борилаётганлигини кўрсатиб турибди.

Албатта, бу борада сўнгги йилларда қабул қилинган қонун ҳужжатлари қаторида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6127-сон, 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–11-сон ва “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–12-сон Фармонлари ҳамда 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4818-сон Қарори ҳам муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, мамлакатимизда аҳоли сони кундан кунга ўсиб бормоқда, иқтисодиёт ривожланмоқда, давлатимизнинг очиқлик сиёсати натижасида инвесторларнинг юртимизга бўлган ишончи ортмоқда ва мустаҳкамланмоқда, тадбиркорларимиз эса имкон қадар ўз маҳсулотларини чет эллларга экспорт қилишмоқда, бу борада фуқаро ва тадбиркорлар ўртасида турли кўринишдаги муносабатлар ўрнатилмоқда. Мазкур жараёнда эса айрим ҳолларда фуқаролик, оммавий ва бошқа ҳуқуқий муносабат иштирокчилари ўртасида низолар келиб чиқиб, мазкур низоларни суд йўли билан ҳал этиш ва судга мурожаат қилиш зарурати пайдо бўлмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мазкур низоларни ҳал қилиш мақсадида даъво аризалари билан судларга мурожаат қилиш кўрсаткичлари ортиб бормоқда.

Албатта, бугунги кунда ҳар бир инсон ёки тадбиркор учун энг қимматли жиҳатлардан бири – бу вақтдир. Айни шу боисдан ҳам шахсларнинг турли сабаблар билан судда кўпроқ вақт давомида кутиб қолиши уларнинг норозилигига сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, низоларни ҳал қилиш юзасидан судларга мурожаат қилиш кўрсаткичларининг кўпайиши судларда иш ҳажмининг ортишига ҳамда ўз навбатида ишларни кўриб чиқиш муддатлари ва вақтини чузилишига олиб келади.

Шундай экан бугунги кунда судда иш юритишнинг асосий мақсади ҳам судга мурожаат қилган ҳар бир шахснинг қимматли вақтини олмасдан туриб, унинг масаласини ўз вақтида кўриб чиқишга, бунда самарали восита ва усуллардан, хусусан замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш орқали мурожаатларни тегишли тартибда қабул қилишга ва фуқароларнинг турли кўринишдаги сарсонгарчиликларини олдини олишга қаратилмоқда.

Мазкур мақсадларга эришиш учун амалга оширилган ислоҳотлар натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилганлиги алоҳида аҳамиятлидир.

Албатта, мазкур ислоҳот ва имкониятлар судга мурожаат қилишни янада осонлаштиради ва соддалаштиради ҳамда фуқароларнинг бу борадаги турли кўринишдаги қийинчиликларини олдини олишга, суднинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

Юқорида қайд этилган вазифалар ва чора-тадбирлар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, очиқлигини ва шаффофлигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини такомиллаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд йўли билан ишончли ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан ҳам муҳимдир.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар мамлакатимизда қонун устуворлигини ва ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Мазкур эзгу мақсадни рўёбга чиқаришда эса судьялар зиммасига ўта муҳим вазифа – одил судловни Конституция ва қонунларимиз ҳамда адолат тамойилларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга ошириш юклатилади.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси

Кармана туманлараро иқтисодий суди томонидан ўтказилган сайёр суд мажлиси тафсилотлари

Кармана туманлараро иқтисодий суди раиси А.Б.Хамидов томонидан “Кармана туман Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси биносида хизмат кўрсатувчи ташкилот вакиллари ҳамда фермер хўжалиги раҳбарлари иштирокида сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Суд раиси сайёр суд мажлисини бошлашдан олдин, “Кармана туман Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ходимлари, хизмат кўрсатувчи ташкилот вакиллари ва фермер хўжалиги раҳбарлари иштирокида республикамизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ҳамда янги қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти хусусида давра сўҳбати ўтказилди.

Тадбирда суд раиси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ЎРҚ-968-сонли Қонуни юзасидан тегишли тушунтиришлар берилиб, ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги, хусусан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига прокурорнинг ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилганлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбирда йиғилиш иштирокчилари ўзларининг қизиқтирган саволлари ва муаммоли ҳолатлари бўйича маърузачига мурожаат қилиб, берилган саволларига тегишлича жавоблар қайтарилди ва муаммоларнинг ечимлари бўйича маърузачи томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Акбар Хамидов,

Кармана туманлараро иқтисодий судининг раиси

Кармана туманлараро иқтисодий суди ташаббуси билан ўтказилган давра суҳбати тафсилотлари

Кармана туманлараро иқтисодий суди раиси А.Б.Хамидов томонидан Навоий вилоят солиқ бошқармаси биносида солиқ органи ва тижорат банки ходимлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари раҳбари ва вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда суд раиси томонидан солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий жарималарни қўллаш тўғрисидаги низолар хусусида тегишли тушунтиришлар бериб, солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарлик чораларидан бири  бу – молиявий жарима ҳисобланиши, молиявий жарималар амалдаги Солиқ кодексининг 28 ва 29-бобларида назарда тутилган миқдорларда тайинланишини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, суд раиси йиғилиш иштирокчиларига хўжалик юритувчи субъектлари томонидан товарларни республикага олиб кириш ва “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига расмийлаштириш, шунингдек, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш ёхуд улар учун тўланган пул маблағларини қайтариш муддати импорт контрактлари бўйича тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 180 кундан ортиқ бўлмаслиги, экспорт контракти бўйича тушум тушиши ёки товарларни қайта олиб кириш муддати товарларга нисбатан — “экспорт” божхона режими бўйича божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан ва хизматларга (ишларга) нисбатан — бажарилган ишларни қабул қилиш далолатномаси имзоланган санадан бошлаб 180 кундан ошиб кетмаслиги кераклигини, бу талаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги 283-сонли Қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомининг 23 ва 24бандларида кўрсатиб ўтилганлигини, Низомнинг 28-бандига кўра, чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчиларга, шунингдек, “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимида товарларни республикага олиб кириш ва расмийлаштиришни, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишни таъминламаган импорт қилувчиларга давлат солиқ хизмати органи томонидан жарима қўллаш тўғрисида талабнома юборилиши, Хўжалик юритувчи субъект томонидан ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликлар ихтиёрий равишда тўлаб берилмаган ёхуд тўлашни рад этган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи жарима қўллаш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилиши белгиланлиги тўғрисида тушутиришлар бериб ўтди.

Тадбирда йиғилиш иштирокчилари ўзларининг қизиқтирган саволлари ва муаммоли ҳолатлари бўйича маърузачига мурожаат қилиб, берилган саволларига тегишлича жавоблар қайтарилди ва муаммоларнинг ечимлари бўйича маърузачи томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Акбар Хамидов,

Кармана туманлараро иқтисодий судининг раиси

Солиққа оид қонунчиликни тўғри қўллаш юзасидан давра суҳбати

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 февралдаги 4-сонли “Судлар томонидан солиқ қонунчилигини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги Қарори, тўловга қобилиятсизликка оид ҳамда банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туришга оид ишларни кўришда юзага келаётган муаммолар ва тугатиш ишларини амалга ошириш жараёнида эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳолатлар, шунингдек коррупцияни олдини олиш ва унга йўл қўймаслик юзасидан Зарафшон туманлараро иқтисодий суди ва Жиноят ишлари бўйича Томди туман суди томонидан Томди туман солиқ инспекцияси масъул ходимлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбати давомида иштирокчилар томонидан Пленум қарорининг мазмуни, тўловга қобилиятсизликка оид аризалар билан иқтисодий судларга мурожаат қилиш, ишларни кўриш ва тугатиш ишларини амалга ошириш жараёнида, шунингдек банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туришга оид ишларни кўришда юзага келаётган муаммолар ҳамда ҳар бир ходим коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни ўзида шакллантириши шартлиги юзасидан фикр-мулоҳазалар билдириб ўтилди.

Мазкур давра суҳбатининг ўтказилиши солиққа оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига қатъий амал қилинишини таъминланишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

 

Ғофуров Шерзод,

Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси

 

Мирзаева Азиза,

Жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг раиси

Нега тадбиркорга берилган рухсатнома бекор қилинмади?

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 2-моддасига кўра, иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланаётган манфаатларини ҳимоя қилиш иқтисодий суд ишларини юритиш вазифаларидан бири ҳисобланади.

“Ер қаъридан фойдаланиш маркази” давлат муассасаси судга ариза билан мурожаат қилиб, “Бўстонлиқ тош» масъулияти чекланган жамиятига 2023 йил 2 майда берилган NV 0238 Ғ5-сонли рухсатномани муддатидан олдин бекор қилишни сўраган.

Ишдаги мавжуд ҳужжатлар аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслари қўмитаси томонидан жавобгарга 2023 йил 2 майда Навоий вилояти, Ғазғон шаҳри “Ғазғон” кони “Контахта” участкасининг бир қисмида мармар, табиий пардозбоп тошлар қазиб олиш учун  NV 0238 Ғ5-сонли рухсатнома берилган берилган.

Ўзбекистон Республикаси “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунининг 33-моддасига кўра, лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат қуйидаги ҳолларда бекор қилинади: лицензиат ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс томонидан лицензия ёки рухсат бериш талаблари ва шартлари бир маротаба қўпол равишда бузилганда, агар мазкур қоидабузарлик фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат хавфсизлигига зарар ҳамда атроф-муҳитга зиён етказилишига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказилишига, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солинишига олиб келган бўлса.

Шунингдек, “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 34-моддасига асосан, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи ер қаъри участкаларидан фойдаланиш билан боғлиқ ишлар таъсири доирасидаги аҳоли ҳаётига ёки соғлиғига, атроф муҳитга таҳдид юзага келганда, агар ер қаъридан фойдаланувчи бир йил мобайнида ер қаъри участкасидан фойдаланишга киришмаган бўлса, ер қаъридан фойдаланганлик учун тўловлар мунтазам равишда тўланмаган тақдирда, ер қаъридан фойдаланувчи рухсатноманинг асосий шартларини бузган тақдирда чекланиши, тўхтатиб турилиши ёки муддатидан илгари тугатилиши мумкин.

Бироқ суд аризачининг аризасида келтирилган важлари билан келишмади.

Чунки, жавобгарга рухсатнома 2023 йил май ойида берилган бўлиб, жавобгар томонидан лицензия ёки рухсат бериш талаблари ва шартлари бир маротаба қўпол равишда бузилмаган, қоидабузарлик тизимли тавсифга эга эмас.

Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 мартдаги “Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномалар бериш тартибини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги 133-сонли қарори билан тасдиқланган “Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун рухсатномалар бериш тартиби тўғрисида”ги Низом (бундан буён матнда Низом)га мувофиқ амалга оширилган бўлиб, ушбу Низомнинг 60-бандига кўра ер қаъридан фойдаланувчи бир йил ичида ер қаъри участкасидан фойдаланишни бошламаган, ер қаъридан фойдаланувчи томонидан ер қаъри участкасидан фойдаланишнинг асосий шартларининг бузилиши, экология талабларига риоя қилиш, режалаштирилган ишлаб чиқариш ҳажмини таъминлаш, инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш билан боғлиқ ишларнинг таъсир зонасида аҳоли ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга хавф-хатарнинг мавжудлиги, ер қаъридан фойдаланиш учун тўловларни мунтазам тўламаслик, «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган қоидаларига риоя қилмаслик,  агар, йўл қўйилган қоидабузарликлар тизимли тавсифга эга бўлса ёки ушбу ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига илгари чеклов ва (ёки) тўхтатилиш қўлланган бўлса, норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи муддатидан олдин бекор қилинишига асос бўлувчи қўпол қоидабузарликлар сифатида қайд этилган.

«Ер ости бойликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган қоидаларига риоя қилмаслик, агар, йўл қўйилган қоидабузарликлар тизимли тавсифга эга бўлса ёки ушбу ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига илгари чеклов ва (ёки) тўхтатилиш қўлланган бўлса, норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи муддатидан олдин бекор қилинишига асос бўлувчи қўпол қоидабузарликлар сифатида қайд этилган.

Шунингдек, жавобгар томонидан ер қаъридан фойдаланиш ишларини бошлаш учун электр энергияси, йўл ўтказиш ишлари амалга оширилиши натижасида ажратилган конлардан йил давомида фойдалана олмаган.

Бундан ташқари, аризачи жавобгар томонидан содир этилган қоидабузарликлар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат хавфсизлигига зарар ҳамда атроф-муҳитга зиён етказилишига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказилишига, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солинишига олиб келганлик ҳолатларини мақбул, асослантирилган далиллар билан исботлаб бера олмади.

Юқоридагиларга асосан, суд аризачининг аризаси мақбул далиллар билан исботланмаганлиги, қоидабузарликлар тизимли тавсифга эга эмаслиги, зарар етказилганлик ҳолати исботлаб берилмаганлигини инобатга олиб, аризачининг аризасини қаноатлантиришни рад этишни лозим деб топди.

 

Аллаев Абдулло Садуллоевич,

Навоий вилоят судининг раиси

 

Джумаев Бекзод Абдувохидович,

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси

Сайёр қабул ва жиноятчиликни олдини олиш бўйича учрашув ўтказилди

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди томонидан 2025 йил
20 март куни Навбаҳор тумани, “Янгиобод” маҳалласида сайёр қабул ҳамда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича учрашув ўтказилди.

Учрашувда уч нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларга тегишли йўналиш бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Шунингдек, учрашувда ўғирлик, фирибгарлик, гиёвандлик ва коррупция билан боғлиқ жиноятлар, бу жиноятлар учун жавобгарликнинг тушунчаси, жазо чоралари ва оқибатлари тўғрисида ҳамда жиноятга мойил шахслар билан профилактик ишларни кучайтириш лозимлиги ҳақида тушунтириш берилди.

Бундан ташқари, туман судининг тергов судьяси К.Козиев томонидан аҳолига Ўзбекистон Республикасининг 2025-йил 20-февралдаги “Давлат божи тўғрисида”ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги
ЎРҚ-1032-сонли қонунинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумотлар берилди.

 

 

Козиев Козим,

 

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг тергов судьяси

Навоий вилоят судларида бугун “Наврўз” шукуҳи

Ўзбек халқининг азалий ва эзгу қадриятларини ўзида мужассам этган, она табиат ва одамлар руҳиятида юз берадиган яшариш ва янгиланишни тўла намоён қилиб келган Наврўзи олам халқ байрамига айланмоқда.

Наврўз байрами мамлакатимизнинг барча гўшалари, корхона ва ташкилотлари каби, Навоий вилояти судларида ҳам умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки кайфиятда нишонланди.

Бир томонда дош қозонларда миллий таомларимиз қайнаб турган бўлса, яна бир томонда миллий фальклор ансанбиллар томонидан баҳорий кайфият улашувчи куй-қўшиқлар хиргойи қилиниб, ўйин-кулгу орқали барчанинг қалбига илиқлик олиб кирди.

Бундан ташқари, миллийлигимизни намоён қилиш мақсадида суд биносида миллий кўргазмалар ҳам ташкил қилиниб, миллий либослар, турли-хил кўргазмали буюмлар намойиш этиш орқали барчани баҳор келганлигини ҳис қилиши учун замин яратилди.

Наврўз байрамида судья ва суд ходимларининг дастурхонларини тўкин-сочин бўлишини таъминлаш ва уларни бозорга бориб ортиқча вақт кетказишларини олдини олиш мақсадида вилоят суди биносида арзонлаштирилган қишлоқ қўжалиги ярмаркаси ҳам ташкил этилиб, барча турдаги махсулотлар олиб келинди.

Шу билан бирга байрам арафасида суд соҳасида кўп йиллар меҳнат қилиб ҳозирда нафақада қарилик гаштини сураётган суд фахрийлари ҳолидан ҳам хабар олинди. Уларнинг дуоларини олиш билин бирга бугунги кунда суд соҳасига бўлаётган эътибор, олдинги давр билан ўзаро фарқи ва уларнинг илгари иш жараёнларида бошидан кечирган қийинчилик ҳамда бошқа тўсқинликлар ҳақида айтиб ўтилиб, бугунги кунний қадрига етиш ҳақидаги ўгитлари тингланди.   

Шу кунларда юртимизда Наврўз байрами шукуҳи ҳукм сурмоқда. Бу эртанги кунга умид ва ишонч янада мустаҳкам эканлигидан далолат беради.

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Суд қарорларини ўз вақтида ижрога қаратиш ва ижро қилиш юзасидан амалга оширилаётган чоралар

Суд ҳужжатлари асосида берилаётган ижро ҳужжатларини расмийлаштириш ва уни электрон маълумотлар базасида ҳудудий мажбурий ижро бюроларига юборишда йўл қўйилаётган хато-камчиликлар, ижро ҳужжатларининг мажбурий ижро бюроси органлари томонидан асоссиз қайтарилишининг олдини олиш ҳамда мазкур ҳолатларга келгусида йўл қўймаслик, суд қарорларини ўз вақтида ижро қилиш учун эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳолатлар Зарафшон шаҳар ва Томди туман судлари ҳамда Мажбурий ижро бюроси Зарафшон шаҳар ва Томди туман бўлими томонидан муҳокама қилинди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда суд ҳужжатлари ижросини янада яхшилаш ва ижро жараёнида юзага келаётган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича қўшма йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси, қолдиқдаги ижро ҳужжатлари, уларнинг ижросини таъминлаш, судлар томонидан белгиланган жарималар ва давлат божларини ундириш ҳақидаги суд ҳужжатларини ўз вақтида ижрога қаратилиши, шунингдек, бугунги кунга қадар ижроси таъминланмаган ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлаш чораларини кўриш лозимлиги муҳокама қилиниб, бу борада зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ўтказилган тадбир якунида келгусида ижро ҳужжатларининг мажбурий ижро бюроси томонидан асоссиз қайтарилишининг олдини олишга, асосли равишда қайтарилган ҳар бир ижро варақаси юзасидан алоҳида ёндашилиб, уларнинг камчиликлари тўлиқ бартараф қилингандан сўнг ижрога қаратилишига, ҳар бир қайтарилган ижро ҳужжати қатъий назоратга олинишига, ижро варақаларининг қайтарилиши сабаби чуқур тизимли таҳлил қилиниб, асоссиз қайтарилган ижро ҳужжатлари бўйича тақдимномалар киритиб борилишига, суд қарорларининг ижро қилиниши ҳолати юзасидан ҳафталик солиштириш ўтказиб борилишига жиддий эътибор қаратилиши келишиб олинди ва бу орқали фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигининг олди олиниши назарда тутилди.

 

Исоков Анвар,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг раиси

 

Мирзаева Азиза,

Жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг раиси

 

Ғофуров Шерзод,

Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси

 

Очилов Шерали,

Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судининг раиси

Иштирокчиларга манфаатли бўлган семинар

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг кўрсатма хатига асосан Навоий вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан вилоят тизимидаги ташкилот, корхона ва идоралар билан меҳнат муносабатларига доир мавзулар юзасидан семинар машғулотлари ўтказиш ҳақида топшириқ хати берилган бўлиб шунга асосан семинар режаси ишлаб чиқилди.

Семинар режага мувофиқ Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида Меҳнат шартномаси тарафларининг моддий жавобгарлиги мавзусида семинар йиғилиш ўтказилди.

Семинар иштирокчиларига меҳнат шартномаси тарафларининг моддий жавобгарлиги меҳнат шартномаси тарафининг бошқа тарафга етказилган зиённинг ўрнини қоплаш мажбуриятини ифодалайдиган юридик жавобгарлиги, иш берувчи ходимни меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этишнинг барча ҳолларида у олмаган иш ҳақининг ўрнини унга қоплаши шартлиги, боқувчи бўлган ходим меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бўлган меҳнатда майиб бўлганлиги, касб касаллиги ёки соғлиққа етказилган бошқа шикаст туфайли вафот этган тақдирда иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга зиённинг ўрнини қоплаши шартлиги, иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда ҳар бир кечиктирилган кун учун фоизлар ҳисобланиши юзасидан тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, семинар йиғилиш иштирокчиларининг қизиқтирган саволларига жавоб берилди.

 

Бахронов Азизжон,

Навоий вилоят судининг судьяси

Skip to content