Қидирув:

Суд томонидан оналик ҳуқуқи тикланди

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасига кўра оила жамиятнингасосий бўғини ҳисобланади ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Болаларни умуминсоний қадриятларни ҳурматлаш, оналикни муҳофаза этиш ва болаларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, юксак ватанпарварлик, софлик ва ҳалоллик руҳида тарбиялаш, уларниижтимоий фойдали меҳнатга тайёрлаш отаоналарнинг конституциявий ва маънавий бурчидир.

Бироқ жамиятда болалар тарбиясида ўз конституциявий бурчларини унутиб қўядиган фуқаролар ҳам учраб туради. Ҳаётда барча отаоналар ҳам юқоридаги ўз бурчини, конституциявий мажбуриятини тўлақонли ҳис қилавермайди. “Кишининг ўз фарзандини чиройли одобахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдорда нафл садақа беришдан яхшироқдир” (Термизий ривояти). Фарзанд – инсонҳаётининг мазмуни, насл-насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжиридир. Ота-оналарнинг бурчларидан яна бири фарзандига меҳрибонлик кўрсатиб уни вояга етказишдан иборат. Бироқ, ҳаётда ўз оналик бурчларини бажармай, ўз боласига ғамхўрлик қилмай, унга тарбия беришдан бош тортиб, оналик меҳрини бахш этмаётганлар ҳам борлиги кишини ўйга толдиради.

Галдаги мулоҳазамиз дастлаб, фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судининг 2015 йил 20 июлдаги ҳал қилув қарори билан Л.Шамиева (исм-шариф ўзгартирилган)нинг оналик мажбуриятларидан ҳамда боласини тарбиялашдан бош тортганлиги сабабли охирги чора сифатида суд бу онани оналик ҳуқуқидан маҳрум қилган эди.

Орадан етти йил ўтиб, Л.Шамиева 2008 йил 10 сентябрда туғилган Ж.Салимова (исм-шариф ўзгартирилган) исмли фарзандига нисбатан оналик ҳукуқидан маҳрум қилинганлигини, ҳозирги кунда иш билан банд эканлигини, ҳаёт тарзи ижобий томонга ўзгарганлигини, вояга етмаган фарзандини ўзи тарбияламоқчи эканлигини баён қилиб, фарзандига нисбатан оналик ҳуқуқини тиклашни сўраб судга мурожаат қилди.

Суд, вояга етмаган бола фарзандликка олинмаганлигини, унинг хулқ-атворини ўзгартирганлигини, турмуш тарзи ижобий тарафга ўзгарганлигини ва у оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлсада, фарзандининг тарбиясида иштирок этаётганлигини, вояга етмаган бола ҳам унга нисбатан оналик ҳуқуқини тиклашга рози эканлигини инобатга олиб, даъво талабини қаноатлантириб, Л.Шамиевани вояга етмаган 2008 йил 10 сентябрда туғилган Ж.Салимова исмли фарзандига нисбатан оналик ҳуқуқини тиклашни лозим топади.

Хулоса ўрнида, бола ҳақида ғамхўрлик қилиш, унга таълим тарбия бериш ота-она учун фақат ахлоқий қоида бўлиб қолмай, конституциявий бурчи ҳамдир. Зеро, жамиятимиздаги ҳар бир фуқаро оилавий муносабатларга масъулият билан ёндашадиган бўлса, келгусида бу каби низоларнинг олди олинар эди.

 

ЛАЙЛО ШАРИПОВА

Фуқаролик ишлари бўйича

Зарафшон туманлараро суди судьяси.

Судьяларнинг Учқудуқ туманида сайёр учрашуви

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг раиси А.Қурбонов, фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судининг раиси А.Шукуров ва Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Ғофуров иштирокида Учқудуқ туманидаги Абай маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қиладиган фуқаролар, хусусан “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Хотин-қизлар, маҳалла фуқаролари, фаоллар иштирок этган мазкур давра суҳбатида мамлакатимизда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасидаги бу ислоҳотларнинг замирида авваламбор адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу орқали халқнинг тинч-тотув ва фаравон яшаши, давлатимизни янада тараққий эттириш ва юрт тинчилигини таъминлаш каби муҳим вазифалар туриши хусусида фикр юритилди.

Шунингдек, туманда содир этилаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш, шу ўринда, оилавий ажримларни олдини олиш фақат суд ёки тегишли бир идорани вазифаси бўлиб қолмасдан, барча йиғилиш иштирокчиларига инсоний фазилат ва бурчимиз сифатида яшаётган маҳаламиздаги, фаолият юритаётган идорамиздаги оилавий келишмовчиликлар ёки оилавий ажрим фикрида бўлган ҳамкасб, маҳалладош фуқароларимизни тартибга чақириб, панду насиҳат қилиб, уларга тўғри йўлни кўрсатиб, бу фикри охирги чора эканлигини тушунтириш кераклиги ҳақида фикрлар айтиб ўтилди.

Давра суҳбати якунида иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган масалалари ва мурожаатлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Анвар Шукуров

Фуқаролик ишлари бўйича

Зарафшон туманлараро суди раиси

Атроф-табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш – инсонийлик бурчимиздир

Инсоният тарихида техниканинг тараққий этиши, турли хилдаги ихтиролар, саноатнинг ривожланиши инсонлар ҳаёти ва мамлакатлар тараққиётида муҳим ўрин эгаллаган бўлиши билан бир қаторда, инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади.

Буни сўнги йилларда кузатилаётган ҳавонинг меъёридан ортиқ исиши, чўллашиш даражасининг ортиши, сув танқислиги, чанг бўронларнинг, ҳатто, йилнинг қиш фаслида ҳам кўплаб содир бўлаётганлигида ҳам англаш мумкин.

Албатта, мазкур тараққиёт қайсидир маънода она табиатнинг софлиги, атроф-муҳитнинг тозалигига ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётгани боис ҳозирдан бошлаб инсон ва табиат ўртасидаги нозик муносабат ҳамда мувозанатни мувофиқлаштириш, она табиатни асраб-авайлаш орқали уни келажак авлодга бор софлигича етказишга жиддий эътибор қаратиш энг долзарб масалалардан бири бўлмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бу борада миллий қонунчилигимизда ҳам табиат ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш, унга қилинган ҳар қандай тажовуз ва ножўя хатти-ҳаракатларга нисбатан қонунда белгиланган чоралар кўриш назарда тутилган.

Хусусан, Конституциянинг 50-моддасида, фуқаролар атроф-табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур эканлиги назарда тутилган.

Ушбу Конституцион нормадан келиб чиқиб, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги ҳамда «Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларининг қабул қилинганлиги ҳам атроф-муҳитни асраб-авайлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 65-96-моддаларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 193-204-моддаларида тегишли жавобгарлик белгиланиб, жазо чоралари қайд этилган, бундан ташқари, 2021 йил 25 август куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари ҳамда бошқа қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, жавобгарлик чоралари янада мустаҳкамланган.

Она табиатга етказилаётган тажовузларни олдини олиш ва уни ҳимоя қилиш борасида ҳам суд амалиётида кўплаб ишлар кўриб чиқилмоқда.

Қуйида, эътиборингизни кўрилган ишлардан бирига қаратмоқчимиз.

Хусусан, Назорат қилувчи орган томонидан судга ариза билан мурожаат қилиниб, «C» масъулияти чекланган жамияти ўзининг карбид кальций ва ферромарганец маҳсулоти ишлаб чиқариш фаолиятини тегишли рухсатнома олмасдан амалга ошириши оқибатида атроф-муҳитга зарарли моддалар меъёридан ортиқ чиқаётганлиги экология ва фуқароларнинг соғлигига зарар етказаётганлиги сабабли мазкур корхона фаолиятини вақтинча тўхтатиш сўралган.

Мазкур аризани кўриш жараёнида жавобгарнинг Зарафшон шаҳар Саноат зонаси ҳудудида карбид кальций ва ферромарганец маҳсулоти ишлаб чиқариш фаолияти билан экологияга оид қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фаолият юритмаётганлиги натижасида атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатлари талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги ўз исботини топганлиги, мазкур ҳолат эса шу ҳудуд атрофида яшаётган фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлиги инобатга олиниб, суднинг ҳал қилув қарори билан жавобгарнинг Зарафшон шаҳар Саноат зонаси ҳудудидаги карбид кальций ва ферромарганец маҳсулоти ишлаб чиқариш фаолияти назорат қилувчи органнинг кўрсатмасида қайд этилган ҳолатлар бартараф этилгунига қадар тўхтатилган.

Албатта, ушбу мақоламиз орқали, қайсидир тадбиркорнинг тадбиркорлик фаолиятини муҳокама қилиб, уни обрўсизлантириб, унга нисбатан қўлланилган жавобгарлик чоралари ҳақида сўз юритиш мақоламиз ва кўтарилган мавзунинг асл моҳияти эмас, масаланинг асл моҳияти, албатта, она табиатни асраб-авайлаб, халқ ва жамият манфаатини ўз манфаатимиздан устун қўйиб, келажак авлодга атроф-муҳитни табиийлиги ва софлигича етказиш, бунда нафақат давлат хизматчилари, балки барчамиз бирдек масъул эканлигимизни англаш, атроф-муҳитга бўлган ножўя хатти-ҳаракатлар ва таъсирларнинг олдини олиш юзасидан жамоатчилик назоратини кўчайтириш, бу борада оммавий ахборот воситаларининг куч ва имкониятидан самарали фойдаланишдир.

Зеро, Бош қомусимизнинг 55-моддасига кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.   

Шу боис, биз атроф-муҳитга қандай муносабатда бўлсак, она табиат ҳам бизга худди шундай жавоб қайтаради. Шу сабабли, табиат ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодга софлигича етказиш фақатгина ўзимизга боғлиқ, азиз инсонлар!

 

Шерзод Ғофуров

Зарафшон туманлараро

иқтисодий суди раиси

Мулк ҳуқуқини юксакликка кўтарган ФАРМОН

Инсоният яралибдики ўз манфаатлари ва эҳтиёжлари йўлида бошқа шахслар билан турли муносабатларга киришиб келади. Вақт ўтиши, замон ривожланиши ва инсонларнинг такомиллаша бориши боис мазкур муносабатлар оддий ва содда кўринишдан мукаммал ва мураккаб мазмунга эга бўлиб бормоқда.

Давлатчилик ташкил бўлиб, унинг тузилмалари ташкил этила бошлангандан ҳамда иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорлик фаолияти кенгайиб боргани сари инсонлар нафақат бир-бири билан, балки жисман мавжуд бўлмаган, аммо ҳуқуқ ва муомала лаёқатига эга бўлган юридик шахс мақомидаги ташкилот, муассаса ва корхоналар билан ҳам турли муносабатларга кириша бошлади. Таъкидлаш ўринлики, мазкур муносабатлар ичида энг муҳим ва ҳаётийларидан бири фуқаролик-ҳуқуқий ҳамда мулкий муносабатлардир.

Албатта, ўзаро ишончга асосланган мазкур муносбатларда шартлашилган талаблар кўпчилик ҳолларда ўзаро ихтиёрий ва инсофли равишда бажарилди ва шу боисдан ўрнатилган ҳамкорлик янада мустаҳкамлана бориб, тараққиёт тез фурсатларда ўсиб бормоқда.

Аммо, айрим ҳолларда, муносабтга киришган шахсларнинг шартлашилган талабларни бажаришга инсофсиз ва эътиборсиз қараши, олинган мажбуриятларни бажаришда турли кўринишдаги кўзда тутилмаган ҳолатларнинг юзага келиши, мулкдор мулкига нисбатан турли тажовуз ва давлат тузилмаларининг турли қонунсиз хатти-ҳаракатлари ва қарорлари қабул қилиниши оқибатида мулк ҳуқуқи ҳамда мулкдор ҳуқуқ ва манфаатларини қонун йўли билан ҳуқуқий ҳимоя қилиш эҳтиёжи юзага келди.

Албатта, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари халқаро ҳуқуқда бўлгани каби миллий қонунчилигимизда ҳам назарда тутилган.

Авваламбор, мулкий ҳуқуқ ҳимоясига доир энг асосий манба Бош қомусимиздир.

Конституциямизнинг 53-моддасида, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлаши назарда тутилган.

Бош қомусимизнинг 54-моддасида, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши қайд этилган.

Албатта, қабул қилинган қонунчилик кейинги муносабатларни ўрнатиш ва тартибга солиш функциясини бажаради.

Мамлакатимизда мулкий ҳуқуқлар ҳимоясига доир бир қатор қонунлар, хусусан “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Қарори ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлигини мисол қилиб келтириш мумкин.

Аммо, шахслар ўртасидаги муносабатларни такомиллашиб бориши, инсонлар ҳаётига замонавий ахборот технологияларнинг кириб келиши ва турли ўзгаришлар мавжуд қонунчиликни такомиллаштириб бориш заруратини юзага келтирмоқда.

Шу боисдан мулкий ҳуқуқларнинг кафолатига доир ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Президентимизнинг “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони (ПФ–198-сон, 24.08.2022 йил) қабул қилиниши мулкий ҳуқуқлар ҳимоясига доир муҳим қадам эканлигини ишонч билан таъкидлаш жоиз.

Мазкур Фармон билан ерга бўлган ҳуқуқлардан фойдаланишда ерга бўлган ҳуқуқнинг вужудга келишига асос бўлган ҳужжатларни бекор қилиш орқали ерга бўлган ҳуқуқни тугатиш, ердан ихтиёрий воз кечишни Ҳукумат ёки ҳокимлик қарорлари билан расмийлаштириш (ихтиёрий воз кечиш тўғрисида нотариал тасдиқланган ариза ҳуқуқни бекор қилиш учун асос бўлади), юридик шахс тугатилиши билан унинг ерига бўлган ҳуқуқларини бекор қилиш, ерни жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда компенсация сифатида давлатнинг бошқа кўчмас мулкини бериш (бунда кўп квартирали уйлардаги турар жой берилиши мумкин), турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаганларни доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш, суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб 3 йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш 2022 йил 1 сентябрдан бекор қилиниши назарда тутилди.

Хўш, Фармонда белгиланган мазкур нормалар мулк эгалари учун қандай қўлайликларни ва кафолатларни юзага келтиради?

Таъкидлаш жоизки, амалиётда мулкка бўлган ҳуқуқни қайсидир орган томонидан (простест асосида ҳам) олдин қабул қилинган ҳужжатни бекор қилиш орқали тугатиш ҳолатлари кўп учрар эди, эндиликда мазкур масала фақат суд тартибида кўриб чиқилиши лозимлиги Фармон билан белгиланмоқда.

Сўнгги 2,5 йилда ҳокимларнинг қарорлари билан берилган 2,5 мингдан ошиқ ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар уларнинг ўзи ёки юқори турувчи органлар томонидан, шу жумладан прокурор протестлари асосида суд қарорисиз бекор бўлганлиги Фармонда белгиланган мазкур талабнинг қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб турибди.

Бундан ташқари, сўнгги 2,5 йилда 20 543 та ер участкаси “ердан ихтиёрий воз кечилгани ҳақидаги ариза”га асосан қабул қилинган ҳоким қарори билан захирага қайтарилган. Эндиликда Фармон билан мазкур талабнинг белгиланиши, мулкдорнинг ўз мулкий ҳуқуқларини ихтиёрий, ўз хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб белгиланиши учун асос бўлади.

Шу билан биргаликда, сўнгги 2,5 йилда фуқаролик ишлари бўйича судларга шахсни турар жойдан рўйхатдан чиқариш бўйича 8 954 та даъво аризалари киритилган, шундан 7 311 таси қаноатлантирилганлиги ҳам мулкдорларнинг бу борадаги турли оворагарчиликларининг олдини олишга хизмат қилади.

Шунингдек Фармонда, кўчмас мулк бўйича давлат реестрига ноқонуний ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларнинг киритилиши натижасида унга ишониб ҳаракат қилган шахсларга етказилган зарар (Торренс тизими) ҳамда турар жой инсофли эгалловчидан талаб қилиб олинмаслиги натижасида унинг ҳақиқий эгасига етказилган зарар қопланиши, бу мақсадда махсус жамғарма фаолият юритиши, судларда фуқароларга нисбатан мулкий даъволар киритишда давлат божи тўлашдан озод қилинганлиги билан боғлиқ давлат органларининг сони қисқартирилиши, шахсга нафақат ўзининг ҳаётини, балки ўз мулкини ҳам ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилиши, терговдаги шахснинг мулкини хатлаб қўйиш ҳам судлар ваколатига берилиши назарда тутилганлиги мулк ҳуқуқини олий қадрият сифатида давлат органлари тизимида тўлиқ амалга оширишга муносиб ҳисса қўшиб, мулкий ҳуқуқларнинг давлат томонидан кафолатланишига бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасида иқтисодиётнинг самарали амал қилишига ва халқ фаровонлигининг ўсишига имконият яратувчи ҳар қандай шаклдаги мулкчилик бўлишига рухсат берилади. Мулкчиликнинг ҳамма шакллари дахлсиз бўлишига ва уларнинг ривожланиши учун тенг шароит яратилишига қонун кафолат беради.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро

иқтисодий суди раиси

“Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи хотин-қизларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди

Жорий йилнинг 7 сенябрь куни Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Хамидов ва Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди раиси А.Ҳамроевлар Ғазғон шаҳар  “Мармаробод”, “Тумар” ва “Шайхон” МФЙларида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг мурожаатларини ўрганиш мақсасида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар мазмуни, судларга мурожаат қилиш тартиби, кредит олиш, уй-жой билан боғлиқ ҳамда моддий ёрдам олиш масалаларида шунингдек, “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи хотин-қизларга ҳуқуқий тушунтиришлар бериш мақсадида сайёр қабул ва ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.

Сайёр қабулда маҳаллада яшовчи хотин-қизларнинг кредит олиш, уй-жой масаласида ҳамда моддий ёрдам олиш масаласидаги мавжуд муаммолари тингланиб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шундан сўнг маърузачилар тадбир иштирокчиларининг саволлари ва мурожаатларига тегишли тушунтириш ва жавоблар беришди.

 

Ш.Хамидов

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси

Коррупцияга қарши кураш – давр талаби

Маълумки, бугунги кунда маълум бир ҳудуд танламайдиган коррупцияга бутун дунё миқёсида ўз ечимини излаётган глобал муаммо сифатида қаралмоқда.

Шунинг учун ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг яхлит тизими яратилган бўлиб, буни 2017 йил 3 январь куни қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун негизида кўришимиз мумкин. Мазкур қонун малакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, қонунда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатилган бўлиб, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, унга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш шулар жумласига киради.

Президетимизнинг 2020 йил 27 майдаги “Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган. Мазкур фармон билан 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури қабул қилиниб, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг янгиланган таркиби тасдиқланди ҳамда Давлат дастурига мувофиқ коррупциянинг олдини олишга қаратилган бир қатор муҳим чора-тадбирлар белгиланди ва амалиётга татбиқ этилди.

Мазкур чора-тадбирлар ва амалга оширилган ислоҳотлар, албатта, мамлакатимизда коррупциянинг йўқолишига ва фуқароларнинг турли кўринишдаги сарсонгарчиликларини олдини олишга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ижтимоий ҳаёт ва давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодиса саналган коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида аҳамият қаратишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Жумладан, коррупция ислоҳотлар йўлидаги жиддий тўсиқ ва давлатимизнинг миллий хавфсизлигига таҳдид сифатида баҳоланади. Ўзбекистонда мазкур иллатнинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш борасида кенг қамровли ишларни янада кучайтириш, ушбу тоифадаги жиноятчиларга нисбатан қатъий чоралар кўриш муҳимдир.

Давлат ва жамият тараққиётига раҳна соладиган жиноятчиликка қарши кураш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда барча бирдек масъулдир.

 

Лайло Шарипова,

Фуқаролик ишлари бўйича

Зарафшон туманлараро суди судьяси

Мустақиллик байрами арафасида маҳкумлар  муддатидан илгари шартли озод этилди

Инсонпарварлик-инсоннинг қадри, эркинлиги, бахт саодати, тенг ҳуқуқлари тўғрисида, инсонийликнинг  барча тамойилларини юзага чиқариш учун шарт шароитлар яратиб бериш ҳақида ғамхўрлик қилишни  ифодаловчи тушунча. Инсон тақдири, халқ манфаатлари, мамлакат кишилари, ҳақида ғамхўрлик инсонпарварликнинг  асосий масаласидир.

Ана шу мақсадда жиноят ишлари бўйича Нурота туман суди томонидан 2022 йил 25 август куни ўтказилган очиқ сайёр суд мажлисида Нурота туман ички ишлар органлари пробация гуруҳи ҳисобида турувчи 5 нафар маҳкумлар ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарганлиги, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиб, тузалиш йўлига кирганлиги, жазонинг белгиланган қисмини ўтаганликлари сабабли уларга инсонпарварлик принципи қўлланилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан ўталмай қолган жазодан муддатидан илгари шартли озод этилдилар.

 

 

Фурқат Рахманов

Жиноят ишлари бўйича

Нурота туман суди раиси

Сайёр суд ва сайёр қабул ўтказилди

Бугунги кунда  судьялар – ишларни фақат суд биноси мажлислар залида кўрмасдан, жамоатчилик  вакиллари  ишлаётган корхона, муассаса ва ташккилотлар  биноларида ҳамда аҳоли яшайдиган ҳудудларга ташриф буюриб, маҳалла фуқаролар йиғинлари, корхона, муассаса ва ташкилотлар биноларида ишларни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқмоқдалар.

Жиноят ишлари бўйича Нурота туман судининг очиқ сайёр суд мажлиси Нурота туманидаги “Ғафур Ғулом” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 1-қисми билан гумонланувчи Э.Тураевга оид жиноят иши сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2019 йил 19 июлдаги № РС-44-19-сонли қарорида тадбиркорларнинг мурожаатларини қонун доирасида ҳал этиш мақсадида барча судларда ҳар ҳафтанинг жума куни “Тадбиркорлар куни”, шанба куни “Очиқ эшиклар куни” деб белгиланлиги, бундан ташқари, Нурота туман судлари раисларининг туманлар кесимида 2022 йил учинчи чорагида ўтказиладиган ҳамкорликдаги сайёр қабуллар режаси тасдиқланиб, мазкур режага асосан Нурота туман “Ғафур Ғулом” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ташкил этилди.

Ташкил этилган сайёр қабулларда суд қарорлари ва ажримларидан норози бўлган, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган фуқароларнинг мурожаати тингланди.

Ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, уларнинг ечимлари қонун талаблари асосида ҳал қилинди.

Бундан ташқари, ўтказилган сайёр қабул давомида туман суди раиси  томонидан халқ билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, йиғилишда суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини янада изчил ҳамда самарали муҳофаза қилиш юзасидан тушунтиришлар берилди.

 

Фурқат Рахманов

Жиноят ишлари бўйича

Нурота туман суди раиси

Учқудуқда судьялар томонидан сайёр қабул ўтказилди

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг раиси А.Қурбонов, Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судининг судьяси Л.Шарипова ва Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Ғофуров томонидан Учқудуқ туманидаги Айтим маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қиладиган фуқаролар, хусусан “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрсида”ги Фармонида “Аёллар  дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизларнинг  муаммоларини  ўз  вақтида  бартараф  этиш, жамиятда хотин-кизларга  тазйиқ  ва  зўравонликка  нисбатан муросасизлик  муҳитини  яратиш,  хотин-қизларнинг  хуқуқлари  ва  конуний  манфаатларини таъминлаш белгиланган.

Шу сабабли, судьялар томонидан хотин-қизлар, маҳалла фуқаролари, фаоллар иштирок этган мазкур давра суҳбатида “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган хотин-қизларнинг ҳуқуқий масалалари юзасидан мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

Тадбир иштирокчиларига республикада аёллар учун яратилаётган ва қўлланилаётган имтиёзлар, янгиликлар, давлат томонидан ажратилаётган субсидиялар ва бошқа енгилликлар борасида батафсил маълумот берилди.

Бундан ташқари, учрашувда туман ҳудудида содир этилган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар, туманда жиноятчилик профилактикасини янада такомиллаштириш, ажримларнинг олдини олиш, алимент ундириш билан боғлиқ масалалар, “Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида ташкил этилаётган тадбирлар бўйича суҳбатлашилди.

Давра суҳбати сўнгида аёлларга ўзларини қизиқтирган масалалар имтиёзли кредит ажратиш, фарзандликка олиш ва бошқа  мурожаатлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

 

Акмал Қурбонов

Жиноят ишлари бўйича

Учқудуқ туман суди раиси

Фуқаролар мурожаатлари судлар эътиборида

Жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг раиси Д.Эргашева, Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Ғофуров томонидан Томди туманидаги Томдибулоқ овул фуқаролар йиғинида истиқомат қиладиган фуқаролар, хусусан “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Хотин-қизлар, маҳалла фуқаролари, фаоллар иштирок этган мазкур давра суҳбатида “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган хотин-қизларнинг ҳуқуқий масалалар юзасидан мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

Тадбир иштирокчиларига Республикада аёллар учун яратилаётган ва қўлланилаётган имтиёзлар, янгиликлар, давлат томонидан ажратилаётган субсидиялар ва бошқа енгилликлар борасида батафсил маълумот берилди.

Сайёр учрашувда туман ҳудудида содир этилган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар, туманда жиноятчилик профилактикасини янада такомиллаштириш, ажримларнинг олдини олиш, алимент ундириш билан боғлиқ масалалар, “Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида ташкил этилаётган тадбирлар бўйича суҳбатлашилди.

Қизғин суҳбат давомида аёлларга ўзларини қизиқтирган масалалари ва мурожаатлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Лайло Шарипова

Фуқаролик ишлари бўйича

Зарафшон туманлараро суди судьяси

Skip to content