Инсон қадрининг энг олий даражаси халқчин давлатда барпо этилади
Бугунги кунда адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадам бўлиб, юртимизда олиб борилган барча соҳадаги ислоҳотларнинг конституциявий ҳимоясини таъминланаётганидир. У ҳам бўлса “Давлат – жамият – инсон” деган принципнинг “Инсон – жамият – давлат” тамойилига айланиб, “Инсон қадри учун!” деган ғоя устуворликка эга эканлиги ўз ифодасини топаётганидадир.
Маълумки, миллий қонунчилигимизда фуқарони биринчи марта давлат органлари томонидан бирон бир ишга гумон қилинувчи сифатида жалб қилаётганда, унга бирламчи ҳуқуқлари тушунтириб бериш шарти саналган “Миранда қоидаси” ҳамда “Хабеас корпус” (лот. habeas corpus) – “танани судга келтириш”, яъни жиноий таъқибга учраган фуқаронинг адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқининг тарихан энг қадимий эътирофларидан бири ҳисобланган нормалар янада кенг жорий этилди.
Биргина “Миранда қоидаси” бўйича ҳибсга олинган шахсга уни сўроқ қилишдан олдин албатта: -сукут сақлашга ҳақлилиги; айтган гаплари судда унга қарши қўлланиши мумкинлиги ва қўлланиши; сўроқда унинг адвокати иштирок этиши мумкинлиги; адвокат тўловини қила олмаса унга давлат томонидан адвокат берилиши тушунтирилиши ҳамда«ҳақ-ҳуқуқларингиз сизга тушунарлими?”деб сўралиши; -ўз адвокатига ёки яқинларига бир марта қўнғироқ қилиш имкони берилиши шарт.
Фуқароларимиз бирон бир суриштирув, тергов органларига олиб келинганда, унинг ҳуқуқи, шунингдек, ушлаб турилиши асослари, нега давлат органига келтирилгани ҳақидаги ҳуқуқлари тушунтирилиши асосий қонуда ўз ифодасини топди. Яъни, айбсизлик презумцияси мустаҳқкамланиб, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланиши мустаҳкамланди.
Шахсга нисбатан тергов органлари томонидан ҳар қандай ғайриқонуний ҳаракатлар ҳамда тақиқланган усуллар қўлланилишининг олдини олишни кафолатланиб, Конституциямизнинг 27-моддасига кўра – “шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт”, деган жумлалар билан тўлдирилди.
Илк маротаба ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон хабарлар ва бошқа хабарларни сир сақлаш ҳуқуқи фақат суднинг қарорига асосан чекланиши мумкинлиги белгиланди.
Хусусан, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, ушбу муддат ушлаб туриш қонунийлиги ва асослилиги судда исботланмаса, шахс дарҳол озод қилиниши ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги белгиланди.
Гувоҳи бўлаётганимиз, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги асосий қонунда ўз ифодасини топди. Бунда эса мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолатлар ўз ифодасини топаётганлиги, Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган конституциявий тамойил муҳрланганлиги, бу барчанинг қонун олдида тенглигини ва қонундан хеч ким устун эмаслигини таъминлаш, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилиш, умуман олганда давлат органларининг халққа хизмат қилиши учун мустаҳкам пойдевор сифатида хизмат қилади.
Гиёсиддин Ялгашев,
Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари.
Дилноза Хонбўтаева,
Навоий вилояти суди жиноят ишлари бўйича судьяси.