Қидирув:

Почта алоқаси ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказилди

Навоий вилоят суди биносида 2023 йил 26 январь куни Кармана туманлараро иқтисодий суди раиси А.Хамидов ва Навоий вилоят суди судьяси Т.Қаҳҳоровлар томонидан “Ўзбекистон почтаси” АЖ Навоий вилоят филиали ва  унинг ҳудудлардаги почта алоқа боғланмалари ходимлари билан очиқ мулоқот учрашуви ўтказилди.

 

          Тадбирда иштирокчиларига суд ишларини юритишни ташкил этишда почта алоқа хизмати ходимларининг роли, аҳамияти ва масъулияти жуда юқори эканлигини, яъни суд мажлиси ўтказиладиган жой, сана ва вақти ҳақида тарафлар ҳамда учинчи шахсларни хабардор қилиш билан боғлиқ суд ҳужжатларини почта алоқа хизмати ходимлари томонидан тегишли манзилларга ўз вақтида етказилмаслиги ёки аслида тегишли манзилга етказилмаган суд ҳужжатини электрон дастур орқали “етказилди” деган мазмундаги хабар киритилиши суд ҳужжатини хаттоки бекор бўлишига олиб келиши ёки суд процесслари ўтказилиши чўзилишига ҳамда суд процесслари иштирокчиларини ортиқча оворагарчилигига сабаб бўлиши мумкинлигини, бунинг оқибатида ишда иштирок этувчи шахсларнинг почта алоқа хизмати ходимларидан эмас балки судьялардан норози бўлиш ҳолатлари кузатилаётганлигини, мавжуд муаммолар ҳамкорликда бартараф этилмаса ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳақли эътирозлари ортишига олиб келиши мумкинлиги тушунтирилиб, судьялар ва почта алоқа бўлими ходимлари ҳар бир муаммоли масалаларга тўхталиб, уларнинг ечими ҳақида гаплашиб олишди.

Шунингдек, Кармана туманлараро иқтисодий суди раиси А.Хамидов томонидан тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 11-сонли Фармонинг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам тушунтиришлар берилди.

                                            Акбар Хамидов

Кармана туманлараро иқтисодий суди раиси 

Эссиз, оғу томган ёшлик!

Санжар Носиров ( барча исм-шарифлар ўзгартирилган) – 2003 йилда Навоий шаҳрида туғилган, маълумоти тугалланмаган олий, Москва давлат юридик университети талабаси. Абдулла Тошев – 2003 йилда Навоий шаҳрида туғилган,  маълумоти ўрта-махсус, муқаддам жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2021 йил 24 сентябрдаги хукмига кўра, айбли деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган. Жамшид Султонов – 1999 йилда Олтинкўл туманида туғилган, маълумоти тугалланмаган олий, Андижон давлат тиббиёт институтининг 5-босқич талабаси. Алишер Очилов – 2004 йилда Булоқбоши туманида туғилган, маълумоти тугалланмаган ўрта, Булоқбоши туманидаги 1-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси. Азиз Болтаев – 2003 йилда  Булоқбоши туманида туғилган, маълумоти ўрта, якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланган.

 Ҳали ҳаётнинг довонларига дуч келмаган, аччиқ-чучугини татиб кўрмаган, қийинчиликларини бошидан ўтказмаган ғўр ёшдаги бу  йигитларнинг барчаси ўзимизнинг қоракўзлар, ўзимизнинг фуқаролар, ўзимизнинг қон-қариндошлар.

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судида  ўз умрини  увол қилган, гулдек умрини темир панжара ортида ўтказишга маҳкум бўлган  ана шу “оғу сотувчи”ларининг иши кўриб чиқилди.

 Ичкиликка ва гиёҳвандликка ружу қўйишнинг оқибати ҳеч қачон яхшилик билан тугамаслигини йилларнинг аччиқ сабоқлари аллақачон исботлаб бўлган. Бу иллат жамиятнинг энг оғриқли ва энг  хавфли  фожиаларидан саналишини, ўз домига тортган одамни хароб қилиши мумкинлигини барчамиз жуда яхши биламиз.

Энг ачинарлиси, улар орасида вояга етмаган йигитнинг борлиги, мактаб ўқувчиси гиёҳвандлик савдоси билан шуғулланаётганидир Ундан ҳам афсусланарлиси,  Москва давлат юридик университетида таҳсил олаётган ва  Андижон давлат тиббиёт институтининг 5 – босқич талабалари борлиги. Бўлажак ҳуқуқшунос, қонун ҳимоячисининг ўзи қонунбузар, жиноятчи бўлса, додингни кимга айтасан. Ёки  шифокорлик қасамёдини қабул қилишига бир қадам қолган бўлажак саломатлик посбонининг ҳам ниятлари тоза эмаслиги  қанчалар  аччиқ бўлмасин ҳақиқат. Улар орасида муқаддам судланган, жазоланган, аммо бундан тегишли хулоса чиқармасдан  қайта жиноят содир этганларнинг борлиги ҳам кишини ранжитади.

Бу йигитлар жиноят устида қўлга  тушиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганида уларнинг ота-оналари, яқинлари қандай аҳволга тушганини тасаввур қилиш қийин эмас. Ахир ҳеч бир ота-она фарзанди ортидан лаънат эшитишни, маҳалла –кўй олдида юзи шувут бўлишини истамайди. Аммо ҳозир истакнинг ўзи камлик қилади. Ўғли ёки  қизи тунлари саёқ юришини оддий ҳолга йўядиган, уларга барча шарт-шароитларни муҳайё қилиб, ҳисобини сўрамайдиган, хато қилса ҳам уларни осонгина кечирадиган ота-оналарнинг кўнгли бўшлиги ана шундай фожиаларга сабаб бўлаётгани ва қимматга тушаётганини ҳам тан олишимиз керак, албатта.

Яхшиямки, ҳуқуқ тартибот идоралари ҳушёр. Навоий вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда Навоий шаҳар ички ишлар бўлими жиноят-қидирув бошқармаси ходимлари томонидан Навоий  ҳамда Андижон шаҳарлари ҳудудида ўтказилган “Назоратли харид тадбири” тезкор-қидирув тадбири давомида, гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда ўтказиш мақсадини кўзлаб, “гашиш” гиёҳвандлик моддасини сотаётганда ушланган “қаҳрамон”ларимиз қонун олдида жавоб берди. Судда уларнинг қай бири гиёҳвандлик моддасини ўзи истеъмол қилишини, кимдир вояга етмаган йигитнинг  ёшлигини билмасдан унинг ҳаётини заҳарлаганини тан олиб, қилмишининг оқибатини тушуниб етганини, айбига иқрор ва пушаймонлигини, ёшлигини инобатга олишларини сўраган.

Начора, қилмиш-қидирмиш деган гап бекорга айтилмаган.  Кимгадир 2 йилу 6 ой, кимгадир 2 йилу 1 ой, кимгадир 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Вояга етмаган А. Очилов эса 1 йилу 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига тортилди. Пушаймондан эса энди фойда йўқ. Елларга совурилган қимматли ёшликнинг  темир панжара ортидаги  хазонли йиллари бу ёшларга, қолаверса, бу воқеадан хабардор бўлган замондошларимизга сабоқ бўлса ажабмас!

Дилобар ПАРДАЕВА

 

жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судьяси

Интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасидаги ислоҳотлар

Сир эмаски, бугунги кунда интеллектуал мулкка оид қонунчилик изчил ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, интеллектуал мулкни ишончли ҳимоя қилиш, интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш, интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш, муаллиф ва ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларини етарли даражада ҳимоя қилишга катта эътибор берилмоқда.

Шунингдек, интеллектуал мулк соҳасидаги низоларни судга қадар ҳал қилиш тартиблари кенг жорий қилинган бўлиб, қонуний ҳимояланган.

Интеллектуал мулк хуқуқи Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ўзининг асосларига эга бўлиб, Конститутциянинг 42-моддасида ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланиши ҳамда давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилиши белгилаб берилган. Умуман олганда “интеллектуал мулк” хуқуқи – илмий-техник тараққиёт ютуқлари, инсон ижодий фаолияти ва унинг мақсадларидан фойдаланишни, мутлақ ҳуқуқларни муҳофаза қилиш ҳамда ғоят кенг қамровли ижтимоий муносабатларни тартибга солади. Гарчи улар мавжуд қонунларда назарда тутилмаган бўлса ҳам, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида белгиланган қоидалар мазмунидан келиб чиқиб, интеллектуал мулк ҳақидаги қоидалар қўлланилади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг IV бўлими интеллектуал мулкка бағишланган.

Бундан ташқари интеллектуал мулкнинг алоҳида объектлари бўйича тегишли қонунлар ва қарорлар мавжуд.

Жумладан,Ўзбекистон Республикасида фан, адабиёт ва санъат асарларини (муаллифлик ҳуқуқи), ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришларини (турдош ҳуқуқлар) яратиш ҳамда улардан фойдаланиш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган муносабатларни тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 21 июлда “Муаллифлик ҳуқуқи ватурдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган.

Мазкур қонуннинг 65-моддасига мувофиқ муаллиф, турдош ҳуқуқлар эгаси ёки мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа эгаси ҳуқуқбузардан қуйидагиларни талаб қилишга ҳақли: ҳуқуқларни тан олишини, ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклашини ва ҳуқуқни бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини юзага келтирадиган ҳаракатларни тўхтатишини, ҳуқуқ эгасининг ҳуқуқи бузилмаган тақдирда, у фуқаролик муомаласининг одатдаги шароитларида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромади миқдоридаги зарарларнинг ўрнини қоплашини. Агар ҳуқуқбузар муаллифлик ҳуқуқи ёки турдош ҳуқуқларни бузиш оқибатида даромадлар олган бўлса, ҳуқуқ эгалари бошқа зарарлар билан бир қаторда бой берилган фойдани бундай даромадлардан кам бўлмаган миқдорда қоплашини, зарарлар етказилиши фактидан қатъи назар, ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва ҳуқуқбузарнинг айби даражасидан келиб чиқиб иш муомаласи одатларини ҳисобга олган ҳолда зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача миқдорда тўланиши лозим бўлган товонни тўлашини, ушбу Қонунда белгиланган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган, қонунчиликда назарда тутилган бошқа чоралар кўришини. Муаллиф ва ижрочи ўз ҳуқуқлари бузилган тақдирда, ҳуқуқбузардан маънавий зиён қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот мулкий ҳуқуқларини бошқариш шундай ташкилот томонидан амалга оширилаётган шахсларнинг бузилган муаллифлик ҳуқуқлари ватурдош ҳуқуқларини ҳимоя қилиб қонунда белгиланган тартибда ўз номидан ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли эканлиги белгилаб берилган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, интеллектуал мулк соҳасини мазкур қонун ва қарорлар билан мустаҳкамланиши жамиятда интеллектуал мулкмуҳофазасини таъминлаш, унинг ҳуқуқий асосларини янада яхшилаш, ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

 

Руслан Джўраев,

Учқудуқ туман иқтисод

Одил судловга эришиш имкониятлари янада оширилди

Маълумки бугунги кунда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, мустақил, очиқ ва шаффоф суд тизимига эришиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш борасидаги ўзгаришлар фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.

2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сон Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон билан суд-ҳуқуқ тизимининг жадал ислоҳ қилинишини таъминлаш, аҳолининг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш мақсадида 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди.

Жумладан, Фармонда “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш устувор вазифа қилиб белгиланди.

Шунингдек, Фармон билан:

туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши назарда тутилди.

Бундан ташқари, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган янги механизмни жорий этиш мақсадида одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпусини ташкил этиш белгиланиб, уларга суд процессининг бошқа иштирокчилари билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланган ҳолда одил судлов фаолиятининг самарали амалга оширилишига кўмаклашиш, жиноят ишлари бўйича судларда давлат айбловини фақат қонунга асосланиб, холисликни сақлаган ҳолда сифатли қўллаб-қувватлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишига эришиш ва бошқа вазифалар юклатилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ушбу қабул қилинган Фармон “Инсон қадри учун” ғояси асосида адолатли суд тизимини янада мустаҳкамлаш билан биргаликда, халқимиз манфаати ва инсон
қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.

 

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси

Дилшод Турдиев

Судлар томонидан хотин-қизларнинг муаммолари ўрганилиб, уларга ҳуқуқий тушунтириш ва кўмак берилмоқда

Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, янги қабул қилинган қонунлар, хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 ймл 16 январдаги “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва унинг мазмун-моҳияти, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан тузилган “Медиа режа” ижросини таъминлаш, шунингдек “Менинг маҳаллам-менинг судьям” ғояси остида Томди туманидаги “Томдибулоқ” ОФЙ, тиббиёт бирлашмаси ва халқ таълими бўлимида сайёр учрашув ташкил этилди.

Мазкур сайёр қабулда Жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг раиси Д.Эргашева, Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судининг судьяси Л.Шарипова томонидан Томди туманидаги фуқаролар, ёшлар ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммолари ўрганилиб, уларга ҳуқуқий тушунтириш ва кўмак берилди.

Шунингдек, қабул жараёнида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларини бузилиши ҳолатларини олдини олиш, аёллар ва вояга етмаган ёшлар жиноятчилиги келиб чиқиш сабаблари ва уларни олдини олиш, оилавий ажримларни камайтириш  юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди.

 

Лайло Шарипова Фуқаролик ишлари бўйича

Зарафшон туманлараро суди судьяси 

Учқудуқда Фармон мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка етказилди

Бугун мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш борасидаги ўзгаришлар фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сон ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-12-сон Фармонлари мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Д.Турдиев, жиноят ишлари бўйича туман суди раиси А.Қурбонов ва фуқаролик ишлари туман суди раиси А.Жумаевлар ҳамда бир қатор давлат органлари вакиллари иштирокида туман Молия бўлимида тарғибот тадбири ўтказилди.

Тадбирда туман Адлия бўлими, молия, ғазначилик ва бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг тегишли ходимлари иштирок этди.  

Суд раислари томонидан тадбир иштирокчиларига 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида ПФ-11-сон Фармон қабул қилинганлиги, Фармон билан суд-ҳуқуқ тизимининг жадал ислоҳ қилинишини таъминлаш, аҳолининг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш бўйича 2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланганлиги ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2023 йил 16 январда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-12-сонли Фармони ҳақида тўхталиб, илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказилиши ва айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартиби белгиланиши назарда тутилганлиги ҳақида маълумотлар берилди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур Фармонларниг қабул қилиниши “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини янада мустаҳкамлаш билан биргаликда, халқимиз манфаати ва инсон
қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Тадбир якунида иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган саволлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси

Дилшод Турдиев

Иқтисодий судларда коммунал соҳага оид низолар

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди томонидан ўтган 2022 йил давомида жами 46 та коммунал соҳага оид низолар кўриб чиқилган бўлиб, шундан 11 таси табиий газ, 15 таси электр энергияси ва 20 таси иссиқлик ва ичимлик суви етказиб бериш боғлиқ низоларни ташкил этади.

Иш натижасига кўра 2 та иш кўрмасдан қолдирилган, 3 таси рад этилган бўлса, қолган 41 та иш қаноатлантирилган.

Қаноатлантирилган иқтисодий ишлар бўйича жами 2 млрд. 993 млн. 522 минг 474 сўмлик пул маблағлари таъминотчи корхоналар фойдасига ундириб берилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 468-моддасига кўра, энергия таъминоти шартномасига мувофиқ энергия билан таъминловчи ташкилот туташтирилган тармоқ орқали абонентга (истеъмолчига) энергия бериб туриш мажбуриятини олиши, абонент эса қабул қилинган энергия ҳақини тўлаши, шунингдек шартномада назарда тутилган энергия истеъмол қилиш тартибига риоя этиши, тасарруфидаги энергетика шохобчаларидан фойдаланиш хавфсизлигини ҳамда ўзи фойдаланадиган энергия истеъмол қилувчи асбоб ва ускуналарнинг созлигини таъминлаш мажбуриятини олиши белгиланган.

Ушбу тоифа низолар бўйича аксарият судларга тақдим қилинаётган даъволарга кўра, тарафлар ўртасидаги мавжуд шартнома бўйича таъминотчи корхоналар томонидан шартнома шартига мувофиқ коммунал хизматлар кўрсатилаётганлиги, жавобгарлар томонидан эса белгиланган муддат ва миқдорларда тўловлар амалга оширилмаслиги натижасида дебитор қарздорликлар юзага келаётганлиги кузатилмоқда.

Ваҳоланки, Фуқаролик кодексининг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши кераклиги белгиланган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, бу каби мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин, бироқ шартнома шартлари уни имзолаган тарафлар томонидан лозим даражада ихтиёрий бажарилса, келгусида бу каби низоларнинг судда кўрилишини олдини олган бўлар эдик.

 

Шоҳбоз Бахронов Зарафшон туманлараро 

иқтисодий суди судья ёрдамчиси

Вилоят судида матбуот анжумани бўлиб ўтди

Мутбуот анжуманида Навоий вилоят судлари ҳамда Навоий вилоят маъмурий судлари томонидан одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида 2022 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоби юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларига ахборот берилди.

Маълумот учун, 2022 йил давомида (2021 йил давомида амалга оширилган ишлар қавс ичида)судлар томонидан жами 2135(1676) нафар шахсга нисбатан 1598(1282) та жиноят иши тамомланган бўлиб, кўриб тамомланган ишлар салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноят ишлари 316 та ёки 24,6 фоизга кўпайган, шахслар эса 459 тага ёки 27,3 фоизга кўпайган.

3 та жиноят иши бўйича 13 нафар шахс судлар томонидан оқланган бўлиб, шундан 3 нафар шахс биринчи инстанция судлари томонидан, 10 нафар шахс вилоят судининг апелляция инстанцияси томонидан оқланган.

Ушбу даврда жами 1582 нафар шахс судланган бўлиб, судланганларнинг 112 нафари ёки 7  фоизига жарима, 7 нафарига ёки ёки 0,4 фоизига мажбурий жамоат ишлари, 645 нафари ёки 40,7 фоизига ахлоқ тузатиш ишлари, 375 нафари ёки 23,7 фоизига озодликни чеклаш, 443 нафари ёки 28  фоизига озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.

Судлар томонидан кўрилган ишлардан

-муомалага лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш- 44(9) та, 35 тага ёки  3,8 бараварга;

–ҳақорат қилиш 53(26) та, 103 фоизга;

–фирибгарлик 253(187) та, 66 тага ёки 35,2 фоизга ошган бўлса;

Судлар томонидан кўрилган ишлардан;

–қасддан баданга шикаст етказиш(ЖК 104,105,109)- 198(224) та, 26 тага ёки  11,6 фоизга;

пора бериш жинояти 56(66) та, 10 тага ёки  15,1 фоизга;

валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш 5(8) та, 3 тага ёки  37,5 фоизга камайган.

Ушбу даврда жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида 1302 та ёки 81,4 фоиз ишлар бўйича хусусий ажримлар чиқарилиб, тегишли корхона ва ташкилотлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига муҳокама учун юборилди.

2022 йил давомида барча судлар томонидан корхона ва ташкилотларда 230 марта, аҳоли ўртасида 1065 марта, ўқув муассасаларида 103 марта лекция, суҳбат ва учрашувлар ўтказилган, 141 марта газета-журналларда мақолалар чоп этилган, 164 марта радиода, 228 марта телевидениеда ва 701 марта веб-сайтларда чиқишлар қилинган.

Фуқаролик  ишлари бўйича

Хусусан, ҳисобот даврида судлар томонидан жами 23028 та фуқаролик ишлар кўриб тамомланган. Шундан 8839 таси ёки 38,3 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

Судлар томонидан кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6233 тага ёки 27,1 фоизга кўпайган.

Бу кўрсаткичнинг таҳлили қуйидагича:

Ўтган давр мобайнида оила низолари билан боғлиқ кўрилган низолар 209 тага (3903-3694);

уй-жой низоларидан келиб чиққан низолар 150 тага (479-329);

битимлар билан боғлиқ низолар, шу жумладан кредитга оид қарздорликни ундиришга оид аризалар 3516 тага (11544-8028);

меҳнат низолари 360 тага (1073-713) кўпайган.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар сони 76 тага ёки 6,7 фоизга камайган.

Иқтисодий  ишлар бўйича

Хусусан, ҳисобот даврида судлар томонидан жами 8476 та  иқтисодий ишлар кўриб чиқилган.

Кўрилган ишларнинг 2529 таси ёки 29,8 фоизи фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга оид, 5353 таси ёки 63,1 фоизи маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид, 3 таси ёки 0,03 фоизи юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлашга оид, 405 таси ёки 4,7 фоизи банкротликка оид, 186 таси ёки 2,1 фоизи корпоратив муносабатларга оид ишларни ташкил этган.

Судлар томонидан кўрилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 4917 тага ёки 138,1 фоизга кўпайган (ўтган йилда – 3559 та, 2022 йилда – 8476 та).

Ҳал этилган ишлар бўйича 442,6 млрд. сўм миқдоридаги қарз ва етказилган моддий зарарларни даъвогарлар фойдасига ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган. Шундан хусусий тадбиркорлар ва кичик бизнес субъектларнинг фойдасига 59,1 млрд. сўм ундирилган.

Келгусида ҳам ҳар бир судья ва суд ходимлари одил судловни амалга оширишга, айниқса фуқаролир ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътиборини қаратади.


 Вилоят судининг жамоатчилик

ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ҳамда фуқаро ва тадбиркорларнинг одил судловга бўлган ишончини оширишга бўлган яна бир илғор қадам

Ҳозирги кунда давлатимизда барча соҳаларда жуда кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, Президентимизнинг ташаббуси билан “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг қабул қилиниши мамлакатимизда туб демократик ислоҳотлар даврини бошлаб берди. Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ишлар барча соҳаларни қамраб олди. Энг асосийси, мамлакатимизда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шаънини, қадр-қимматини, манфаатларини, давлат органларининг жамият олдида ҳисобдорлигини таъминлаш ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди.

Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми сифатида “Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан еттита устувор йўналишдан иборат бўлган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди ва бу стратегия Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли Фармони билан тасдиқланди.

Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш – Тараққиёт стратегиясининг иккинчи устивор йўналиши, вазифаси сифатида белгилаб олинди. Айнан шу вазифани бажариш ҳамда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида 2023 йил 16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11 ва “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-12-сонли Фармонлари қабул қилинди.

Президентимизнинг ПФ-11-сонли Фармони билан 2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ҳамда ушбу стратегияни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди. Эътиборли жиҳати шундаки, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш билан бирга, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш, стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари сифатида белгиланди.

Ҳаракатлар дастури 10 та бўлим 28 та банддан иборат бўлиб, унинг “Одил судлов сифатини тубдан ошириш” деб номланувчи 2-бўлимининг 5-банди маъмурий суд иш юритувини такомиллаштиришга қаратилган.

Ушбу бандда 2023 йил ноябрь ойига қадар “Маъмурий суд иш юритувини такомиллаштириш концепцияси”ни ишлаб чиқиш, бунда:

– маъмурий органлар билан фуқаролар ва тадбиркорлар ўртасидаги барча низоларни хатловдан ўтказиб, судловга тааллуқлилигига оид қоидаларни такомиллаштириш;

– маъмурий суд иш юритуви принципларини танқидий ўрганиб, оммавий-ҳуқуқий муносабатларнинг мазмун-моҳиятини акс эттирувчи принципларни киритиш;

– маъмурий суд иш юритувига даъво институтини киритиб, маъмурий органлар устидан бериладиган даъво турларини аниқ белгилаш;

– фуқаролар ва тадбиркорларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончини ҳимоя қилиш тизимини танқидий ўрганиб, етказилган зарарни ундириш тартибини аниқлаштириш;

– маъмурий судлар фаолиятига ҳуқуқи бузилган фуқаро — аризачининг хоҳишига кўра экстерриториал судловга тегишлилик механизмини жорий этиш белгилаш лозимлиги кўрсатилган.

Суд-ҳуқуқ соҳасига бағишланган юқорида қайд этиб ўтилган Президент Фармонлари авваламбор, “Инсон қадри учун” ғояси асосида қабул қилинган бўлиб, улар адолатли суд тизимини шакллантириш, халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини суд йўли орқали самарали ҳимоя қилиш ҳамда фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончи ошишининг таъминланишига хизмат қилади.

 

Навоий вилоят маъмурий судининг раиси

Акмал Муродов

Ер муносабатларига оид қонунчиликдаги ўзгаришлар

Ўзбекистон Республикасининг “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-708-сонли қонуни 2021 йил 16 августда қабул қилинган.

Қонун билан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритилди, жумладан Жиноят кодекси 2296-модда билан тўлдирилди.

Ўзбекистон Республиаси ЖК 2296-моддасида, суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга берганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Бу жиноятни содир этган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши ёки ушбу модданинг 2 ва 3-қисмида назарда тулилган жиноятларни содир этган шахсларга қилмишининг енгил оғирлигига қараб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиш назарда тутилди.

Шунингдек, Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг ер ва кўчмас мул билан боғлиқ 60, 60/1, 65, 67,  68/1 ва 69-моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўзгартиришлар киритилиб, Ер кодексининг 20-моддасига кўра, ер участкалари вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига асосан давлат органларига, муассасаларига ва корхоналарига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга берилиши, кўп квартирали уй жойлашган ер участкаси, шунингдек кўп квартирали уйга туташ ер участкаси, агар у кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига бошқача тарзда тегишли бўлмаса, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат ҳокимияти органлари томонидан ушбу мулкдорларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида умумий фойдаланишга берилиши, ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши белгилаб қўйилди.

Ер кодексининг 27-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун 0,04 гектаргача ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали мулк ҳуқуқи асосида реализация қилинади.

Якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилишда ер участкаларини муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш шартлари назарда тутилиши керак.

Қонунда, ер участкаларини ажратиш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан назоратни амалга оширишнинг асосий вазифалари қонунчилик талабларига жисмоний ва юридик шахслар, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан риоя этилишини таъминлашдан иборатлиги қайд қилинди.

Ер кодексининг 91/1-моддасига кўра, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасига, шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкасида барпо этилган ҳар қандай бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни белгилашга йўл қўйилмайди.

Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш учун ажратилмаган ер участкасида қонунга хилоф қурилиш объектини барпо этган шахслар инсофли мулкдор деб тан олинмайди. Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларидаги қонунга хилоф қурилиш объектларини сув таъминоти, оқова сув, электр, иссиқлик энергияси ва газ тармоқларига улаш тақиқланади.

Қонунга мувофиқ, Ер кодексига бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилиши, ердан фойдаланишда янги қонунга итоаткорликни келтириб чиқаради ва унга тўлиқ амал қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Авазжон Ибодов

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси

Skip to content