Қидирув:

Сайёр қабул

Сайёр қабулда суд раислари томонидан 21 нафар фуқаро мурожаатлари қабул қилинди, мурожаатларнинг аксарияти мол-мулк низоси, суд томонидан тайинланган жазоларни камайтириш, имтиёзли пенсияга чиқиш, қарздорликни ундириш, никоҳдан ажратиш ва алимент ундириш юзасидан қилинган мурожаатларни ташкил этади.

Мазкур мурожаатларнинг 10 таси қаноатлантирилган бўлса, 11 таси юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

          Бундан ташқари жазоларини виждонан ўтаганлиги, айни вақтда тузалиш йўлига ўтиб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганлигини инобатга олиб, суд томонидан тайинланган жазони муддатидан илгари шартли озод қилиш юзасидан мурожаат қилган 5 нафар фуқаронинг илтимосномаси қаноатлантирилди ҳамда уларга нисбатан инсонпарварлик тамойили қўлланилиб, жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

          Бу ҳам судлар томонидан фуқароларга жамиятда ўз ўринларини топиши ва уларни эзгу мақсадлар сари олға интилишлари, келгусида бу каби қинғир ишларга қўл урмаслиги учун яна бир бор берилаётган имкониятларидан бири ҳисобланади.     

Қабулдан сўнг, суд раислари томонидан  тумандаги дорихона сотувчилари билан улар фаолият юритаётган дорихоналарда «Ноқонуний дорилар савдоси Психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи дориларни сотиш қонунга хилоф эканлиги, бу борада жавобгарлик масалалари юзасидан соҳа ходимларига ҳуқуқий тушунтиришлар берди.

Сўнгра, судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берганлиги таъкидланди.

Учрашувда эндиликда судлар фаолиятига “ягона дарча” тартиби жорий этилиши билан боғлиқ ташаббус илгари сурилганлиги борасида сўз юритилди. “Ягона дарча” тартиби 2022 йил январь ойидан бошлаб тадбиқ этилиши режалаштирилаётганлиги, унинг қулайлиги ва афзаллиги қабул қилинган аризалар судга таалуқлилиги бўйича йўналтирилиши яъни, тегишлилиги юзасидан фуқаролик, иқтисодий, жиноий ёки маъмурий судга юбориш чораси кўрилиши борасида тушунтириш берилди.

Коррупциянинг олдини олиш долзарб вазифа

Навоий вилоят суди судьялари ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсида маҳалла фуқаролар йиғини раислари, ҳокимликнинг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари иштирокида “Коррупция ҳамда зўравонликнинг олдини олишда фуқаролар йиғинлари ходимлари олдида турган вазифалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

 
 

“Коррупция” ҳамда “Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик” мавзуси кейинги пайтларда долзарб аҳамият касб этмоқда. Мазкур иллатларга нисбатан одамларда кўникма шаклланиб қолишининг олдини олиш ва унга қарши курашнинг самарали йўлларини топиш бу борада асосий мақсадлардан бири саналади.

Тадбирда сўзга чиққанлар “Коррупция жиноят қонунчилигида ўзи мустақил жиноят таркиби бўлмай, балки бир қатор мансабга оид жиноятларни қамраб олувчи умумлашган тушунча эканлиги, унинг таркибига мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ҳокимият ҳаракатсизлиги, пора олиш, бериш ва бошқа бир қатор жиноятлар кириши, коррупция, энг аввало, инсон ҳуқуқларини таъминлашга монелик қилиб, ижтимоий тенгсизликни келтириб чиқариши ва фуқароларнинг давлат бошқаруви идораларига бўлган ишончини йўқолишига олиб келиб, уюшган жиноятчиликнинг авж олишига замин яратиши ва инсонларнинг хавфсизлигига таҳдид солишини таъеидлади.

Шунингдек, семинарда жорий йилнинг 25 ноябрь – 10 декабрь кунлари зўравонликка қарши курашишга қаритилган 16 кунлик кампания ўтказилаётгани, унда суд тизими ходимлари ҳам фаол иштирок этиб, ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган ҳар қандай тадбир аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Семинарда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида тайёрланган слайд ва видеороликлар орқали тингловчилар эътиборига етказилди.

Учрашув якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

Судьялар онлайн қабул ўтказди

Сўнгги пайтларда судларга мурожаатлар кўпаймоқда. Бу эса мамлакатимизда одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари судларда муносиб ҳимоя қилинаётганидан, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти юксалаётганидан далолатдир.

Навоий вилоят суди раиси ўринбосарлари томонидан Зарафшон шаҳри, Нурота, Томди ва Учқудуқ туманлари аҳолисига қулайлик яратиш ҳамда уларнинг сарсон бўлишининг олдини олиш мақсадида навбатдаги онлайн қабул ўтказилди.

Унда суд-ҳуқуқ соҳасига оид масалалар юзасидан 29 нафар жисмоний ва юридик шахслар иштирок этди.

– Онлайн қабулда 17 нафар фуқаро мурожаати қаноатлантирилди, 2 нафар фуқарога ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиши тушунтирилган бўлса, 10 нафар фуқаронинг аризаси судда тегишли тартибда кўриб чиқиш учун қабул қилинди, – дейди вилоят суди бош консультанти Азиза Рўзиева. – Шунингдек, жазо муддатини ўтаётган, жазони ўташ даврида ички тартиб қоидаларга тўлиқ риоя қилган, интизомий жазоларга тортилмаган, ижобий тавсифномага эга, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган 4 нафар маҳкумга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этиш ҳамда 9 нафар маҳкумга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 74-моддасига асосан жазони енгилроғи билан алмаштириш юзасидан киритилган тақдимномалар қаноатлантирилди.

 

А.Бўриев, ЎзА

“Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

2021 йилнинг 12 ноябрь куни Кармана тумани, “Деҳқон” маҳалла фуқаролар йиғини биносида, жиноят ишлари бўйича Кармана тумани суди раиси Ж.Каримов ва туман ички ишлар бўлими ходимлари иштирокида, давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда туман суди раиси Ж.Каримов, “Коррупцияга қарши курашиш” ва пораҳўрлик жиноятларини олдини олиш самарадорлигини ошириш лозимлигига тўхталиб,  коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатлигини, негаки ушбу иллат фақат давлат ва жамиятнинг сиёсий – иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказибгина қолмай, демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказишини, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келишини, шу боис унга қарши курашиш амалга оширилиши зарур бўлган долзарб вазифалардан бирига айланганлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, сайёр суд мажлиси ўтказилиб, муқаддам шу каби жиноятларни содир этган, жиноятни моҳиятини тушуниб етган, тузалиш йўлига кириб, ижтимоий меҳнатга нисбатан бўлган муносабати ижобий томонга ўзгарган, ўрнатилган тартиб-қоида талабларни бажариб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумлар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.

 

Жасурбек Мавлонов

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди судья ёрдамчиси

Хатирчи тумани “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан сайёр қабул ўтказилди

Хатирчи туманидаги “Саховат маркази” биносида Навоий вилоят судининг судьяси Г.Худойбердиева, фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси Б.Бабақулов, жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди судьяси Х.Тўхтаев, туман прокуратураси ёрдамчи прокурори Б.Давронов, туман адлия бўлими бош мутахассиси А.Сатторовлар билан биргаликда “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизлар билан сайёр қабул ўтказилди.

            Мазкур ҳудудда яшовчи, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ҳуқуқий мулоқот ўтказилиб, уларнинг муаммолари тингланди. Учрашув давомида бандлик, моддий ёрдам пули олиш тартиби, мерос масалалари, алимент ундириш, уй-жойни расмийлаштириш, бола пули олиш, кам таъминланган оилалар рўйхатига кириш билан боғлиқ 20 га яқин мурожаатлар қабул қилинди, ҳар бир мурожаат тааллуқлилиги бўйича Навоий вилоят суди судьяси, адлия бўлими, прокуратура ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими вакиллари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди, суд ҳуқуқ соҳасига тааллуқли барча мурожаатлар бўйича жойида тушунтиришлар берилиб, қолган мурожаатлар тааллуқлилиги бўйича масъул орган ходимлари томонидан ҳал этилиши тартиби тушунтирилди.

            Тадбир иштирокчиларига Навоий вилоят судининг судьяси Г.Худойбердиева  томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 январдаги “Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва ушбу қарор билан тасдиқланган “Аёллар дафтари”ни юритиш бўйича вақтинчалик тартибнинг мазмун-моҳияти тушунтириб ўтилди.

Шунингдек, “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган аммо сайёр қабулга келиш имкониятига эга бўлмаган хотин-қизлар хонадонига борилиб, улар билан суҳбат ўтказилди.

Суҳбат давомида уларнинг муаммолари тингланди, ҳуқуқий маслаҳатга муҳтож аёлларнинг мурожаатари юзасидан  ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Жумладан, Хатирчи туман “Ғалабек” МФЙда яшовчи фуқаро Ф.Жиянова турмуш ўртоғи ногиронлиги бўлгани боис, унга ногиронлик нафақаси тайинлашда амалий ёрдам беришни  сўраб мурожаат қилди.

Ф.Жияновага шахсни ногирон деб топиш тиббий – меҳнат эксперт комиссияси томонидан(ТМЭК) амалга оширилиши, шахс ногирон деб эътироф этилганида, меҳнатга лаёқатлиликнинг бузилиши даражасидан келиб чиққан ҳолда ногиронликнинг биринчи, иккинчи, учинчи гуруҳлари белгиланиши тушунтирилиб, ногиронликни белгилаш учун Ф.Жиянова турмуш ўртоғининг барча ҳужжатлари ТМЭКга йўналтирилди.  

 

                                                                            Гулнафис Худайбердиева

                                                                         Навоий вилоят суди судьяси

“Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди

Китоб — ҳаёт ҳикматларини ўргатувчи жавоҳирлар сандиғи.

Навоий вилоят судида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан нашр этилган «Судья маънавияти, одоби ва масъулияти» номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт Дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида нашр этилган бўлиб, унда янги жамиятнинг судьяси қандай маънавий фазилатларга эга бўлиши лозимлиги, унинг маърифий қарашлари, одоби, давлат ва жамият олдидаги масъулияти мезонлари тарихий воқеликлар ҳамда бугунги давр нуқтаи назаридан таҳлил этилган.

Маросимда, китобни чоп этишдан кўзланган асосий мақсад янги Ўзбекистонда рўй бераётган тарихий бурилиш палласида адолатни қарор топтиришда қодир бўлган судьянинг маънавий баркамоллигига кўмаклашиш эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, китобда келтирилган “Адолат, ҳақиқат ва поклик истаги”, “Судьялар адолатнинг мустақил устунлари”, “Одил судов маданияти ва одоби”, “Қозининг ҳалоллиги”, “Исломда қозилик каби” ибратли ривоят, нақл, масал ва маталлар ҳар қандай инсонни мулоҳаза қилишга чорлаши борасида сўз борди.

Китоб мутолааси натижасида олинган маънавий озуқа судьяларнинг касбий фаолияти ва шахсий ҳаёти учун хайрли ва манфаатли бўлиши тайин, зеро маънавият, масъулият ва одоб инсоннинг касбу шахсига бирдек керак бўлган хислатлар ҳисобланади.

Мазкур китоб судьялар, суд тизими ходимлари, шунингдек барча давлат органи хизматчилари ҳамда кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.

Китобнинг электрон нусхаси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг www.sudyalaroliykengashi.uz БМТ Тараққиёт Дастурининг www.uz.undp.org интернет сайтларида жойлаштирилган.

 

Азиза Рўзиева

Навоий вилоят суди жамоатчилик ва ОАВлар билан
алоқалар бўйича бош консультанти

Навоий вилоят судининг фуқаролик ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда Самарқанд вилоят судининг фуқаролик ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари иштирокида “Меҳнат низолари” мавзусида видеоконференцалоқа режимида минтақавий семинар ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамланган.

Жамият ривожланишининг замонавий тенденциялари меҳнат соҳасида вужудга келаётган муносабатларга янги талаблар қўймоқда.

Ўтказилган семинарда ҳам меҳнат қонунчилиги нормаларини амалда қўллашнинг турли жиҳатлари хусусида сўз юритилиб, амалиётда учраётган муаммоли низолар юзасидан суд амалиёти умумлаштирилди.

Жумладан, ходимнинг аттестация комиссиясининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаби фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўрилиши, меҳнат дафтарчаси ишдан бўшаган ходимга ўз вақтида берилмаганлик учун компенсация Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 275-моддаси тартибида ундирилиб берилиши, меҳнат дафтарчаси ўз вақтида берилмаганлик учун компенсация ундириш ҳақидаги даъво муддати бўйича қонунчиликда белгиланган талаблар юзасидан фикр алмашилди.

Бу каби ўтказиладиган семинар фуқаролик ишларини кўриш оқибатида юзага келадиган муаммоларни ҳал этишда меҳнат қонунчилигини қўллаш амалиётини яратиш  учун замин бўлиши шубҳасиз.

Судьяларга эсдалик нишонлари топширилди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатор фармонларига мувофиқ, мамлакатимиз Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланишди.

Суд тизими ҳам бу каби эътирофдан четда қолмади хусусан, Навоий вилояти жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг раиси Хонбўтаева Дилноза Усмоналиевна  “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Шунингдек, Навоий вилоят судида “Мустақиллигининг 30 йиллик байрами” муносабати билан ислоҳотларда ташаббускорлиги, жамият тараққиётида суд ҳокимияти томонидан қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқаришда фаол иштирок этган 9 нафар судья ва суд ходимларига “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик кўкрак нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Вазифасига виждонан ёндашган судья, суд ходимлари ҳамда фахримиз ҳисобланган суд фахрийларига “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” муносабати билан  фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини бартараф этиш ишларида жонбозлик кўрсатган вилоят суди судьяси Гулнафис Худайберидиева Навоий вилоят ҳокими ташаккурномаси билан тақдирланди.

Ҳамма ҳамкасбларга мукофотлар муборак бўлсин. Ҳар бир ўтаётган йил салмоқли ишларимиз билан арзигулик ўтсин. Аслида тинчлик ва соғлик бўлса байрамлар татийди. Шу соҳада фаолият юритаётган ҳар бир фидойи, ҳалол, сўзи кескир ҳамкасблар касбидан барака топсин.

 

Азиза Рўзиева

Навоий вилоят суди жамоатчилик ва
ОАВ билан алоқалар бўйича бош консультанти

Аҳоли мурожаатлари ўзларининг иштирокида кўриб чиқилмоқда

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоясини таъминлаш, одил судловга бўлган ишончини оширишга доир бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, судлар томонидан жамиятда қонун ва инсон
ҳуқуқларига ҳурмат муносабатини шакллантириш, фуқароларнинг
важларини ўзларининг иштирокида кўриб чиқиш чораларини кўриб,
шахсий қабул ва жойларда фуқароларни сайёр қабул қилиш ишларига
алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мурожаатларни белгиланган тартибда адолатли ҳал этилишини таъминлаш,  фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш мақсадида Навоий вилояти судлари томонидан фуқароларнинг 693 мурожаатлари бўйича жойларга чиқиб, уларнинг суд-ҳуқуқ масалаларидаги муаммолари ўрганилди. Мурожаатларнинг 180 таси қаноатлантирилган бўлса, 417 та мурожаатчига ҳуқуқий тушунтириш берилди, 96 та мурожаат тааллуқлилиги бўйича йўналтирилди.

Хусусан, Кармана тумани, “Дўрман” МФЙда яшовчи фуқаро Давлатова  мол-мулк масаласидаги муаммоси суд орқали ҳал бўлганлигини билдириб,  Навоий вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига ташаккурнома билдирди.

Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси
ва қонунларида мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз
бўлиб, ҳеч ким улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклашга
ҳақли эмас. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари
ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш амалда ижро этилмоқда.

 

Азиза Рўзиева

Навоий вилоят суди жамоатчилик ва ОАВлар
 билан алоқалар бўлими бош консультанти

Skip to content