Қидирув:

Ҳадя шартномасини шакли ва тузиш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 31-боби ҳадя шартномасига бағишланган бўлиб, ушбу бобда ҳадя шартномасини шакли, уни тузиш, бекор қилиш ҳақида батафсил маьлумотлар мавжуд.

Фуқаролик кодексининг 502-моддасида белгиланишича Ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ё бериш мажбуриятини олади, ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади.

Ушбу моддадан англанилишича ҳадя шартномаси бўйича нафақат ашё мулк қилиб берилади балки ашёга бўлган мулк  ҳуқуқи берилиши ёки мавжуд бўлган мажбуриятдан қарздорни озод қилиниши ҳам ҳадя бўлиши мумкин экан.

Ҳадя қилувчи фақат ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мулкнигина ҳадя олувчига ҳадя қилишга ҳақли.

Ҳадя шартномаси мулк ҳуқуқининг  бир шахсдан иккинчи шахсга ўтишини назарда тутувчи битимлар тоифасига киради.

Ҳадя шартномаси текинга тузиладиган шартнома ҳисобланади.  Муайян бир ҳақ ёки наф эвазига тузилган ҳадя шартномаси ҳадя деб тан олинмайди.

Бундан ташқари, ашё ёки ҳуқуқ муқобил берилганида ё бўлмаса, муқобил мажбурият мавжуд бўлганида бундай шартнома ҳам ҳадя деб тан олинмайди ва бундан шартномаларга Фуқаролик кодексининг битимни ҳақиқий эмас деб номланган нормалари қўлланилади.

Бирон-бир шахсга ашёни ёки мулк ҳуқуқини текинга беришни ёки бирон-бир шахсни мулкий мажбуриятдан озод этишни ваъда қилиш (ҳадя этишни ваъда қилиш), агар ваъда тегишли шаклда берилган бўлса ва келажакда аниқ шахсга ашё ёки мулкий ҳуқуқни текинга бериш ёки уни мулкий мажбуриятдан озод қилиш мақсади аниқ кўриниб турган бўлса, ҳадя шартномаси деб тан олинади.

Ҳадя шартномасида ҳадя нарсаси аниқ кўрсатилиши лозим.

Ҳадя қилувчи ўзининг мол-мулкини ёки мол-мулкнинг бир қисмини ҳадя этишни ваъда қилиш ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Шунингдек ҳадяни ҳадя олувчига ҳадя қилувчининг вафотидан кейин топширишни назарда тутувчи шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Амалдаги Фуқаролик кодекси нормалари  ҳадя шартномасини тузиш шаклига бир қанча талабларни қўяди.

Мисол учун баьзи ҳадя шартномаларни оғзаки тузиш мумкин.

Лекин кўчар мулкни ҳадя қилиш шартномаси:

ҳадя қилувчи юридик шахс бўлганида;

фуқаролар ўртасида базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ суммага шартнома тузилаётганда;

шартномада келажакда ҳадя этиш ваъда қилинган ҳолларда оддий ёзма шаклда тузилиши лозим.

Яьни бу каби шартномаларни оғзаки тузилиши унинг ҳақиқий эмас деб топилишига сабаб бўлади.

Шундай ҳадя шартномалари бўладики, уларни тузилиши алохида хусусиятга эга.

Масалан кўчмас мулкни ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Шуни унутмаслик керакки ҳадя шартномасига оид қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузилиши ҳадя шартномасини хақиқий эмаслигига олиб келади.

 

Ғайрат Якубов

Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди судьяси 

Оилага эътибор – элга эътибор

Оила аталмуш муқаддас даргоҳ ҳамиша халқимизнинг диққат – эътиборида бўлиб келган.

Мамлакатимизда оила мустаҳкамлигини уларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, айниқса, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зарур шарт-шароитларни яратиш борасида муҳтарам Президентимиз рахномалигида кенг миқёсли ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустақкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5325-сонли Фармони ҳам оила мустаҳкамлигини таъминлаш, хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги ролини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Жорий йилнинг 20 июнь куни Учқудуқ туман 10-сонли мактабининг мажлислар залида Учқудуқ тумани оила ва хотин қизлар бўлими ва тумандаги маҳалла ва овул фуқаролар йиғини раислар ва хотин-қизлар фаоллари иштирокида, ажралиш ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш чораларини кўриш юзасидан семинар бўлиб ўтиди.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида суд томонидан никоҳдан ажартиш ҳақида жами 16 та иш кўрилган бўлиб, шундан 8 та оилалар ажратилганлиги, 4 та оилалар арзимас сабабларга кўра никоҳдан ажратишни сўраб судга мурожаат қилганлиги сабабли уларни аризалари рад этилганли, 4 та оилалар оила ва хотин-қизлар бўлими билан хамкорликда яраштирилганлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, никоҳдан ажрашиш ҳақида ариза билан судга мурожаат этган ҳар бир оилани яраштириш ва уни сақлаб қолиш учун энг аввало уларнинг ота-оналари, маҳалла фуқаролар йиғини оилавий қадирятларни мустаҳкамлаш комиссияси, оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб бориш, оилаларни сақлаб қолишда катта самара беришини, арзимаган сабабларга кўра бузилаётган оилаларни тиклаш, уларни мустаҳкамлаш чораларини кўриш, нотинч ва муаммоли оилалар билан кўпроқ иш олиб бориш, суд томонидан юборилаётган тарафларни яраштириш тўғрисидаги ажримлар бўйича кўрилган чора-тадбирлар ҳамда хулосаларни ўз вақтида тақдим этиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ҳамда оилаларни мустаҳкамлигини таъминлаш ҳақида айтиб ўтилди.

 

Анвар Жумаев

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси

Зарафшонда хотин-қизлар ва боларар ҳуқуқларига доир янги қонунлар мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди

20 июнь куни Зарафшон шаҳар «Олтин водий» маданият уйида «Миллий тикланишдан-миллий юксалиш сари» шиори остида ижтимоий  маънавий муҳитни соғломлаштириш мақсадида семинар ўтказилди.

Семинарда фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро суди раиси A.Шукуров, туманлараро иқтисодий суд раиси Ш.Ғофуров ва мутасадди ташкилот раҳбарлари, фуқаролар, «НКМК МКБ» AЖ га қарашли ётоқхоналарда яшовчи аҳоли иштирок етди.

Семинар давомида A.Шукуров ва Ш.Ғофуровлар томонидан шаҳарда Ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, хотин-қизлар ўртасида радикаллашув, мутассибликни олдини олиш», «Диний екстремизм ва терроризм жамият барқарорлигига таҳдид», “Миссионерлик ва прозелитизмнинг салбий оқибатлари», «Оилавий ажримлар» ва жиноятчиликни олдини олиш, «Виждон еркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги ЎРҚ-699-сон Қонуни,  тўғрисида фикрлар аниқ фактлар асосида тушунтириб берилди.

Тадбирдар сўнгида «Огоҳ бўлинг», «Оила муқаддас»  мавзусидаги видеороликлар намойиш етилди.

 

Анвар Шукуров

Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро суди раиси 

Навоий вилоят судида солиқ қарздорлигини суд тартибида ундиришнинг муаммоли жиҳатлари юзасидан солиқчилар иштирокида семин ўтказилди

2023 йил 17 июнь куни Навоий вилоят суди биносида Навоий вилоят суди ва фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман) судлари судьялари ҳамда Навоий вилоят давлат солиқ бошқармаси ва туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциялари иштирокида солиқ қарздорлигини субсидиар тартибда ундириш бўйича суд амалиёти ҳамда жисмоний шахслардан солиқ қарздорлигини суд буйруғи тартибида ундиришда мавжуд муаммолар мавзуларида семинар тадбири ўтказилди.

Семинарда Навоий вилоят суди раиси ўринбосари И.Касимов солиқ қарзини юридик шахс муассиси ёки раҳбаридан субсидиар тартибда ундириш ҳақидаги даъво аризаларни судлар томонидан кўриб чиқишда аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар, жумладан юридик шахснинг ночорлиги (банкротлиги) шу юридик шахс учун мажбурий кўрсатмаларни бериш ҳуқуқига эга бўлган муассис сифатидаги шахснинг ёки юридик шахс мол-мулки мулкдорининг ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли вужудга келтирилган бўлса, юридик шахснинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда бундай шахс зиммасига унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юклатилиши мумкинлиги тўғрисида гапириб ўтди.

Шунингдек, Навоий вилоят суди судьяси А.Баҳронов Навоий вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 2022 йил давомида судлар томонидан солиқ қарздорлигини буйруқ тартибида ундириш ва қарздорлар томонидан тақдим этилган эътирозлар асосида суд буйруқларини бекор қилиниши танлов асосида таҳлил қилинганлиги, ҳисоботларга кўра, 2022 йил давомида судлар томонидан жами 3359 та солиқ қарздорлигини ундириш ҳақида суд буйруқлари чиқарилиб, шундан қарздорлар томонидан тақдим этилган эътирозларга асосан 421 та, яъни 12,6 фоиз суд буйруқлари бекор қилинганлигини, қарздорлар томонидан солиқ қарздорлигини ундириш ҳақидаги суд буйруғини бекор қилиш ҳақидаги эътирозларида асосан солиқ қарздорлиги мавжуд эмаслигини, солиқ органи томонидан ариза хато киритилганлигини ёки солиқ қарздорлигини ундириш белгиланган уй-жой уларга тегишли эмаслигини кўрсатишган.

Семинарда, кун тартибидаги масалалар юзасидан келгусида ишларни тўғри ташкил этиш, солиқ қарзини ундириш ҳақидаги аризаларни судга тақдим этишдан олдин жисмоний шахсларни огоҳлантириш ва солиқ қарздорлиги мавжуд ёки мавжуд эмаслигига аниқлик киритиш келишиб олинди.

Семинар иштирокчиларига мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган бир қатор масалаларда саволларга жавоб берилди.

 

Азизжон Баҳронов

Навоий вилоят суди судьяси

Навоийда суд раислари томонидан олис ҳудудлардаги фуқаролар учун оммавий сайёр қабул ўтказилди

Фуқароларни оғирини-енгил, узоғини-яқин қилиш барча давлат органларининг бугунги кунлаги бош вазифасига айланиб бормоқда.

Хусусан, судлар томонидан ҳам айнан шу тамойил асосида халқимизнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги муаммоларини жойига бориб ўрганиш бош мақсад қилиб белгиланган. Шу сабабли жорий йилнинг 14 июнь куни Навоий вилоят суди раиси ва вилоят маъмурий суд раиси узоқ туманларда яшовчи фуқароларни мурожаатларини танглаш мақсадида, вилоят марказидан қарийб 300 км узоқликда бўлган туманлар Учқудуқ, Томди ҳамда Зарафшон шаҳарларида бўлиб, фуқаролар учун оммавий сайёр қабул ўтказдилар.

Сайёр қабуллар давомида уччала ҳудуддан жами 30 га яқин фуқароларни суд-ҳуқуқ соҳасига доир мурожаатлари тингланиб, аксарият мурожаатларни жойида ҳал қилиш чоралари кўрилди, қолган мурожаатларни ҳам берлиланган тартибда кўриб чиқиш чоралари кўрилди.

Шунингдек, Зарафшон шаҳрида ташкил этилган сайёр қабул жараёнида Жиноят ишлари бўйича Томди туман суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилиб, инсонпарварлик тамойили асосида, илгари жиноят содир этган ва ҳозирги кунда пробация назоратида жазо муддатини  ўтаётган 2 нафар шахс шартли равишда муддатидан олдин жазодан озод қилинган бўлса, 7 нафарини жазоси енгилроғига алмаштирилди. 

Бундан ташқари, суд раислари йиғилганларга қонунчиликдаги янгиликлар ва уларнинг инсон манфаати учун фойдали бўлган томонлари ҳақида маъруза қилиб, инсон ҳақ-ҳуқуқлари доимо суд органлари орқали давлат ҳимоясида эканлигини таъкидлашди.

 

Азамат Ботиров

 

Навоий вилоят суди бош консультанти 

Фуқаролик судларида регресс талаблар билан боғлиқ ишларни кўриш амалиёти

Фуқаролик судларида регресс талаблар билан боғлиқ ишлар даъво тартибда кўриладиган ишлар тоифасига мансуб бўлиб, мазкур институт шахсларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг ўзига хусусияти бўлиб бунда  бошқа шахс (меҳнат мажбуриятларини бажараётган ходим, транспорт воситасини бошқарувчи шахс ва ҳ.к) томонидан етказилган зарарни тўлаган шахс бу шахсга нисбатан, агар қонунда бошқача миқдор белгиланмаган бўлса, тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга бўлади.

Жумладан: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1001-моддасига мувофиқ ҳисобланган, бошқа шахс (меҳнат мажбуриятларини бажараётган ходим, транспорт воситасини бошқарувчи шахс ва ҳ.к) томонидан етказилган зарарни тўлаган шахс бу шахсга нисбатан, агар қонунда бошқача миқдор белгиланмаган бўлса, тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга.

Биргаликда етказилган зарарни тўлаган зарар етказувчи зарар етказувчиларнинг ҳар биридан жабрланувчига тўланган товоннинг ҳар бир зарар етказувчининг айби даражасига мос улушини талаб қилишга ҳақли. Айбнинг даражасини аниқлаш имконияти бўлмаганда улушлар тенг баравар деб ҳисобланади.

Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг мансабдор шахслари томонидан етказилган зарарни тўлаган давлат бундай шахсларнинг айби суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган ҳолларда, бу шахсларга нисбатан регресс ҳуқуқига эга.

Террорчиликка қарши операция ўтказиш натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаган давлат содир этилган айбли ҳаракатлари террорчиликка қарши операция ўтказилишига сабаб бўлган шахсга нисбатан тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга.

            Фуқаролик судларида жисмоний ва юридик шахсларнинг қарздорнинг айби билан етказилган зарар учун учинчи шахсга тўлаган тўловларнинг қайта ундиришни кўриб чиқишда  юқоридаги қонун талабларига риоя қилган ҳолда, қарздорнинг айби ҳуқуқий ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳолатларга  баҳо бериб хулоса қилинади.

            Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманларо суди томонидан 2022 йил ва 2023 йилнинг январ-май ойларида прокуратура органларининг давлат бюджетидан молиялаштириладиган корхона ташкилотлар манфаатида тақдим қилган, суғурта ташкилотлари фуқаролик тусдаги шартномалар юзасидан, юридик ва жисмоний шахсларнинг регресс талаблар бўйича тақдим қилган 20 га яқин даъво аризалари қабул қилинган бўлиб, барча даъволар қаноатлантирилган.

 

            Хулоса қилиб айтганда мазкур институт жисмоний ва юридик шахсларнинг қарздорнинг қонун ва шартнома мажбуриятини бажармаганлиги оқибатида унинг етказган зарари учун тўлаган тўловларини қайта ундириш бўйича ҳуқуқларини амалга ошириш учун хизмат қилади.

ФИРИБГАРЛИК- ЁМОН ИЛЛАТ

Инсон, унинг шаъни, қадр-киммати ҳакида уйлаганимизда ёшлари улуғ отахон, онахонларнинг ўтмиш хотиралари тарихнинг рад этиб булмас манбаларига асосланиб ҳали ҳеч қайси жамиятда, ҳеч қачон инсон манфаатлари бу кадар улугланиб, давлат томонидан ҳимояланмаганлигининг гувохи бўламиз. Кундан-кунга чирой очиббораётган юртимиз, мехнаткаш, мард ва танти халкимиз , кузни кувонтираётган бунёдкорлик ишлари, илм-фан, иктисодиёт ва туризм борасидаги салохиятимиз, қўлга киритаётган ютукларимиз шу жаннатмакон юртга мухаббат ва яратиш иштиёкини оширади.Ок когозда кора нукта дарров кузга ташланганидай хаётимизда учраб коладиган баъзи товламачи, алдов йули билан ишонувчан кишиларнинг пул ва бойликларини узлаштириб юрган юртдошларимиз хам борлиги жамиятимизга тушган дог каби xунук куринади.

          Аммо бундай кишиларнинг килмиши жазосиз колмайди. Энди фикримизнинг асоси сифатида якинда куриб тамомланган бир жиноят иши тафсилотига тўхталиб ўтайлик.

          Б.Ш. муқаддам айнан фирибгарлик жинояти бўйича судланган бўлсада, яна фирибгарлик жиноятига қўл урди, яъни, у 2022 йил 24 октябрь куни қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида Пешку туман “Навоий” МФЙ Аллаёр қишлоғида яшовчи Б.Х.нинг яшаш уйига бориб, уни ишончига кириб, бир бош қора молини 9.000.000 сўмга сотиб олишини, пулларини эса “10” кун ичида келтириб беришини ваъда қилиб, уни ишонтириш мақсадида олдиндан (аванс) 100.000 сўм пул маблағларини бериб, бир бош қора молини алдов йўли билан қўлга киритиб, жабрланувчига моддий зарар етказиб, такроран фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Шунингдек, у 2022 йил 03 ноябрь куни у ўз жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Пешку туман Малишояк МФЙ Кўсаравон қишлоғида яшовчи Т.Х.нинг яшаш уйига бориб, уни ишончига кириб, уч бош чорва молларини жами 67.000.000 сўмга сотиб олишини, пулларини эса 1 ой ичида келтириб беришини ваъда қилиб, уни ишонтириш мақсадида олдиндан (аванс) 100.000 сўм пул маблағларини бериб, уч бош чорва молларини алдов йўли билан қўлга киритиб, келишилган пулларни ҳозирги кунга қадар бермасдан жабрланувчига анча миқорда моддий зарар етказиб, такроран фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Бундан ташқари, у ўз жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2022 йил 22 декабрь куни Ромитан туманидаги “Қўрғон” мол бозорида, Ромитан тумани Ромитан МФЙ Мўзадўзон қишлоғида яшовчи фуқаро Б.С.нинг ишончига кириб, бир бош сигир ва боласини жами 11.000.000 сўмга сотиб олишини, пулларини эса “20” кун ичида келтириб беришини ваъда қилиб, уни ишонтириш мақсадида олдиндан (аванс) 300.000 сўм пул маблағларини бериб, бир бош сигир ва боласини алдов йўли билан қўлга киритиб, жабрланувчига моддий зарар етказиб, такроран фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Шунингдек, у ўз жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2023 йил 28 январь куни Ромитан туман Ҳазортут МФЙ Ҳазортут қишлоғида яшовчи А. Э.нинг яшаш уйига бориб, уни ишончига кириб, уч бош қора молларини жами 12.000.000 сўмга сотиб олишини, пулларини эса “1” ҳафта ичида келтириб беришини ваъда қилиб, уни ишонтириш тариқасида олдиндан (аванс) 10.000 сўм пул маблағларини бериб, уч бош қора молларини алдов йўли билан қўлга киритиб, келишилган пулларни ҳозирги кунга қадар бермасдан жабрланувчига моддий зарар етказиб, такроран фирибгарлик жиноятини содир қилган.

           Ҳеч қандай жиноят жазосиз колмайди. Адолатли суд тизимининг саъй-харакатлари билан судланувчи Ш.Б.нинг килмишлари ўрганилди, у айбларига тўлиқ икрор булиб, фуқароларни алдаб, уларга тегишли молларини сўйиб тез кунларда пулини беришни айтиб, уларни алдаб, содир қилган фирибгарлик жиноятини тан олди ва чин кунгилдан пушаймонлигини билдирди.

Суд, судланувчи А.Б.га нисбатан жазо тайинлаш масаласини муҳокама килиб, жабрланувчиларнинг моддий даъвоси борлигини, етказилган зарарлар қопланмаганлигини эътиборга олиб, Жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор туман суди 20.04.2023 йилдаги ҳукмига кўра уни Жиноят кодекси 168-модда 3-қисмининг “б” банди билан айбдор деб топиб, 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаш билан биргаликда судланувчи Ш.Б.дан жабрланувчи Х.Т. фойдасига 66.900.000 сўм, жабрланувчи Х.Б. фойдасига 1.500.000 сўм, жабрланувчи С.Б. фойдасига 5.720.000 сўм ва жабрланувчи Э.А. фойдасига 11.990.000 сўм ундириш белгилади.

          “Бирни куриб фикр кил, бирни куриб шукур кил”-дейди доно халкимиз.Чунки бир кишининг килган хатоси минглаб кишиларга сабоқ бўлиши албатта тайин. Нафс, текин даромад, бошкаларнинг мулкини узлаштириш мукаддас Куръонда, хадиси шарифларда хам кораланган. “Бир нафснинг ишини етмиш шайтон килолмайди”-дейилади “Киссаси Рабгузий”да. 

           Дархакикат, нафс барча ёмонларнинг онасидир. Зеро, барча ноконуний ишларнинг илдизи унга бориб такалади.

         Қолаверса, янги таҳрирдаги Конститутциянинг 54-моддасида “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир.Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди”-деб бежизга кўрсатилмаган албатта.

 

           Фирибгарку жазосини олди, аммо унинг ногорасига уйнаганлар-чи? Улар хам бу вокеадан керакли хулоса чикариб, хушёрликни оширсалар максадга мувофик буларди.  

Фирибгарлик жазосиз қолмайди

Фуқаро И.Давронов (исми-шарифи ўзгартирилган) Навоий вилоятининг Кармана туманидаги хусусий шифохонада компьютер тамографияси ходими вазифасида ишлаб келган.

У хусусий шифохонада ишлаб келиш жараёнида, ўзганинг мол-мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида, 2023 йилнинг 31 январь куни фуқаро Д.Қодировнинг (исми-шарифи ўзгартирилган) ишончига кириб, уни алдаб фуқаро С.Икромова (исми-шарифи ўзгартирилган) йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бирор-бир ҳаёт учун хавфли бўлмаган оғир тан жароҳати олмаган бўлсада, унга С.Икромова бош мия чайқалиши каби оғир тан жароҳати олганлиги ҳақида ёлғон маълумотларни айтиб, моддий манфаатдор қилган тақдирда фуқаро С.Икромовани енгил тан жароҳатлари олганлиги бўйича тамография хулосасини 100 АҚШ доллари эвазига тайёрлаб беришини билдириб, Кармана туман ҳудудидаги хусусий шифохонаси биносида 1 100 000 сўм пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритаётган вақтида прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ашёвий далиллар билан ушланади.

И.Давроновга нисбатан тергов органи томонидан қўзғатилган жиноят иши 2023 йил 24 май куни жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судида кўриб чиқилиб, у Ўзбекистон Республикаси ЖК 25,168-моддаси 3-қисмининг “в” бандида қайд қилинган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва унга шу модда билан 1 (бир) йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни тиббиёт тизимида лаборант вазифасида ишлаб ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ойлик иш ҳақининг ўн фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

 

 Алишер Сайдуллаев

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси

Менинг маҳаллам – менинг судьям ғояси амалда

Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, янги қабул қилинган қонунлар ва унинг мазмун-моҳияти ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан тузилган “Медиа режа” ижросини таъминлаш, шунингдек “Менинг маҳаллам-менинг судям” ғояси остида Зарафшон шаҳар “Даугизтау” маҳалласида сайёр учрашув ташкил етилди.

Мазкур сайёр қабулда Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судининг раиси A.Шукуров, Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Ғофуров томонидан МФЙдаги фуқаролар, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг муаммолари ўрганилди. Сайёр қабул жараёнида жами 12 нафар фуқаронинг мурожаати тингланиб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, қабул жараёнида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларини бузилиши ҳолатларини олдини олиш, аёллар ва вояга йетмаган ёшлар жиноятчилиги келиб чиқиш сабаблари ва уларни олдини олиш, оилавий ажримларни камайтириш  юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди.

 

Шерзод Ғафуров

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси

Навоийда хотин-қизлар ҳуқуқлари мавзусида семинар-тренинг ўтказилди

Ўзбекистон тарихида илк бор 2019 йилнинг 2 сентябрида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўровонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинди.

Мазкур қонун ҳужжатлари хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўровонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни ҳам тартибга солади. Тазйиқ ҳамда зўравонликни бошидан ўтказган шахсларни ҳимоя қилиш, жамиятда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўровонликнинг ҳар қандай шаклига мурсасиз муносабат муҳитини қарор топтиришни кафолатлайди.

Мухтасар айтганда, бу борадаги миллий қонунчилик базаси халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига ҳамоҳанг тарзда тобора мустаҳкамлаб борилмоқда.

Жорий йилнинг 5 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди  ва USAID халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда “Хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва зўравонликни олдини олиш бўйича халқаро стандартларни жорий этиш”бўйича  семинар-тренинг ўтказилди.

Мазкур семинар тренингни расмий очилиши мақсад ва вазифалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Тиркашев Жамшид маъруза қилиб, хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги,  хотин -қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги, бир хил қийматга эга бўлган меҳнат учун эркаклар ва хотин-қизларни рағбатлантириш тўғрисидаги, оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияларга, Пекин платформаси ва Ҳаракатлар режаси каби халқаро ҳужжатларга қўшилгани,  шунингдек, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий стратегия ва вазифаларнинг бири сифатида белгилангани ҳақида тўхталиб ўтди.

Семинар-тренингда тренер Г.Худайбердиева ва Л.Ҳайдаровалар “Инсон ҳуқуқлари, Гендер тенглиги тушунчаси, Гендер тенглигини таъминлашнинг халқаро ва миллий механизмлари, Гендер стереотиплари ва дискриминация нима ва улар судьялар ҳаётида тутган ўрни, Суд амалиётида гендер дискриминацияси ва зўровонлигини олдини олиш бўйича халқаро стандартларни жорий қилиш намуналари тўғрисидаги маърузалар юзасидан тақдимотлар қилишди.

Бундан ташқари, семинар-тренингда тренерлар томонидан ўтказилган таркибий машқлар, ноанъанавий усулдаги танишувлар, қоидаларни ишлаб чиқиш ва кутувларни аниқлаш каби амалий машғулотлар ҳамда энержайзерлар, ақлий ҳужум машқлари тренинг иштирокчиларга хуш кайфият бағишлади.

Семинар-тренингда қатнашган иштирокчи судьялар Пре-тест, посттест ва семинарни баҳолаш бўйича тестларни аъло даражада бажаришди.

Семинар-тренинг якунида Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси томонидан 20 нафар иштирокчи судьяларга сертификатлар топширилди.

Семинар-тренинг қизғин баҳс-мунозараларга бой, иштирокчиларнинг фаол қатнашувлари билан давом этди.

Ушбу семинар-тренинг Ўзбекистонда аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенгликни таъминлаш соҳасидаги фаол саъй-ҳаракатларни изчил амалга оишириш ва давом эттиришга барчага муҳим йўналиш бўлади деб умид қиламиз.

 

 

Гулнафис Худайбердиева

Навоий вилоят суди судьяси

Skip to content