Қидирув:

Одил судловга эришиш имкониятлари янада оширилди

Маълумки бугунги кунда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, мустақил, очиқ ва шаффоф суд тизимига эришиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш борасидаги ўзгаришлар фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.

2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сон Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон билан суд-ҳуқуқ тизимининг жадал ислоҳ қилинишини таъминлаш, аҳолининг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш мақсадида 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди.

Жумладан, Фармонда “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш устувор вазифа қилиб белгиланди.

Шунингдек, Фармон билан:

туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши назарда тутилди.

Бундан ташқари, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган янги механизмни жорий этиш мақсадида одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпусини ташкил этиш белгиланиб, уларга суд процессининг бошқа иштирокчилари билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланган ҳолда одил судлов фаолиятининг самарали амалга оширилишига кўмаклашиш, жиноят ишлари бўйича судларда давлат айбловини фақат қонунга асосланиб, холисликни сақлаган ҳолда сифатли қўллаб-қувватлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишига эришиш ва бошқа вазифалар юклатилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ушбу қабул қилинган Фармон “Инсон қадри учун” ғояси асосида адолатли суд тизимини янада мустаҳкамлаш билан биргаликда, халқимиз манфаати ва инсон
қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.

 

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси

Дилшод Турдиев

Судлар томонидан хотин-қизларнинг муаммолари ўрганилиб, уларга ҳуқуқий тушунтириш ва кўмак берилмоқда

Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, янги қабул қилинган қонунлар, хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 ймл 16 январдаги “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва унинг мазмун-моҳияти, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан тузилган “Медиа режа” ижросини таъминлаш, шунингдек “Менинг маҳаллам-менинг судьям” ғояси остида Томди туманидаги “Томдибулоқ” ОФЙ, тиббиёт бирлашмаси ва халқ таълими бўлимида сайёр учрашув ташкил этилди.

Мазкур сайёр қабулда Жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг раиси Д.Эргашева, Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судининг судьяси Л.Шарипова томонидан Томди туманидаги фуқаролар, ёшлар ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммолари ўрганилиб, уларга ҳуқуқий тушунтириш ва кўмак берилди.

Шунингдек, қабул жараёнида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларини бузилиши ҳолатларини олдини олиш, аёллар ва вояга етмаган ёшлар жиноятчилиги келиб чиқиш сабаблари ва уларни олдини олиш, оилавий ажримларни камайтириш  юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди.

 

Лайло Шарипова Фуқаролик ишлари бўйича

Зарафшон туманлараро суди судьяси 

Учқудуқда Фармон мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка етказилди

Бугун мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш борасидаги ўзгаришлар фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сон ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-12-сон Фармонлари мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Д.Турдиев, жиноят ишлари бўйича туман суди раиси А.Қурбонов ва фуқаролик ишлари туман суди раиси А.Жумаевлар ҳамда бир қатор давлат органлари вакиллари иштирокида туман Молия бўлимида тарғибот тадбири ўтказилди.

Тадбирда туман Адлия бўлими, молия, ғазначилик ва бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг тегишли ходимлари иштирок этди.  

Суд раислари томонидан тадбир иштирокчиларига 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида ПФ-11-сон Фармон қабул қилинганлиги, Фармон билан суд-ҳуқуқ тизимининг жадал ислоҳ қилинишини таъминлаш, аҳолининг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш бўйича 2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланганлиги ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2023 йил 16 январда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-12-сонли Фармони ҳақида тўхталиб, илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказилиши ва айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартиби белгиланиши назарда тутилганлиги ҳақида маълумотлар берилди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур Фармонларниг қабул қилиниши “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини янада мустаҳкамлаш билан биргаликда, халқимиз манфаати ва инсон
қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Тадбир якунида иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган саволлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси

Дилшод Турдиев

Иқтисодий судларда коммунал соҳага оид низолар

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди томонидан ўтган 2022 йил давомида жами 46 та коммунал соҳага оид низолар кўриб чиқилган бўлиб, шундан 11 таси табиий газ, 15 таси электр энергияси ва 20 таси иссиқлик ва ичимлик суви етказиб бериш боғлиқ низоларни ташкил этади.

Иш натижасига кўра 2 та иш кўрмасдан қолдирилган, 3 таси рад этилган бўлса, қолган 41 та иш қаноатлантирилган.

Қаноатлантирилган иқтисодий ишлар бўйича жами 2 млрд. 993 млн. 522 минг 474 сўмлик пул маблағлари таъминотчи корхоналар фойдасига ундириб берилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 468-моддасига кўра, энергия таъминоти шартномасига мувофиқ энергия билан таъминловчи ташкилот туташтирилган тармоқ орқали абонентга (истеъмолчига) энергия бериб туриш мажбуриятини олиши, абонент эса қабул қилинган энергия ҳақини тўлаши, шунингдек шартномада назарда тутилган энергия истеъмол қилиш тартибига риоя этиши, тасарруфидаги энергетика шохобчаларидан фойдаланиш хавфсизлигини ҳамда ўзи фойдаланадиган энергия истеъмол қилувчи асбоб ва ускуналарнинг созлигини таъминлаш мажбуриятини олиши белгиланган.

Ушбу тоифа низолар бўйича аксарият судларга тақдим қилинаётган даъволарга кўра, тарафлар ўртасидаги мавжуд шартнома бўйича таъминотчи корхоналар томонидан шартнома шартига мувофиқ коммунал хизматлар кўрсатилаётганлиги, жавобгарлар томонидан эса белгиланган муддат ва миқдорларда тўловлар амалга оширилмаслиги натижасида дебитор қарздорликлар юзага келаётганлиги кузатилмоқда.

Ваҳоланки, Фуқаролик кодексининг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши кераклиги белгиланган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, бу каби мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин, бироқ шартнома шартлари уни имзолаган тарафлар томонидан лозим даражада ихтиёрий бажарилса, келгусида бу каби низоларнинг судда кўрилишини олдини олган бўлар эдик.

 

Шоҳбоз Бахронов Зарафшон туманлараро 

иқтисодий суди судья ёрдамчиси

Вилоят судида матбуот анжумани бўлиб ўтди

Мутбуот анжуманида Навоий вилоят судлари ҳамда Навоий вилоят маъмурий судлари томонидан одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида 2022 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоби юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларига ахборот берилди.

Маълумот учун, 2022 йил давомида (2021 йил давомида амалга оширилган ишлар қавс ичида)судлар томонидан жами 2135(1676) нафар шахсга нисбатан 1598(1282) та жиноят иши тамомланган бўлиб, кўриб тамомланган ишлар салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноят ишлари 316 та ёки 24,6 фоизга кўпайган, шахслар эса 459 тага ёки 27,3 фоизга кўпайган.

3 та жиноят иши бўйича 13 нафар шахс судлар томонидан оқланган бўлиб, шундан 3 нафар шахс биринчи инстанция судлари томонидан, 10 нафар шахс вилоят судининг апелляция инстанцияси томонидан оқланган.

Ушбу даврда жами 1582 нафар шахс судланган бўлиб, судланганларнинг 112 нафари ёки 7  фоизига жарима, 7 нафарига ёки ёки 0,4 фоизига мажбурий жамоат ишлари, 645 нафари ёки 40,7 фоизига ахлоқ тузатиш ишлари, 375 нафари ёки 23,7 фоизига озодликни чеклаш, 443 нафари ёки 28  фоизига озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.

Судлар томонидан кўрилган ишлардан

-муомалага лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш- 44(9) та, 35 тага ёки  3,8 бараварга;

–ҳақорат қилиш 53(26) та, 103 фоизга;

–фирибгарлик 253(187) та, 66 тага ёки 35,2 фоизга ошган бўлса;

Судлар томонидан кўрилган ишлардан;

–қасддан баданга шикаст етказиш(ЖК 104,105,109)- 198(224) та, 26 тага ёки  11,6 фоизга;

пора бериш жинояти 56(66) та, 10 тага ёки  15,1 фоизга;

валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш 5(8) та, 3 тага ёки  37,5 фоизга камайган.

Ушбу даврда жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида 1302 та ёки 81,4 фоиз ишлар бўйича хусусий ажримлар чиқарилиб, тегишли корхона ва ташкилотлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига муҳокама учун юборилди.

2022 йил давомида барча судлар томонидан корхона ва ташкилотларда 230 марта, аҳоли ўртасида 1065 марта, ўқув муассасаларида 103 марта лекция, суҳбат ва учрашувлар ўтказилган, 141 марта газета-журналларда мақолалар чоп этилган, 164 марта радиода, 228 марта телевидениеда ва 701 марта веб-сайтларда чиқишлар қилинган.

Фуқаролик  ишлари бўйича

Хусусан, ҳисобот даврида судлар томонидан жами 23028 та фуқаролик ишлар кўриб тамомланган. Шундан 8839 таси ёки 38,3 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

Судлар томонидан кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6233 тага ёки 27,1 фоизга кўпайган.

Бу кўрсаткичнинг таҳлили қуйидагича:

Ўтган давр мобайнида оила низолари билан боғлиқ кўрилган низолар 209 тага (3903-3694);

уй-жой низоларидан келиб чиққан низолар 150 тага (479-329);

битимлар билан боғлиқ низолар, шу жумладан кредитга оид қарздорликни ундиришга оид аризалар 3516 тага (11544-8028);

меҳнат низолари 360 тага (1073-713) кўпайган.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар сони 76 тага ёки 6,7 фоизга камайган.

Иқтисодий  ишлар бўйича

Хусусан, ҳисобот даврида судлар томонидан жами 8476 та  иқтисодий ишлар кўриб чиқилган.

Кўрилган ишларнинг 2529 таси ёки 29,8 фоизи фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга оид, 5353 таси ёки 63,1 фоизи маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид, 3 таси ёки 0,03 фоизи юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлашга оид, 405 таси ёки 4,7 фоизи банкротликка оид, 186 таси ёки 2,1 фоизи корпоратив муносабатларга оид ишларни ташкил этган.

Судлар томонидан кўрилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 4917 тага ёки 138,1 фоизга кўпайган (ўтган йилда – 3559 та, 2022 йилда – 8476 та).

Ҳал этилган ишлар бўйича 442,6 млрд. сўм миқдоридаги қарз ва етказилган моддий зарарларни даъвогарлар фойдасига ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган. Шундан хусусий тадбиркорлар ва кичик бизнес субъектларнинг фойдасига 59,1 млрд. сўм ундирилган.

Келгусида ҳам ҳар бир судья ва суд ходимлари одил судловни амалга оширишга, айниқса фуқаролир ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътиборини қаратади.


 Вилоят судининг жамоатчилик

ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ҳамда фуқаро ва тадбиркорларнинг одил судловга бўлган ишончини оширишга бўлган яна бир илғор қадам

Ҳозирги кунда давлатимизда барча соҳаларда жуда кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, Президентимизнинг ташаббуси билан “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг қабул қилиниши мамлакатимизда туб демократик ислоҳотлар даврини бошлаб берди. Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ишлар барча соҳаларни қамраб олди. Энг асосийси, мамлакатимизда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шаънини, қадр-қимматини, манфаатларини, давлат органларининг жамият олдида ҳисобдорлигини таъминлаш ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди.

Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми сифатида “Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан еттита устувор йўналишдан иборат бўлган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди ва бу стратегия Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли Фармони билан тасдиқланди.

Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш – Тараққиёт стратегиясининг иккинчи устивор йўналиши, вазифаси сифатида белгилаб олинди. Айнан шу вазифани бажариш ҳамда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида 2023 йил 16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11 ва “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-12-сонли Фармонлари қабул қилинди.

Президентимизнинг ПФ-11-сонли Фармони билан 2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ҳамда ушбу стратегияни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди. Эътиборли жиҳати шундаки, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш билан бирга, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш, стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари сифатида белгиланди.

Ҳаракатлар дастури 10 та бўлим 28 та банддан иборат бўлиб, унинг “Одил судлов сифатини тубдан ошириш” деб номланувчи 2-бўлимининг 5-банди маъмурий суд иш юритувини такомиллаштиришга қаратилган.

Ушбу бандда 2023 йил ноябрь ойига қадар “Маъмурий суд иш юритувини такомиллаштириш концепцияси”ни ишлаб чиқиш, бунда:

– маъмурий органлар билан фуқаролар ва тадбиркорлар ўртасидаги барча низоларни хатловдан ўтказиб, судловга тааллуқлилигига оид қоидаларни такомиллаштириш;

– маъмурий суд иш юритуви принципларини танқидий ўрганиб, оммавий-ҳуқуқий муносабатларнинг мазмун-моҳиятини акс эттирувчи принципларни киритиш;

– маъмурий суд иш юритувига даъво институтини киритиб, маъмурий органлар устидан бериладиган даъво турларини аниқ белгилаш;

– фуқаролар ва тадбиркорларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончини ҳимоя қилиш тизимини танқидий ўрганиб, етказилган зарарни ундириш тартибини аниқлаштириш;

– маъмурий судлар фаолиятига ҳуқуқи бузилган фуқаро — аризачининг хоҳишига кўра экстерриториал судловга тегишлилик механизмини жорий этиш белгилаш лозимлиги кўрсатилган.

Суд-ҳуқуқ соҳасига бағишланган юқорида қайд этиб ўтилган Президент Фармонлари авваламбор, “Инсон қадри учун” ғояси асосида қабул қилинган бўлиб, улар адолатли суд тизимини шакллантириш, халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини суд йўли орқали самарали ҳимоя қилиш ҳамда фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончи ошишининг таъминланишига хизмат қилади.

 

Навоий вилоят маъмурий судининг раиси

Акмал Муродов

Ер муносабатларига оид қонунчиликдаги ўзгаришлар

Ўзбекистон Республикасининг “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-708-сонли қонуни 2021 йил 16 августда қабул қилинган.

Қонун билан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритилди, жумладан Жиноят кодекси 2296-модда билан тўлдирилди.

Ўзбекистон Республиаси ЖК 2296-моддасида, суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга берганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Бу жиноятни содир этган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши ёки ушбу модданинг 2 ва 3-қисмида назарда тулилган жиноятларни содир этган шахсларга қилмишининг енгил оғирлигига қараб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиш назарда тутилди.

Шунингдек, Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг ер ва кўчмас мул билан боғлиқ 60, 60/1, 65, 67,  68/1 ва 69-моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўзгартиришлар киритилиб, Ер кодексининг 20-моддасига кўра, ер участкалари вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига асосан давлат органларига, муассасаларига ва корхоналарига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга берилиши, кўп квартирали уй жойлашган ер участкаси, шунингдек кўп квартирали уйга туташ ер участкаси, агар у кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига бошқача тарзда тегишли бўлмаса, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат ҳокимияти органлари томонидан ушбу мулкдорларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида умумий фойдаланишга берилиши, ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши белгилаб қўйилди.

Ер кодексининг 27-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун 0,04 гектаргача ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали мулк ҳуқуқи асосида реализация қилинади.

Якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилишда ер участкаларини муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш шартлари назарда тутилиши керак.

Қонунда, ер участкаларини ажратиш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан назоратни амалга оширишнинг асосий вазифалари қонунчилик талабларига жисмоний ва юридик шахслар, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан риоя этилишини таъминлашдан иборатлиги қайд қилинди.

Ер кодексининг 91/1-моддасига кўра, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасига, шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкасида барпо этилган ҳар қандай бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни белгилашга йўл қўйилмайди.

Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш учун ажратилмаган ер участкасида қонунга хилоф қурилиш объектини барпо этган шахслар инсофли мулкдор деб тан олинмайди. Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларидаги қонунга хилоф қурилиш объектларини сув таъминоти, оқова сув, электр, иссиқлик энергияси ва газ тармоқларига улаш тақиқланади.

Қонунга мувофиқ, Ер кодексига бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилиши, ердан фойдаланишда янги қонунга итоаткорликни келтириб чиқаради ва унга тўлиқ амал қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Авазжон Ибодов

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси

Фарзандлар ҳам ота-онасига алимент тўлайдими?

Ҳар бир ота-она ўз фарзандини барча имкониятларини сарфлаб уларни тарбиялайди ва таълим беради. Айниқса оналар ёш гўдаклари вояга етгунга қадар кечаю-кундуз тинимсиз машаққат чекадилар. Демак, ҳар бир фарзанд буни яхши англаши керак.

Аммо жамиятимизда буни англамаган нопок фарзандлар ҳам йўқ эмас, қонун эса ҳаттоки ўз ота-оналарини улардан ҳимоя қилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 66-моддасида: “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” деб ёзилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига асосан, вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг ота-онасига таъминот бериш мажбурияти мавжуд.

Бунда вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шартлиги белгиланган.

Ота-онасининг давлат ва нодавлат муассасалари қарамоғида эканлиги вояга етган меҳнатга лаёқатли болаларни ота-она ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод қилмайди.

Ота-онага бериладиган таъминот миқдори ва тартиби қўйидагича:

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади.

Ота-она, алимент ундириш ҳақидаги талабни ўз болаларининг бирига ёки бир нечтасига нисбатан қўйганлигидан қатъи назар, алимент миқдорини белгилашда суд вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг барчасини ҳисобга олиши лозим.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан алимент ундириш низоси узил-кесил ҳал бўлгунга қадар судья шу низо бўйича вақтинча тўлаб турилиши лозим бўлган суммани кўрсатиб, ажрим чиқариши мумкин.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан ундирилаётган алимент миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Шунингдек, вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ота-онасининг касаллигига ва бошқа узрли сабабларга кўра қилинадиган қўшимча харажатларда иштирок этишлари шарт. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар томонидан қўшимча харажатлар ихтиёрий равишда қопланмаса, талаб қилинаётган сумма суд тартибида ундирилиши мумкин.

Агар суд ота-онанинг ота-оналик мажбуриятини бажаришдан бўйин товлаганлигини аниқласа, болаларни меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ота-онасига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилиши мумкин.

Бугунги кундаги суд амалиётини оладиган бўлсак, бунга ўхшаш низоларни кўплаб учратиш мумкин.  Низони ҳал қилишда суд, албатта қонунга таянган ҳолда иш кўради.

                                                                                                   

Навоий вилоят судининг судьяси

Нодиржон Гаппарович Расулов

ЭЪТИРОФ

Хонадон обрўйи, тахти-йигитлар,

 Болалар қувончи, бахти- йигитлар,

Аёллар қудрати мулки- йигитлар,

Ватаним ғурури кўрки- йигитлар.

 

Ҳурматли ҳамкасб эр ўғлонлари, сизлар кимнингдир нажот фариштаси, кимнингдир орзуси, кимнингдир армони, кимнингдир халоскори, кимнингдир рақиби, кимнингдир бутун дунёсидирсизлар.

Сиз азизларни, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ушбу қутлуғ айёмда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек улуғ ишга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган сиз, азму шижоатли ҳамкасбларимизни, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган халқимиз, мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлидаги хизматларингиз учун барчангизга чуқур миннатдорлик билдираман.

Мутафаккир шоир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, “Бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир”.

Биз сизлар билан – ана шундай ғоят масъулиятли ва олижаноб вазифани шараф билан адо этиб келаётган мард ва жасур, эл-юртга садоқатли ҳамкасбларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Мамлакатимиз ҳаётида, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ таъминланишига эришишда одил судловнинг аҳамияти беқиёсдир. Одил судлов жамият ҳаётида, жамият аъзоларини ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтиришда, инсонларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Одил судлов ҳар қайси даврларда ҳам улуғланган, қадрланган, инсонлар унга интилиб яшаганлар. Хусусан, рим файласуфлари “майли дунё барбод бўлсин, лекин одил судлов қарор топсин” деб таъкидлагани бежиз эмас. Рим файласуфларининг мазкур мумтоз шиорлари бир қарашда муболағадан иборат бўлса-да, лекин улар одил судловга шу қадар юқори баҳо берадилар.

Бугунги улуғ айёмда сизларнинг ҳам одил судловни таъминлаш, Ватанимизнинг мудофаа қудратини оширишда муносиб ҳиссангиз борлигини яна бир бор катта мамнуният билан эътироф этамиз.

Ушбу қутлуғ айёмда барчамиз аввало ўз жанговар постида доимо ҳушёр ва сергак туриб, юртимиз сарҳадларини кўз қорачиғидек асраб келаётган мард ва жасур, содиқ ўғлонларимизни, фидойи ота-боболаримизни, ҳақиқий ватанпарвар инсонларни шарафлаб, уларнинг шаънига энг эзгу тилакларимизни изҳор этамиз. 

Ана шундай ботир ва жонкуяр фарзандларни тарбиялаб вояга етказган ҳурматли ота-оналарга, ҳарбий хизматчиларимизга ўз муқаддас бурчини адо этишда ҳамиша тоғдек таянч бўлиб келаётган уларнинг оила аъзоларига чуқур миннатдорчилик билдирамиз.

Мана шундай буюк маънавий қудрат манбаи бор экан, ҳеч қандай ёвуз куч ватанимиз мустақиллигига, тинч ва осуда ҳаётимизга рахна сололмайди. 

Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт ва саодат, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман.

Халқимизнинг юксак ишончи ва ҳурмат-эҳтироми сизларга ҳамиша ёр бўлсин!

 

Байрамингиз муборак бўлсин!!!

 

Навоий вилоят суди судьяси

Гулнафис Худайбердиева

Фуқаролик ҳуқуқида вакиллик ва ишончнома тушунчаси

Вакиллик – ишончномага, қонунга, суд қарорига ёки вакил қилинган давлат органининг ҳужжатига асосланган ваколат билан бир шахс (вакил) томонидан бошқа шахс (ваколат берувчи) номидан тузилган битим ваколат берувчига нисбатан фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини бевосита вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади.

Ваколатсиз вакиллик – вакил қилинмаган шахс томонидан бошқа шахс номидан тузилган ёки ваколатлардан ташқари чиқиб тузилган битим ваколат берган шахс ушбу битимни кейинчалик маъқуллаган тақдирдагина унинг учун ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади. Битим тузишга ваколат берган шахс битимнинг ижрога қабул қилинганлигидан гувоҳлик берувчи ҳаракатлар қилган ҳолда ҳам бундай битим маъқулланган ҳисобланади.

Бундан ташқари фуқаролик ҳуқуқида тижорат вакиллиги деган тушунча ҳам мавжуд бўлиб, тадбиркорлар шартномалар тузаётганида улар номидан доимо ва мустақил суратда вакиллик қилувчи шахс (тижорат вакили) вакилнинг ваколатлари кўрсатилган ёзма шартнома асосида, бундай ваколатлар кўрсатилмаган тақдирда эса — ишончнома асосида ҳам иш олиб боради. Тижорат вакили ўзининг иштирокида тузилган шартномадаги турли тарафларнинг манфаатларини фақат бу тарафларнинг розилиги билан ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳоллардагина айни бир вақтда ифодалаши мумкин.

Энди кўпчилик ўзининг шахсий ва бошқа ҳуқуқий муносабатларида дуч келадиган ишончномага алоҳида тўхталиб ўтсак !

Бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради.

Юридик шахс номидан, шунингдек юридик шахсга ҳам ишончнома фақат юридик шахснинг уставида (низомида) кўрсатилган фаолият мақсадларига зид бўлмаган битимларни тузиш учунгина берилиши мумкин.

Ишончнома оддий ёзма шаклда ёки нотариал шаклда расмийлаштирилади.

Нотариал шаклни талаб қилувчи битимларни тузиш ёхуд юридик шахсларга нисбатан ҳаракатларни амалга ошириш учун берилган ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Юридик шахс номидан бериладиган ишончнома раҳбар томонидан имзоланиб, унга ушбу юридик шахснинг муҳри босилади.

Ишончнома кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди.

Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий ҳисобланмайди.

Яна бир муҳим нарса, ишончнома бўйича ваколатларни бошқа шахсга бериш деган тушунча ҳам мавжуд.

Бунда ишончнома берилган шахс ўз ваколатидаги ҳаракатларни шахсан амалга ошириши шарт. Башарти, унга ишончнома билан ваколат берилган бўлса ёки уни ишончнома берган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилишга шароит мажбур қилса, у ҳаракатларни амалга оширишни бошқа шахсга ўтказиши мумкин.

Ишончноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда бекор бўлади:

Ишончнома муддатининг тамом бўлиши, ишончнома берган шахснинг уни бекор қилиши, ишончнома берилган шахснинг бош тортиши, номидан ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши,  номига ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши,  ишончнома берган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши, ёхуд унинг вафот этиши, ишончнома олган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомалага лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши, ёхуд унинг вафот этиши билан.

Ишончнома берган шахс истаган вақтда ишончномани бекор қилиши, ишончнома берилган шахс эса — ундан воз кечиши мумкин. Бу ҳуқуқдан воз кечиш ҳақидаги битим ҳақиқий эмас.

 

Навоий вилоят судининг судьяси

Гулнафис Худайбердиева

Skip to content