Қидирув:

Моддий ва маънавий зарар

Зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади.

 

Зарар икки турда бўлади моддий зарар ҳамда маънавий зарар.

Моддий зарар

 

Ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Зарар етказган шахс, агар зарар ўз айби билан етказилмаганини исботласа, зарарни тўлашдан озод қилинади. Қонунда зарар етказган шахснинг айби бўлмаган тақдирда ҳам зарарни тўлаш назарда тутилиши мумкин.

Маънавий зарар.

Маънавий зарар деганда жабрланувчига қарши содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракати оқибатида у бошидан кечирган маънавий ва жисмоний азоблар тушунилади.

Маънавий зарар, жумладан яқин қариндошини йўқотиш (ўлими) сабабли маънавий қайғуриш, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини давом эттира олмаслик, ишини йўқотиш, оилавий, тиббий сирларни ошкор қилиш, фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш, ҳар қандай бошқа ҳуқуқларини вақтинча чеклаш ёки улардан маҳрум қилиш, етказилган зарар ёки соғлиққа бошқача зиён етказиш туфайли, жисмоний оғриқ, соғлиққа бошқача етказилган ёхуд етказилган маънавий азоблар натижасида бошидан ўтказилган бошқа касалликларда намоён бўлиши мумкин.

Маънавий зарар пул билан қопланади.

Маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятига, шунингдек айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб суд томонидан аниқланади. Зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда оқилоналик ва адолатлилик талаблари эътиборга олиниши лозим.

Жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусияти маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан баҳоланади.

Маънавий зарар тўланиши лозим бўлган мулкий зарардан қатъи назар қопланади.

Маънавий зарар уни етказувчининг айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан қопланади.

Маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар, қуйидаги ҳолларда қопланади, агар:

зарар фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига ошиқча хавф манбаи томонидан етказилган бўлса;

зарар фуқарога уни қонунга хилоф тарзда ҳукм қилиш, қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф тарзда қўлланиш, қонунга хилоф тарзда маъмурий жазо қўлланиш ва қонунга хилоф тарзда ушлаб туриш натижасида етказилган бўлса;

зарар ор-номус, қадр-қиммат ва ишчанлик обрў-эътиборини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли етказилган бўлса;

қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддасига кўра, қуйидагилар судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган

 даъвогарлар — меҳнатда майиб бўлганлиги ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланганлиги, шунингдек боқувчиси вафот этганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

4) даъвогарлар — қонунга хилоф равишда ҳукм этганлик, жиноий жавобгарликка тортганлик, маъмурий жазо берганлик туфайли жисмоний шахсга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ низолар юзасидан;

5) даъвогарлар — жиноят туфайли етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

51) даъвогарлар — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга етказилган маънавий ва моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

 

Шерали Тогоев,

Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди судяси.

Барчаси “Инсон қадри учун” !!! Ноқонуний ишдан бўшатилган ходим судда ишга тикланди

Даъвогар Д.К жавобгар Навоий вилоят Транспорт бошқармасига нисбатан буйруқларни ғайриқонуний деб топиш, ишга тиклаш, иш ҳақи, мажбурий прогул юрган кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарарни ундириш, мажбурий прогул кунларини иш стажига қўшиб ҳисоблаш, касаба уюшма розилик хати ва баённомаларнинг бир қисмини ғайриқонуний деб топиш ҳақида даъво ариза билан судга мурожаат қилган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаблари рад қилинган.

Даъвогар Д.К томонидан берилган апелляция шикоятида суд қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги ҳал қилув қарори чиқариш сўралган.

Иш материалларидан ва судда аниқланган ҳолатлардан кўринишича, даъвогар Д.Киёмова 2019 йил 25 апрелдаги 33-сонли меҳнат шартномасига асосан Навоий вилоят Транспорт бошқармасига иш юритувчи вазифасига ишга қабул қилиниб, кейинчалик автомобиль ташувларини хавфсизлигини таъминлашни назорат қилиш бўлими инспектори, мурожаатлар ва хатлар билан ишлаш сектори бош мутахассиси вазифасида ишлаб келиб, 2021 йил 6 сентябрдан бошлаб мурожаатлар ва хатлар билан ишлаш сектори бошлиғи вазифасига ўтказилган.

Иш берувчи томонидан 2023 йил 22 майда корхона касаба уюшмасига ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш тўғрисида тақдимнома берилган.

Касаба уюшмасининг 2023 йил 29 майдаги йиғилиш қарорига кўра, Д.К билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик берилган.

Иш берувчининг 2023 йил 8 июндаги 51-сонли буйруғига асосан Д.К билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддаси иккинчи қисми 2-бандига асосан бекор қилинган.

Аниқланишича, иш берувчи 2023 йил 8 июндаги буйруғига касаба уюшмасининг 2023 йил 8 июндаги розилик хатини асос қилган.

Ваҳоланки, иш берувчи томонидан касаба уюшмасига 2023 йил 22 май куни Д.К билан иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик олиш юзасидан тақдимнома киритган.

Иш ҳужжатларидаги, касаба уюшманинг 2023 йил 29 майдаги йиғилиш баёнида йиғилиш котиби Г.Х имзо қўймаган.

Шундан сўнг, иш берувчи 2023 йил 8 июндаги хати билан касаба уюшмаси қўмитасининг ушбу баённомасини Д.К билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш юзасидан овозлар сони тўғри ёки нотўғрилигига аниқлик киритиш ва баённомани имзолаб беришлик учун қайтарилган.

Судлов ҳайъати суд мажлисида гувоҳ сифатида сўралган Г.Х мазкур ҳолатни тасдиқлаб, 2023 йил 29 майдаги йиғилишда овозлар сони ноаниқ бўлганлиги сабабли имзо қўймаганлигини маълум қилди.

 Касаба уюшмаси қўмитаси 2023 йил 8 июнда йиғилиш ўтказиб, йиғилиш қарорида 2023 йил 29 майдаги йиғилиш баёнидаги овозлар қайта ҳисоб китоб қилинганлиги ва иш берувчининг 2023 йил 22 майдаги тақдимномасига розилик берилганлиги кўрсатилган.

Судлов ҳайъати суд мажлисида даъвогар Д.К касаба уюшмаси қўмитасининг 2023 йил 29 майдаги йиғилиш қарори тегишли тартибда расмийлаштирилмаганлигини, 2023 йил 8 июндаги йиғилишда қатнашмаганлигини, йиғилиш амалда бўлмаганлигини маълум қилди.

Судлов ҳайъати ушбу ҳолатга аниқлик киритиш учун касаба уюшмаси аъзолари Х.Р, Г.Х.ларни гувоҳ сифатида сўралганда, улар 2023 йил 8 июнда йиғилиш бўлганлиги, унда 2023 йил 29 майдаги йиғилиш баёни асосида овозлар қайта ҳисоб китоб қилинганлигини, Д.К иштирок этмаганлигини маълум қилди.

Демак, бу ҳолатда иш берувчи Д.К билан иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишда касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилиги қонунчиликда белгиланган тартибда олинмаган.

Навоий шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 4-сон оилавий поликлиникасининг меҳнатга лаёқатсизлик варақасига асосан даъвогар Д.К 2023 йил 6 июндан 13 июнга қадар “сурункали бронхит” касаллиги билан даволанган.

Гарчи, жавобгар вакили Д.К шу кунлари ишда бўлганлигини таъкидлаб, бу ҳолатни унинг ўзи ҳам инкор этмаган бўлсада, Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2024 йил 19 январдаги хатида, Д.К.га берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси белгиланган талаблар асосида расмийлаштирилганлиги ва унга текширув ҳамда даво режалари олиб борилганлигини маълум қилган.

Шу боис, судлов ҳайъати иш берувчи томонидан Д.К билан меҳнат шартномасини унинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида бекор қилган деб ҳисоблайди.

Қайд этилганларга кўра, биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳақиқий ҳолатларини аниқламасдан, тўлиқ ва холисона текширмасдан, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаб, даъво талабларини тўлиқ рад қилиш  ҳақида асоссиз хулосага келган.

Шу сабабли, судлов ҳайъати иш берувчининг 2023 йил 8 июндаги
буйруғини ғайриқонуний деб топиб, даъвогарни Навоий вилоят транспорт бошқармаси мурожаатлар ва хатлар билан ишлаш сектори бошлиғи вазифасига ишга тиклашни лозим топди.

Шунга кўра, судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг иш юзасидан қабул қилган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, янги ҳал қилув қарори чиқаришни лозим деб топади.

Даъвогар К.Д Навоий вилоят транспорт бошқармаси мурожаатлар ва хатлар билан ишлаш сектори бошлиғи вазифасига ишга тикланиб,

Жавобгардан К.Д. фойдасига мажбурий бекор юрган кунлари учун 71.389.606 сўм иш ҳақи маънавий зарар учун 9.000.000 сўм товон пули ундирилди.

 

Беҳзод Шерматов,

Навоий вилоят судининг судьяси.

Суд тақдимномаси муҳокама қилинди

Учқудуқ туман иқтисодий суди томонидан “Учқудуқ туман йўллардан фойдаланиш” давлат муассасаси биносида  ташкилот ходимлари иштирокида суд томонидан чиқарилган тақдимнома муҳокама қилинди.

Унда ташкилотнинг фаолият турларидан келиб чиққан ҳолда табиий газдан фойдаланиш бўйича корхонанинг тегишли ходимлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар тўғрисида айтиб ўтилди.

Шунингдек, учрашувда коррупция иллати глобал муаммо сифатида кенг жамоатчиликни жиддий ташвишга солаётганлиги, бинобарин, коррупция жамият тараққиёти, юрт равнақи ва халқ фаро­вонлигига рахна солиши, коррупция ҳар қандай мамлакатнинг демократия ва қонун устуворлиги асосларини издан чиқариши, коррупция иллатига қарши кураршиш барчамизнинг бурчимиз эканлиги тўғрисидаги фикрлар йиғилиш иштирокчилари эътиборига етказилди.   

Учрашув сўнгида иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган масалалари ва мурожаатлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

 

 Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси.

Жамиятимиздаги яна бир нечта оилаларни пароканда бўлишини олди олинди

“Оилавий ажримларнинг олдини олиш ва низоли оилалар билан ишлаш куни» муносабати билан Кармана туманидаги “Баркамол авлод” марказида ажралиш ёқасида турган оилаларни судгача яраштириш чораларини кўриш мақсадида туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-кизлар бўлими ва вилоят суди билан хамкорлигида ажралиш арафасига келиб колган 10 нафар оилалар муҳокама қилинди.

Кўрилган чоралар ва тушунтиришлар натижасидан 5 нафар оила яраштирилиб, оила сақлаб қолишига эришилди, қолган 5 нафарига эса ярашиш учун муҳлат берилди.

Мазкур тадбирнинг мақсади оилавий ажримлар сонини камайтириш, вояга етмаган бегуноҳ фарзандларнинг тирик етим қолишини олдини олиш, аёлларни оилавий ажримдан сўнг оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолишидан сақлаш ва бунинг натижасида оғир салбий оқибатлар келиб чиқишининг олдини олиш эканлиги тушунтириб ўтилди.

Йиғилишга таклиф этилганларга судьялар ва мутасаддилар томонидан оила муқаддаслиги, оилада эр ва хотиннинг мажбуриятлари ва ундан келиб чиқиши мумкин бўлган ҳуқуқий оқибатлар, фарзандлар келажаги муҳимлиги ҳақида ҳам тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Ибодат Шоймардонова,

Навоий вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси.

Нега аёллар жиноятга қўл уради ёҳуд улар томонидан содир этилаётган жиноятлар таҳлили

Мамлакатимизда хотин-қизларга бўлган юксак эътибор, яратилаётган шарт-шароитлар натижасида бугунги кунда аёлларимизнинг жамиятдаги мавқеи ошди.

Уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириб, ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топиши, барча соҳаларда эркаклар билан тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, гендер тенгликка эришиш барқарор тараққиётнинг асосий омилларидан биридир. Аёлларнинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этиши, жамиятнинг барқарор ривожланишида муҳим омиллардан биридир.

Дарҳақиқат, ижтимоий хавфли ҳодиса бўлган жиноятчилик барча даврларда жамиятнинг маънавий, иқтисодий, сиёсий устқурмаларига шикаст етказади. Аёллар томонидан жиноятлар содир этилиши эса ушбу жараённи икки карра тезлаштиради. Чунки ҳар бир аёл у жамиятда қандай вазифани бажармасин, аввало, она – оиланинг маънавий тарбиячиси ҳисобланади. Аёлнинг жиноят содир этиши ортида жамиятнинг маънавий таназзули ётади.

Биргина Навоий вилоятида жорий йилнинг биринчи чораги давомида аёллар томонидан содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни таҳлил қиладиган бўлсак, ўткан даврда хотин-қизлар томонидан жами 56 та жиноят иши бўйича 65 нафар аёлларга нисбатан жиноят ишлари кўриб тамомланган бўлиб, шундан 52 та иш бўйича 61 нафар шахсларга нисбатан ҳукм чиқарилган, 3 нафар шахсга нисбатан бўлган жиноят ишлари тугатилган.

Шунингдек, биринчи чорак жавомида жиноят судлари томонидан жами 1166 та аёлларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш кўрилган бўлиб, шундан 209 таси 18-30 ёш, 869 таси 30-60 ёш, 88 таси 60 ёшдан ошган аёллар томонидан содир этилган. Ушбу ҳуқуқбузарликларнинг 317 таси фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қилганлик, 185 таси аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасидаги, 54 таси мулкка тажовуз қилинганлиги, 101 таси саноат ва бошқа соҳалардан фойдаланиш қоидаларини бузиш, 12 таси қишлоқ хўжалиги соҳасидаги, 37 таси транспорт, йўл хўжалиги ва алоқа соҳасидаги, 142 таси савдо, тадбиркорлик ва молия соҳаларидаги, 1 таси одил судловга тажовуз қилганлик, 240 таси жамоат тартибига тажовуз, 219 таси бошқарувнинг белгиланган тартибига тажовуз ва 1 таси тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик ҳолати бўйича содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳисобланади.  

Аёллар жиноятчилиги сабаблари таҳлили шуни кўрсатадики, аёлларнинг жиноятга қўл уриши сабаблари турли-тумандир.

Бунда – моддий қийналганлик, ишсизлик, оилавий алоқаларнинг мўртлиги, ижтимоий назоратнинг пастлиги, ахлоқий қадриятларнинг шаклланмаганлиги, маънавий дунёқарашнинг торлиги, ўз-ўзини назорат қилишнинг етишмаслиги, шахсларга (аёлларга) нисбатан чиқарилаётган суд ҳукмлари ҳамда қарорлари, ажримлари тарбиявий таъсирининг пастлиги асосий сабаб бўлмоқда.

Аёллар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг умумий ўсиш тенденцияси алоҳида олинган бир даврда бир мунча камайганига қарамасдан ошиб бориши қайд этилмоқда. Криминологларнинг тадқиқотлари шуни кўрсатадики, содир этилган жиноятларда аёллар сонининг ўсиш суръати эркак жинсига мансуб жиноятчилар кўрсаткичларидан ўзиб кетмоқда. 

Аёллар томонидан оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилиш тенденцияси фаол сақланиб қолмоқда. Бунда ўғрилик ва фирибгарлик жиноятлари катта улушни ташкил қилади.

Нозик хилқат жиноий фаолиятининг ўсиши айниқса, иқтисодиёт соҳасида ортиб бориши кузатилмоқда. Аёллар жиноий хулқ-атвори учун банк фаолияти соҳасида ва қимматли қоғозлар бозоридаги ноқонуний фаолият хос бўлиб қолмоқда. Аёллар томонидан камдан-кам ҳолларда босқинчилик ва талончиликка қўл урилади. Улар ўғрилик, фирибгарлик, ўзлаштириш жиноятларини кўпроқ содир қилса, эркакларда эса ўғрилик, босқинчилик ва талончилик жиноятларини кўп содир этади. Ушбу ҳолат аёллар ва эркаклардаги жисмоний кучнинг турличалиги ва ижтимоий ролларнинг ҳар хиллиги билан изоҳланади.

 

Абдулло Аллаев,

Навоий вилоят суди раиси.

 

Гиёсиддин Ялгашев,

Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари,

Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси.

Яшаганлик факти қонун ҳимоясида!!!

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судининг очиқ суд мажлиси, аризачи Навоий шахар адлия бўлимининг Гаврилова Замира Абдурауфовна манфаатида Навоий шахар ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига нисбатан юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш ҳақидаги аризаси кўриб чиқилди.

Аризачи З.Гаврилова 2003 йилда доимий яшаш учун Россия Федерациясидан доимий паспорт рўйхатидан чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Навоий шахар Ибн Сино кўчаси 24-уй, 506-хонадонда яшаб келгани, фуқаро З.Гаврилова адлия бўлимига мурожаат қилиб, ҳуқуқий саводхонлиги пастлиги ҳамда давлат божини тўлаш учун имконияти бўлмаганлигини кўрсатиб, судга ариза билан мурожаат қилишда амалий ёрдам беришни сўрагани, З.Гаврилова Россия Федерациясидан кўчиб келиб, Ўзбекистон Республикасида оила аъзолари билан ҳозиргача яшаб келаётганлиги бўйича Навоий шахар ИИБ бошлиғи томонидан тасдиқланган хулоса, фарзандлари Улугова Светлана Абдусаттаровна ва Улугов Андрей Абдисаттаровичларга Навоий шахар ФҲДЁ бўлими томонидан берилган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, Улугова Светлана Абдусаттаровнанинг Навоий шаҳар ФҲДЁ бўлими томонидан берилган ўлим гувоҳномаси нусхалари ва бошқа ҳужжатлар тасдиқлашини, шунга кўра З.Гаврилованинг 2003 йилдан Ўзбекистон Республикаси Навоий вилояти Навоий шаҳрида доимий яшаганлик фактини белгилаш лозим бўлишини билдириб, З.Гаврилованинг 2003 йилдан Ўзбекистон Республикас Навоий вилояти Навоий шаҳрида доимий яшаганлик фактини белгилаб беришни сўраган.

Маълум бўлишича аризачи З.Гаврилова 1964 йил 17 сентябрда Тошкент шахрида туғилган.

2003 йилда оила аъзолари билан Россия Федерациясидан чиқиб Ўзбекистон Республикасига доимий яшаш мақсадида қайтиб келган, шундан буён Навоий шахар ИИБда фуқаролиги йўқ шахс сифатида рўйхатда туриши, ҳозирги кунда ҳам Навоий шахар Ибн Сино кўчаси 24-уй 506-хонадонда оила аъзолар билан биргаликда яшаб келмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 13 март кунидаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддаси 2-қисмига асосан, 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиниши белгиланган.

Аризачи З.Гавриловага фуқаролиги йўқ шахс учун Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси берилган.

Иш ҳужжатларида мавжуд Навоий шахар ИИБ М ва ФРБнинг 2024 йил 06 февралдаги хулосасидан аниқланишича, З.Гаврилова 2003 йилда Ўзбекистон Республикасига доимий яшаш мақсадида кўчиб келгани, унга З.Гаврилова Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиш мақсадга мувофиқ деб ҳисобланган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, фуқаро Гаврилова Замира Абдурауфовнанинг 2003 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Навоий вилояти Навоий шахрида доимий яшаб келаётганлиги факти белгиланди.

Бу орқали, жамиятимизда бир шахснинг Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари каби тенг ҳуқуқли асосида фуқаролик олишига йўл очиб берилди.

Баҳодир Бабақулов,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси.

 

Зарифжон Утамуродов,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди судьяси.

2024 йилнинг 1-чораги мобайнида Навоий вилояти судлари томонидан давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ноқонуний чиқарилганлиги учун ҳақиқий эмас деб топилган қарорлари тўғрисида расмий маълумот

2024 йилнинг 1-чораги давомида Навоий вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судлари томонидан 211 та (2023 йил 1-чорагида эса 236 та) оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан боғлиқ маъмурий ишлар кўриб тамомланган, кўриб тамомланган ишлардан 115 таси қаноатлантирилган, 67 таси рад қилинган, 15 таси иш юритишдан тугатилган ҳамда 14 та ариза кўрмасдан қолдирилган.

 

Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича кўриб тамомланган айрим ишларни тоифалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак: 

 

🔹Ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда маҳаллий ҳокимлик мансабдор шахсларининг харакати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақида 26 та иш кўрилган, шундан 7 таси қаноатлантирилган, 16 таси рад қилинган, 2 таси иш юритишдан тугатилган ҳамда 1 та ариза кўрмасдан қолдирилган;

 

🔹Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси қарорларини ҳақиқий эмас ҳамда мансабдор шахсларининг харакати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақида 75 та иш кўрилган, шундан 70 таси қаноатлантирилган, 4 таси рад қилинган, 1 таси иш юритишдан тугатилган;

 

🔹Солиқ органи қарорларини ҳақиқий эмас ҳамда мансабдор шахсларининг харакати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақида 31 та кўрилган, шундан 13 таси қаноатлантирилган, 12 таси рад қилинган, 2 таси иш юритишдан тугатилган ҳамда 4 та ариза кўрмасдан қолдирилган;

 

🔹Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси қарорларини ҳақиқий эмас ҳамда мансабдор шахсларининг харакати  (ҳаракатсизлиги)ни  қонунга хилоф деб топиш ҳақида 29 та иш кўрилган, шундан 7 таси қаноатлантирилган, 12 таси рад қилинган, 6 таси иш юритишдан тугатилган ҳамда 4 та ариза кўрмасдан қолдирилган;

 

🔹Божхона органи қарорларини ҳақиқий эмас ҳамда мансабдор шахсларининг харакати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақида 2 та кўрилган бўлиб, уларнинг барчаси бўйича аризани қаноатлантириш рад қилинган.

 

✅ Суд таъсирчанлиги фаолияти бўйича:

 

Навоий вилоят ва туманлараро маъмурий судлари томонидан 2024 йилнинг 1-чорали давомида ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан 52 та хусусий ажримлар чиқарилган.

 

Бундан ташқари, Навоий вилоят ва туманлараро маъмурий судлари томонидан 48 та ёзма мурожаатлар мазмунан кўриб ҳал этилган, 50 та фуқаро сайёр қабулларда ҳамда 172 та фуқаролар бевосита суд идораларида қабул қилинган.

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Сaйёр қaбуллaр мурожaaтлaргa энг мaқбул ечими!

Ғозғон шаҳри “Мармаробод” ва “Тумар” маҳалла фуқаролар йиғинларида Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди, шаҳар Aдлия бўлими биргаликда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари муаммолари билан ишлаш, ечимини кутаётган масалаларни “маҳаллабай” ўрганган ҳолда жойида ва тезкор ҳал этиш бўйича мақсадида сайёр қабул ўтказилди.

Ушбу қабулда бир-неча фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилган бўлса, қолганларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, йиғилганларга судьялар томонидан қонунчиликга киритилган янги қўшимча ва ўзгартиришлар тушунтирилиши билан бирга жиноят ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, хусусан, одам савдоси ва коррупция жиноятларининг салбий оқибатлари, бундай жиноятлар учун қонунда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

 

Алишер Бахромов,

Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг судьяси.

Судларда архив ишини юритиш мавзусида семинар  машғулоти ўтказилди

Навоий вилоятининг барча туманлараро, туман, шаҳар судларининг архив мудирлари, архивариуслари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг архив мудири Т.Шаймарданов видеоконференцалоқа режимида, Навоий вилоят архив иши худудий бошқармаси бошлиғи С.Бекова, Навоий вилоят давлат архиви директори Н.Батировлар иштирокида Вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) судлари архивларида ишларни архив тўғрисидаги қонунлар ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сонли қарори билан тасдиқланган “Архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низом ҳамда судларда иш юритиш тартиби тўғрисидаги амалдаги Йўриқнома асосида юритиш бўйича тушунтиришлар бериш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сонли ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-12-сонли Фармонларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора тадбирлар режаси тасдиқлангани, унинг 27.2-бандига асосан судларнинг архивида қоғоз шаклида сақланаётган ишлар ва ҳужжатларни электрон шаклга ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан топшириқ ижроси тўғрисида семинар машғулоти ўтказилди.

Семинарни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида Архив ишини такомиллаштириш тўғрисида”ги 101-сонли Қарори Ўзбекистон Республикасининг 15.06.2010 йилдаги ЎРҚ-252-сонли “Архив иши тўғрисида”ги қонун талабларини амалга ошириш учун ишлаб чиқилган бўлиб, архив ишларини жамлаш, уларнинг ҳисобини юритиш, бут сақланишини таъминлаш ва улардан фойдаланишни ташкил этишнинг ягона тартибини белгилашлиги, ушбу қарор орқали архив ҳужжатларини сақлашнинг норматив режимлари, архив сақловхоналарини сақлаш воситалари билан жиҳозлаш тартиблари, ҳужжатларни техник-кимёвий ҳолатини текшириш қоидалари, архив ҳужжатларидан фойдаланиш ва берилган архив ҳужжатларининг сақланишини назорат қилиш тартиблари амалга оширилиши белгилиб қўйилганлигини таъкидлади.

Семинарда Навоий вилоят архив иши худудий бошқармаси бошлиғи С.Бекова иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил  20 сентябрдаги Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5834-сонли Фармонининг мазмун-моҳияти ҳақида маърузасини давом эттириб, архив иши ва иш юритиш соҳасида зарур инфратузилма яратилгани, архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишда ижобий натижаларга эришилгани ҳамда муайян интеллектуал ва технологик салоҳият шакллантирилгани, Миллий архив фонди Ўзбекистон халқининг моддий ва маънавий ҳаётини акс эттиргани, тарихий, илмий ва маданий аҳамиятга эга бўлган архив ҳужжатлар билан бойитилгани таъкидлади. Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритиш соҳасида давлат бошқаруви ва назоратини такомиллаштириш, қоғоз шаклидаги, кино, фото ва фоно ҳужжатларини рақамлаштиришни янада жадаллаштириш мақсадида, шунингдек 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги ташкил этилгани, 2020 йил 1 январдан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек мулкчилик шаклларидан қатъий назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолиятида шаклланадиган бошқарув (иш юритиш)га оид, илмий-техникавий ва бошқа ҳужжатларнинг архив сақловига топширилишида ҳамда ўрнатилган тартибда йўқ қилинишида уларнинг электрон ва Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми ҳужжатларининг суғурта нусхалари талаб этилгани, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда давлат архивларида сақланаётган тарихий давр (1917 йилгача) архив ҳужжатларини ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқариш бўйича чоралар кўрилгани, Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда давлат хизматларини Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилишини жорий қилингани, миллий архив фондининг давлатга тегишли қисмини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотлар рўйхатини қисқартирилгани, архив иши ва иш юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширадиган ваколатли давлат органи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлигининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланаши, архивларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда инфратузилмасини янада модернизация қилиш, архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишнинг замонавий усулларини жорий этилгани ҳақида батафсил тушунтириб ўтди.

Шу билан бирга идоравий архивларда мавжуд бўлган ҳужжатларни сақлаш шароитларини яратиш, хоналарни ёнғин хавфсизлигини олдини олиш учун ўт ўчириш қурилмаси билан таъминланганлиги, хоналарни ҳарорати нормал бўлиши, ҳавонинг нисбий намлигини доимий назорат қилиб борилиши юзасидан тушунчалар берди.

Мавзу юзасидан семинар иштирокчилари билан қизғин савол жавоблар, фикр алмашишлар бўлиб ўтди.

 

 

Диёра Намазова,

Навоий вилоят судининг жиноят ишлари бўйича

судлов ҳайъати архив мудири. 

Вилоят суди раҳбариятининг навбатдаги сайёр қабули Нурота тумани аҳолиси учун ўтказилди

Навоий вилоят суди ҳамда Навоий вилоят маъмурий суди томонидан вилоят Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда тасдиқланган 2024 йил биринчи ярим йилигига мўлжалланнган “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари муаммолари билан ишлаш, ечимини кутаётган масалаларни “маҳаллабай” ўрганган ҳолда жойида ва тезкор ҳал этиш бўйича Навоий вилоят судлари раислари, ўринбосарлари ва бошқа идора раҳбарларининг 2024 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида Навоий вилояти туман ва шаҳарларида ўтказиладиган сайёр қабуллар режаси”ги асосан жорий йилнинг 26 март куни Нурота туман “Ғофур Ғулом” МФЙда сайёр қабул ўтказилди.

Мазкур қабул давомида жами 23 нафар фуқаро қабул қилиниб, шундан 8 нафар фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилган бўлса, 15 нафар фуқароларга тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, сайёр қабул давомида ИИБнинг тақдимномасига асосан Пробация гуруҳида ҳисобда туриб жазо ўтаб келаётган 7 нафар маҳкумлар ўталмаган жазодан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод қилинган бўлса, 2 нафар фуқаронинг моддий ёрдам ундириш ҳақидаги даъволари қаноатлантирилди.

Иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлар фойдасига жами 77006988 сўмлик пул маблағи ундирилди.

Бундан ташқари, мурожаатлари ижобий ҳал бўлган фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ташаккурномалар билдирилди.

 

А.Аллаев, Навоий вилоят суди раиси.

Skip to content